Линклар

Шошилинч хабар
30 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:40

Халқаро хабарлар

Москвада Арманистоннинг собиқ мудофаа вазири қўлга олинди

Арманистон собиқ мудофаа вазири Аршак Карапетян
Арманистон собиқ мудофаа вазири Аршак Карапетян

Арманистоннинг собиқ мудофаа вазири Аршак Карапетян Москва шаҳри марказида қўлга олинган. Иддаоларга кўра, бу 29 декабрь куни содир бўлган. Собиқ вазирнинг қўлга олингани ҳақида РБК нашри, ТАСС агентлиги ва "112" телеграм-канали хабар қилишди.

Карапетян Арманистон сўровига кўра ушланган. Аввалроқ мамлакат расмийлари уни халқаро қидирувга беришган эди. Арманистонда Карапетян тадбиркорлик фаолиятида ноқонуний иштирок этганлик, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганлик ва ҳокимият суиистеъмолига оид моддалар бўйича айбланмоқда.

Карапетян 2018-2021 йилларда Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Шундан сўнг у мамлакат Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг ўринбосари лавозимини эгаллаган, 2021 йилнинг июль ойида эса мудофаа вазири лавозимига тайинланган. Ўша йил ноябрь ойида эса Карапетян ишдан бўшатилган.

Бунга Арманистон ва Озарбайжон чегарасида икки мамлакат қўшинлари ўртасида содир бўлган қуролли тўқнашув сабаб бўлган. Арманистон расмийлари ўша пайтда бостириб кириш уриниши бўлганини иддао қилишган. Озарбайжон эса Арманистон томонидан провокация бўлганини иддао қилган.

Карапетяннинг ишдан бўшатилиш сабабларига изоҳ бера туриб, Пашинян: “2021 йил 14 ноябрь куни эрталаб у менга чегара бўйлаб вазият тинч экани ҳақида ҳисобот берди, ваҳоланки у ҳисобот топшираётган пайтда Озарбайжон қўшинлари чегарамизнинг қатор участкаларида Арманистон ҳудудига бостириб киришиб, ҳатто позицияларни эгаллаб олишган эди. У мудофаа вазири бўла туриб, бу ҳақда билмаган, ёки била туриб, менга хабар қилмаган, бунақа ҳолатларда мен ҳеч кимга нисбатан тоқатли муносабатда бўлолмайман”, дея билдирган.

Карапетян истеъфога чиққанидан кейин “Бутунарман жабҳаси” деб аталган мухолифат ҳаракатига етакчилик қила бошлаган.

Ақтауда қулаган учоқ “қора қутилари” Бразилияга топширилади

Қозоғистонда қулаган учоқ парчалари
Қозоғистонда қулаган учоқ парчалари

Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида қулаган Azerbaijan Airlines авиаширкати учоғининг “қора қутилари” ўрганиш учун Embraer учоқлари ишлаб чиқариладиган мамлакат – Бразилияга топширилади. Бу ҳақда Қозоғистон Транспорт вазирлиги баёнотида айтилган.

Чикаго конвенцияси асосида ҳамда Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти тавсияларини ҳамда Озарбайжон ва Россия авиация расмийлари билан ўтказилган маслаҳатлашувларни ҳисобга олган ҳолда учоқ ҳалокати текшируви бўйича комиссия “қора қутилар”ни Бразилиядаги Авиация ҳодисаларининг олдини олиш ва тергов қилиш марказига (CENIPA) йўллашга қарор қилган, дейилган вазирлик баёнотида.

Қозоғистон томони CENIPA маълумотларни ўқиш учун “сертификацияланган лабораторияга эга”лиги ҳамда “тегишли асбоб-ускуналар билан жиҳозланган” зарур техник имкониятларга эгалигини қўшимча қилган.

Аввалроқ Бокудан Грознийга учиб кетаётган Azerbaijan Airlines авиаширкати учоғи 25 декабрь тонгида Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида қулаб тушгани ҳақида хабар қилинган. Ҳодиса чоғида 38 киши ҳалок бўлган.

Euronews ва Reuters маълумотига кўра, учоқ қулашига Россия ҳаводан мудофаа тизими сабаб бўлган. Reuters учоқ томонга ракета Грозний узра “дрон фаоллиги” чоғида учирилганини хабар қилган. Ракета учоқ яқинида портлаб, унинг қопламасига шикаст етказган.

27 декабрь куни “Росавиация” раҳбари Дмитрий Ядров учоқ Грозний аэропортига қўнмоқчи бўлиб турган пайтда шаҳарга дронлар ҳужум қилаётган бўлганини тасдиқлаган. Унинг иддаосига кўра, учоқ командирига қўниш учун Россиядаги бошқа аэропортлар таклиф қилинган, бироқ у Ақтау аэропортига йўл олишга қарор қилган.

Euronews телеканалининг Озарбайжон ҳукуматидаги манбалари шикаст етган учоқ экипажи фавқулодда қўниш учун имконият яратилишини сўрагани, бироқ экипажга Россия аэропортларидан биронтасида қўнишга рухсат этилмагани ҳақида айтишган эди.

Хорватияда президент сайлови ғолиби иккинчи босқичда аниқланади

Зоран Миланович
Зоран Миланович

Хорватиядаги президент сайловида даъвогарларнинг бирортаси ҳам биринчи босқичда 50 фоиздан кўпроқ овоз йиғишга муваффақ бўлолмади.

Давлат сайлов комиссияси маълумотларига мувофиқ, амалдаги давлат раҳбари Зоран Миланович сайловда 49 фоиз овоз тўплаган. Унинг асосий рақиби, ҳукмрон консерватив партия вакили Драган Приморач 19,35 фоиз овоз жамғарган.

Эндиликда улар 2025 йилнинг 12 январида бўлиб ўтажак иккинчи босқичда учрашишади. Хорватиядаги президент сайловида иштирок этган яна олти нафар номзод 10 фоиздан ҳам кўпроқ овоз йиғолмаган.

Хорватия парламент республикаси бўлиб, мамлакатдаги асосий қарорларнинг катта қисмини бош вазир қабул қилади, айни пайтда президент қуролли кучлар бош қўмондони бўлиб ҳисобланади.

Миланович Украинага ҳарбий ёрдамни танқид қилиб келиши билан танилган. Хусусан, у украиналик ҳарбийларнинг Хорватия ҳудудида ўқитилишини тақиқлаган.

Бош вазир Андрей Пленкович уни “россияпараст сиёсатчи” деб атаб, Миланович “Хорватиянинг НАТОдаги ва ЕИдаги обрў-эътиборини ер билан яксон қилмоқда” деб ҳисоблайди. Бунга жавобан президент “Хорватиянинг кераксиз урушга жалб қилиниши”нинг олдини олишга уринаётгани, Украинада “Россияга қарши АҚШ ва НАТО урушаётгани”ни билдирган.

Озарбайжон россияликлар учун миграция тартибини кучайтирди

Озарбайжон расмийлари россияликлар ва Россияда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар учун миграция тартибини кучайтиришди. Уларнинг мамлакатда визасиз бўлиши мумкин максимал муддат белгиланди. Янги чекловга мувофиқ, россияликлар эндиликда Озарбайжонда йилига фақат 90 кун яшашлари мумкин. Бунга оид ҳукумат қарори 29 декабрь куни эълон қилинди.

Янги тартиб 2025 йилдан амалда бўлади. Аввалроқ Озарбайжон ТИВ Боку Россияда хорижликларнинг визасиз юриши муддати чекланишига жавобан худди шу каби чоралар қўллашини билдирган. Россияда ҳам хорижликларнинг мамлакатда юриш муддати 90 кун этиб белгиланган эди.

Ҳозирда Озарбайжондаги Россия фуқаролари мамлакатга кириб келганидан сўнг визасиз 90 кун юришлари мумкин. Агар фуқаро чегарага бориб қайтса, яна 90 кун қолиши мумкин эди. Бундай тартиб январь ойидан ишламайди.

Миграция тартибининг кучайтирилиши 25 декабрь куни Боку – Грозний йўналиши бўйлаб парвоз қилган Azerbaijan Airlines авиаширкати учоғи Қозоғистонда қулаб тушгани манзарасида содир бўлди. Учоқ бортида экипажнинг беш аъзоси дохил 67 киши бўлган, улардан 38 нафари ҳалок бўлишган. Тахминларга кўра, учоқ Чеченистон ҳудудида Украина дронларига зарба бераётган Россия ҳаводан мудофаа тизими ўқига нишон бўлган.

Жорий йилнинг 29 декабрь куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Қозоғистонда қулаган учоқ Россия ҳудудидан туриб “ердан ўққа тутилиши натижасида” шикаст олгани ҳақида баёнот берган.

Алиевга кўра, 27 декабрь куни Озарбайжон авиаҳалокат ортидан Россия томонига учта талаб қўйган, булар узр сўраш, айбни тан олиш ҳамда айбдорларни жазолаб, Озарбайжон давлати ва жабрланганларнинг барчасига товон тўлашдан иборат. Бу талабларнинг биринчиси, Алиевнинг айтишича, шанба куни бажарилган.

АҚШнинг 39-президенти Жимми Картер вафот этди

АҚШнинг 39-президенти Жимми Картер
АҚШнинг 39-президенти Жимми Картер

АҚШнинг 39-президенти, Нобель тинчлик мукофоти лауреати Жимми Картер Жоржиядаги ўз уйида вафот этди. Бу ҳақда у таъсис этган жамғарма маълумот тарқатди. Собиқ президент 100 ёшда эди.

Ҳарбий-денгиз кучлари зобити бўлган Картер президентликдан аввал Жоржия штати губернатори ва сенатор бўлган. 1976 йилда унинг номзоди Демократик партиядан президентликка номзод ўлароқ кўрсатилган. Ўша сайловда у республикачи Жеральд Форд устидан ғалаба қозонган.

У Қўшма Штатларга 1977-1981 йиллар орасида раҳбарлик қилган. Унинг президентлиги чоғида қатор муваффақиятсизликлар қайд этилган. Хусусан, ўша йилларда Три-Майл-Айленд атом электростанциясида ядровий авария содир бўлган, Теҳронда эгаллаб олинган АҚШ элчихонасига махсус топшириқлар бажарувчи отряд томонидан амалга оширилган ҳужум муваффақиятсиз якунланган. Унинг даврида АҚШда ХХ асрдаги инфляция энг юқори даражага чиққан. Айни пайтда у халқаро сиёсатда сезиларлик муваффақиятларга эришган.

Картер даврида АҚШ Панама каналини Панама назорати остига бериш ҳақида келишувга эришган, бу билар Лотин Америкаси мамлакатлари билан алоқаларни сезиларли даражада яхшилаган (Республикачилар партияси бу шартномаларни танқид қилиб келади). У СССР билан стратегик қуролларни чеклашга оид шартномани имзолаган. 1978 йилда у Исроил ва Миср ўртасида тарижий тинчлик шартномаси тузилишига эришган.

Картер муқобил энергетика лойиҳаларини олға суришни бошлаган АҚШнинг илк президенти бўлиб ҳисобланади. Жанубий ҳудудлар вакили бўлган Картер миллий озчиликлар ҳуқуқларини дастаклаган, у ўзаро тенглик ва ирқий интеграция ғояларини ёқлаб, аксилдискриминацион қонун лойиҳалари ва ташаббусларни илгари сурган.

1980 йилдаги сайловда Рональд Рейганга ютқазган Картер демократик ва гуманитар қадриятларни олға суриш билан шуғулланган жамғармага асос солган.

У жамоатчилик фаолияти билан фаол шуғулланган, тинчлик ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ташаббуслар билан чиққан, кам таъминланган оилалар учун тураржойлар қурган. 2002 йилда “бутун дунёда можароларни тинчлик йўли билан ҳал қилиш ва инсон ҳуқуқлари учун кураш бўйича саъй-ҳаракатлари” туфайли унга Нобель тинчлик мукофоти берилган.

Путин экстремизмга қарши кураш бўйича янги стратегияни тасдиқлади

Россия президенти Владимир Путин “Россия Федерациясида экстремизмга қарши кураш стратегияси тўғрисида” фармон имзолади. Ҳужжат ҳуқуқий ахборот расмий порталида эълон қилинган.

Янгиланган стратегияга илк бор русофобия тушунчаси киритилган бўлиб, унга “Россия фуқароларига, рус тили ва маданиятига ёмон кўз билан қараш, нохолис ва душманларча муносабатда бўлиш” дея таъриф берилган.

Шунингдек, Россияга дўст бўлмаган давлатлар ҳукуматларининг камситувчи хатти-ҳаракатлари ҳам русофобия деб ҳисобланиши кўрсатилган.

Стратегияда айрим давлатлар экстремизмни гибрид урушларда ва бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашишда қўллаётгани иддао қилинади.

Экстремизм манбалари орасида Украина ҳам тилга олинган бўлиб, Россия ҳукумати фикрича, у ерда Россияга хавф солувчи “радикал неонацист тузилмалар” қўллаб-қувватланади.

