Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:26

Муҳожирлар юристи: Карантинга қарамай Россияда патент тўловлари бекор қилингани йўқ! (ВИДЕО)


Миграция масалалари бўйича юрист Ботиржон Шермуҳаммад
Миграция масалалари бўйича юрист Ботиржон Шермуҳаммад

2020 йилнинг 15 апрелидан Россия пойтахти ва Подмосковьеда коронавирус тарқалишига қарши чора сифатида шахсий ва давлат автотранспортида ҳаракатланишга оид махсус рухсатномалар жорий этилди. Бу чекловлар, айниқса, Москва минтақасида касаллик тез тарқалиб бораётгани билан боғлиқ экани айтилмоқда.

Россия ҳукуматининг бу ва бошқа қарорлари ўзбек муҳожирлари ҳаётига қандай таъсир ўтказади? Озодлик шу ва бошқа саволларига migrant.mobi портали асосчиси, юрист Ботиржон Шермуҳаммад жавоб берди.

Россия ҳукумати 28 мартда жорий этган “ўзини яккалаш” режимини 15 апрелдан янада кучайтираётганини эълон қилди.

Россия ҳукумати қабул қилган чораларга қарамай мамлакатда коронавирус эпидемияси тарқалиши тўхтамаяпти ва аҳвол, айниқса, Россия пойтахтида ёмон.

11 апрель куни Москва ҳокими Сергей Собянин ва область губернатори Андрей Воробьёв эълон қилган қарорларга кўра, 15 апрелдан гражданларга шахсий ва давлат автотранспортида ҳаракатланишга махсус рухсатномалар жорий этилади. Бу рухсатномаларни 13 апрелдан онлайн расмийлаштириш бошланди.

Ҳаракатланишга доир янги чекловлар Россияда қолаётган миллиондан зиёд ўзбекистонлик мусофирлар ҳаётига қандай таъсир ўтказиши мумкин? Карантин ҳолатида қандай ҳужжатлар расмийлаштириш лозим? Муҳожирларнинг бу ва бошқа саволларига Мигрант.моби портали асосчиси, юрист Ботиржон Шермуҳаммад жавоб берди.

- Ботиржон, Москва шаҳри ва вилояти бўйича жорий этилган чекловлар нималардан иборат?

- 15 апрель, чоршанбадан бошлаб Москва мэри ва вилоят губернатори қарори билан 3 хил босқичда чеклов киритилди. Биринчиси - ишга бориш чеклови, озиқ-овқат дўконлари, дорихона, айрим давлат ташкилотлари, ОАВ, транспорт, молия ташкилотларидан ташқари барча корхоналар ишламайди. Курьер бўлиб ишлаётган ўзбекистонлик юртдошларимиз эса ишхонасидан махсус рухсатнома олади. Жумладан, қурилиш компаниялари иши тўхтайди, фақат лицензияланган таксиларга ижозат бор. Иккинчиси - кўчага чиқишга доир чекловлар. Яъни, уйидан 100 метр узоқликда ушланган шахс маъмурий жаримага тортилади. Учинчиси - зарурат юзасидан бирор жойга чиқишга ҳар бир одам рухсатнома расмийлаштириши керак.

13 апрел, душанбадан ҳар бир ташқарига чиқмоқчи бўлган шахс Mos.ru сайтида ариза расмийлаштириб олиши шарт. Бу рухсатнома ҳам шахсий, ҳам давлат автотранспортида кетаётган йўловчиларда бўлиши лозим.

Янги қоидалар 14 ёшга тўлмаган болаларга тааллуқли эмаслиги таъкидланди.

- Бугунги кунги Россиядаги вазиятга қандай баҳо берасиз?

