Бир неча кун олдин ОАВда “Пандора ҳужжатлари” (Pandora Papers) деб номланган глобал суриштирув натижалари эълон қилинган эди. Машҳур “Панама ҳужжатлари”дан кейин энг йирик маълумотлар сиздирилиши ўлароқ баҳоланаётган мазкур лойиҳа доирасида дунё бўйича кўплаб юқори мартабали мулозимлар ва ҳатто давлат раҳбарларининг офшор мамлакатларга яширилган мол-мулклари ўртага чиқди.
Улар орасида россияликлар ҳам бор. “Панама досьеси” Путиннинг “шахсий ҳамёни” бўлиб чиққан виолончелист Сергей Ролдугинни дунёга танитган бўлса, “Пандора”нинг Россияга оид қисмида бунақа катта шов-шув йўқ.
“Ҳужжатлар”да офшор ширкатлар орқали бизнес қилган, хорижда данғиллама мол-мулк харид қилган жами 52 россиялик, хусусан, “Первий канал” бош директори Константин Эрнст, Путиннинг собиқ маъшуқаси ва қизининг онаси деб тахмин қилинадиган Светлана Кривоногих, “Ростех” давлат корпорацияси раҳбари Сергей Чемезов исмлари тилга олинган.
Сиздирилган ҳужжатларни ўрганишда иштирок этган россиялик журналист, Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (Organized Crime and Corruption Reporting Project, OCCRP) минтақавий муҳаррири Роман Шлейнов Озодлик радиоси рус хизмати билан мулоқотда “Пандора ҳужжатлари”га кўра аксарият ҳолларда россиялик мулозимлар расман қонунни бузмагани, уларни фақат икки юзламачиликда айблашга асос бўлишини айтди: бу одамлар ватанпарварлик ва “Ғарбнинг фитналари”дан лоф урганлари билан ўз пулларини айнан Ғарб банкларида сақлашни афзал кўришмоқда, уларнинг фарзандлари эса ўз истиқболларини Россия билан мутлақо боғламайдилар.
– Роман “Ҳужжатлар”нинг Россияга оид қисми ҳақида нима дейиш мумкин? Агар исмларнинг қанчалик машҳурлигига кўра баҳо берадиган бўлсак, бу энг шов-шувли ҳужжатларга кўпам ўхшамайди.
– Бу ерда офшорлар нега айнан Россияда оммалашганини тушуниш муҳимроқ. Нега россиялик тадбиркорлар улардан воз кечишга ошиқмаяпти? Чунки улар ўз бизнеси мамлакат ичида хавфсиз эканига ишонишмайди. Россияда бизнесингизни эртага биров тортиб олмаслигига ҳеч қанақа кафолат йўқ. Давлат мулозимлари ва сиёсатчиларнинг вазияти ҳам тахминан шундай: улар ҳукуматга садоқатини кўрсатишда қанчалик ғайрат қилишмасин, аслида ўзлари учун ҳам ҳеч қандай барқарорлик йўқлигини яхши билишади. Кўрдик-ку, деярли барча катта амалдорларнинг фарзандлари ва яқин қариндошлари чет элда. Айримлари Россияда умуман яшамайди. Улар иккинчи фуқаролик олишга ва, исталган вақтда бойликларини болаларига бериш учун хорижда ҳар хил фондлар очишга ҳаракат қилишади. Бунинг ягона йўли – офшорлар, чунки улар Ғарбда очиқ-ойдин юра олмайдилар. Бунақалар ҳатто президентнинг энг яқин аъёнлари орасида ҳам бор. Хуллас, Россия мулозимлари ўзлари халққа олабўжи кўрсатаётган Ғарб мамлакатларида келгуси авлодлари яшаши учун “ин қуришмоқда”.
– Путиннинг атрофидагилар, чунончи, Россия президентига “қуйиб қўйгандек ўхшаш” қизнинг онаси бўлмиш Светлана Кривоногихга оид мулклар қандай фош этилгани ҳақида батафсилроқ сўзлаб берсангиз.
– Аввало у офшор ширкат орқали Монакода, денгиз бўйида ҳашаматли квартира олганини аниқладик. Бу олди-сотди 2005 йилда амалга оширилган ва ўша пайтда квартира нархи 3.6 млн евро бўлган.
Мазкур битим Кривоногих Путиннинг энг яқин даврадошларидан бири эканини билвосита тасдиқлайди. Чунки ушбу офшорнинг номинал эгаси бўлмиш ширкатдан президентнинг дўстлари – тадбиркорлар Геннадий Тимченко ва Пётр Колбин ҳам фойдаланишган.
Путин ҳамиша “офшорлар билан иш қилишга чек қўйиш керак”лигини айтади, тадбиркорларни ўз сармояларини мамлакатга қайтаришга чақиради, аммо бу пайтда унинг ўз аъёнлари ва ҳатто қариндошлари офшорлардан фойдаланаётган бўлади. Нонини ҳалол топиб ейдиган тадбиркорларда ҳақли савол пайдо бўлиши мумкин – бунақа иккиюзламачиликнинг кимга кераги бор?
– Соддалаштирадиган бўлсак, Светлана Кривоногих квартира учун тўлаган пуллар Путиннинг пуллари, дейиш мумкинми?
– Россияда ҳамма пуллар – Путиннинг пуллари. Тадбиркорни шунчаки “обкириб қўйиш” билан бир неча соатда унинг бизнесини тугатиш, активларини ғорат қилиш мумкин бўлган мамлакатда ҳамма пуллар Путинга тегишли бўлиб қолаверади. Россия тадбиркорлари – ҳуқуқсиз одамлар. Исталган пайтда бор-будини тортиб олишлари мумкинлигини тушунганлари учун ҳам Буюк Британияга, офшор ҳудудларга интилишади улар. Россиялик тадбиркор – қаҳрамон,, чунки у топган мол-давлати ўзиники эмаслигини, шунчаки унга “ушлаб туриш” учун берилганини ва, агар ҳокимият хоҳласа, бирон чакки айтилган сўзи ёки бузиб талқин қилинган хатти-ҳаракати учун эртагаёқ тортиб олишини англаган ҳолда бизнесини юритади.
– “Пандора ҳужжатлари”да Ғарб сиёсатчи ва тадбиркорларига оид маълумотлар кўпроқ қайтага. Аммо уларда резидентлар офшорлардан воз кечишга даъват қилаётгани йўқ. Нега?
– Бошқа мамлакатларда бу ҳар доим ахлоқ масаласи бўлган. Ҳеч ким тадбиркорларга офшордан фойдаланишни тақиқламайди, бунинг ноқонуний жойи йўқ зотан. Масала – офшор ёрдамида давлат тақиқлари ва назоратини четлаб ўтган ҳолда бирон фаолият юритишда эмас, ҳамма гап ҳокимият эгаларининг сўзи ва амали уйғунлигида. Россияда президент ва аъёнларининг айтганлари билан қилганлари бир-бирига тўғри келмайди.
Ғарбда, агарда бирон нуфузли ва ҳокимиятга яқин одамнинг офшор бойликлари ўртага чиқса, унга ҳамиша ахлоқий саволлар қўйилади: нега офшордан фойдаланяпсан? Жамиятдан нимани яширмоқчисан? Солиқларни тўламаяпсанми? Агар тадбиркор активларини оптималлаштириш ва ўз мамлакатида кўп солиқ тўламаслик учун қонун доирасида офшордан фойдаланган бўлса, давлат ҳеч нарса қила олмайди. Чунки ҳаммаси қонуний. Йирик ширкатлар қилни қирқ ёрадиган уста юристларни ёллайди, бу корпоратив юристлар қонунни бузмаган ҳолда солиқларни камайтиришнинг минг бир усулини топа олади.
Россиялик тадбиркорларни эса офшорга ҳайдаётган нарса солиқлар эмас, балки вазиятнинг мавҳумлиги ва ҳуқуқий кафолатлар йўқлигидир. Аммо мени журналист ўлароқ тадбиркорлар эмас, сиёсатчи ва мулозимлар қизиқтиради кўпроқ. Энг ғаройиби, бизни “хорижий агент” деб аташади, айни чоғда бирон осуда мамлакатдан иккинчи фуқаролик олиб, офшорларда анча-мунча бисот йиғиб қўйган топ мулозимларнинг бутунбошли қатлами пайдо бўлиб улгурди.