Ҳужжатда Украина инқирози русофоб кайфият ва Россияга қарши гибрид урушларни авж олдиришга хизмат қилаётгани урғуланади. Украина ҳудудидан келаётган хавфни бартараф этиш ҳужжатда “энг муҳим вазифа” деб аталган.

“Қасддан” оммавий тартибсизликларга айланиб кетадиган рухсат этилмаган норозилик акциялари, шунингдек мигрантларнинг ғайриҳуқуқий фаолияти ва халқаро ноҳукумат ташкилотларининг деструктив ишлари Россияни беқарорлаштирувчи омиллар сифатида санаб ўтилган.

Стратегия экстремистик фаолиятда иштирок этиш, шунингдек “дўст бўлмаган мамлакатлардаги ўқув марказларида тайёргарлик кўриш учун” чет элга чиқувчи шахслар рўйхатини юритишни назарда тутади.

Аммо ҳужжатда “дўст бўлмаган мамлакатларнинг ўқув марказлари” тушунчаси аниқлаштирилган эмас.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишига старт берилди

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишига старт бериш мароссимидан лавҳа, 2024 йил 27 декабри
Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишига старт бериш мароссимидан лавҳа, 2024 йил 27 декабри

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Тўш-Қутчу қишлоғида 27 декабрь куни Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли тамалига илк тошни қўйиш тантанали маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.

Унда Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Хитойнинг тараққиёт ва ислоҳотлар бўйича давлат қўмитаси раиси Чжэн Шанцзе ва Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев иштирок этишди. Маросимда Чжэн Шанцзе ХХР раиси Си Цзинпиннинг, Жамшид Хўжаев эса Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг табрик нутқларини ўқиб эшиттиришган.

Садир Жапаров ўз сўзида янги темир йўл қурилишининг бошланишини Марказий Осиё мамлакатлари ривожига туртки берувчи тарихий воқеа, деб атаган.

Мазкур лойиҳага 27 декабрь куни старт берилиши ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Темир йўл лойиҳасини амалга ошириш учун қўшма корхона тузилган бўлиб, унинг 51 фоизлик улуши Хитойга, 24,5 фоизлик улуши Қирғизистонга, яна 24,5 фоизлик улуши эса Ўзбекистонга тегишлидир. Объект қурилишининг умумий қиймати 4 миллиард 665 миллион долларга баҳоланмоқда. Бу сумманинг ярми, яъни 2 миллиард 332 миллион доллар кредит шаклида Хитой томонидан қўшма корхона ҳисобига ўтказилади. Маблағнинг қолганини уч мамлакат ўз улушига мувофиқ равишда тақдим этади, яъни Пекин 1 миллиард 187 миллион доллар, Тошкент билан Бишкек эса 573 миллион доллардан ажратишлари лозим.

Янги темир йўл йўлаги Евросиё қитъалараро кўпригининг жанубий тармоғига айланиши ва Жанубий-Шарқий, Ғарбий Осиё ҳамда Яқин Шарқ мамлакатлари, шу жумладан Туркия, кейин эса Европа Иттифоқи бозорларига олиб чиқиши кутилмоқда. Темир йўл Қашғар – Тўруғарт – Мақмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйлаб ётқизилади.

Темир йўл тармоғининг узулиги 486 километрни ташкил этиб, унинг 311,75 километри Қирғизистон ҳудудидан ўтади. Лойиҳа доирасида мамлакатда 18 та станция, 81 та кўприк ва 41 та туннель барпо этилиши режаланган. 2022 йилда Садир Жапаров бу йўл ишга туширилганидан кейин мамлакат ундан йилига камида 200 миллион доллар даромад олишини айтган эди.

Сочи ва Қозонда аэропортлар фаолияти тўхтатилди

Сочи аэропорти (архив сурати)
Сочи аэропорти (архив сурати)

Сочи ва Қозон аэропортлари вақтинчалик учоқларни қабул қилмаяпти ва йўлламаяпти. Чекловлар “йўловчи учоқлари парвозларини хавфсизлигини таъминлаш” мақсадида киритилган, дея билдирилган Росавиация томонидан 27 декабрь тонгида тарқатилган хабарномада. Росавиация вакиллари бунга оид бошқа тафсилотларни келтиришмаган.

Baza телеграм-каналининг ёзишича, парвозлар дрон ҳужумлари хавфи туфайли тўхтатилган.

Қозон аэропорти 25 декабрь куни ҳам фаолиятини тўхтатган. Ўшанда Россия расмийлари Украинага тегишли 59 та дрон йўқ қилингани ҳақида билдиришган эди.

Ўтган тунда Волгоград ва Астрахань аэропортларида ҳам ҳаво ҳудудидан фойдаланишга чеклов киритилган эди. Ҳозирда бу чеклов бекор қилинган.

Россия Мудофаа вазирлиги 27 декабрга ўтар кечаси ҳаводан мудофаа кучлари Брянск, Курск, Белгород, Тула ва Астрахань вилоятлари ҳудудларида Украинанинг 13 та дронини уриб туширганини маълум қилган.

Курск вилояти ҳукумати маълумотларига кўра, вилоят ҳудудида ракета ҳам уриб туширилган.

Қозоғистонда тутиб турилган ўзбекистонлик йигит ҳибсга олинди

Илдар Бикчуркин
Илдар Бикчуркин

Ўзбекистонлик Илдар Бикчуркин Қозоғистонда ҳибсга олинди. Бу воқеа “Настояшчее время” телеканалида Бикчуркин тақдирига оид лавҳа намойиш этилганидан икки кун ўтиб содир бўлган.

Бикчуркин чегара хизмати ходимлари унинг паспортини тортиб олишгани, у Қозоғистонга пулсиз яшашга мажбур бўлаётгани ва ватанига қайта олмаётгани ҳақида маълум қилган эди.

20 декабрь куни Илдар “Настояшчее время” мухбирига Адилет Салимов исмли терговчи уни Остонадан Павлодарга чақирганини айтган эди. Бу суҳбат ҳибсга олиш билан тугаган.

Кейинроқ Бикчуркин икки суткалик маъмурий қамоқдан сўнг судлаш учун Павлодар вилоятидаги Иртишск туманига йўллангани маълум бўлган. Бикчуркинга кўра, чегарачиларга уларнинг муассасаси телелавҳада эслатилгани “ҳечам ёқмаган”: “Менга: “Сени деб биз жабр кўрдик”, дейишди. Терговчи: “Сени деб дакки едим, раҳбариятим ҳам”, деди".

Ўзбекистон фуқароси бўлган Илдар Бикчуркин бир йилдан буён Қозоғистонда паспортсиз яшамоқда. Унинг ҳужжатлари Бикчуркин 2023 йил кузида Қозоғистондан Россиянинг Омск шаҳрига айланма йўллар орқали йўл олган пайтида қозоғистонлик чегарачилар томонидан олиб қўйилган. Россияда ноқонуний мигрант россиялик куч ишлатар тузилмалар ходимлари томонидан қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинган.

Бироқ Илдар ватанига кетиш ўрнига Қозоғистонга кирганидан кейин қозоғистонлик чегарачилар олдига бориб, паспортида чиқиш штамписиз нима қилиши кераклигини сўраган. Бу сўзлардан кейин ўзбекистонлик йигит ўтиш пунктининг ўзида қўлга олинган. Унинг паспорти олиб қўйилган (чегарачиларга кўра, суд бўлиб ўтгунига қадар) ва у чегарадан ноқонуний ўтганликда айбланган. Бироқ унинг иши бўйича суд ҳали ҳам бўлиб ўтган эмас.

“Ўшандан буён сарсон-саргардон юрибман. Ҳеч қаерга расман ишга жойлаша олмайман, чунки ҳужжатларим йўқ, бирон жойга рўйхатга ҳам қўйишмайди. Аросатдаман. Худди асирликда юргандайман”, деган Бикчуркин.

Бокудаги манбалар: AZAL учоғи Россия ҳаводан мудофаа тизими туфайли қулаган

AZAL авиаширкатининг Қозоғистонда қулаган йўловчи учоғи
AZAL авиаширкатининг Қозоғистонда қулаган йўловчи учоғи

Қозоғистонда 25 декабрь куни ҳалокатга учраган Azerbaijan Airlines учоғи Россия ҳаводан мудофаа тизими фаолияти оқибатида қулаган, дея хабар қилди 26 декабрь куни қатор нашрлар Бокудаги манбалардан олинган маълумотга таянган ҳолда.

Reuters агентлиги ўз мақоласида тергов боришидан хабардор бўлган Озарбайжондаги тўртта манбага таянган.

Embraer йўловчи учоғи ўз манзили бўлган Грозний аэропортига қўнолмай, Россия ҳаво ҳудудини тарк этганидан кейин қулаб тушган, ҳодиса чоғида 38 киши ҳалок бўлган эди. Россия ҳаводан мудофаа тизимлари Чеченистон дохил турли ҳудудларда Украина дронлари ҳужумини қайтариш учун сўнгги ойларда бир неча қўлланилган.

