Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:13

Фарғона шифохонасида 10 ёшли қизга ОИТВ юқтирилди


Касаллик юқтирилган қизалоқнинг ота-онасига бу ҳақда чурқ этмаслик тавсия қилинмоқда.
Касаллик юқтирилган қизалоқнинг ота-онасига бу ҳақда чурқ этмаслик тавсия қилинмоқда.

Қизалоқнинг оиласи ва Фарғона вилояти ОИТС марказидан олинган маълумотга кўра, бу ягона ҳолат эмас.


Фарғона шаҳрида истиқомат қиладиган ва оиласининг номусини сақлаш мақсадида исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган тингловчимиз яқинда Озодлик таҳририяти билан боғланиб, 10 ёшли қизида ОИТВ вируси борлиги аниқлангани ҳақида айтган эди.

- Бир неча йил олдин қизим шаҳар касалхонасида операция бўлганда унга қон қуйилган эди. Шунда юқтиришган бўлиши мумкин. Бошқа ҳеч қандай сабаб йўқ, деган эди 10 ёшли қизига бедаво касаллик юққанидан юрак бағри эзилаëтган ота.

Бу мурожаат ортидан Фарғона вилояти ОИТС марказига боғланганимизда, қизалоқни даволаётган шифокор унинг отаси тахминини тасдиқлади.

- 2005, 2006, 2007 йилларда катетеризация жуда кенг тарқалган эди. Ўша вақтларда беморларга катетер орқали қон қуйилган бўлиши мумкин, ёки бошқа дорилар. Хуллас, ўшанда вирус юққанми, деган тахмин бор биз шикофорларни орасида,- деди Фарғона вилояти ОИТС маркази ходими.

Шифокорга кўра, 2005 йилдан 2008 йил бошига қадар ёш болаларга шифохоналарда ўтказилган оғир жарроҳлик амалиётлари чоғида тиббиёт воситалари ёҳуд қуйилган қон орқали ОИТВ юқтирилгани ҳоллари аниқланган ва бунга чора кўрилган.

- Қандай чоралар кўрилганидан менинг хабарим йўқ. Аммо, чора кўрилган, кимлардир жазога тортилгани аниқ,- деди Фарғона вилояти ОИТС маркази ходими.

10 ёшли қизалоқнинг отаси эса шу кунларда ушбу марказга қатнаб, ўзи каби ёш гўдагига ОИТВ юқтирилган оилалар кўплигидан хабар топганини айтади.

- Ўша ердаги рўйхатда ташхис ёзилган. Ташхис ҳаммаси ВИЧ (ОИТВ) инфекция, ВИЧ инфекция. Ҳамма болалар 2000 йилдан кейин янги асрда туғилган болалар. Тасаввур қилинг, 11 ëшгача бўлган болалар. 1994 йилда туғилган фақат битта болани кўрдим, холос. Фарғона вилоятининг ҳамма районидан келишиб, ўша ердан ëрдам олишаяпти. Бир ёқдан ОИТСга қарши кураш марказининг полларини мармардан қилиб, энг сўнгги жиҳозларни, аквариумларни қўйиб, уч этажли қилиб зўр қилиб қуришган. Бошқа тарафдан, бундан фойда йўқ. Ўша бино бўлмагани яхши эди, касаллик ҳам бўлмагани яхши эди,- дейди шифохонада 10 ёшли қизига ОИТВ юқтирилган ота.

Суҳбатдошимиз ўзи каби ота-оналар билан суҳбатларидан келиб чиқиб, бугун кўпчиликнинг кўнглида шифохоналардан қўрқув кучайгани, докторларга ишонч қолмагани ҳақида сўзлади.

Боиси, ёш болалар ва янги туғилган чақалоқларга қон қуйиш чоғида ОИТВ юқтирилганига оид ҳолат нафақат Фарғона вилояти, балки қўшни Наманган ва Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ҳам қайд этилган эди.

