Ўзбекистон хабарлари
Ҳокимларнинг мингга яқин қарори ҳақиқий эмас деб топилди
2024 йил давомида Ўзбекистондаги маъмурий судлар вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан имзоланган қарорларнинг 933 тасини қонунга зид бўлгани боис бекор қилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати эълон қилган оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларга доир ахборотда сўз боради.
Ҳисобот даврида маъмурий ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан шикоят қилишга оид 6991 та иш кўриб чиқилди. Хусусан, ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ кўриб тамомланган ишлар сони 2720 тани ташкил қилган.
Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов Daryo.uz нашрига қарорлари бекор бўлган ҳокимлар рейтингида Тошкент (143 та), Самарқанд (128 та) ҳамда Жиззах (113 та) вилоятлари етакчи ўринда эканини маълум қилган.
Бир муддат аввал Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов Ўзбекистонда ҳокимлар қарорларнинг 30 фоиздан ортиғи ёпиқ ҳолда қабул қилинаётганидан ёзғирганди. Унга кўра, ёпиқ қарорларнинг аксари давлат харидлари ёки бюджет маблағларини сарфлаш билан боғлиқ бўлиб, ҳужжатлар ноқонуний равишда ёпиқ тартибга ўтказилмоқда.
Маҳаллий матбуот муқаддам ноқонуний қарор қабул қилган ҳокимларни моддий жавобгарликка тортишни таклиф этган эди.
Қозоғистон ва Россиядан экстрадиция қилинган қорақалпоқ фаоллари Нукусдаги тергов ҳибсхонасида сақланмоқда
Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган қорақалпоғистонлик фаол Ринат Утамбетов ва Россиядан Тошкентга йўлланган бошқа бир қорақалпоқ фаоли Жеткербай Абдраманов Нукусдаги тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркманистон Хельсинки жамғармаси (ТХЖ) маълум қилди. Ҳуқуқбонлик гуруҳи маълумотига кўра, улар Тошкентдан Қорақалпоғистон пойтахтига ўтган ҳафтада келтирилган.
Давлатнинг ҳудудий яхлитлигини бузишга чақирганлик ҳамда хавфсизликка таҳдид солувчи материалларни тарқатганликда гумонланаётган шахслар ўлароқ Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган бу икки фаол 2024 йил декабрида Тошкентга қайтарилган эди.
“Ринат Утамбетов Нукусдаги ИИВ 2-сонли тергов ҳибсхонасига келтирилганига оид биринчи хабарни биз 29 январь куни олган эдик. Кейинроқ бу маълумотни бошқа манбалар ҳам тасдиқлашди. Жеткербай Абдрамановга келсак, Freedom for Eurasia ташкилоти 28 январь куни унинг адвокатидан олинган маълумотга таянган ҳолда фаол Тошкентдаги ДХХ тергов ҳибсхонасидан Нукусдаги 2-тергов изоляторига ўтказилганини маълум қилган. Ўша куннинг ўзидаёқ терговчи адвокатни бўлажак тергов ҳаракатлари ҳақида хабардор қилган”, дейилган ТХЖ хабарномасида.
Ҳуқуқ фаоллари қайдича, Утамбетов Қорақалпоғистондаги мухолифат ташкилотлари аъзоси бўлган эмас. Ўзбекистон расмийлари уни Telegram тармоғида 10 киши (асосан синфдошлари ва уларнинг хотинлари) аъзо бўлган гуруҳ орқали 2022 йил ёзида Нукусдаги норозилик чиқишлари чоғида “тақиқланган” учта видеоматериал тарқатганликда айблаганлар. Утамбетов 2024 йил апрелида Ўзбекистонда қидирувда бўлган шахс сифатида Қозоғистонда қўлга олинган ва ўтган йилнинг декабрь ойигача Олмаотадаги тергов ҳибсхонасида ушлаб турилган.
Жеткербай Абдраманов ишига халқаро жамоатчилик эътибори унинг Россияда ушланиб, озод бўлиши ва кейинчалик “ғойиб бўлиши” ортидан қаратилган. Туркияда нолегал равишда юрган Абдраманов Европага ўтиб кетиш йўлларини қидираётган бўлган. У Москвага 2024 йилнинг декабрь ойида етиб борган ва ўша заҳотиёқ қўлга олинган. Ўшанда у Ўзбекистонда ўзига қарши жиноят иши очилгани ва қидирувда бўлганидан хабар топган.