Қулаган учоқ изи Flightradar24 сервисида Доғистоннинг Каспийск шаҳри яқинида ғойиб бўлган. Мазкур сервис таҳлилчиларининг ёзишича, бу дронлар ҳужуми чоғида қўлланиладиган GPSни бўғиш ҳаракати туфайли содир бўлган.

Reuters қайдича, расмийлар Бокудан Грознийга парвоз қилаётган учоқ нима учун режаланган йўналишдан юзлаб миль нарига учиб, Каспий денгиздан ўтиб, Қозоғистонга бориб қолганини бирданига изоҳлай олишмаган.

Грозний аэропорти хизматларининг 25 декабрь куни маълум қилишларича, “даставвал учоқ Маҳачқалъага, кейин эса об-ҳаво шароити туфайли Ақтауга йўналтирилган”. Росавиациянинг дастлабки версиясига кўра, Azerbaijan Airlines бортида учоқ қуш галаси билан тўқнашиб кетгани туфайли фавқулодда ҳолат юзага келган бўлиши ва командир захирадаги аэродромга қўниш қарорини қабул қилган бўлиши мумкин. Euronews телеканали 26 декабрь куни Озарбайжон ҳукуматидаги манбалар сўзларига таянган ҳолда улар учоқ Россия ҳаводан мудофаа тизимининг ер-ҳаво тоифасидаги ракетаси учирилиши туфайли ҳалокатга учраганига оид тахминни тасдиқлашгани ҳақида хабар қилди. Телеканал суҳбатдошлари 8432-рейс йўналиши бўйлаб ракета Грозний осмонида дрон учиб кетаётган пайтда отилганини билдиришган. Ракета учоқ яқинида портлагани ортидан унинг қопламасига шикаст етган, шрапнель эса йўловчилар ва стюардессаларга теккан, дея қайд этишган манбалар.

Azerbaijan Airlines учоғи билан фожиа юз берган куниёқ Россия телеграм-каналларида пайдо бўлган видеоёзувда унинг дум қисмида ўқдан етган шикастга ўхшаш излар кўрилган. Шу сабабли йўловчи учоғи ердан туриб ҳаводан мудофаа воситалари билан нишонга олинган бўлиши мумкинлиги ҳақида тахмин айтилган эди.

Озарбайжон ҳукуматидаги манбалар Euronews телеканалига учувчиларнинг фавқулодда қўнишга оид илтимосига қарамай, шикаст етган учоққа Россия аэропортларидан бирортасига қўнишга рухсат берилмаганини айтишган. “Экипаж Каспий денгизи орқали Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри томон учиш командасини олган”, дейилган мақолада.

Қозоғистондаги авиаҳалокатда жабрланган россияликлар ватанига олиб кетилди

Манғистау вилоят касалхонаси
Манғистау вилоят касалхонаси

Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида Azerbaijan Airlines учоғи қулаши оқибатида жабрланган россиялик 9 нафар фуқаро ватанига олиб чиқиб кетилган. Россия ФВВ махсус учоғи уларни 26 декабрга ўтар кечаси олиб кетди, дея хабар қилди Манғистаудаги Lada.kz нашри Марғистау вилоят касалхонаси бўлим бошлиғи Жанар Сидиққизидан олинган маълумотга таянган ҳолда.

Ҳозирда Ақтаудаги касалхоналарда учоқ қулаши ортидан шифохоналарга етказилган яна 20 чоғли одам қолмоқда. Улардан 19 нафари вилоят касалхонасида, бир бола эса болалар касалхонасида муолажа оляпти. Етти нафар киши жонлантириш бўлимида бўлиб, уларнинг аҳволи ўта оғир дея баҳоланмоқда.

Авиаҳалокат чоғида жабрланган озарбайжонликлар, агар уларнинг соғлиқ аҳволи имкон берса, Azerbaijan Airlines авиаширкати махсус рейси билан Бокуга етказилиши мумкин.

25 декабрь куни Бокудан Грознийга парвоз қилаётган Azerbaijan Airlines учоғи Ақтау аэропорти яқинида қулаб тушган. Учоқ бортида озарбайжонлик 37 нафар, россиялик 16 нафар, қозоғистонлик 6 нафар ва қирғизистонлик 3 нафар фуқаро дохил 67 киши бўлган. Авиаҳалокатда 38 киши қурбон бўлган.

