Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:27

Суриядаги ўзбекистонлик аёллар Асад армиясига асир тушишдан қўрқмоқда


Суриядаги Рож лагерида қолаётган ИШИДчи ўзбекистонлик аёлларнинг болалари, 2019 йил, июнь.
Суриядаги Рож лагерида қолаётган ИШИДчи ўзбекистонлик аёлларнинг болалари, 2019 йил, июнь.

Сурия шимоли-шарқидаги “Ал-Хол” ва "Рож" лагерларида сақланаётган ўзбекистонлик аёллар президент Асад армиясига асир тушишдан қўрқмоқда.

Озодликка боғланган бир неча аёлнинг айтишича, Туркиянинг бу минтақадаги ҳарбий амалиёти бошлангач, курдлар назорат қилаётган лагерларда комендантлик соати жорий қилинган.

Бу аёллар лагерни назорат қилаётган курд аскарларининг Сурия армияси билан келишуви ҳақидаги хабарлар ортидан, ўзларининг Асад армиясига сотиб юборилишидан ваҳимага тушиб қолганини айтмоқда.

Лагерларда комендантлик соати

“Ал-Хол” лагерида қолаётган ўзбекистонлик аёлнинг Озодликка билдиришича, Туркия армиясининг курд қуролли тузилмаларига қарши амалиёти бошланганидан буён лагерда комендантлик соати жорий қилинган.

Исмини сир сақлашни сўраган аёлга кўра, 13 октябрь оқшомида Курд қуролли гуруҳларининг Сурия армияси билан келишувга эришгани ҳақидаги хабар лагерда ёйилган:

"Ҳаммамиз қўрқиб қолдик. Ҳозир курдлар Давлада бўлганларни (Ислом давлати террор гуруҳига аъзо бўлганлар - таҳр.) Асадга сотармиш, деган гап юрибди".

Шунингдек, "Рож" лагеридаги бир неча ўзбекистонлик аёл ҳам айни ваҳима урчиганини айтмоқда:

"Ҳозир Туркия бомбардимонларининг овози эшитилаяпти бизга. Турклар тезроқ келсаю лагерни қўлга олса, деб кутаяпмиз. Унгача курдлар бизни Асад армиясига бериб юборса - болаларимиз билан бирга уларнинг қўлида ўлиб кетамиз", - деди "Рож" лагерида сақланаётган ва исмини сир тутган яна бир аёл.

Бу аёлларнинг айтишича, “Ал-Хол” лагеридаги ўзбекистонлик аёллар сони 50 атрофида, болалар сони 100 дан ортиқ; "Рож" лагерида эса аёллар сони 30 дан ортиқ, болалар сони 100 га яқин. (Ҳозирча бу аёллар берган рақамларни тасдиқловчи расмий маълумот Озодликда йўқ)

"Рож" лагеридаги аёлларнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати Суриядаги аёллар ва болаларни қайтариш режасини эълон қилгач, бу лагердаги ўзбекистонликлар сони ортган. Уларга кўра, ​аввалига ўзини Туркия, Қирғизистон ватандоши, деб рўйхатга олдирган аёллар кейинчалик ўзбекистонлик эканини очиқлаган.

Бу аёллар "Ислом давлати" (ИД) террор гуруҳига аъзо бўлган жангариларининг хотинларидир. Уларнинг асосий қисми ИД билан халқаро коалиция кучларининг Суриядаги сўнг жанглари пайтида асир олинган ёки ўз ихтиёри билан Курд қуролли гуруҳларига таслим бўлган.

Шу йилнинг 3 майида бу лагерларни назорат қилаётган "Сурия демократик кучлари" (СДК) гуруҳи вакили Салаҳ Кемин лагерга ўзи келиб таслим бўлган ёки жангларда қатнашмаганига ишонилган аёллар ва болаларни ватанига қайтариш юзасидан Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларига расмий мактублар жўнатилганини айтганди.

Курдларнинг Сурия армияси билан келишуви

14 откябрь куни СДК қуролли гуруҳи Россия воситачилигида президент Башар Асаддан ҳарбий ёрдам олишга мажбур қолганини билдирди.

СДК вакили Алдар Халилга кўра, ҳозирги музокараларда Сурия армияси қўшинларини чегарага жойлаштириш масаласи кўрилган ва бундан асосий мақсад Туркия армиясининг Сурия шимоли-шарқига ҳужумини тўхтатишдир.

