Ўзбекистон хабарлари
Йўл-транспорт ҳодисалари сабаб 26 минг киши жазоланди
![Ўзбекистонда содир бўлган автоавариялардан бири (иллюстратив сурат)](https://gdb.rferl.org/07520000-0aff-0242-bdb3-08da3d969cc7_cx0_cy4_cw98_w250_r1_s.jpg)
Ўзбекистонда 2024 йил мобайнида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказишига олиб келиши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича 40 минг 119 нафар шахсга нисбатан 39 минг 270 та иш кўриб чиқилган.
Олий суд матбуот хизматининг маълум қилишича, шундан 26 минг 63 нафар шахсга нисбатан жарима ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш каби маъмурий жазолар қўлланган.
Жамоат фаоллари мамлакатда ЙТҲлар ва улар оқибатида ўлим ҳолатлари кўпайиб бораётгани ҳақида бонг урмоқда.
Жумладан, 2024 йилда рўй берган 9364 та ЙТҲ оқибатида 2203 киши ҳалок бўлган, 8901 киши жароҳатланган.
Таҳлилларга қараганда, пиёдаларни уриб кетиш ҳолатлари кўпайган.
Йўллардаги бевақт ўлимлар сабаб соҳа масъулларининг истеъфоси ҳам талаб этилгани маълум.
Кун янгиликлари
Аҳоли коммунал хизматлар қимматлаганидан ташвишда
![](https://gdb.rferl.org/F05A16D6-4F20-4E28-9F4E-EFFB6CC935BD_w250_r1_s.jpg)
Ўзбекистон Марказий банки жорий йил январь ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган инфляция даражаси бўйича маълумот ёйинлади.
Ўтказилган сўровларга кўра, январь ойи мобайнида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси ўтган ойги даражасида сақланиб қолган ва 14,7 фоизни ташкил этган.
Сўровномада қатнашган аҳоли ва бизнес вакилларининг 57 фоизи келгусида нарх ошишига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган асосий хавотирли омил сифатида коммунал хизматлар тарифларини кўрсатган.
Ҳудудлар кесимида ўтган ойда энг юқори сезилган инфляция даражаси Сирдарё вилоятида (16,8 фоиз), энг паст сезилган инфляция даражаси эса Навоий вилоятида (12,6 фоиз) қайд этилган.
Ой давомида нархи ўсиши энг кўп сезилган маҳсулотлар гўшт ва табиий сут, шунингдек, электр энергияси ва табиий газ бўлган. Респондентларнинг 41 фоизи мазкур товарлар нархида кескин ўсиш сезилганини айтган.
Юқори сезилган инфляция даражаси давлат ташкилоти ва тиббиёт соҳалари вакиллари томонидан билдирилган бўлса, нисбатан паст сезилган инфляция маиший хизмат соҳаси вакиллари томонидан қайд этилган.
Статистика агентлиги қайдича, 2024 йили Ўзбекистонда йиллик инфляция кўрсаткичи 9,8 фоизни ташкил қилган. Бу 2023 йилдаги кўрсаткичдан 1,03 фоизга кўпдир.
Ҳукумат 2030 йилда инфляция даражасини 5-6 фоизга тушириш режасини эълон қилган.
БП қуёш панели ўрнатилишини “қатъий назорат” қилади
![Иллюстратив сурат](https://gdb.rferl.org/c4160000-0aff-0242-a410-08d9f83ac221_w250_r1_s.jpg)
Ўзбекистон Бош прокуратураси мамлакатда кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш режасининг ижросини таъминлаш, шунингдек, қуёш панеллари ўрнатилишида қонунчилик талабларига сўзсиз риоя этилиши устидан қатъий назоратни амалга оширади.
Бу ҳақда Президент фармони билан тасдиқланган “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилига оид давлат дастурида қайд этилган.
Ҳужжатда республика энергобалансида қайта тикланувчи энергия улушини ошириш, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида йирик “яшил энергия” станцияларини барпо этиш, ҳудудларда кичик ва микро гидроэлектр станциялари тармоғини кенгайтириш, аҳоли хонадонларида қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш белгиланган.
