Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:49

Коронавирус туфайли Россия аэропортларида минглаб ўзбекистонлик қолиб кетди (ВИДЕО)


Юзлаб ўзбек муҳожирлари Россия аэропортларида қолди
Юзлаб ўзбек муҳожирлари Россия аэропортларида қолди

Россия аэропортларида қолаётган юзлаб ўзбек муҳожирлари Ўзбекистонга кетолмаётганидан шикоят қилмоқда.

2020 йилнинг 16 мартидан коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида Россия ва Ўзбекистон ўртасида темир йўл қатновлари ҳам тўхтатилгани эълон қилинди.

18 мартдан 1 майга қадар Россия ҳам хорижликларнинг кириб келишига тақиқ қўйди. Россия Миграция масалалари бўйича бош бошқармаси бу мамлакатда қолиб кетган хориж гражданларини жаримага тортмаслик ва уларнинг қайд ҳужжатлари ва патентлари муддатини узайтириб бериш тўғрисида бошқарма бўлинмаларига буйруқ берган. ​

Москвадан Новосибирск орқали Тошкентга учиб кетаётган 300 га яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожири 2 кундан бери Толмачёво аэропортида қолмоқда. Икки кунда S7 ширкатининг 5565- ва 5567- рейслари қолдирилгани маълум бўлди.

Бу хабарни Озодликка етказган ўзбекистонлик Ҳусанбой Илёсов бундай деди:.

- Кеча биз Толмачёво аэропортига уйга учиб кетиш учун келгандик. Биз Амурскдан келдик. Бу ерда Наманган рейси бор эди - унда 171 киши учиши керак эди.Яна бекор қилинган Бухоро рейси бор. Жами 300 дан кўп одам бўляпти. 17 март куни учишга 20 минут қолганида бекор қилинди. “Ўзбекистон қабул қилмаяпти!”, деди диспетчер. “Эртага худди шу вақтда чартер рейси бўлади Тошкентга”, деб билетларимизни алмаштириб берди. Бугун учишимизга 20 минут қолганда яна отказ бўлди! Яна ўтирибмиз.

Ҳусанбойнинг айтишича, аэропортда қолаётган ўзбек йўловчилари орасида ҳомиладор ва ёш болали аёллар бор, айримлар пулсиз юрибди.

У Толмачёво аэропортига етиб келган Ўзбекистон консулхонаси вакиллари ҳам вазиятга ойдинлик киритмаганини ва ортга қайтишни тавсия қилаётганини билдирди:

- Консулликдан келди, улар ҳам бирор нарсани ҳал қилмади. “Яна қайтариб чиқарамиз, бошқаттан қилиб берамиз ҳужжат - кетади орқага”, деяпти. Қилгани билан Сахалин, Камчатка, Амурск, Питер ва Москвадан келганлар бор. Уларнинг борадиган жойи йўқ! Бу ердагилар ҳеч бири қайтиб кетиш нияти йўқ - ҳаммамиз уйга кетмоқчимиз.

Суҳбатдош ўзи 5 майгача иш жойидан таътилга чиқиб, уйга кетаётганини айтди.

Озодлик суҳбатлашган бошқа йўловчилар икки кундан бери ўзи билан олиб келган озиқ-овқатларни еб тугатганини гапирди.

- Одамлар печенье еб юрибди, бир акахоннинг 100 рубль пули ҳам йўқ. Сумкасида уйига олган нарсаларни - печенье шоколадларни еб тугатди. Аэропортда битта сув 100 рубль, сендвичи - 410 рубль! Улар бизни бу ердан чиқариб, билетларимизни қайтариб берар экан. “Москвада 8 мингта одам билет билан ўтирибди! Аввал уларни олиб чиқамиз, кейин сизларга навбат келади”, деяпти консуллик вакиллари. Учириш нияти йўқ буларни. Бизни полициячилар чиқармоқчи бўлди. Россия тарафи “Биз ўзимиз олиб бормоқчимиз, фақат Ўзбекистон бизни киритмаяпти”, деяпти.

Йўловчилар аэропорт томонидан ҳам ҳеч қандай ёрдам бўлмаётганини айтмоқда.

Коронавирус туфайли Россия аеропортларида қолиб кетган минглаб ўзбекистонлик ҳамон уйига кетолмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:05 0:00

Айни дамда, Uzbekistan Airways авиакомпанияси Москванинг Домодедово аэропортидан жўнатилаётган барча рейсларини Внуково аэропортига кўчирганини расман эълон қилган эди.

Озодлик билан боғланган Али исмли яна бир йўловчи 4 кундан бери Внуково аэропортида қолаётганини билдирди. Унинг айтишича, аэропортда асосан Россиянинг турли минтақаларидан келган Ўзбекистон фуқаролари жуда кўп:

- 15 мартдан бери ўтирганлар бор. Аслида қўлида билети борлар 400-500 кишими, 700-800 кишими - билмаймиз. Ҳозир Внуковода Россиянинг турли минтақаларидан келганлар қолди. Уларнинг борадиган жойи йўқ. Масалан, мен ишимдан бўшаб, квартирамни топшириб келяпман. 21 мартда регистрациям тугайди - чиқиб кетишим керак. Элчихонадан келишди, “Биз чартер ташкил қилишга ҳаракат қиляпмиз, ёрдам албатта берамиз”, дейишди. Фақат бу ёрдам қачон бўлишини билмаяпмиз.

Ўзбекистон ҳукумати учун аэропортларда қолаётган муҳожирларни Ўзбекистонда қабул қилиш ва минглаб одамларни бирданига карантинга жойлаштириш муаммоси вужудга келгани айтилмоқда.

Йўловчилар билан суҳбатлашган элчихона вакиллари йўловчиларга вазиятга тўғри баҳо беришни, ваҳима қилмаслик ва иложи борича ўз иш жойларига қайтиб, карантин тугагунча Ўзбекистонга кирмасликни тавсия қилган.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчилиги расмий сайтида мамлакат ҳудудида қолаётган мусофирларга ўз тавсияларини эълон қилди.

Унда элчихонанинг вазиятни назорат қилиб борувчи Оператив штаби телефон рақамлари ҳам эълон қилинган.

Uzbekistan Airways компанияси коронавирус билан боғлик чекловлар киритилишидан олдин ҳафтасига Россия шаҳарларига 21 рейсни Тошкентдан ва яна 28 рейсни Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларидаги аэропортларидан бажариб келган.

Озодлик ўз манбаларидан олган сўнгги маълумотларга кўра, Россия Миграция масалалари бўйича бош бошқармаси бошлиғи генерал-лейтенант Валентина Казакова Россияда қолиб кетган ва миграция ҳужжатлари жойида бўлмаган хориж гражданларини жаримага тортмаслик тўғрисида буйруқ чиқарган.

Расмий манбалар ҳозирча бу қарорни тасдиқлаганича йўқ.

Айни дамда, 18 мартдан 1 майга қадар Россия ҳам хорижликларнинг кириб келишига тақиқ қўйди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG