Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:19

Тошқиндан сўнг муҳтожга айланганлар хайрия ëрдамининг талон-торож бўлаëтганини айтмоқда


Навоий вилояти Миллий гвардия ходимлари сирдарёликларга жўнатган хайрия орасида 50 кг қўй гўшти бор.
Навоий вилояти Миллий гвардия ходимлари сирдарёликларга жўнатган хайрия орасида 50 кг қўй гўшти бор.

Бутун Ўзбекистон бўйлаб Сардоба тошқини сабаб оғир аҳволда қолган ҳудудлар аҳолисига хайрия ёрдамлари ташкил қилинмоқда.

Ҳокимликлар жўнатаётган ёрдамдан ташқари кўнгиллилар ҳам муҳтожлар учун кўмак акциялари уюштиряпти.

Озодлик Оқолтин тумани мисолида ушбу хайрия ёрдамларининг сирдарёлик муҳтожларга тарқатилиш жараёнини ўрганди.

Оқолтин туманининг Саховат маҳалласида яшовчи 61 яшар Ҳасанбой Шерматов оиласи 1 май кунги тошқин ортидан эвакуация қилиниб¸ 6 май куни уйига қайтганлардан бири.

Озодлик гаплашган Ҳасанбой аканинг айтишича, икки кундан бери қўшнилари берган озиқ-овқатни еб кун кечирмоқда.

“Уйда чол-кампир иккимиз бир неварам билан яшаймиз. Кеча келсак, ҳаммаёқ ёпиқ, ҳеч қаер ишламаяпти. Кейин маҳаллага келган хайриядан озгина беринглар¸ деб бордим. Лекин ҳеч нарса беришмади. “Тугаб қолди” деб баҳона қилишди. Президентимиз халқни ўйла, деб турса, булар халқни зор қиляпти. Яхшиям қўшниларим бор экан. Бир қўшним чалпак олиб чиқди. Бошқаси яна бошқа нарса берди ейишга”, деди Ҳасанбой Шерматов 7 май куни туш пайти.

Ушбу туманнинг Навоий маҳалласида яшовчи аëллардан бири ҳам¸ ўз оиласининг икки кундан бери хайрия озиқ-овқатларидан ола олмаëтганини айтади.

Хайрия озиқ-овқатлари тарқатилишини рўйхатга олиш. Оқолтин тумани.
Хайрия озиқ-овқатлари тарқатилишини рўйхатга олиш. Оқолтин тумани.

«Хайрия озиқ-овқатларини маҳаллага олиб келиб тарқатишяпти. Лекин тартиб умуман йўқ. Аёллар бир -бири билан нарсанинг устида талашиб кетишади. Жанжал ҳам бўляпти. Кимдир кўп оляпти, кимдир ҳеч нарса ололмаяпти. Қайнонам ҳам ҳар куни бориб, ҳеч нарса ололмай қайтиб келяпти. Ҳокимлик умуман назорат қилмаяпти. Маҳалла раислари уйма – уй тарқатса, бўладику, рўйхат билан. Шунда ҳаммага тенг тарқатиларди. Бугун ун тарқатишди, лекин текинга эмас. Машиналарга "хайрия" деб ёзилганди. Борсак, фақат нақд пули борларга берамиз дейишди”.

Туманнинг Кўркам диёр маҳалласида яшовчи Асал Бурхонова ҳам 5 май куни уйига қайтган. Асал маҳаллада хайрия озиқ-овқатлари тарқатилиши яхши йўлга қўйилганини айтади.

«Келган кунимиз 2 литр ёғ, шакар олдим. Кеча картошка -пиёз тарқатди. Шу билан кейин тарқатгани йўқ. Маҳалла фаоллари юк машинасида уйма-уй юриб, ҳаммамизга бирма- бир тарқатиб юрибди. Бергани еб-ичишимга етмайдию, барибир Худога шукур деймиз. Иложимиз йўқ, сабр қиламиз. Шунисига ҳам раҳмат деймиз. Чунки биз унчалик талафот кўрмадик. Шунча одам жиддий талафот кўрди. Ўшаларга беришсин”.

Аҳолига хайрия тарзида тарқатиш учун тайёрланган карам. Оқолтин тумани.
Аҳолига хайрия тарзида тарқатиш учун тайёрланган карам. Оқолтин тумани.

Асалнинг исмини очиқламаслик шарти билан гапирган маҳалладоши хайрия озиқ-овқатларини олишдан бош тортганини айтади.

“Мен деярли талафот кўрмадим. Кейин муҳтож ҳам эмасман. Қанча муҳтожлар бор. Шунинг учун муҳтожлар олсин, деб хайрия озиқ-овқатини олмадим”.