2025 йилда умумий қуввати 785 мегаватт бўлган қуёш панелларини ўрнатиш режалаштирилмоқда.
Аввалроқ Энергетика вазирлиги икки йил ичида аҳоли ва хўжалик субъектларининг камида 50 фоиз томларини қуёш панели билан қоплаш режасини очиқлаган эди.
Ушбу хабар ортидан ижтимоий тармоқларда аҳоли ва тадбиркорларни яна қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш кампанияси бошланиши ҳақида хавотирли фикрлар тарқалди.
Ўзбекистонликлар қуёш панеллари ўрнатишга мажбурланаётгани мавзуси аввалроқ Озодликда бир неча бор ёритилган.
Бухорода магистраль газ қувурида ёнғин рўй берди
![Иллюстратив сурат](https://gdb.rferl.org/01000000-0aff-0242-c396-08dbb4eb7e17_cx32_cy12_cw32_w250_r1_s.png)
“Бухоро–Урал” магистраль газ қувурининг Бухоро вилоятидан ўтган қисмида 10 февраль куни авария ва унинг ортидан ёнғин рўй берди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳаларда олов юқорига ўрлаётганини кўриш мумкин.
Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг маълум қилишича, авария Газли магистраль газ қувурлари бошқармасининг диаметри 1020 мм бўлган 26 кг босим остидаги қувурининг ер остидан ўтган 106-километрида рўй берган.
ФВБ ҳодиса соат 11:26 да рўй бергани ва соат 11:30 да мурватлар ёпилиб, қолдиқ газлар чиқиб кетганини билдирган.
Маҳаллий матбуот мурватлар ёпилганидан кейин ҳам қувурда қолган газ назорат остида чиқишда давом этгани ҳақида хабар берган.
ФВБ қайдича, ёнғин натижасида жабрланганлар ва тан жароҳати олганлар йўқ. Авария рўй берган жойга энг яқин (40 км) аҳоли маскани Ромитан тумани Қизилработ МФЙдир.
Маҳаллий Телеграм каналлар вилоятдаги метан шохобчалари ёпилгани ҳақида ёзган.
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати ҳам дастлабки баёнотида ҳудуддаги метан газ тўлдириш шохобчалари фаолиятига вақтинча чеклов киритилишини билдирган, аммо кўп ўтмай вазирлик ахборотининг ушбу қисми ўчириб юборилган.
Бир муддат ўтиб, Энергетика вазирлиги барча ҳудудлардаги метан шохобчалар “одатий режимда ишлашда давом этиши”ни маълум қилган.
Газли магистраль газ қувурлари бошқармаси “Ўзтрансгаз” ширкатининг таркибий бўлинмаси бўлиб, минтақада магистраль газ қувурларини тасарруф этиш, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш билан шуғулланади. Бошқарма маҳаллий ва экспорт учун табиий газни етказиб берувчи муҳим газ транспорт магистралларини бошқаради.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2024 йил октябрь ойида “Газли” ва “Хўжаобод” ерости газ омборларида қиш мавсуми учун 5,1 млрд куб метрдан ортиқ газ захираси жамланганини маълум қилганди.
Ўзини юқори қаватдан ташлаган ўқувчи қиз ҳалок бўлди
![](https://gdb.rferl.org/36ECF6D4-9F2A-426E-9D8E-400034BCC3A2_w250_r1_s.jpg)
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 17 ёшли қиз ўзини юқори қаватдан ташлаш натижасида ҳалок бўлди.
Gazeta.uz нашрининг Бош прокуратура матбуот хизматига таянган ҳолда хабар қилишича, фожиа 7 февраль куни соат 09:35 атрофида содир бўлган. Шаҳарнинг Нақшаб маҳалласида яшаган Ш. З. Наво маҳалласидаги 16 қаватли уйнинг том қисмидан ўзини пастга ташлаб жонига қасд қилган.
Ҳодисага гувоҳ бўлган фуқаролар қизни тўхтатишга ҳаракат қилгани, бироқ қиз уларнинг гапига қулоқ солмагани айтилмоқда. Марҳума Қарши шаҳридаги 12-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси бўлган.
Қарши шаҳри прокуратураси ҳодиса юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бораётгани билдирилган.