Москва прокуратураси Ўзбекистон расмийларидан фаол тўғрисида қўшимча маълумот сўраган ва ололмаган, ўша пайтда Абдрахманов қўйиб юборилган. У Мурманскдан Норвегияга ўтиб кетишни режалаган, бироқ Россия куч ишлатар тузилмалари ходимлари томонидан қўлга олиниб, Москвага йўлланган. 27 декабрь куни Ўзбекистон махсус хизматлари ходимлари Москвага келиб, Абдрахмановни ватанига олиб кетишган.
Қашқадарёда икки йигит дрифт оқибатида вафот этди
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида икки йигит йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлди.
MY5 телеканали орқали эфирга узатиладиган “Ҳудуд” дастури хабарига кўра, фожиа 30 январь куни соат 17:00 атрофида Насаф кўчасида содир бўлган.
Nexia 3 машинасини бошқариб келаётган 19 ёшли йигит дрифт қилишга уринган, аммо тезликни тўғри баҳолай олмаган. Оқибатда руль бошқарувини йўқотиб йўл четидаги дарахтга урилган. Зарба кучли бўлганидан машина салонида бўлган икки нафар 19 ёшли йигит воқеа жойида вафот этган.
Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани билдирилган.
Ушбу хабар манзарасида собиқ депутат Расул Кушербоев Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти эътиборини Тошкент шаҳрида тунги пойгалар ташкил қилинаётганига қаратган.
Озодлик жорий йил 19 январь куни Навоий шаҳрида йўл-патрул хизмати инспектори хизмат олиб бораётган вақтида машина уриб кетиши оқибатида вафот этгани ҳақида хабар қилганди.
Расмий статистикага қараганда, Ўзбекистонда 2024 йилда рўй берган 9364 та ЙТҲ оқибатида 2203 киши ҳалок бўлган, 8901 киши жароҳатланган.
Ҳоким ёрдамчиси қарийб 650 миллион сўмни ўзлаштирди
Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида фаолият юритган ҳоким ёрдамчиси фуқаролар номига ажратилган катта миқдордаги кредит маблағларини ўзлаштиргани аниқланди.
Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳоким ёрдамчиси М.Ф. 20 нафар фуқарога электрон тарзда берган тавсияномаларига асосан қабул қилиб олган электрон калитлардан фойдаланган ҳолда жами 427,7 миллион сўмлик кредит маблағларини қўлга киритган ва пулни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Шунингдек, М.Ф. қариндошлари ва бошқа 5 нафар фуқарога маҳалла ҳудудида яшамаган бўлса-да, қалбаки тавсиянома орқали жами 207,7 миллион сўм кредит ажратилишига эришиб, ушб маблағни ҳам талон-торож қилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилган.
Тошкент шаҳри ҳокимлиги прокуратура хабарномасига муносабат билдириб, гумонланувчи ноябрь ойида ишдан олингани, бинобарин, пойтахтда бундай тавсифга мос келадиган мансабдор шахс мавжуд эмаслигини иддао қилган.
Аммо БП ҳокимлик раддиясига эътироз билдириб, М.Ф. фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларни айнан ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаган пайтда содир этганини урғулаган.
БП бу гал ҳокимлик мулозимига оид бошқа маълумотларни ҳам очиқлаган. Айтилишича, М.Ф. 2022 йил 7 октябридан 2024 йил 29 ноябрига қадар Шайхонтоҳур тумани Камолон Дарвоза МФЙда ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган.
Озодлик аввалроқ 2024 йил мобайнида коррупцияга оид 309 та жиноят ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан боғлиқ ҳолда содир этилгани ҳақида хабар қилган эди.
Тошкентда фаррош лифт шахтасида ҳалок бўлди
Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган Riviera савдо марказида фаррош аёл бахтсиз ҳодиса қурбони бўлди.
Kun.uz нашрининг Бош прокуратура матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда ёзишича, 3 февраль куни соат 11:10 да савдо мажмуасида фаррош бўлиб ишловчи 45 ёшли Ш. М. лифт шахтасига шиша ойналарни тозалаш учун кирган. У шахтанинг бурчак қисмида эканида лифт эшиклари ёпилиб, тепага қараб ҳаракатлана бошлаган. Лифтни ҳаракатга келтирувчи тошлар эса пастга, яъни фаррошнинг устига тушиб, уни қисиб қолган.
Тошкент вилояти Бўка туманидан бўлган аёл воқеа жойида вафот этган. Унинг икки фарзанди етим қолган.