Озодлик Оқолтин туманида хайрия озиқ-овқатларини тарқатиш жараёнидан яхши хабардор туман ҳокимлиги ходимларидан бири билан суҳбатлашди. Ишдан ҳайдалиш хавфи сабаб аноним қолишни сўраган мулозим хайрия озиқ-овқатларини талон-торож қилиниш ҳоллари бўлаётганини эътироф этди.

“Бизга биринчи хайрия ёрдами 3 май куни кечқурун келди. Хайрия ёрдамларининг бир қисми қуруқ мева ишлаб чиқаришга ихтисослашган Sub-dry фирмасининг складига жойлаштириляпти. Шу ердан ҳар куни ҳокимликка олиб келиб, кейин маҳаллаларга тарқатиляпти. Ўзим гувоҳи бўлган нарсаларни айтаман. Ҳар куни прокуратура, ҳокимлик масъуллари ўзларининг обед қилиши учун озиқ-овқатларни Sub-dry складидаги хайриядан олиб, пиширтиряпти. Замҳокимлардан бирининг ўғли машинасида келиб, складдан хайрия нарсаларидан олиб кетганини ҳам кўрдим. Туманда ёрдамга муҳтожлар жуда кўп. Лекин хайрия муҳтожларга етиб бормаяпти. Хайрияни тарқатишда ҳалоллик бўлмаяпти”.

Озодлик хайрия тарқатишга алоқадор оқолтинлик яна бир мулозим билан суҳбатлашди. Бу суҳбатдош хайрия ёрдамларининг маҳаллаларда ҳам таланаëтганини билдирди.

“Айрим маҳаллакомлар хайрия ёрдамларини олиб кетгач, маҳалладаги ўзининг таниш-билишларининг уйига жойлаштиряпти. Шу ердан одамларга тарқатаяпти. Биринчи навбатда¸ таниш-билишлар озиқ-овқатлар билан таъминланмоқда. Кейин бошқаларга тарқатилмоқда. Бизга бу борада аҳолидан шикоят ҳам бўлди. Лекин раҳбарлар ҳозир бунақа майда-чуйда шикоятларни ўрганиб ўтирадиган вақт эмас, деган фикрда. Туманда қанча аҳоли уйсиз қолди, қанча объектлар сув остида қолди. Буларни йўлга қўйиш ҳозир биринчи навбатдаги вазифа деб қараляпти”.

Оқолтин туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Олим Абдуллаев хайрия ёрдамлари тарқатилишига масъул шахслардан бири.

Хайрия Оқолтин туман ҳокимлиги биносига олиб келиниб, кейин муҳтожларга тарқатилади.
Хайрия Оқолтин туман ҳокимлиги биносига олиб келиниб, кейин муҳтожларга тарқатилади.

7 май куни Озодлик гаплашган Абдуллаев хайрия тарқатилиши кучли назоратга олингани ва талон-торожликка умуман йўл қўйилмаётганини таъкидлади.

«100 фоиз назоратга олинган. Вилоят прокуратураси назоратида бу. Ҳеч қандай талон-торожликка йўл қўйилмаяпти. Шу пайтгача асосан, Навоий ва Фарғонадан келди ёрдам. Кеча тошқин натижасида ёпилиб қолган Мирзачўл йўли очилди. Энди вилоят базасидан кунлик харажатлар олиб келинмоқда. Туманда тўртта база бор. Шу пайтгача 78 тонна картошка келди. Турли хил озиқ-овқатлар, кўрпа-тўшаклар келяпти. Биринчи навбатда уйсиз қолган аҳоли ва камбағаллар таъминланмоқда. “Саховат ва кўмак” счётига вилоятлар нақд пул туширяпти, бу пул 40 миллион сўмдан ошди. Шу пулдан қийналаётган аҳоли счётига 500 минг сўмдан тушириб беряпмиз».

Оқолтин туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, тошқин оқибатида жами 44 380 одам эвакуация қилинган бўлиб, ҳозирда аҳолини уйларига қайтариш давом этяпти. 7 май ҳолатига 41 мингдан зиёд аҳоли уйларига қайтарилган.

Тумандаги учта маҳалла тошқиндан жиддий зарар кўрган: Шодлик маҳалласида 90 фоиз уйлар, Аҳиллик маҳалласида 50 фоиз уйлар, Саховат маҳалласида эса 30 фоиз уйлар вайрон бўлган. Жами 8000 га яқин аҳоли уйсиз қолди.

Ҳозирда ушбу маҳаллалар аҳолиси тумандаги учта мактабда ҳозирланган вақтинчалик бошпанага жойлаштирилмоқда.

Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ортидан юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун Сирдарё вилояти маҳаллий бюджетига 100 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди.

Президент фармойишига кўра, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида 2020-2021 йиллар давомида 50 та кўп қаватли уй-жой қурилади. Мазкур уйлардаги хонадонлар уйларини сув босган шахсларга беғараз берилади.

XS
SM
MD
LG