Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:40

Ўзбекистонда коронавируснинг янги тўлқини бошландими?


Расмий статистика сўнгги ҳафталарда коронавирус беморлари сони барқарор ўсаётганини кўрсатмоқда. Иллюстратив сурат.
Расмий статистика сўнгги ҳафталарда коронавирус беморлари сони барқарор ўсаётганини кўрсатмоқда. Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда COVID-19 билан касалланганлар сони кескин кўпайиши манзарасида Республика махсус комиссияси 1 августдан бошлаб мамлакат бўйлаб қатор янги чекловлар жорий этди.

Ўзбекистонлик шифокорлар қайтадан очилаётган ковид-марказлар касалланганлар билан тўлганини тасдиқламоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европада коронавируснинг янги тўлқини бошланиши муқаррарлигидан огоҳлантирди. Вируснинг янада юқумли бўлмиш “дельта” тури қатор мамлакатларда авж олган. Жумладан, Россияда ҳукумат касаллик юқишини ва ўлимларни тўхтатишга уриниб, қайта эмлов кампаниясини эълон қилди.

ССВ: Ўзбекистонда эпидемиологик вазият мураккаблашди

Коронавируснинг бундан олдинги тўлқинларида қанчалар аниқлиги савол остига олинган Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги кунлардаги статистикасидан мамлакатда коронавирусини юқтириб олганлар сони кескин кўпайганини кўриш мумкин.

Пандемия бошидан буён вируснинг энг йирик ўчоғи бўлиб қолаётган пойтахт Тошкент яқинидаги Зангиота туманида жойлашган ковид-марказ беморлар билан тўлгани хабар қилинмоқда.

Марказ раҳбари Олимжон Исоқов 2 минг нафар беморга мўлжалланган шифохонада ҳозирда коронавирусга чалинган 2 ярим мингдан ортиқ касал борлигини тасдиқлаган. Исоқов маҳаллий журналистларга ҳар куни марказга 350га яқин бемор ётқизилаётгани ва ҳозир қабул тўхтатилганини айтган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда тўрт кишилик палатада олти-саккиз бемор ётганини кўриш мумкин.

Айни пайтда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтдаги тўрт ковид-марказни қайта очишга буйруқ берган.

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков 6 июль кунги брифингида вазият мураккаблашиб бораётганини тан олиб, республика бўйлаб 1 августдан қатор янги чекловлар жорий этилишини маълум қилди.

- Қарорга мувофиқ, эндиликда очиқ майдонлар ёки ёпиқ мажмуаларда бўлишдан қатъий назар, юртимизда барча оммавий байрам тадбирлари, спорт мусобақалари, шунингдек, концерт, фестивал, театр ва кино дастурлари вақтинчалик тўхтатилади. Спорт мусобақаларини мухлисларсиз ўтказишга рухсат берилади. Шу йилнинг 1 майдан биз бу каби тадбирларни фақат ёпиқ саройларда ўтказилишини тўхтатган эдик, - деган Нурмат Отабеков.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда кунига ҳаётдан кўз юмаётганлар сони 3-4 одам бўлиб, улар асосан, сурункали касалликлар билан оғриган беморлардир.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси шу йилнинг 1 августидан бошлаб тўй ва маросимларни 50 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказиш тартибини жорий қилганини ҳам айтди.

Республика махсус комиссияси қарорига кўра, тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказиш 50 кишидан кўп бўлмаган (яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилди.

2021 йилнинг 1 апрелидан тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказиш 100 кишидан кўп бўлмаган ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатьий риоя этган ҳолда ўтказилиши белгиланган эди.

Учинчи тўлқин?

Вирус тарқалишининг кўпайиши, янги чекловлар ва эмлаш билан боғлиқ сафарбарликларга қарамасдан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш расмийлари мамлакатда SARS-CoV-2 вирусининг янги тўлқини бошланганини эълон қилишга шошилмаяпти.

Тошкентдаги COVID-19 беморларини даволаш марказининг Озодлик билан суҳбатлашган ходимларидан бири бу сафар касалланаётганлар сон жиҳатдан ўтган йилгидан анча кам бўлса-да, касалланиш оғир симптомларга эга эканини тасдиқлади:

- Вазият бироз кескинлашяпти борган сари. Вазирлигимиз янги тўлқин бошланганини расман эълон қилгани йўқ, лекин сезиларли даражада кўпайди. Масалан, Тошкентдаги, Жиззахдаги, бошқа қатор вилоятларидаги касалхоналар беморларга тўлди. Масалан, Зангиота бошқа олмаяпти – тўлиб бўлган. Ўзбекистон бўйлаб реаниматорларга яна эҳтиёж сезиляпти. Вакцинация тезлаштирилаяпти шунга. Касаллик бу йил ҳақиқатан тушунарсизроқ: хатар остидаги баъзи одамларга юқмаяпти, соппа-соғ юрганларга юқиб қоляпти. Ҳозир шифокорларимиз малакаси анча ошиб қолди, касалхоналар керакли асбоб-анжомлар билан таъминланди бир йил ичида. Ўтган йили ҳатто врачларимиз шок ҳолатига тушиб қолган эди, келаётган касаллар сонини кўриб. Бу йил одамларга кўникма бор, ваҳима йўқ. Лекин, ўтган йилги касаллар билан бу йилгини ўртасида ўн, балким, юз баробар фарқ бор!

Шунинг учун учинчи тўлқин бошланган деса бўладими, йўқми билмадиму, ўлим ҳолатлари ҳам, ўтган йилгидек бўлмаса-да, кўпайиб қолди. Бироқ ўтган йилги енгилроқ ўтиб кетган бўлса, бу йил касаллар анча оғирлашиб қоляпти, деди Озодлик билан суҳбатда исмини очиқламасликни сўраган шифокор.

24 июнь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази Ўзбекистонда коронавируснинг "ҳиндча штамми" аниқланганини тасдиқлаган. Тез юқувчанлиги билан коронавируснинг бошқа турларига нисбатан хавфли деб кўрилаётган “ҳиндча” штамм юқтирганлар сонига доир расмий маълумот йўқ.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши 4 миллион 224 минг 934 доза вакцина қўлланилган.

Тиббиёт соҳасидаги энг нуфузли нашрлардан The Lancet кўра, Марказий Осиё давлатлари вакцинага энг муҳтож минтақалардан бири бўлиб қолмоқда.

"COVID-19 билан боғлиқ инқироз бутун Марказий Осиёга тарқалиш хавфи мавжуд, бу минтақада ҳозирча фақат икки давлат ( Қирғизистон ва Ўзбекистон) вакциналарни бепул тарқатмоқда", дейилади тадқиқотчилар хулосасида.

XS
SM
MD
LG