Фожиа рўй берган савдо марказига прокуратура ва ИИБ ходимларидан иборат ишчи гуруҳ етиб борган. Ҳодиса юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Бекзод Бердиевга кўра, бахтсиз ҳодисага техник талабларга риоя қилинмагани сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.
Лифтдаги носозлик инсоний талафотга олиб келиши илк бор кузатилаётгани йўқ. 2023 йил июль ойида электр узилгани ортидан Тошкентдаги кўп қаватли уй лифтида қамалиб қолган почтачи аёл вафот этганди.
Пойтахтдаги бошқа бир кўп қаватли уй лифтининг носозлиги оқибатида 11 киши жароҳатланган эди.
АҚШга бориш истагидаги ўзбекистонлик алдов қурбони бўлди
Тошкент шаҳри Учтепа туманида фуқародан фириб йўли билан 20 минг доллар олган шахслар ушланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизматининг маълум қилишича, тезкор тадбирда фуқаро С.Ғ. фуқаро Д.С.ни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали АҚШга юбориши ва у ерда иш билан таъминлаши эвазига таниши А.А. орқали 20 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Матбуот Ўзбекистондан АҚШга ноқонуний бориш билан боғлиқ фирибгарликлар ҳақида тез-тез хабар беришига қарамай, бундай ҳолатлар кўп қайд этилмоқда. Масалан, январь ойида Чилонзор туманида ҳам АҚШга ишга юбориш ваъдаси билан фуқародан 40 минг доллар олган шахс ушланганди.
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ҳам Қўшма Штатларга ноқонуний равишда киришга уринаётган Ўзбекистон фуқароларини ушбу ҳаракатдан тийилиб, қонуний йўллардан фойдаланишга ундаб келади.
Озодлик аввалроқ Мексика ва АҚШ чегарасидаги депортация марказида Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондан кўплаб муҳожирлар сақланаётганига эътибор қаратганди.
Сўнгги йилларда Қўшма Штатлардан ўзбекистонлик ноқонуний муҳожирларни бадарға қилиш ҳолатлари кўпайган. Жумладан, АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати 2023 йил сентябрдан 2024 йил сентябригача Ўзбекистонга 572 кишини депортация қилган.
АҚШда яшаб келаётган яна 975 нафар ўзбекистонлик ноқонуний мигрант сифатида мажбуран чиқариб юборилиши мумкин.
Ўзбекистонда газ қазиб олиш сезиларли даражада қисқарди
2024 йилда Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми 44,59 миллиард куб метрни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан қарийб 2,1 миллиард куб метр ёки 4,5 фоизга қисқарган.
Статистика агентлиги чоп этган 2024 йилдаги саноат ишлаб чиқариши бўйича ҳисоботга кўра, мамлакатда 2024 йил январь ойида 3,99 миллиард куб метр газ қазиб олинган бўлса, декабрь ойига келиб бу кўрсаткич 3,8 миллиард куб метрга тушган.
Таҳлиллар мамлакатда зангори олов қазиб олиш охирги етти йилда 28 фоизга ёки 17 миллиард куб метрга камайганини кўрсатади.
2022 йилда газ қазиб олиш 53,8 миллиард куб метрдан 51,67 миллиард куб метргача, 2023 йилда эса 46,71 миллиард куб метргача қисқарган эди.
Пасайиш тенденцияси йил давомида ҳам давом этган.
Қазиб олиш кўрсаткичлари тушиб бораётган бир пайтда ҳукумат газ импорти билан параллел равишда экспортни ҳам йўлга қўйган.
Иқтисодий таҳлилчилар мамлакатда газ қазиб олиш шиддат билан қисқариб бораётган шароитда экспорт тўхтамаганини “парадокс” деб атаган.
Россиядан энергоқарамликнинг ошиши ҳам хавфли тенденция ўлароқ баҳоланмоқда.
Ўзбекистонда “Ҳалол” сертификатлаш тартиби жорий этилмоқда
Жорий йил 1 майидан эътиборан Ўзбекистонда Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти (CMIIC) талабларига мувофиқ сертификатланган маҳсулотлар ва хизматларни “Ҳалол” белгиси билан маркировка қилиш бошланади.
Вазирлар Маҳкамаси 1 февраль куни қабул қилган “Маҳсулот ва хизматларни “Ҳалол” талабларига мувофиқ сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорда аниқ муддат белгиланган.
Мазкур ҳужжатга биноан, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита олти ой муддатда агентлик тизимида ташкил қилинадиган маҳсулот ва хизматларни “Ҳалол” талабларига мувофиқ сертификатлаштириш органини халқаро тан олинган ташкилотларни жалб қилган ҳолда аккредитациядан ўтказади. “Ҳалол” белгиси шакли ҳамда ўлчамини белгилайдиган стандарт лойиҳаси ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланади.
Сертификатлаш ва уларга қўйиладиган талабларни белгилашда Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти томонидан қабул қилинган ва халқаро миқёсда расман тан олинган стандартларга устуворлик берилади.
Ҳукумат қарори жорий йил 2 майидан кучга кириши белгиланган.
Маҳсулотларни “Ҳалол” тамғаси билан сотиш ислом динига эътиқод қилувчи аҳоли учун муҳим мезонлардан бири ўлароқ кўрилади.
Аввалроқ Озодлик суҳбатлашган Тошкент шаҳри ва вилоятидаги “ҳалол” номи билан танилган қатор емакхоналарнинг эгалари куч тизимлари ва текширувчи идораларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан шикоят қилишганди.
Ўзбекистоннинг дунёвийликка интилаётган ҳукумати “ҳалол” ва “ҳаром” мезонларига ҳассос масала сифатида қараётгани ҳам маълум. Бир муддат аввал блогер Ҳожиакбар Носиров Ўзбекистонда кўп сотиладиган йогурт брендларидан бирининг маҳсулотларини “ҳаром” ҳисобланиши ва мусулмонларга уларни истеъмол қилиш мумкин эмаслиги ҳақида гапириши ортидан 15 суткага қамалган эди.
Муддатли ҳарбий хизматга чақирув эълон қилинди
Чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган Ўзбекистоннинг чақирув ёшидаги фуқаролари 2025 йилнинг март – апрель ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.
Президентнинг бу ҳақдаги қарорига мувофиқ, ҳарбий хизматга яроқли, шу жумладан, чекловлар билан яроқли бўлган ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ ушбу чақирув даврида Қуролли Кучлар сафига чақирилмайдиган фуқаролар сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинади.
Муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчилар эса март – апрель ойларида Қуролли Кучлар резервига бўшатилади.
Ўзбекистон президенти 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган табригида “ҳозирги вақтда дунё миқёсида турли хавф-хатарлар, қуролли тўқнашувлар тобора авж олиб бораётган ўта мураккаб вазиятда Қуролли Кучлар жанговар салоҳияти, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва маънавий шайлигини ошириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб” эканини таъкидлаганди.
Учинчи февраль куни мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғилишда ҳам президент Мирзиёев “энг янги техника ва қурол-яроғлардан моҳирона фойдаланишга қодир ҳарбий кадрларни тайёрлаш” заруратига тўхталган.
Тарихчи олим: Мустақиллик декларациясига энг кўп Ислом Каримов қарши чиққан
Ўзбекистонда 1990 йил 20 июнида Мустақиллик декларацияси қабул қилинишига энг кўп қарши чиққан шахс ўша пайтда Ўзбекистон ССР Компартияси Марказий қўмитасининг биринчи котиби, Ўзбекистон ССР президенти Ислом Каримов бўлган. Бу ҳақда тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабов “Дарё” нашрига берган видеоинтервьюсида билдирди.
Ўзбекистонда “Мустақиллик меъмори” ўлароқ эътироф этиладиган президент Каримов, профессор Ражабовга кўра, аслида Мустақиллик декларациясининг қабул қилинишига “тиш-тирноғи билан қарши” бўлган.
“У чет эллик бир меҳмон билан водийга (Фарғона водийси − таҳр.) жўнаб кетган куни Ўзбекистон Олий кенгашидаги халқ депутатлари 20 июнь куни Мустақиллик декларациясини қабул қилди. Ислом Каримов у ёқдан (сафардан - таҳр.) қайтиб келганидан кейин: “Бу бир парча қоғозинг ҳатто туалетда ишлатишга ярамайди”, деган фикрни айтди. “СССРда туғилдикми − СССРда ўламиз. Москва бутун халқингнинг ҳаммасини қириб ташлайди. Ҳеч қачон мустақиллик берилмайди”, деган фикрлар ўша пайтда халқ депутатларига 1990 йил июнида айтилган”, деди тарих фанлари доктори Қаҳрамон Ражабов.
Тарихчи олим фикрича, Мустақиллик декларация илк бор қабул қилинган кун аслида ўзбек халқининг байрами бўлиши керак, бироқ ўша куни буни на телевидение ва на радиода айтилган.
