Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:40

Парвозлар бекор қилиниши ортидан юзлаб ўзбекистонлик Истанбул ва Дубай аэропортларида қолмоқда (ВИДЕО)


Ўзбекистон коронавирус таҳдиди сабаб бир қанча йўналишдаги авиарейсларни 16 мартдан бекор қилганидан сўнг 18 март куни Мисрдан 177 ўзбекистонлик "Шарм аш-Шайх - Навоий" чартер рейси билан олиб келинди.

Бироқ айни пайтда Туркиянинг Истанбул аэропортида, йўловчиларнинг айтишича, "минглаб ўзбекистонлик қолмоқда".

Озодликка аэропортдан видео йўллаган ўзбекистонликларнинг айтишича, "минглаб йўловчилар 16 мартдан буён аэропортда ётибди".

Видеода президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилган йўловчилар, Ўзбекистон ҳукумати уларни олиб кетиш учун чартер рейслар ташкил этишни илтимос қилади.

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ҳам рейслари бекор қилинган юзлаб ўзбекистонлик ватанга жўнатишини сўраб, 18 март куни Ўзбекистон элчихонасига борди.

Истанбул аэропортида қолиб кетган ўзбекистонликлардан бирининг иддао қилишича, 16 мартдан буён учолмай қолган ватандошларнинг сони "мингдан ошган":

Қариялар, ҳомиладор аёллар, ёш болалилар жуда қийналиб кетди.


"15 март куни кечқурун келганмиз. Рейслар бекор қилингани сабабли уч кундан буён бола-чақаларимиз билан аэропортда қолиб кетдик. Қариялар, ҳомиладор аёллар, ёш болалилар жуда қийналиб кетди. Илтимос, ёрдам беринглар, бизга чартер рейслар қўйинглар".

Истанбул аэропортидаги ўзбекистонликлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:56 0:00

Ўзини таништирмаган яна бир йўловчининг айтишича, бошқа давлатлар консулликлари вакиллари келиб ўз ватандошларига ёрдам беряпти:

Бизникилардан эса ҳеч ким хабар ҳам олмайди.


"Мана кўринг, бу ерда 80 та, нарёғда 150 тадан ортиқ одам бор. Мана бу ҳомиладор аёл жуда қийналиб кетди. Бошқа давлатларга учадиган баъзи рейслар ҳам бекор қилинган, лекин уларнинг консуллиги вакиллари келиб муаммони ҳал қилиш йўлларини қидиряпти. Бизникилардан эса ҳеч ким хабар ҳам олмайди. Биз бекилишини билмагандик. 16 куни тақа-тақ ёпилди. Ақалли уч кун олдин огоҳлантиришганда ҳам, билетларни суриб учиб кетган бўлардик".

Истанбул аэропортидаги ўзбекистонликлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:26 0:00

Учинчи видеода эса ўзбекистонлик аёл ерда ётган йўловчиларни кўрсатиб шундай дейди:

Пулимиз ҳам тугади, еб ичишга сув билан нон олиб, бир амаллаб кун кўряпмиз.


"Илтимос, Шавкат Миромонович, бизга самолёт юборинг. Мана уч кундан буён шу аҳволдамиз. Аёллар болаларини юзларини ўраб, вирус юқтирмайлик деб ерда ётишга мажбур бўлишяпти. Пулимиз ҳам тугади, еб ичишга сув билан нон олиб, бир амаллаб кун кўряпмиз. Кўп давлатлар чартер рейс ташкил қилиб фуқароларини олиб чиқиб кетяпти. Ҳурматли президентимиз, илтимос бизни ташлаб қўйманг".

Истанбул аэропортидаги ўзбекистонликлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:41 0:00

Озодлик Ўзбекистоннинг Истанбулдаги консуллигига кун давомида бир неча бор қўнғироқ илди. Аммо у томондан фақат қисқа гудок эшитилди.

Айни пайтда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида учолмай қолиб кетган ўнлаб ўзбекистонлик 18 март куни Дубайдаги консулликка шикоят қилиб борди:

Дубайда ҳам юзлаб ўзбекистонлик қолиб кетмоқда.


"Консуллик вакили аниқ жавоб бермади. Айтадики, аввал Ўзбекистон ҳаво йўллари"га чипта олганларни жўнатамиз, кейин Fly Dubai га олганларни. Бир ҳафталик саёҳатга келган эдик, бугун вақтимиз тугаб меҳмонхонадан ҳам чиқариб юборишди. Пулимиз ҳам қолмаган. Нима қилишга ҳайрон бўлиб, консулликка борсак шунақа деяпти. Дубайда ҳам юзлаб ўзбекистонлик қолиб кетмоқда".

Дубайда учолмай қолган ўзбекистонликдар консулликка норозилик билдирмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:59 0:00

Ўзбекистоннинг Дубай шаҳридаги консуллиги вакили Озодлик билан суҳбатда фуқароларни ватанга юбориш учун чоралар кўрилаётганини айтди:

"Ҳозир биз шу муаммони ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз. Чартер рейслар билан барчани Ўзбекистонга жўнатамиз".

Айни пайтда...

18 март куни Мисрдан 177 ўзбекистонлик "Шарм аш-Шайх - Навоий" чартер рейси билан олиб келинди.

Бу ҳақда хабар қилган Ташқи ишлар вазирлигига кўра, чартер рейсни Ўзбекистоннинг Қоҳира шаҳридаги элчихонаси вазирлик оператив штаби ва мамлакатнинг Транспорт ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан биргаликда уюштирган.

Uzbekistan Airways авиаширкати ҳукумат Ўзбекистонда илк бор COVID-19 вируси аниқланганини эълон қилиши ортидан 16 мартдан бошлаб халқаро йўналишлар бўйича барча қатновларни бекор қилиш хусусида қарор қабул қилган эди.

Uzbekistan Airways халқаро қатновларни тўхтатиш жорий йил 5 апрелигача режалаштирилганини маълум қилган.

Натижада ватанга қайтаётган юзлаб ўзбекистонлик аэропортларда қолиб кетмоқда.

Қарорда айтилишича, чеклов ўрнатилган давлатлардан чартер рейслар орқали олиб келинган Ўзбекистон турғунлари Тошкент вилоятида жойлашган "Бўстон" санаторийси, "Энергетиклар сиҳатгоҳи" ва Тошкент шаҳрида жойлашган 6-шаҳар клиник шифохоналарида 14 кунлик карантинда сақланади ва бу давр ичида шифокорлар назоратида бўлади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG