Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:29

“Худди концлагердагидай”. “Трест-12”да ишчилар 12 соатлаб ишлатилмоқда


Қурилиш вазири Ботир Зокировнинг яқин қариндошлари таъсисчилари бўлган “Трест-12” ширкати Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги маъмурий бино ва автотураргоҳ қуришни ўз ичига олган салкам ярим триллион сўмлик лойиҳа пудратчиси этиб танланган.
Қурилиш вазири Ботир Зокировнинг яқин қариндошлари таъсисчилари бўлган “Трест-12” ширкати Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги маъмурий бино ва автотураргоҳ қуришни ўз ичига олган салкам ярим триллион сўмлик лойиҳа пудратчиси этиб танланган.

Коррупция ҳамда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ можаро марказида қолаётган Ўзбекистон Қурилиш вазирига алоқадор “Трест-12” ширкатида ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқлари сурункали поймол этилаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Ширкатнинг ПМК-2 кўчма механизация колоннаси ишчилари Ўзбекистон Меҳнат кодексида белгиланган 8 соат ўрнига 12 соатлаб меҳнат қонунчилигига зид тарзда дам олиш кунларисиз ишлаётганликларини айтишмоқда.

Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги илгари Халқ таълими, Маданият, Молия вазирликлари жойлашган 14-қаватли маъмурий бинони реконструкция қилиш ишларини олиб бораётган “Трест-12”нинг ПМК-2 ишчиларидан бири 16 апрель куни Озодлик билан суҳбатда меҳнат шароитини "концлагердагидай" деб атади.

“Ташкилот ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасида, аслида 8 соатдан беш иш куни қилиб белгиланган, иш ҳақи ҳам шунга яраша белгиланган. Лекин худди немисларнинг концлагеридагидай ҳафтасига етти кун, кунига 12 соат ишлаймиз. Ортиқча ишлаганимиз учун ҳақ беришмайди. Оладиганимиз 1 миллион 700 минг сўм. “Хоҳламасанг, бор кетавер, ўрнингга бошқасини оламиз”, дейишади. Кўпчилик вилоятлардан келган, ноиложликдан юрибди. Бошқа жойда иш бўлса бир минут ҳам бу ерда турмасдик. Булар ҳам бизни вазиятимизни билиб, шундан фойдаланяпти. Россия ёпиқ. Россия очиқ бўлганида сал енгиллик бўларди. Шунга ҳозир ҳар қандай оғир шароитга рози бўлиб ишлашга мажбур бўляпмиз”, - дейди ишчи.

Ўлим

Озодлик билан суҳбатда бўлган "Трест-12" ишчилари иддаосича, саккиз соатлик иш тартибига амал қилинмаслиги оқибатида ҳамкасбларидан бири ўтган ҳафта учинчи қаватдан тушиб кетиб, ҳалок бўлган.

Сурхондарёнинг Қизириқ туманидан бўлган 43 ёшли Раҳматилла Жалилов 6 апрель куни лифт шахтасидан йиқилган ва касалхонада ҳушига келмай, жон таслим қилган.

“Албатта, ҳамкасбимиз ўлимида бировнинг айби бор демайман, аммо кучли жисмоний зўриқишлар кўп бўляпти. Сабаби бизлар эрталаб соат 8:00дан токи кеч соат 21:00гача без виходной, без перертв тинимсиз меҳнат қиляпмиз. На дам олганимизни биламиз ва на еган-ичганимизни. Ҳамкасбимиз Раҳматилла кимнингдир суюкли ёри, кимнингдир суюкли акаси ҳамда укаси, кимнингдир дунёда тенги йўқ отаси, кимнингдир юрагининг бир парчаси, жигари, нури дийдаси, суюкли фарзанди эди, афсус, энди у орамизда йўқ. Қизимни узатаман, деб ишлаб юрувди, тўй азага айланди”, - дейди хавфсизлиги туфайли исми очиқланмаслигини сўраган “Трест-12” ширкатига қарашли ПМК-2 ишчиси.

Ишчининг ўлими айнан меҳнат шароитларига боғлиқлиги маълум эмас.

Кўчма механизация колоннаси бригада бошлиқларидан бири Озодликка ўлим холатини тасдиқларкан, буни “бахтсиз ҳодиса” деб атади.