Шунингдек, 14 октябрь куни АҚШ мудофаа вазирлиги Сурия шимолидан ўзининг барча ҳарбийларини эвакуация қила бошлаганини билдирди.

Бу хабарлар ортидан Сурия ҳудудидаги лагерларда сақланаётганлар - ИД сафида Сурия армиясига қарши жанг қилган ўзбекистонлик жангариларнинг аёллари таҳликага тушиб қолган.

"Ўзбекистонга қайтамиз, деб роса умид қилаётгандик. Июндан бери иккинчи партияни Ўзбекистонга олиб кетишади, деб кутаётган эдик", деди "Ал-Хол" лагерида сақланаётган ўзбекистонлик аёл.

Ўзбекистонликларни қайтариш

Ўзбекистон ҳукумати шу йилнинг 30 майида ўзбекистонлик 156 аёл ва болани "Меҳр" инсонпарварлик операцияси доирасида Тошкентга қайтарган эди.

10 октябрь куни ИДга алоқадорликда гумон қилиниб ёки айбланиб, Ироқда қамоққа ташланган ўзбекистонлик аёлларнинг 64 боласи махсус рейс билан Тошкентга қайтарилди.

Ундан аввал - шу йилнинг июлида, Тошкент расмийлари, Сурияда қолаётган 235 ватандоши, шу жумладан, Ироқдан 65 болани қайтариш учун иккинчи операцияга тайёргарлик кўраётганини билдирган, сентябрь охирида ўтган БМТ Хавфсизлик кенгашида эса халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўраган эди:

"Суриядан 170 киши, Ироқдан 65 боланинг қайтиб келишини кутмоқдамиз. Шу маънода, бизга халқаро ташкилотлар ва Яқин Шарқдаги жараёнларда бевосита иштирок этаётган давлатлар ёрдами керак. Бу, биринчи навбатда, Хавфсизлик кенгашининг бу ерда йиғилган доимий аъзолари томонидан кўрсатиладиган ёрдамга алоқадор. Биз бундай ҳамкорликка тайёрмиз", деган эди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 28 сентябрда.

Сурия шимолидаги вазият

Шу йилнинг 8 октябридан бошлаб, Туркия Сурия шимолида ҳарбий амалиёт бошлади.

Бу ҳудуддаги хавфсизликни АҚШ ҳарбийлари назорат қилаётган эди. 14 октябрдан АҚШ ўз ҳарбийларини бу ҳудуддан олиб чиқишни бошлади. Айни пайтда, АҚШ Туркия ҳукуматининг бу минтақада қуруқликдаги ҳарбий амалиётига розилик бераркан, тинч аҳолига зарар етказмаслик шартини қўйди.

Гарчи, террорчи гуруҳларни ўз чегарасидан нари қувишини айтган бўлса-да, сўнгги 6 кун ичида, Туркия қўшинларининг Суриянинг шимолий чегараларидан ичкарига илгарилашни режалаётганидан хавотирлар тилга олинмоқда.

Хусусан, АҚШ Мудофаа вазири Марк Эспер Туркия режаланганидан каттароқ ҳудудга бостириб киришни кўзлаётганини айтди.

Маълумки, Анқара СДК Туркияда курдлар мустақиллиги учун курашиб келган “Курдистон ишчи партияси”нинг бир тармоғи эканини иддао қилиб келади.

БМТ маълумотларига кўра, Туркиянинг Суриядаги амалиёти туфайли 130 минг одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган.

СДК гуруҳи берган маълумотга кўра, уларнинг назоратидаги қамоқхоналарда ИД экстремистик гуруҳига алоқадор кўрилган жами 12 минг эркак бор. Буларнинг камида 4 минги чет эл фуқароларидир. Қамоқхоналарнинг бир қисми эса Туркия билан чегара яқинида.

Шунингдек, ҳарбий амалиётлар ҳудудида қолиб кетиши тахмин қилинаётган 3 лагерь - "Рож", "Айн-Исса" ва "Ал-Хол" лагерларида қамоққа ташланган жангариларнинг оилалари сақланмоқда.

2019 йилнинг майида СДК берган маълумотга кўра, "Рож" лагерида 1700, "Айн-Исса"да 12 900, "Ал-Хол" лагерида эса 68 минг одам (94 фоизи аёллар ва болалар) сақланаётган эди. Лагердаги чет эллик шахслар сони эса 11 минг атрофида экани айтилган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG