Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:25

80 йил олдин қурилган Каттақўрғон сув омбори ëнидаги аҳоли унинг авария ҳолатида эканидан қўрқмоқда


Каттақўрғон сув омбори теварагида жойлашган маҳалла вакиллари Озодликка юборган суратларда иншоотнинг айрим участкаларидаги бетон плиталари ўпирилиб кетганини кўриш мумкин. 7 май, 2020 йил.
Каттақўрғон сув омбори теварагида жойлашган маҳалла вакиллари Озодликка юборган суратларда иншоотнинг айрим участкаларидаги бетон плиталари ўпирилиб кетганини кўриш мумкин. 7 май, 2020 йил.

Сардоба сув омборида 1 май куни рўй берган техноген фалокат ортидан Самарқанд вилоятидаги Каттақўрғон сув омбори атрофида яшовчи аҳоли ҳам дамба ёрилиб, сув тошқини рўй бериш эҳтимолидан хавотирга тушган.

Ушбу сув омбори атрофида жойлашган "Кумушқирғоқ", "Намозполвон", "Бурқут" маҳаллаларида яшовчиларнинг Озодликка айтишича¸ ўтган аср ўрталарида курилган сув иншооти бугунги кунда деярли авария ҳолатига келиб қолган.

Озодлик гаплашган сув омбори муҳандислари гидроиншоотнинг "Пекит-156", "Пекит-212" участкалари авария ҳолатига келиб қолганини тасдиқлади.

Каттақўрғон сув омбори раҳбари Мирзо Саидов эса 8 май куни Озодлик билан суҳбатда сув иншооти сўнгги бор ўтган йил кузида инспекция қилингани, нуқсонлар аниқланмагани ва хавотирлар ўринсизлигини айтди.

Каттақўрғон сув омбори теварагида жойлашган маҳалла вакиллари Озодликка юборган суратларда иншоотнинг айрим участкаларидаги бетон плиталарининг ўпирилиб кетганини кўриш мумкин.

Каттақўрғон сув омборнинг "Пекит-156", "Пекит-212" участкалари, 2020 йил, 7 май.
Каттақўрғон сув омборнинг "Пекит-156", "Пекит-212" участкалари, 2020 йил, 7 май.

Сув иншоотига яқин "Намозполвон" маҳалласи яшовчиларидан бири 8 май куни Озодлик билан суҳбатда тўғоннинг авария ҳолатига келиб қолгани маҳалла аҳлини кўпдан бери ташвишга солаётгани, Сардобадиги фожиадан кейин бу хавотирлар яна ҳам кучайганини айтади.

- Тўғон бизнинг "Намозполвон" маҳалласи ҳудудидан 32 метр баландликда. Ҳозирги шароитда 800 миллион куб метрга яқин сув бор омборда. Баъзи пайтлари 900 миллионга кўтарилади. Бизнинг ҳудуд косадай. Агар бирон кор-ҳол бўлса¸ бутун қишлоқ сув остида қолади.

Шу ой бошида Сидарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши оқибатида 22та аҳоли пункти сув остида қолиб, 70 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди.

Каттақўрғон туманининг "Кумушқирғоқ" маҳалласи фаолларидан бири Сардобадаги фожиадан сўнг ўзлари яшайдиган ҳудуддаги сув омбори инспекция қилинишини сўраб Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Cув хўжалиги бошқармасига арз қилиб боришганини айтади.

- Ҳокимиятга бордик. У ерда сув хўжалиги бошқармасидагилар билан учрашдик, чунки айримлар уйини, молини сотиб бошқа жойга кўчамиз¸ деб туришибди. Ҳокимиятдагилар хавотирланманглар ҳаммаси яхши бўлади, ҳолатни ўрганамиз, деб ваъда беришди.

Каттақўрғон сув омборининг айрим участкалари авария ҳолатига келиб қолганини у ерда ишловчилар ҳам Озодликка тасдиқлади.

- Сув омборининг сув чиқариш қувури, сув чиқариш дарвоза-затворлари таъмирланмаган. Омбор участкаси, кириш каналдаги Пекит-156, Пекит-212, гидроиншоатлари умуман талабга жавоб бермайди, - дейди Каттақўрғон сув омборининг исми очиқланмаслигини истаган ходими.

Каттақўрғон сув омборининг бетон плиталарида ёриқлар пайдо бўлган.
Каттақўрғон сув омборининг бетон плиталарида ёриқлар пайдо бўлган.

Сув омбори муҳандисларидан бири Озодлик билан суҳбатда иношоот сўнгги бор 1998-2003 йилларда капитал ремонт қилинганини айтди.

- Яқинда йигирма йил бўлади таъмир бўлганига. Сардобадаги воқеадан кейин тепадагилар эътибор қаратар энди. Бугун вилоят сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи Асрор ака Каримхонов келди. Кўриб кетишди, ДХХдан ҳам бир вакил бор эди.

Каттақўрғон сув омбори раҳбари Мирзо Саидов 8 май куни Озодлик билан суҳбатда сув иншооти авария hолатида эмаслиги, хавотирларнинг ўринсизлигини айтди.

- Ҳар йили сув қочиши билан инспекция қилиб турамиз, бу йил ҳам қилдик. Жуда мустаҳкам қурилган сув иншооти. Мен шу ерда яшовчи ҳаммага айтаман, хотиржам бўлишсин, бу совет даврида анча пухта қурилган иншоот, - деди Саидов.

Ўзбекистон ҳудудида қурилган биринчи сув омбори

Каттақўрғон сув омбори Ўзбекистон ҳудудида қурилган биринчи гидротехника иншоотидир.

1941 йили қурилган Каттақўрғон сув омбори денгиз сатҳидан 35 метр баландликда жойлашган.
1941 йили қурилган Каттақўрғон сув омбори денгиз сатҳидан 35 метр баландликда жойлашган.

Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги сайтидан олинган маълумотга кўра, қурилиши 1941 йилда бошланиб 1951 йилда фойдаланишга топширилган Каттақўрғон сув омбори денгиз сатҳидан 35 метр баландликда жойлашган, кенглиги 79,5 квадрат километр бўлиб, у ерда 900 миллион куб метргача сув бор.

Каттақўрғон сув омборининг асосий иншооти комплекси сув чиқаргичли тўғон, сув келтириладиган ва сув оқиб кетадиган каналлардан иборат.

Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятларидаги 94 минг гектарга яқин ер майдонлари айни шу омбор суви билан суғорилади.

Ўзбекистонда Сардоба ёки Каттақўрғондаги каби улкан сув хўжалиги объектлари техник ҳолатининг ишончлилиги ҳамда бехатар ишлашини экспертизадан ўтказиш Сув хўжалиги вазирлигининг "Давсувхўжаликназорат" деб аталувичи инспекцияси зиммасидадир.

Каттақўрғондаги сув иншооти атрофидаги хавотирлар юзасидан Озодлик "Давсувхўжаликназорат" инспекциясига ҳам боғланишга уринди, лекин 8 май куни тегишли мутасаддилар телефонига ҳеч ким жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG