Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:10

OzodTa'sir-2018: Бўшатилган бош вазир муовини, ечинтирилган аёл, Диана - мажбурий меҳнат қурбони


2018 йил давомида Озодликда ёзилган ўнлаб мақола ўз таъсирини кўрсатди. Бу мақолаларда тилга олинган муаммолар бартараф қилинди, айбдор мулозимлар жазоланди.

Фермерларни ғайриинсоний тарзда қийнаб, совуқ сувга тушириб қўйган Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Зойир Мирзаев ишдан олинди

Самарқандлик ўқитувчи Диана Еникеева мажбурий меҳнат қурбони бўлганини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тилга олди, айбдорлар жазоланишини айтди

Ўғриликда гумонланган аёлни қип-яланғоч ечинтирган Каттақўрғон шаҳар ИИБ бошлиғи Санъат Умаров 6,5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Фермерларни калтаклаган Қарши тумани ИИБ бошлиғи Жаҳонгир Ражабов икки йил уй қамоғига ҳукм этилди

Фермернинг бурнини уриб синдирган Жиззах вилояти Янгиобод тумани ИИБ бошлиғи ишдан олинди, устидан жиноят иши қўзғатилди

Ходимларини таҳқирлаб, ҳақорат қилган Тўрақўрғон тумани МИБ бошлиғи ишдан олинди

Озодликда 2018 йилда ёзилган мақолалар ортидан, Сурхондарёдаги йўл-патрул постлари олиб ташлангани, Тўрткўлдаги интернат болаларига кўрпалари қайтариб берилгани, пахтакор аёллар ғўзапоясиз қолмагани, маҳаллаларга арзон ун тарқатилгани каби хушхабарлар ҳам келган эди.

Муқаррар жазо

Озодлик йил давомида ҳокимият, ички ишлар, мажбурий ижро бюроси ва бошқа ташкилотлар мулозимларининг ўз мансаб ваколати доирасидан ташқарига чиқиб, қўл остидаги ходимларни ҳақорат қилгани, калтаклагани, таҳқирлагани ҳақидаги воқеаларни мунтазам ёритиб борди.

Амалдорларнинг Озодлик фош қилган ноқононуний хатти-ҳаракатлари ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилиниши ортидан, қонунни бузган амалдорларнинг муқаррар жазодан қутилиб қолиши даргумон бўлиб қолди.

2018 йилнинг Озодлик мақоласи таъсир кўрсатган воқеалардан бири, оққўрғонлик фермерларнинг совуқ сувга туширилиши, бекободлик фермерларнинг кесак кўтартирилиши ортидан Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Зойир Мирзаевнинг ишдан олиниши бўлди.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 6 кишининг ариқдаги сувда тиззасигача бўкиб тургани акс этган сурат ижтимоий тармоқларда тарқалиб, қизғин муҳокамага сабаб бўлганди.

27 октябрь куни Озодлик бу сурат ортидан ҳодисани ўрганган ҳамда сувга бўктирилган мулозимлар шахси, воқеа тафсилотларини аниқлаган эди.

Кўзларида норозилик аломатлари сезилган ва сувнинг совуқлигига зўрға чидаб турган 6 кишининг сурати, маълум бўлишича, Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Зойир Мирзаевнинг 25 октябрь куни Тошкент вилояти Оққўрғон туманига сафари пайтида олинган.

Воқеага бевосита гувоҳ бўлганларнинг Озодликка айтишича, буғдойга сув қўйилмагани учун бош вазир ўринбосари ҳокимлик мулозимлари, фермер, маҳалла оқсоқоли ва фермер ишчисини шу тариқа жазолаган.

Бу воқеа ижтимоий тармоқларда баҳсу-мунозарага сабаб бўлди, ҳамда кўп куттирмай ўз натижасини кўрсатди.

Бу можаро ортидан Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари, қишлоқ ҳамда сув хўжалиги бошлиқлари жаримага тортилди.

29 октябрда Абдулла Арипов раислик қилган ҳукумат видеоселекторида Ўзбекистон Бош вазирининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари бўйича ўринбосари Зойир Мирзаев ва бу воқеага гувоҳ бўлган Тошкент вилояти прокурори ўринбосари ва бошқа мутасадди раҳбарлар ҳам ўз лавозимларидан озод этилди.

Диана мажбурий меҳнат қурбони бўлган

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг қурбони бўлган самарқандлик ўқитувчи Диана Еникееванинг ўлими ҳақида ҳам Озодлик биринчи бўлиб хабар берган эди.

Каттақўрғон туман марказидаги 42- умумтаълим мактабининг меҳнат ўқитувчиси Диана Еникеевани 14 март куни Сув омбори қишлоғидан ўтувчи автомобиль йўлини тозалашга олиб чиқилган пайтда КамАЗ юк машинаси уриб юборган эди.

Диананинг онаси Оксана ЕникееваОзодликка бу ҳақда шундай деган эди:

"Қизим дарсдан қайтиб келиб, кийимини алмаштирди ва уларни кўча тозалашга мажбурлашаётганини айтиб кетди. 42-мактабдан ўн нафар ўқитувчи президентнинг келишига трассани тозалашга мажбуран чиқарилган экан. Қизим билан бирга бўлган ўқитувчиларнинг айтишларича, улар машиналар ғизиллаб ўтиб турган трассада ишлашган. Ҳеч қандай огоҳлантирувчи белгилар қўйилмаган, ҳатто ГАИ инспекторлари ҳам бўлмаган. Бордюрни супириб турган қизимни ўтаётган КамАЗлардан бири уриб юборган. Наҳотки, президентга яхши кўриниш учун қайнаб ётган йўлнинг ўртасига ҳимоясиз ўқитувчиларни олиб чиқиб ишлатишса. Мен буни шундай қўймайман, президентгача бораман! Менинг болам учун уч миллион сўм таклиф қилишди. Мен ёлғиз фарзандимни сотиш учун туғмагандим. Унинг ўрнини пул билан тўлдириб бўладими. Ўқитувчини ўз ишидан бошқа ишга мажбур қилган ва қизим ўлимига бевосита сабабчи бўлган ҳоким ва халқ таълими бўлими жавоб берсин", деган эди марҳума ўқитувчи онаси.

8 апрель куни Самарқанд вилоят прокуратураси мажбурий меҳнатга жалб этилган ўқитувчи Диана Еникееванинг фожеали ўлими суриштируви натижасида 2 мулозим ишдан олинганини билдирди.

Расмийлар бу воқеа юзасидан муносабат билдирар экан, Диана Еникеевани мажбурий меҳнатга чиқарилганини хаспўшлашга ҳаракат қилдилар.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг собиқ матбуот котиби Комилжон Алламжонов, 17 апрель куни Тошкентда ўтказилган матбуот брифингида президент самарқандлик ўқитувчи Диана Еникееванинг ўлимига сабабчи бўлган амалдорларни юридик жавобгарликка тортиш ҳақида ҳам топшириқ берганини айтди:

-Самарқандлик ўқитувчи Диана Еникееванинг бевақт ўлимига сабабчи бўлган мансабдор шахсларни юридик жавобгарликка тортиш бўйича топшириқлар берди. Ҳозирда бу ҳодиса бўйича ўрганиш олиб борилмоқда, - деган эди президент собиқ матбуот котиби.

Аммо, кейинчалик қайси амалдорлар қандай жазо олингани ҳақида маълумот берилмади.

ИИБ бошлиқлари зўравонлиги

2018 йил давомида Озодлик ички ишлар мулозимларининг фермерлар ва гумонланувчи сифатида ушланган одамларни таҳқирлаш, калтаклаш каби воқеаларни ҳам мунтазам ёритиб борди.