Сўнгги ойларда Ўзбекистоннинг турли вилоятларида қизларнинг ўзини юқори қаватдан пастга ташлаш орқали жонига қасд қилиши билан боғлиқ бир неча ҳолат қайд этилган.
Озодлик аввалроқ Самарқанд шаҳридаги 29-мактабнинг 8-синф ўқувчиси М.Р. кўп қаватли тураржой биносининг 8-қават йўлак деразасидан ўзини пастга отгани ҳақида хабар қилганди.
Самарқанд шаҳрида 2024 йилнинг 12 декабрига ўтар кечаси таниқли бюти-блогер ва косметолог Гўзал Маҳматқулованинг 8-қават деразасидан тушиб кетиб ўлгани ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Расмийлар марҳума ўз жонига қасд қилганини айтишган, аммо яқинлари бу версияни рад этишган. Ҳодиса маиший зўравонлик оқибати деган тахмин ҳам илгари сурилганди.
2024 йил ноябрь ойида Сурхондарё вилояти Денов тумани Буюк келажак МФЙ ҳудудида ҳам шу каби фожиа рўй берганди.
Ўзбек-афғон чегарасида катта миқдорда наркотик қўлга олинди
![Иллюстратив сурат](https://gdb.rferl.org/252405C7-A1AF-467A-9A55-89CE587CE100_cx12_cy17_cw75_w250_r1_s.jpg)
Ўзбекистон билан Афғонистон чегарасида жойлашган “Айритом” божхона постида 9 февраль куни текширилган юк машинаси ичидан 612 кг гашиш моддаси топилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат божхона хизмати маълумот тарқатди.
Хабарномада наркотик моддалар 13,5 тонна оғирликдаги юк ичида бўлган 2986 дона супурги дастаклари орасидан топилгани айтилган.
“Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур гиёҳвандлик воситасининг қора бозорлардаги нархи тахминан 16,5 млн АҚШ долларидан ошади”, дея қайд этишган божхона қўмитаси ходимлари айни пайтда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилаётганини қўшимча қилишган.
Мадинадан Наманганга қайтаётган учоқ Фарғонага қўнишга мажбур бўлди
![Иллюитратив сурат](https://gdb.rferl.org/BEDF718B-8D69-40D0-960A-B939E53449B6_cx0_cy4_cw0_w250_r1_s.jpg)
“Centrum Air” авиакомпаниясининг Мадина – Наманган йўналиши бўйича парвоз қилаётган MFX3338 рейси экипажи 10 февраль тонгида Фарғонадаги муқобил аэродромга йўл олишга қарор қилган. Бу ҳақда Uzbekistan Airports ширкати матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, учоқнинг муқобил аэропортга йўналишига Наманган аэропортида кузатилган ноқулай об-ҳаво шароити (туман) сабаб бўлган.
Хабарномада учоқ душанба куни маҳаллий вақт билан соат 7:53 да Фарғона аэропортига бориб қўнгани қўшимча қилинган.
Ўзбекистонда йил охиригача АИ-80 бензинини сотиш чекланади
![Иллюстратив сурат](https://gdb.rferl.org/01000000-0aff-0242-7118-08dbbf6efe03_cx0_cy7_cw0_w250_r1_s.jpg)
Ўзбекистонда 2025 йил охиригача АИ-80 русумли автомобиль ёқилғисидан фойдаланиш ва сотишни чеклаш учун “барча куч ва ресурслар сафарбар этиш” кўзда тутилган. Бу ҳақда президент Мирзиёев томонидан жорий йил 7 февралида имзоланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида билдирилган.
Ҳужжатга мувофиқ, аҳолини “сифатли, экологик тоза ва арзон ёқилғи билан таъминлаш” ҳақида топшириқ берилган. Бу чора Ўзбекистондаги экологик вазиятни яхшилашга қаратилгани айтилмоқда.
Фармон билан мамлакатнинг барча ҳудудларида жойлашган иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш корхоналарига ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланишни тўлиқ тақиқлаш ҳам кўзда тутилган.