Жумладан, Озодлик 2008 йилнинг ноябрь ойида Наманган вилоятида истиқомат қилаётган ота-оналар ҳамда шифокорлар билан суҳбатлар чоғида вилоятда 40 нафардан 80 нафаргача чақалоққа ОИТВ юқтирилганини аниқлаган эди. Бу воқеа юзасида жиноий иш қўзғатилиб, бир неча шифокор жавобгарликка тортилган эди.

2008 йилнинг бошида Тошкент шаҳридан Озодликка боғланган бир неча оила ёш фарзанди ва ҳомиладор қариндошларига Тошкент шаҳридаги болалар шифохоналаридан бирида, қон қуйиш чоғида вирус юқтирилгани ҳақида сўзлаб берган эди.

2007 йилнинг апрелида Андижондаги касалхонада 10 га яқин болага ОИТВ юқтирилганидан кейин вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси расмийлари жиноий жавогарликка тортилган эди.

Ўз вақтида мамлакат расмийлари бу борада изоҳ беришдан бош тортган эдилар.

Аммо, Озодлик мухбири бугун яна бир бор ўша ҳолатларга қайтиб савол берганида Фарғона ОИТС маркази ҳамда Ўзбекистон Гематология ва қон қуйиш тадқиқоти институти мутасаддилари бу ҳолатларни тасдиқлади.

Хусусан, Гематология ва қон қуйиш тадқиқоти институти мутасаддиларидан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, Наманган вилоятида чақалоқларга текширилмаган қон қуйилиши ва ўша қон ишлатилган тиббий воситалар фойдаланиш оқибатида вирус юққани аниқланган.

- Биласизми, Наманганда свежий қон олиб қуйиб юборишган. Беморлар оғир бўлгани учун. Ҳаëтини сақлаб қолиш учун ҳам. Мен шунақа деб эшитган эдим.

Ўшанда 45 нафар чақалоққа юққан, деб эшитган эдик. Шундай бўлганмиди, деган саволимизга суҳбатдошимиз:

- Ҳа. Шу воқеалардан кейин, шу Қозоғистонники, Намангандаги случайлар бўйича яқин-яқингача иш олиб борилаëтган эди, жуда қаттиқ назоратда теширилган эди,- деб жавоб берди.

Гематология ва қон қуйиш тадқиқоти қошидаги Қон қуйиш маркази бош шифокори Аълонур Саидов ҳам тилга олинган ҳолатлар бўлгани ва шундан сўнг тегишли мутасадди шахсларга жазо кўрилганини тасдиқлади ҳамда 2009 йилдан буёғи вазият кескин назоратга олинганини айтди.

Аълонур Саидовга кўра, ҳозир беморларга шифохонада ОИТВ юқтирилиши фақат иккита ҳолатда юз бериши мумкин.

- Ҳозирги пайтда бизларнинг буйруқларда айтилганки, текширилмаган қон қуйиш мумкин эмас. Лекин баъзи бир ҳолатларда, кечқурунги дежурстволарда историяга ëзмасдан қон қуйиш ҳолати бўлиши мумкинда. Боласини сақлаб қоламан, деган гап асосида шунақа ҳолатлар бўлмайди, деб айта олмаймиз. Мана шунақа ҳолатларда инфекция юққан ëки юқмаганлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Энг асосий муаммо ҳозир мана шу,- дейди Ўзбекистон Гемотология ва қон қуйиш тадқиқоти институти қошидаги Қон қуйиш маркази бош шифокори Аълонур Саидов.

Яна бир ҳолат эса қон берувчи донорларнинг холислиги билан боғлиқ.

- Текширилган қонларга боя айтганимдай 99 фоиз кафолат берамиз. Лекин агар донорга инфекция юққан бўлса ва бунга уч-тўрт кун бўлган бўлса, бизнинг система аниқлолмаслиги мумкин. “Период окна”, деб қўямиз биз. Шунинг учун донорларга махсус саволнома киритганмиз ва улардан ҳамиша инфекция юқиши мумкин бўлган ҳолатларни очиқ айтишни талаб қиламиз, - дейди Гемотология қошидаги Қон қуйиш маркази бош шифокори Аълонур Саидов.