Жумладан, Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлими мулозими Санъат Умаровнинг ўғриликда гумонланиб ушланган аёлни қип-яланғоч қилиб ечинтиргани ҳақидаги Озодлик хабаридан сўнг, Ўзбекистон Бош прокуратураси мазкур ҳолат бўйича махсус текширув ўтказди.

Текширув натижаларига кўра, Санъат Умаров устидан жиноят иши қўзғатилди, Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлимининг бошлиғидан тортиб, 7 нафар мулозими ишдан олинди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди 21 ноябрь куни Самарқанд вилоят, Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлимининг собиқ тезкор ходими Санъат Умаровни 6,5 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Бу воқеадан сўнг Ўзбекистон ИИВ ўзининг республикадаги барча бўлимларида хизмат текшируви ўтказди.

"Милиция бошлиғи ҳаммани бир сафга қўйиб урар эди"

Озодликнинг 2018 йилнинг 27 июндаги “Қарши милицияси бошлиғи буғдой режасини бажара олмаган фермерларни аëвсиз калтакламоқда” мақоласидан сўнг Ўзбекистон Бош прокуратураси Қарши тумани ИИБ мансабдор мулозимлари устидан хизмат текшируви бошлангани ҳақида хабар берган эди.

“Абдуғафуров Муҳаммад” фермер хўжалиги раҳбари¸ 33 яшар Раҳматулло Хўжамуродов район милицияси раҳбари зўравонлигига учраганлардан бири бўлган:

- Бундан 10 кунча олдин участковой мени Ҳалима опа фермернинг дала шийпонига олиб борди. Ўнтача фермерни олиб келишган экан. Ҳаммамизни бир қатор қилиб сафга териб қўйишди. Милиция бошлиғи Жаҳонгир Ражабов келди-да, бир четдан “режани бажардингми”¸ деб сўрай бошлади. Кимдир 10 тонна, кимдир 15 тонна етмади, дейиши билан қулочкашлаб юзимизга ура бошлади. Қулоқнинг тагига, башарага икки қўли билан икки тарафдан ураяпти, деган эди Озодлик билан 27 июнь куни гаплашган фермер.

Қарши тумани ИИБ собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ражабов бу мақоладан сўнг ишдан четлаштирилган, прокуратура унинг устидан хизмат текшируви бошлаган эди.

23 ноябрь куни Самарқанд вилояти Ургут тумани жиноят ишлари бўйича суди Қашқадарё вилояти Қарши тумани ИИБ собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ражабовга икки йил озодликни чеклаш ва уч йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Жаҳонгир Ражабов Озодлик ошкор қилган зўравон ИИБ бошлиқларининг биргинаси эмас.

Озодлик Жиззах вилоят, Янгиобод туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Илҳом Сулаймонов 7 июль куни ҳокимлик томонидан ғалла ўримидаги комбайнга бириктирилган деҳқон бозори паттачиси Сардор Қурбонбоевнинг бурнини уриб синдиргани воқеасини ҳам ёритган эди.

Янгиобод туманидаги "Пасткичақир булоғи" фермер хўжалигидаги ғалла ўримига бириктирилган туман деҳқон бозорининг паттачиси, фермер Сардор Қурбонбоев 7 июль куни туман ички ишлар бошлиғи Илҳом Сулаймонов томонидан калтаклангани ҳақида шундай деган эди:

"Прокурор машинадан тушмади, ҳоким билан милиция бошлиғи келди. Аввал ҳоким савол-жавоб қилиб, ҳақорат қилди. Кейин орқасидан милиция бошлиғи Илҳом Сулаймонов ўша ердаги ўзининг Музаффар деган ходимини бир-икки тепди. Кейин ўша ердаги қишлоқ хўжалиги бўлими ходими Ўткир Омоновни сен ифлос нега қарамаяпсан, деб бир шапалоқ урди-да, ортига бир - икки тепди. Кейин мени олдимга келди-да, мен сени огоҳлантириб кетган эдимку, нега к..т бозоркомингни чақирмадинг, деб қўққисдан бурнимга бир мушт урди. Оғриқнинг зарбидан бурнимни ушлаб ёнбош бўлиб қолгандим, яна ортимга икки марта тепди. Бурнимдан шариллаб қон оқиб кетганини кўрганидан сўнг, тўхтади. Кейин, чақир бозоркомингни, аҳволингни кўриб қўйсин, деди-да, комбайн томонга қараб кетди. Милиция бошлиғи маст эди, оғзидан ароқнинг ҳиди бурқсиб турарди", дейди Сардор Қурбонбоев.

Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан бу иш назоратга олинганидан сўнг ИИБ бошлиғи Илҳом Сулаймонов ишдан олиниб, унинг бу ҳаракати юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Аммо, милиция бошлиғига қандай жазо тайинлангани тўғрисида Озодликда маълумот йўқ.

МИБ ижрочими ёки жазоловчи?

2018 йил давомида Ўзбекистонда янги ташкил этилган Мажбурий ижро бюроси ходимларининг устидан жуда кўп арзу-шикоятлар Озодликка келди.

Аҳолининг газ ва электр энергиясидан қарздорлигини ундиргани келган МИБ ходимлар қаршиликларга учрагани ҳақида ҳам Озодлик хабар қилган.

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани МИБ ходимларининг ўзи ҳам уларнинг бошлиғи Соҳибжон Ҳамидовнинг ўз ходимларини таҳқирлаб ҳақорат қилаётгани ва калтаклаётгани ёзилган аудиоёзувни юборганидан сўнг, Озодлик журналист суриштируви ўтказди.

МИБ бошлиғи ўз ходимларини аҳолидан кам пул ундиргани учун куракда туриб бўлмас сўзлар билан ҳақорат қилган эди:

“Нимага бир миллион туширасан, қ...қ! Нима бир миллион туширасан? Эй, қ...қ, нимага бир миллион туширасан? Эй, бору, миллионинггаям қ...м! Нимага ундирмаяпсан, нимага ишламаяпсан, нимага маъмурий қилмадинг, нимага пломба қўймадинг, нимага судга ундирмадинг,(шу ерда бошлиқнинг важоҳати кучаяди ва овозининг борича бақира бошлайди -таҳр.) нимага газга ундирмадинг,нимага нореалликни аниқлаб келмадинг,нечта акт қилдинг, пломба нечта қилдинг, нечта маъмурий қилдинг, нимага тўламатмадинг... тўлатмадиииинг, нимагаааа?”, дея қичқиради бошлиқ Соҳибжон Ҳамидов МИБ ходимлари тақдим қилган аудиоёзувда.

Бу воқеадан бир ҳафта ўтиб, МИБ ходимлар Озодлик мақоласидан сўнг, Соҳибжон Ҳамидов ишдан олингани ва улар сўконғич ва муштумзўр бошлиқдан қутилгани ҳақида Озодликка ёзган эди.

Озодлик 28 ноябрь куни ​Пскент тумани МИБ ходимлари фермер хўжалиги ҳисобида бўлмаган автомобиллар ва уй жиҳозларини ҳам мусодара қилаётгани ҳақида хабар берган эди.

Тошкент вилоят, Пскент туманидаги “Иноятов Бекзод Иноятович” фермер хўжалиги раҳбари Бекзод Ширановдан ноқонуний тортиб олинган бировнинг автомобили 29 ноябрь куни эгасига қайтариб берилгани ҳақида хабар берди.

Озодликда 2018 йилда ёзилган мақолалар ортидан, Сурхондарёдаги йўл-патрул постлари олиб ташлангани, Тўркўлдаги интернат болаларига кўрпалари қайтариб берилгани, пахтакор аёллар ғўзапоясиз қолмагани, маҳаллаларга арзон ун тарқатилгани каби хушхабарлар ҳам келган эди.

XS
SM
MD
LG