“Ҳозир суриштирув кетяпти, баландликка чиққанда хавфсизлик камарини боғлаганми, мана шу ҳолатлар ўрганиляпти. Ишчининг оиласига моддий ёрдам берилди. Ортиқча соат ишлагани учун, деган гап нотўғри. Баъзида улгиролмасак, бўлди иш вақти тугади, деб кетиб қолмайсизку. Бетон қотиб қолиши мумкин. Қурилиш бу, муддатлар белгиланган. Ишчилар шунга яраша яхши ойлик олишади, ўзлари рози бўлиб ишлашяпти, ҳеч ким мажбурлаётгани йўқку”, - дейди ПМК-2нинг исмини айтмаган бридага бошлиқларидан бири.

Қурилиш вазирига алоқадор ширкат

Шу ҳафта бошида маҳаллий нашрлар Қурилиш вазири Ботир Зокировнинг яқин қариндошлари таъсисчилари бўлган “Трест-12” ширкати Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги маъмурий бино ва автотураргоҳ қуришни ўз ичига олган салкам ярим триллион сўмлик лойиҳа пудратчиси этиб танлангани ҳақида ёзди.

Gazeta.uz нашри ўз маълумотларига таяниб, 1994 йилда рўйхатга олинган “Трест-12” ширкати таъсисчилари қаторида вазирнинг турмуш ўртоғи Муҳайё Зокирова ва ўғли Жасур Зокировни тилга олди.

“Трест-12” ширкати сайтидаги маълумотларга қаралса, ишчилари кунига 12 соатлаб ишлатилаётган ПМК-2 кўчма механизация колоннасининг бошлиғи ҳам айнан Жасур Зокировдир.

Озодликнинг ПМК-2 ишчилари иддаолари юзасидан жаноб Зокировдан изоҳ олиш урунишлари бесамар бўлди.

Жасур Зокировнинг ширкат сайтида келтирилган телефон рақамларига қилинган қўнғироқларга кун давомида ҳеч ким жавоб бермади.

“Трест-12” ширкати бошлиғи Фаҳриддин Назировнинг ёрдамчиси Озодлик сўровига: “Ҳамма қурилиш объектида, саволларингизни уларга етказаман, ўзлари чиқишади сизга”, деб жавоб қилди.

Лекин, 16 апрель иш куни оҳиригача ширкатдан Озодликка ҳеч ким боғланмади.

Қонунга зид

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг исми очиқланишини истамаган мулоизими “Ўзбекистон ҳудудида ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмаслигини” таъкидлади:

- Меҳнат Кодексининг 115-моддасига кўра, ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, 5 кунлик иш ҳафтасида эса, 8 соатдан ортиб кетмаслиги лозим. Агар қайсидир ходим меъёридан ортиқ ишлашга мажбурланса вазирликнинг 71 200 06 00 телефонига боғланиши мумкин, - деди мулозим.

Ўзбекистондаги ҳам давлат, ҳам хусусий сектор корхоналарида ходимлар меҳнат қонунчилигига зид тарзда меъёридан ортиқ ишлатилиши, маошлари тўлиқ берилмаслиги сурункали муаммога айланган.

Озодлик бундан олдин Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли “Crafers” кандолат фабрикасида ишчилар 2018 йил октябрь ойидан бери ўтган 4 ой давомида жорий қонунларга зид тарзда 12 соатдан ишлатилгани ҳақида хабар берган.

Андижоннинг Асака шаҳридаги "UZAUTO MOTORS" автомобиль заводи гаражида механик бўлиб ишлаган 53 ёшли ишчи ўтган йил июнь оида 15 кунлик сменада бўлган пайтда "вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани сабабли" кўричаги ёрилиши оқибатида ҳаётдан кўз юмгани ҳақида Озодлик хабар берганди.

Тошкентдаги Humo Arena муз саройи қурилишида эса 30 ёшли ишчи сарой гумбази темир устунидан йиқилиб тушиб ҳалок бўлганди.

Қурилиш бош пудратчиси бўлган Enter Engineering ширкатида ишчилар ўшанда меъёридан ортиқ ишлатилганликларини Озодликка айтишганди.

XS
SM
MD
LG