Бош шифокор шу билан бирга шифохоналарга иши тушаётган кишиларга ҳам битта конкрет тавсия берди.

- Шифохонага борган шифокордан текширилмаган қонни ёки яқинларидан ҳозиргина олинган қонни текширмасдан тўғридан-тўғри қуйиб юборилишига йўл қўймаслик керак. Агар яқинлари рози бўлмаса, шифокор бу ишни қилмайди, - дея тавсия қилади - дейди Гемотология қошидаги Қон қуйиш маркази бош шифокори Аълонур Саидов.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда олиб борилган мустақил ва халқаро кузатувларга кўра эса, мамлакатда ОИТВ юқиши ҳоллари, айниқса, шифохоналарда қон қуйиш орқали инфекция юқиши ҳоллари тез-тез қайд этилади.

Расмий ташкилотлар бу борада ҳеч қандай рақамларни тақдим қилмагани ва одатан, ОИТВ юққан ҳолларда оилалардан буни сир сақлаш талаб қилингани боис бу борадаги аниқ рақамларни билиш ҳануз имконсизлигича қолмоқда.

Фарғоанлик тингловчи ҳам 10 ёшли қизалоғига ОИТВ юққанини ҳеч кимга ошкор қилмаслик талаб қилинганига қарамасдан бунга қарши фақатгина очиқлаш билан курашиб, бир натижага эришиш мумкин, деб ҳисоблайди.

- Кеча эпидемиологларнинг олдига бордим. Қизимнинг книжкасини олиб бордим. Қаерда ëтиб, қаерда операция бўлган, қаерда плазма қуйишган ëзиб олишди йигитлар. “Текширишни бошлаймиз тоға. Лекин сиз бировга айтманг” дейди. Эпидемиологиядагилар ҳам шуни айтяптики, “Бировга айтманг. Сизнинг оилангизниг шаънига ёмон бўлади”. Менинг оиламнинг шаънини ҳимоя қилиш керакмиш. Улар мундир шаънини ҳимоя қилаяпти. Аммо, бу менинг болам. Мен бутун дунëга ошкор қиламан буни, - дейди фарғоналик тингловчи.

Фарғона шаҳар қон қуйиш маракази шифокори 2003 йилда Озодлик мухбири билан хос суҳбатда марказнинг доими донорларидан бирида ОИТВ вируси аниқланганини гапириб берган эди. "Бу донордан олинган қон нечта шифохонага юборилганини аниқ айтиш қийин", деган эди қон қуйин маркази шифокори.

БМТнинг ОИТСга қарши идораси маълумотларига кўра, Ўзбекистон бугунги кунда ОИТВ/ОИТСнинг тарқалиш суръати бўйича дунёда етакчи давлатлардан ҳисобланади.

Мавзу сўнггида ОИТВ/ОИТСга оид қисқа маълумот:

Одам Иммун Тақчиллиги Вируси қонга тушгач, охир-оқибат Орттирилган Иммун Синдромига айланади. Бу синдром, беморни бошқа кўплаб касалликларга мойил қилиб қўяди ва организмнинг касалликлар билан курашиш қобилиятини мутлақ ишдан чиқаради. Оқибатда, бемор ўша касалликлардан нобуд бўлади.

ОИТВ инфекцияси одатда вирус билан зарарланган қоннинг бошқаларга қуйилиши, қайтадан ишлатилган шприцлар, яхши стерилланмаган тиббий анжомлар, масалан, стоматология ёки гинекология бўлимларида, жинсий алоқа орқали, ҳомиладор аёлдан туғилажак болага юқиши мумкин.

Бунда кишилар кучоқлашганда ёки қўл бериб сўрашганда, кийимлар орқали, биргаликда овқатланганда, йўталганда ёки акса урганда ва ҳашоратларнинг чақиши орқали ОИТВ инфекцияси юқмайди.

ОИТВ юққанини бугун Ўзбекистон бўйлаб вилоят ва шаҳарларда ташкил қилинган ОИТС марказлари қон таҳлили орқали аниқлаб бериши мумкин.
XS
SM
MD
LG