- Ҳозирги кунда жорий қилинган - “карантин” дейсизми, “самоизоляция” дейсизми, - “кўчага чиқмаслик” режими қачон тугашини ҳеч ким билмаслиги ва эртанги кунни режалаштиришнинг имкони йўқлиги одамларни хавотирга солмоқда. Чегара қачон очилади, ишлашга қачон рухсат берилади, кўчага қачон чиқиш мумкин бўлади, патентлар нима бўлади,- ҳеч ким билмайди! Ана шу мавҳумлик одамларда ваҳима уйғотяпти.

Устига-устак, янги қарорлар, қоидалар ва ўзгаришлар ҳукумат томонидан киритиляпти-да, одамлар гангиб қоляпти. 15 апрелдан 30 апрелгача изоляция узайтирилиши, янги жарималар...

- Бундай мавҳумлик ҳолатида юрист сифатида муҳожирларга нима тавсия қилган бўлардингиз?

- Путиннинг бир нечта чиқишларидан кейин ҳатто менда хавотирлар пайдо бўлди. Одамлар қандай пул топади, тирикчилиги нима бўлади? Регистрацияни узайтиришни имкони йўқ энди - ишламаяпти. Юртдошларимизга янгиликлардан хабардор бўлиб туришни тавсия қиламан. Доставкага курьер бўлиб ишга кириб бўлса ҳам вақтинчалик озгина пул топиб ишлаб туришсин. Ҳозирда эҳтиёжи бор ишларни қилиб туриш керак.

Ички ишлар томонидан Россиядаги мигрантларга бироз енгиллик берилди - 19 мартдан регистрация ва патентни чўзиш имкони берилди. Ҳозир биз патент тўловларини ҳам тўхтатиб туришни сўраяпмиз, буни ҳам ечими бўлса керак. Лекин тўловларни ҳозирча ҳеч ким бекор қилгани йўқ.

Бундай шароитда ҳар-хил фирибгарлар пайдо бўляпти, ёлғон маълумотлар ва фейклар тарқатиляпти. Ҳатто Ўзбекистонга қайтишга билетлар ҳам сотаяпти кимдир - шулардан эҳтиёт бўлиш ва озми-кўпми пулингизни тежаб туришингизни сўраймиз.

Энг асосийси - бугунги куннинг энг долзарб муаммоси иқтисодий инқироз эмас. Ҳозирги кунда муҳими - одамларнинг соғлиги ва хавфсизлиги билан боғлиқ масала биринчи ўринда. Бундай фавқулодда вазият кўпчиликнинг умрида биринчи маротаба бўляпти! Эпидемия давридан соғ-омон чиқиб олиш зарур. Шу боис, ҳукуматлар томонидан киритилган чекловларни тўғри қабул қилишлари керак, деб ўйлайман. Гигиенага, ижтимоий масофага риоя қилиш керак. Иқтисодий муаммолар эпидемия кетганидан кейин ҳал қилинади.

- Жуда кўпчилик Озодликка “Патентни тўламасак, регистрация қилмасак нима бўлади?” деган савол билан мурожаат қилишяпти. Бу масалада нима деган бўлардингиз?

- Патент тўлови бўйича ҳеч қандай енгиллик берилгани йўқ. Бу масалада жуда кўпчилик ҳукуматга мурожаат қилаяпти - бирор ечими топилса керак, деб кутяпмиз. Патент тўлови қилинмаса, белгиланган кундан эртасига бу патент билан ишлашга имкон бўлмай қолади. Кейин, бу патент асосида регистрация муддатини узайтиришга имкони бўлмай қолади! Яъни, чет эл фуқароси ноқонуний ҳолатга ўтади.

Ҳозирча кўчага чиқишга тақиқ қилинмаган, яшаш жойидан 100 метр атрофда айланиш ҳам мумкин, узоқроқда ушласа жарима солиб қўйворишлари мумкин. Лекин, бошқа нарса борки, Россия қонунчилиги бўйича 30 кундан ортиқ регистрациясиз юрган фуқарога мамлакатга киришга тақиқ қўйилиши мумкин. Шу сабабли патент тўламасдан, регистрация қилмасдан 30 кундан ортиқ юрадиган бўлса, кейинчалик кириш-чиқишда муаммолар юзага келиши аниқ.

Қўшимча қилмоқчи эдим... 19 март куни регистрацияси ва патенти тугаганларга муддатини чўзиб бериш ҳақидаги енгилликлар кўплаб муҳожирларимизга тўғри келмайди, сабаби узайтириш учун улар регистрацияга турган уй, квартира ё ҳостел эгаси билан ички ишлар бўлимига боришлари ва тасдиқлашлари керак. Уй эгаларининг асосий қисми у ерга боришни истамайди ёки кўпчилик бу регистрацияни сотиб олган! Бизнинг ҳисобимизга кўра, мигрантларимиз 90% шундай ҳолатда. Яъни, Россия ҳукумати чиқарган бу “енгиллик” атиги 10 фоизча хорижликка тааллуқлидир.

- Кўчага чиқиш кимларга мумкин, жарималар кимларга солиняпти? “Карантин” ва “самоизоляция” ўртасида нима фарқ бор?

- Чет элдан Россияга кириб келганлар 14 кунлик “карантин”да бўлиши керак. Карантинни бузганларга жиноий ва маъмурий жавобгарлик бор. “Самоизоляция” қонунда акс этмагани сабабли Маъмурий кодекснинг баъзи бир моддалари асосида 1000 рублгача жаримага тортишаяпти. Бу масалада мэр қарори чиқди, Москва маъмурий жавобгарлик кодексига қўшимча киритилди - 5 минг рублгача оширилди.

Кўчага чиқиш ишхонасидан махсус рухсатномаси борларга мумкин. Одамларга озиқ-овқат дўкони, дорихоналарга шифохоналарга бориш, уйдан ахлат олиб чиқишга тақиқ йўқ.

Лекин, бу ерда бошқа бир муаммо келиб чиқади. Кўплаб муҳожирларимиз регистрация жойи бўйича яшамайди ва дўконга кетаётганида полиция томонидан тўхтатилиб, жарима солиниши мумкин! Россия қонунчилиги бўйича охирги 3 йилда икки маротаба маъмурий қоидаларни бузган деб топилган мигрантга 3 йилга киришга тақиқ қўйилиши мумкин.

- Муҳожирлар масаласидаги талабларни Россия ҳукумати эшитяптими?

- Биз ўзимиз ҳайронмиз: қарор қабул қиладиган ташкилотларга бирор фикрни етказиш мушкул. Масалан, регистрация пайтида уй эгасини олиб келиш тартибини йўқ қилиш, қайд ва патент масалаларини Интернет орқали ҳал этиш; йилда бир чегарага чиқиб-киришнинг фойдаси йўқлиги: пул сарфлаб, вақт кеткизиб, Қозоғистон чегарачиларига пул бериб ва аварияларга учраб келиш кимга керак?! Биз давлат божини киритиб қўйишни ўрнига қўйишни сўраяпмиз. Шу каби муаммоларни етказишнинг иложи бўлмаяпти. Чунки бу СССР пайтидан қолган тартибсизлик ортида чўнтагини қаппайтирадиганлар кўп! Улар ҳал бўлмагунча миграция муаммолари тугамайди. Биз ҳатто Чехия ва Ўзбекистонда қабул қилинган қоида - “изоляция” ҳолати жорий қилинган куни ҳужжати жойида бўлган хорижликдан патент тўлаш ва регистрацияни узайтириш талаби қўйилмаслигини, кўчада полиция бу ҳужжатларни сўрамаслигини талаб қилмоқдамиз Россия ҳукуматидан.

Булар эса бир томондан “уйда ўтиринг, кўчага чиқманг, касаллик юқтирманг” деяпти, бошқа тарафдан эса регистрацияни узайтиришни, патентни тўлашни талаб қилмоқда.

XS
SM
MD
LG