Президент Мирзиёев ўтган йил январь ойи охирида бўлиб ўтган видеоселектор мажлисида бош вазир Абдулла Ариповга 2025 йилдан Аи-80 бензинидан тўлалигича воз кечиш ҳақида топшириқ берган эди. Ундан аввал эса Экология вазирлиги баёнот тарқатиб, “халқаро стандартларга тўғри келмайдиган АИ-80 маркали бензиндан фойдаланаётган техника воситалари атмосферага меъёридан ортиқ зарарли ташламалар чиқараётгани”ни урғулаганди.
Вазирлик Тошкент ҳавосига кўрсатилаётган салбий таъсирни камайтириш мақсадида бир қатор фавқулодда чораларни таклиф қилган бўлиб, улар орасида “Евро-4” стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғидан (АИ-80 русумли бензин) фойдаланишни тақиқлаш ҳам бор эди.
Экологик жиҳатдан зарарли деб топилган АИ-80 кўплаб мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистонга қўшни бўлган Қирғизистон ва Тожикистонда тақиқланган. 2017 йилда 80 октанли бензин Қозоғистонда ҳам йўқолган - у фақат махсус буюртма асосида ишлаб чиқарилади, холос.
АИ-80 бензини бошқа русумдаги бензинлардан арзонроқ бўлгани учун харидоргир бўлиб ҳисобланади. Ўтган йилнинг 5 ноябрида АИ-80 русумли бензиннинг 1 тоннаси 9 миллион 998 минг сўмгача кўтарилган. Бу 2023 йил ноябридаги нархдан (7 миллион 375 минг сўм) 26,2 фоизга қимматдир.
Прокуратура ходими ёнидан психотроп моддалар топилди − ДХХ
![Иллюстратив сурат](https://gdb.rferl.org/BA50442A-17CD-42B6-8052-D4FC2C2E37E5_w250_r1_s.jpg)
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида Spark русумли автомашинани бошқариб кетаётган Сирдарё вилояти прокурорининг катта ёрдамчисининг ёнидан “Зардекс” номли 50 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси топилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати маълумот тарқатди.
ДХХ қайдича, бунинг ортидан тезкор тадбир давом эттирилиб, прокуратура ходимига дори сотгган самарқандлик 27 ёшли фуқаро ҳам Тошкент шаҳрида қўлга олинган, ундан ҳам 300 дона “Зардекс” дори воситаси ашёвий далил ўлароқ мусодара этилган.
Инсон миясига кучли таъсир кўрсатадиган бу дори воситалари Ўзбекистонга Қирғизистондан ноқонуний йўллар билан олиб келингани, айни пайтда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани билдирилган.
Аввалроқ президент администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Равшан Маматов Ўзбекистонда “дорихона наркоманияси” авж олгани юзасидан хавотир изҳор қилган эди. Ўсиш динамикасидан ташвиш билдирган Маматов наркожиноятлар билан боғлиқ аниқ рақамларни очиқлаган эмас.
Муқаддам “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати 2019 йил якунида Ўзбекистонда наркотик воситалари билан боғлиқ 5 мингдан зиёд жиноят содир этилгани, наркодиспансерда ҳисобда турганлар сони эса 5698 нафарга етгани ҳақида маълумот тарқатган эди.
"Элтуз" бош муҳаррири нашрнинг YouTube канали ёпилганини маълум қилди
![Eltuz.com нашри бош муҳаррири Қудрат Бобожон (архив сурати)](https://gdb.rferl.org/01000000-c0a8-0242-abcd-08dbd142c584_cx0_cy21_cw0_w250_r1_s.jpg)
Ўзбекистон ташқарисида фаолият юритиб келаётган Eltuz.com нашрининг YouTube видеопорталидаги канали ўчириб қўйилди.
Нашр бош муҳаррири Қудрат Бобожонга кўра, YouTube каналида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳақида ёйинланган танқидий материаллардан сўнг “олдинига турли арзимас сабаблар билан шикоят қилинган”, журналистлар бу шикоятлар асоссизлигини исботлагани ортидан киберҳужум йўли билан “каналга порно ва террор мазмунидаги контентларни юклаб, канални вақтинча ўчиришга муваффақ бўлинган".
Қудрат Бобожон мазкур YouTube каналининг “Ўзбекистонда болалар меҳнати ҳақида туркум лавҳалар қилган, мавжуд режим ичидаги коррупционерларни ревизор дастури орқали фош қилган, “Автобус” каби ҳажвий дастурлар ва ҳар жума бериладиган мультипликацион программаларда” муштарий билан бирга мушоҳада юритадиган канал бўлганини қайд этган.
Нашр иддаосига кўра, каналга қарши уюштирилган ҳужумларга “бош вазир Абдулла Ариповнинг коррупцияси фош қилинган контентлар” сабаб бўлган.
Швецияда рўйхатдан ўтказилган “Элтуз” нашри 2015 йилдан буён фаолият юритиб келади. Муассисларга кўра, нашр “либерал-демократик қадриятлар¸ сўз ва ифода эркинлиги, тараққиëт тарафдорлари ва жамиятни яхши томонга ўзгартириш истагида бўлганлар учун минбар” вазифасини ўташ мақсадида ташкил этилган. Айни пайтда нашр сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги, хусусан, Фейсбук ва Телеграмдаги саҳифалари ишлаб турибди.
“Маъно” маркази директори: Ўзбекистонга “хорижий агентлар”га оид қонун лозим
![Иллюстратив сурат](https://gdb.rferl.org/a5e52cb0-01a4-49e9-835b-2877465b9ea2_w250_r1_s.jpg)
“Маъно” тадқиқотчилик ташаббуслари маркази директори Бахтиёр Эргашев Ўзбекистонга “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун зарур, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, бу қонун хориждан келаётган пуллар ва ахборот мустақиллигини таъминлаш учун лозим.
Эргашевга кўра, бу каби қонунлар АҚШ, Франция, Россия, Грузия ва Қирғизистонда мавжуд. У қонун жазолаш характерига эга бўлмаслиги, бор-йўғи молиялаштиришда шаффофликни таъминлаши лозимлигини таъкидлаган.
Бахтиёр Эргашев ёш экспертлар орасида бундай ташаббусга талаб борлиги, бироқ уни эҳтимолий қабул қилиш муддати ноаниқлигича қолаётганини қайд этган.
“Хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун постсовет ўлкалари ичида биринчи бўлиб Россияда қабул қилинган бўлиб, у ҳуқуқбонлар ва халқаро жамоатчилик томонидан режим мухолифлари ва ўзгача фикрлиларга қарши қўлланиладиган репрессив қонун ўлароқ танқид қилиб келинади. Россия ортидан бу каби қонун ўтган йилнинг август ойида Грузияда ҳам кучга кирган. “Хорижий таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги бу қонун қабул қилинганидан кейин Тбилисида ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида фуқаролик жамияти фаоллари ва мухолифатчиларнинг норозилик намойишлари бошланишига сабаб бўлган.
Грузияда “хорижий агентлар”га оид қонун қабул қилинганидан кейин Европа Иттифоқи унинг муҳтамал интеграцияси жараёнини тўхтатиб, Тбилисига 30 миллион евро миқдоридаги ҳарбий ёрдамни музлатиб қўйган. Ўша пайтда АҚШ ҳам бу мамлакатга бериладиган 95 миллион долларлик молиявий ёрдамни тўхтатганини эълон қилган эди.
Ўзбекистонда 3 ой яшамаган фуқароларга пенсия бериш тўхтатилади
![Иллюстратив сурат](https://gdb.rferl.org/D64CEB0F-D0A1-43DF-A510-FABBE99D68A1_w250_r1_s.jpg)
Хорижий ўлкага чиқиб кетиб, 3 ойдан кўпроқ вақт давомида Ўзбекистонга қайтмаган фуқароларга пенсия бериш вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси матбуот хизмати эслатган.
Пенсия жамғармаси қайдича, пенсионер Ўзбекистонга қайтиб келганидан кейинунга вақтинча тўхтатилган пенсиясини қайта тўлаш бошланади.
Хабарномада фуқаро Ўзбекистонга қайтиб келганидан сўнг олинмай қолган ойлардаги пенсиясининг 24 ойлигини олиш ҳуқуқига эгалиги билдирилган.
Маҳаллий қонунчиликка мувофиқ, пенсия тўлаш фуқаро вафот этганда, пенсияга ҳуқуқлар йўқолганда, хорижий ўлкадан пенсия олишга оид ҳолат аниқланганда ёки доимий яшаш учун чет элга чиқиб кетганда, озодликдан маҳрум этилганда ҳам тўхтатилиши мумкин.
Ўзбекистонда ёшга доир энг кам пенсия миқдори ўтган йилнинг 1 сентябридан бошлаб ойига 834 минг сўм (тақрибан 65 АҚШ доллари) этиб белгиланган. Бу миқдор мамлакатнинг минтақадаги қўшнилари бўлмиш Қозоғистон (110 доллар) ва Қирғизистондагидан (80 доллар) камроқ, Тожикистондагидан (18 доллар) эса кўпроқдир.
Гулнора Каримова иши бўйича мусодара қилинган 182 миллион доллар Ўзбекистонга қайтарилади
![Гулнора Каримова (архив сурати)](https://gdb.rferl.org/FC23F475-E611-419C-9493-BB63659CFD5D_w250_r1_s.jpg)
Гулнора Каримовага алоқадор жиноят иши доирасида 182 миллион доллар миқдоридаги маблағ Швейцариядан Ўзбекистонга қайтарилади. Бу ҳақда маълум қилган Адлия вазирлиги матбуот хизмати мазкур маблағ Ўзбекистон ҳукумати ва Швейцария федерал кенгаши ўртасида имзоланган битим доирасида қайтарилишини урғулаган.
Вазирлик қайдича, “Мусодара қилинган активларни тақсимлаш тўғрисидаги битим” 6 февраль куни Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқулов ҳамда Швейцариянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Оболенский ўртасида имзоланган.
Адлия вазирлиги қайтариладиган 182 миллион доллар Ўзбекистоннинг “айрим фуқаролари томонидан ноқонуний орттирилган бўлиб, 2012 йилда Швейцария Бош прокуратураси томонидан Г. Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноят иш юритуви доирасида тўлақонли мусодара қилинган”ига эътибор қаратган.
Маблағ БМТнинг Uzbekistan Vision 2030 Fund кўп шериклик траст жамғармаси орқали қайтарилиши кўзда тутилган.
Мазкур жамғарма орқали Швейцария ҳудудида мусодара қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистонга қайтаришга оид битим 2022 йил 16 августида имзоланган эди. Илк битим доирасида 131 миллион доллар миқдоридаги маблағни Ўзбекистонга қайтариш назарда тутилган. Вазирлик хабарномасига мувофиқ, иккинчи битим билан Ўзбекистонга қайтарилган маблағларнинг жами миқдори 313 миллион долларга етади.
Хабарномада Швейцариядан қайтарилаётган маблағлар “Ўзбекистон аҳолисининг манфаатлари учун, хусусан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилиши” таъкидланган.
Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримовнинг қатор иқтисодий жиноятларда айбланиб, 13 йилдан кўпроқ қамоқ муддатини ўтаётган тўнғич қизи Гулнора Каримова 2024 йил охирида Тошкентдаги аёллар қамоқхонасидан 42-сонли манзил колонияга ўтказилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.
Бир пайтлар Ўзбекистонни чорак асрдан кўпроқ вақт қаттиққўллик билан бошқарган отасининг сиёсий меросхўри сифатида кўрилган Гулнора Каримова охирги марта 2020 йили Тошкент шаҳар суди томонидан 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум қилинган эди.
У жиноий уюшма тузиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган.
Гулнора Каримова Европа ва АҚШдаги қатор халқаро жиноят ишлари ва суриштирувлар фигуранти саналади.
Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳисоб-китобича, Каримова давлат ва одамларга 1 триллион 270 миллиард 200 миллинн сўм, 1 миллиард 651,8 миллион АҚШ доллари, 26,1 миллион евро миқдорида зарар келтирган.
Тошкентда кафе террасалари бузилмоқда
![Иллюстратив сурат](https://gdb.rferl.org/3D2F30D2-C604-40EC-8A27-C99B6E982155_cx18_cy0_cw81_w250_r1_s.jpg)
Тошкент шаҳрида ноқонуний биноларни бузишнинг янги тўлқини бошланди. Gazeta.uz нашри хабарига кўра, айни кунларда бутун пойтахт бўйлаб кўп йиллар давомида турган, лекин ҳозирда ноқонуний деб топилган бинолар, хусусан, кафеларнинг ёзги террасалари демонтаж қилинмоқда.
Юнусобод туманидаги Nice Joy кафесининг ёзги террасаси ҳам ҳокимлик, кадастр органлари ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари талаби ортидан бузиб ташланган.
Nice Joy директори Илҳом Вофаев шаҳар хизмати ходимлари олдиндан огоҳлантирмай келгани, конструкцияни 24 соат ичида олиб ташлашни буюрганини айтган. Унинг сўзларига кўра, кафе маъмурияти аввалроқ ердан фойдаланиш ҳуқуқини олишга ҳаракат қилган, бироқ уринишлар бесамар кетган. Муассаса раҳбари қурилмани сақлаб қолиш учун аҳоли розилиги ҳам фойда бермаганини айтган.
Бир муддат аввал Тошкент шаҳри ҳокимлиги “ихтисослаштирилган хизматлар томонидан ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш ишлари” олиб борилаётгани ҳақида маълумот тарқатганди.
Ҳокимликка кўра, бундай объектлар ирригация тизимини бузади, транспорт воситаларига халал беради ва яшил майдонларга киришни тўсади.
Тадбиркорлар эса ижтимоий тармоқларда мулк ҳуқуқини ҳурматсиз қилмаслик, объектларни қонуний тартибда расмийлаштиришга тўсқинлик ҳолатларидан шикоят қилган.
Бундан аввал ҳам пойтахтда ноқонуний биноларни бузиш кампаниялари ўтказилган.
Озодлик “снос”га тушган мулки учун давлатдан товон пулини ололмаётган фуқаролар муаммосини кўп марта кўтариб чиққан.
“Снос”ларни ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистонда мулк ҳуқуқи бузилиши рамзи сифатида таъкидлашади.
Икки кунда 110 килодан зиёд наркотик модда мусодара қилинди
![Тошкент яқинидаги завод печида гиёҳванд моддаларнинг ёқилиши (архив сурати)](https://gdb.rferl.org/D605AF3B-8FE4-471F-A620-D6AB315FCD1B_cx0_cy7_cw0_w250_r1_s.jpg)
Жорий йилнинг 3-4 февраль кунлари Ўзбекистонда ўтказилган “Қорадори” тадбирида 112 кг дан ортиқ гиёҳвандлик воситалари (героин, опий, гашиш, синтетик турдаги гиёҳвандлик воситалари) ва 8 мингдан зиёд кучли таъсир қилувчи моддалар тарқатилиши олди олинган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Вазирликка кўра, икки кун ичида ДХХ билан ҳамкорликда гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласи билан шуғулланиб келаётган шахслар ва жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш мақсадида жами 653 та махсус тадбир ўтказилган.
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласидан олинган 287 минг 460 доллар ва 569 миллион сўм миқдоридаги пул маблағлари далилий ашё сифатида расмийлаштирилган.
Тадбирлар доирасида 175 та тиғ, 58 та бита, 24 та кастет ва 77 та қурол ҳам мусодара қилинган.
ИИВ қайдича, қўзғатилган 222 та жиноят иши доирасида 228 нафар шахс жиноий, 64 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. 47 нафар қидирувдаги шахслар ушланган. 357 нафар шахс билан профилактик суҳбат ўтказилиб, уларнинг 231 нафари расман огоҳлантирилган.
ИИВ криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасидаги тезкор тадбирлар бошқа йўналишларда ҳам давом эттирилишини билдирган.
Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси маълумотига кўра, 2024 йил мобайнида мамлакатга бир тоннадан ортиқ гиёҳвандлик моддалар олиб кирилишининг олди олинган.
Аввалроқ Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Равшан Маматов Ўзбекистонда 2019−2024 йиллар оралиғида наркожиноятлар сони икки бараварга кўпайганини маълум қилиб, мамлакатда “дорихона наркоманияси” авж олганидан хавотир изҳор қилган эди.