“Икки кундан кейин декларация матни ўзгартирилган ҳолда, яна айтаман - Москванинг тасдиғидан ўтказилган ҳолда матбуотда эълон қилинди. Энг қизиғи, агар биз 1990 йил июнь ойидаги газеталарни кўрсак − декларация қонун бу − турли газеталарда турлича шаклда чиққанлигининг гувоҳи бўламиз. Ҳолбуки, бу қонун битта ҳарфи ҳам ўзгартирилмасдан чоп этилиши керак эди”, дея эътироф этди профессор Қаҳрамон Ражабов.
Ўзбекистонда Мустақиллик декларацияси илк бор 1990 йилнинг 20 июнида қабул қилингани ҳақида Озодлик авваллари кўп маротаба ёзган. Бу борада одатда мухолифатчилар ва мустақил журналистлар гапириб келишган. Бироқ бу тарихий фактнинг Ўзбекистон ичида илмий тадқиқотлар билан шуғулланиб келаётган профессор томонидан эътироф этилиши илк бор кузатилмоқда.
Мирзиёев расмий ташриф билан Малайзияга боради
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 4-5 февраль кунлари расмий ташриф билан Малайзияда бўлади. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур ташриф Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим таклифига биноан амалга оширилади.
“Ташриф доирасида Куала-Лумпур шаҳрида бош вазир Анвар Иброҳим билан икки томонлама музокаралар, Малайзиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар, қўшма бизнес форуми ва бошқа тадбирларда кўзда тутилган”, дейилган хабарномада.
Шунингдек, ташриф чоғида Ўзбекистон-Малайзия дўстлик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда амалий ҳамкорликни, шу жумладан, савдо, инвестициялар, инновациялар, технологик кооперация, нефть-кимё, электроника, “яшил” энергетика, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа кўплаб устувор йўналишларда кенгайтириш масалалари муҳокама этилиши, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилиши урғуланган.
Ўзбекистон президенти Малайзия бош вазири билан халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатларини ҳам кўриб чиқиши қайд этилган.
Мирзиёев Анвар Иброҳим билан олий даражадаги учрашуви якунида икки давлат ўртасидаги кенг кўламли шерикликни янада ривожлантиришга қаратилган Қўшма баёнот ва салмоқли битимлар тўплами қабул қилиниши режаланган.
Бўлажак ташрифни Ўзбекистон президентининг Малайзияга жавоб ташрифи деб аташ мумкин. Ўтган йилнинг май ойида Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим уч кунлик сафар билан Ўзбекистонга келган, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, қатор тадбирларда иштирок этган эди.
Ўзбек-қозоқ чегарасидаги “Ғишткўприк” маскани июнь ойигача ёпилади
Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги “Ғишткўприк” божхона пости жорий йил 5 февралидан эътиборан 4 ойга ёпилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси маълумот тарқатди.
Хабарномада божхона масканининг вақтинча ёпилиши у ердаги “қурилиш ва реконструкция ишларини мантиқий ниҳоясига етказиш мақсадида” амалга оширилаётгани айтилган, бироқ "Ғишткўприк"нинг қайси санагача ёпиқ туришига аниқлик киритилган эмас.
Қўмита қайдича, “Ғишткўприк” чегара пости орқали ҳаракатланаётган фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракати чоршанбадан бошлаб “Навоий” чегара-божхона масканига йўналтирилади. Тошкент туманидаги “Навоий” маскани “Ғишткўприк”ка яқин ерда жойлашган.
“Жисмоний шахслар, енгил автомобиллар ва автобуслар ҳаракати учун қулай бўлишини таъминлаш мақсадида “Навоий” чегара божхона постида юк автотранспорт воситалари ҳаракати чекланади”, дейилган божхона қўмитаси хабарномасида.
Аввалроқ Озодлик февраль ойи бошидан ўзбек-қозоқ чегарасидаги “Довут ота” (“Тажен”) божхона маскани 3 ой муддатга ёпилиши ҳақида хабар қилган эди.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида маҳкум алмашилади
Қирғизистон ва Ўзбекистон бир-бирига судланган фуқароларни топширади. Бу ҳақда хабар қилган 24.kg нашри бунга оид қонун лойиҳаси Қирғизистон парламенти томонидан учинчи ўқишда қабул қилинганини қайд этди.
Хабарда айтилишича, Қирғизистон бош прокурорининг ўринбосари Умуткан Конкубаева парламент депутатларига Ўзбекистонда қирғизистонлик 42 нафар фуқаро, Қирғизистонда эса ўзбекистонлик 97 нафар фуқаро жазо ўтаётганини билдирган.
Эндиликда бу фуқаролар қамоқ жазосини ўз ватанларида ўташади.
Маълумотларга кўра, икки мамлакат ўртасида маҳкумларни топширишга оид келишувга 2024 йил 18 июлида Тошкентда эришилган.
Туркий давлатлар ташкилотларига аъзо бўлган Қирғизистон Ўзбекистон билан маҳкум алмашишга оид шартнома тузган илк мамлакат эмас. Озодлик 2023 йилда Ўзбекистон ТДТга аъзо Туркия ва Қозоғистон билан ўзаро маҳкумларни топшириш бўйича келишув имзолагани ҳақида хабар қилган эди.
Истанбулда қўлбола ичкиликдан ўлган ўзбеклар сони 23 нафарга етди
Туркия ҳудудида сохта спиртли ичимликдан заҳарланиш натижасида ҳаётдан кўз юмган ўзбекистонлик фуқаролар сони жорий йилнинг 30 январь ҳолатига кўра 23 нафарга етган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси қурбонларнинг икки нафари аёл эканига эътибор қаратди.
“Вафот этган барча фуқароларнинг жасадларини Ўзбекистонга олиб кетиш бўйича Ташқи ишлар вазирлиги ва Миграция агентлиги томонидан тегишли консуллик, ҳуқуқий ва ташкилий ёрдам кўрсатилди”, дейилган хабарномада.
Дипломатик идора қўлбола ичкиликдан заҳарланган ўзбекистонликларнинг айримлари даволаниш курсини якунлаб, шифохонадан чиққанлари, баъзилари эса тиббий муолажаларини давом эттираётганини қўшимча қилган.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси шу йилнинг 17 январида ароқдан заҳарланиш натижасида вафот этган ўзбекистонликлар сони 17 нафарга чиққани ҳақида маълум қилган эди.
Турк матбуотининг ёзишича, сохта алкоголдан заҳарланганларнинг аксарияти Ўзбекистон ва Туркманистон фуқароларидир. Аввалроқ бош консулхона вакиллари қалбаки спиртли ичимлик тайёрлашга алоқадорликда айбланиб, 2 нафар туркманистонлик қўлга олингани, ароқдан заҳарланиш ҳодисаси ортидан маҳаллий полиция кенг қамровли тергов ишларини бошлаб юборгани ҳақида маълум қилишганди.
Икки юз кишига фириб берган автосалончилар қамалди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туман суди кўп сонли фуқароларни чув туширган автосалончиларга ҳукм ўқиди.
Kun.uz нашрининг суд ҳукмига таянган ҳолда ёзишича, жиноий гуруҳ жозибали рекламалар орқали ишсиз, тайинли даромади йўқ фуқароларни биргаликда даромад олишга қизиқтирган.
Шу тариқа 100-500 доллар эвазига жами 203 киши номига банкдан автомобиль учун 200-300 миллион сўмдан кредит олинган. Кредит маблағларини эса схема тепасида турган шахслар ўзлаштирган.
Одамлар икки ой ичида Хитойдан автомашина олиб келиниб, қайта сотилиши ва тушган маблағ ҳисобига кредит тўлиқ ёпилишига ишонтирилган. Етказилган умумий зарар миқдори 62 миллиард сўмни ташкил этган.
Суд ҳукми билан судланувчилар Зоҳид Тоғаев ва Дилшод Эшонқулов 9 йил, Обидхон Тўраев ва Ваҳобжон Муҳарамхўжаев 8,5 йил, Нозимжон Аслонов 8 йил 1 ой, Шербек Озодбеков 2 йил муддатга давлат идораларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда 4 йил 2 ой муддатга қамалган. Улар Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми а, в бандлари (жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб фирибгарлик содир этиш), 228-моддаси 2-қисми а, б бандлари (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан айбдор деб топилган.
Етказилган зарар судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши белгиланган.
Ўзбекистонда одамларнинг автомобиль олиб бериш ваъдасига ишониб, миллионлаб сўм маблағидан ажралиб қолиши илк бор кузатилаётгани йўқ.
Озодлик жорий йил январь ойида Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани ИИБ “Umid avto companies” МЧЖ мансабдорларига нисбатан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатгани ҳақида хабар қилган эди.
2024 йил декабрь ойида эса Шайхонтоҳур туманида давлат рўйхатидан ўтган “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ мансабдорларига ҳам худди шундай айблов илгари сурилганди.