Учоқ қулаши ҳодисаси юзасидан жиноят иши очилган, ҳукумат комиссияси тузилган. Ҳалокат сабаби маълум эмас, бу борада учоққа қушларнинг урилишидан тортиб жанговар қурол унсурларининг тегишигача бўлган турли тахминлар олға сурилмоқда. Ҳодиса чоғида тирик қолганлар портлашга ўхшаш овоз эшитишганини айтишган.

Қозоғистонлик расмийлар ҳодиса бўйича бирор-бир хулосага келишга ҳали эрта эканини айтишмоқда. Учоқнинг “қора қутилари” топилган, ҳодиса тергови билан Қозоғистон томони Озарбайжон фуқаро авиацияси агентлиги ва Azerbaijan Airlines авиаширкати вакиллари иштирокида шуғулланмоқда. Ҳукумат вакиллари Қозоғистонга Embraer учоғи заводи ҳамда CENIPA (Авиация ҳодисаларининг олдини олиш ва тергов қилиш маркази, Бразилия) вакиллари учиб келаётганини маълум қилишган.

ЕТТБ Ўзбекистонда чироқ ўчишини камайтиришга кўмаклашади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”га давлат кафолати остида 66,4 млн доллар миқдорида кредит ажратмоқда.

Gazeta.uz нашри қайдича, ушбу маблағ Хоразм вилоятидаги Саримой ва Навоий вилоятидаги Мурунтов аҳоли пунктлари ўртасида 230 километр узунликдаги 500 кВ электр узатиш линиясини қуришга йўналтирилади.

Лойиҳа электр таъминотидаги узилишлар, айниқса, юклама энг юқори бўлган вақтда чироқ ўчишларини камайтириши кутилмоқда. Шунингдек, қайта тикланадиган энергия манбалари интеграциялашувига хизмат қилувчи лойиҳа туфайли иссиқхона газлари чиқиндилари йилига 4143 тонна ва электр энергияси йўқотишлари 34 636 мВт⋅с га камайиши кўзда тутилган.

Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов ноябрь ойида мамлакат электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасида сезиларли ютуқларга эришгани, аммо энди уни тўплаш ва ташиш учун инфратузилма, жумладан, камида 5000 километр электр узатиш линиялари, 500 кВ ва 200 кВ юқори кучланишли линиялар ва нимстанциялар зарурлигини айтган эди.

ЕТТБ 2017 йилда Ўзбекистондаги фаолиятини қайта бошлаганидан сўнг мамлакат иқтисодиётига киритган сармоялари миқдори 3 миллиард еврога етган.

Халқаро молиявий тузилма ўтган йил май ойида водий вилоятларида халқаро стандартлар асосида 15 та мактаб қурилиши учун грант ажратган эди.

Озодлик аввалроқ ЕТТБнинг минтақа бўйича етакчи эксперти Эрик Ливни билан Ўзбекистонга ажратилаётган маблағлар сарфида шаффофликни таъминлаш бўйича суҳбат уюштирганди.

Эронда WhatsApp’дан фойдаланишга тақиқ бекор қилинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Эрон расмийлари мамлакатда WhatsApp мессенжери ва Google Play иловалар дўконидан фойдаланишга тақиқни бекор қилишди. Бу ҳақда давлатга қарашли IRNA ахборот агентлиги хабар қилди.

Аввалроқ Эрон президенти Масъуд Пезешкиён интернетда тақиқни юмшатишни ваъда қилган эди. Мазкур қарор қачондан кучга кириши ҳозирча маълум эмас. Эрон Ислом Республикасининг ахборот хавфсизлиги бўйича олий кенгаши ўз мажлисларини ёпиқ эшиклар ортида ўтказади ва унинг аъзолари овозлари очиқланмайди. Айни пайтда Эрон алоқа вазири Саттор Ҳошимий Интернетдаги чекловларни бекор қилиш бўйича илк одим “бир овоздан ва ўзаро келишилган ҳолда” отилганини маълум қилган.

“Шарқ” ислоҳотчи газетасининг ёзишича, Эрон парламентидаги 290 депутатдан 136 нафари кенгашга хат йўллаб, Google Play иловалар дўкони ва WhatsApp мессенжеридан фойдаланишга тақиқнинг бекор қилиниши Эрон душманлари учун “совға” бўлишини билдиришган.

Бу орада 2009 йилдан буён амалда бўлган Facebook, Х, Telegram ва YouTube блокировкаси ҳали ҳам ўз кучида қолмоқда.

