Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:39

Наманганда катта текширув бормоқда


Ўзбекистонда ОИТВ тарқалишига тиббиëт тизимидаги хўжасизлик¸ биринчи галда қон қуйиш билан боғлиқ ноқисликлар сабаб деб қаралмоқда.
Ўзбекистонда ОИТВ тарқалишига тиббиëт тизимидаги хўжасизлик¸ биринчи галда қон қуйиш билан боғлиқ ноқисликлар сабаб деб қаралмоқда.

“Улар мунтазам назоратда туради. Маълумотни раҳбаримиз беради. Нимадан юққанлиги маълуммас ҳозир”. Расмийлар бекитаëтган сирни котиба қиз шундай очиқлаган эди.

Сешанба куни Озодлик билан суҳбатлашган Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва ОИТС маркази ходимлари вилоятдаги касалхоналардан бирида 40дан ортиқ болага одам иммун-тақчиллиги вируси юқтирилганини тасдиқлаган эди.

Пайшанба куни бу ҳақда Озодликка изоҳ берган Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова Наманганда ОИТВнинг оммавий юқтирилганига оид хабарларни рад қилди.

- Бу гапларда ҳеч қанақа асос йўқ. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида текширишлар ўтказилган. Прокурорлар томонидан қонун ижроси устидан назорат олиб борилган. Шу назорат олиб бориш натижасида жиддий қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. Шу бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги даврда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура расмийси Светлана Ортиқованинг айтишича, мамлакат соғлиқни сақлаш тизимида текширув ўтказилгани ва натижада Наманган вилояти соғлиқни сақлаш мутасаддиларига нисбатан жиноят иши очилгани рост, лекин бунга ОИТВнинг оммавий юқтирилишига оид хабарларнинг алоқаси йўқ.

- ОИТС касаллигига тааллуқли ҳеч қанақа фактлар аниқланмади. Бошқа қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, шу бўйича жиноят иши қўзғатилган. Лекин тергов сири, айбсизлик презумпциясини инобатга олиб ҳозирча бу ҳолатни сизга ëрита олмайман. Жиноят иш тергови тугасин, судда муҳокамадан ўтсин, қонуний ечим топсин. Жиноят учун жазо муқаррар эканлиги¸ албатта¸ таминланади, деди бош прокуратура расмийси.

Бир нарсани қайд этиш лозим, Светлана Ортиқова воқеа юзасидан биз билан очиқ гаплашган ва исми ошкор этилмаслигини сўрамаган ягона расмий бўлди.

Айни пайтда, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг эпидемиология бошқармаси ходими, Наманганда ҳақиқатан ҳам ОИТВга оид фавқулодда воқеа рўй берганини айтди. Эпидемиология бошқармасининг овози ёзиб олинмаслиги шарти билан гапирган расмийсига кўра, ОИТВ вируси аниқланганлар орасида фақат болалар эмас, катталар ҳам бор. Кейин бу вирус 43 эмас, 65 кишида аниқланган. “Уларнинг 28 нафари 15 ёшгача бўлган болалар”, деди жумладан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиси.

Унинг айтишича, одам иммун тақчиллиги вируси бир вақтнинг ўзида оммавий юқтирилмаган, балки айтилаётган 65 кишига ОИТВ ташхисининг қўйилиши тўққиз ой муддатга тўғри келади.

- Тўққиз ой давомида текширув учун олинган қонлар, ташхис воситалари бўлмагани боис тўпланиб қолган. Диагностика воситалари Наманганга етказиб берилганидан кейин ўтказилган текширувда 65 кишининг қонида одам иммун тақчиллиги вируси топилди, дейди соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили.

Унга кўра, болаларга ОИТВ касалхонада юқтирилганига оид таъкидлар ҳам ҳозирча тасдиқлангани йўқ.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳозирда Наманганда республика миқёсидаги бир неча идора, жумладан, миллий хавфсизлик хизмати, бош прокуратура, соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимларидан иборат текширув гуруҳи тергов ишларини давом эттирмоқда.

Юқорида келтирилган каби¸ Ўзбекистон бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари, Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси расмийларига нисбатан жиноий иш қўғатилгани¸ хусусан бошқарма бошлиғи Муҳаммаджон Ваққосовнинг ишдан олингани ва унинг ўрнига Ўткир Икромов бошқарма раҳбарлигига тайинланганини маълум қилди.

Ўткир Усмонович билан телефон орқали боғланганимизда, у киши "Озодлик радиоси” сўзини эшитиб, биз билан гаплашишни истамади.

- Ало.

Озодлик: Ассалому алайкум.

- Ваалайкум ассалом.

Озодлик: Мен Ўткир Усмонович билан гаплашиб турибманми?

- Мен эшитаяпман¸ ҳа.

Озодлик: Ўткир ака яхшимисиз?

- Раҳмат.

Озодлик: Менинг исмим Фаррух Юсуфий. Мен Озодлик радиосидан телефон қилаяпман.

- Тушунмадим.

Озодлик: Мен журналистман. Озодлик радиосидан телефон қилаяпман.

- ........

Ўзбекистонда ОИТВнинг оммавий юқтирилишига оид хабарлар биринчи марта пайдо бўлаётгани йўқ. Ўтган йил Андижондаги касалхоналардан бирида ОИТВ билан зарарланган қоннинг беморларга қуйилиши оқибатида ўндан ортиқ одамга касаллик юқтирилганини вилоятдаги мутасадди идоралар ва тиббиёт ходимлари тасдиқлаган эди.

Тошкентдаги болалар касалхонасида, 20дан ортиқ болага одам иммун тақчиллиги вируси юқтирилгани ҳақида Озодлик билан суҳбатда воқеа қурбонлари гапириб беришган эди. Бу воқеаларга маъсул кўрилган шахслар жиноий жавобгарликка тортилганига қарамасдан, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги бу фактлар юзасидан ҳозирга қадар бирор изоҳ бергани йўқ.

Қиëс учун - қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонда ОИТВнинг болаларга оммавий юқтирилиши жамоатчилик орасида катта жанжалга айланган ва жавобгарлар очиқ суд қилинган эди.
XS
SM
MD
LG