Google Play иловалари ва WhatsApp Эронда 2022 йили 22 ёшли толиба Маҳса Аминийнинг ўлими ортидан бошланган норозилик чиқишларидан кейин блокировка қилинган. Ахлоқ полицияси уни ҳижобини нотўғри ўрагани учун қўлга олган ва кейинроқ қиз “юрак хуружига учраган”ини билдирган. Аминийнинг яқинлари толиба полициячилар томонидан ўлгунича калтакланганини таъкидлашмоқда.

Норозилик намойишлари бир неча ой давом этган ва бу Эроннинг муҳофазакор раҳбариятига қарши сўнгги ўн йилликлардаги энг жиддий чақириқлардан бири бўлган. Тўқнашувларда юзлаб одам нобуд бўлиб, минглаб одам ҳибсга олинган, намойишчилар ичидан бир неча киши қатл этилган.

Байден Пентагонга Украинага аслаҳа етказишни тезлаштиришни топширди

АҚШ президенти Жо Байден
АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден 25 декабрь куни Мудофаа вазирлигига Украинага “ошиғич равишда” қурол-аслаҳа етказиб беришни давом эттириш ҳақида топшириқ берганини билдирди. Мазкур баёнот Россия томонидан Украина энерготизимига ёппасига зарбалар берилганига оид хабарлар ортидан берилди. Бу ҳақда “Америка овози”нинг рус хизмати хабар қилди.

Рождество тонгида Россия Украина шаҳарлари ва ўта муҳим энергетика инфратузилмаси бўйлаб ракета ва дронлар билан қатор зарбаларни берди. Бу аблаҳона ҳужумдан мақсад Украина халқини қишда иссиқлик ва электрдан маҳрум қилиш ҳамда энерготизим хавфсизлигини таҳдид остига қўйишдир”, дейилган Байденнинг Оқ уй томонидан ёйинланган баёнотида.

Сўнгги ойларда Қўшма Штатлар Украинага ҳаводан мудофаа учун юзлаб ракета етказиб берган. Байденга кўра, бундан ҳам кўпроғи йўлда.

Чоршанба тонгида Россия Украина энерготизими ва шаҳарларига қанотли ва баллистик ракеталар ҳамда дронлар билан ҳужум уюштирган. Украина ҳудудлари раҳбарларига кўра, зарбалар натижасида Харьковда камида олти киши яраланган, Днепропетровск вилоятида эса бир киши ҳалок бўлган.

Қозоғистонда Бокудан Грознийга парвоз қилаётган учоқ қулади

Ақтауда қулаган учоқ, 2024 йил 25 декабри
Ақтауда қулаган учоқ, 2024 йил 25 декабри

Қозоғистоннинг Манғистау вилояти маркази бўлмиш Ақтау яқинида йўловчи учоғи қулаб тушди. Бу ҳақда хабар қилган Озодликнинг қозоқ хизматига кўра, қулаган учоқ Бокудан Грознийга қатновни амалга ошираётган бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Грознийда қуюқ туман тушгани туфайли учоқ аввалига Маҳачқалъага, кейин эса Ақтауга йўналтирилган.

Ахборот агентликларининг хабар қилишларича, Azerbaijan Airlines авиаширкатига тегишли учоқ Каспий денгизи устидан учиб ўтаётган пайтда фавқулодда ҳолат сигналини берган.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги учоқ қулаганини тасдиқлаган.

“Ақтауда учоқ қулаган жойга Қозоғистон ФВВга тегишли 11 та техника ва шахсий таркибдан 52 киши етиб борган. Улар етиб боришганда ҳаво кемаси ёнаётганини кўришган”, дейилган ФВВ хабарномасида.

Қутқарувчилар авиаҳалокат содир бўлган жойда ёнғинни ўчиришга киришишган.

Қозоғистон Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, қулаган учоқ бортида 37 нафар озарбайжонлик, 6 нафар қозоғистонлик, 3 нафар қирғизистонлик ва 16 нафар россиялик йўловчи бўлган.

Қозоғистон ФВВ қайдича, ҳодисадан сўнг йўловчилардан 25 нафари тирик қолган.

Қозоғистон Транспорт вазирлиги учоқ қулаши ҳодисаси юзасидан махсус текширув ўтказилишини маълум қилган.

“КазАэроНавигация” корхонаси тахминига кўра, авиаҳалокат учоқнинг қуш билан тўқнашгани ва руль бошқаруви бузилгани туфайли содир бўлган бўлиши мумкин.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG