Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:18

Зулфия ҳикоясининг бахтли якуни


Тўрткўл туманида яшовчи ногирон аëл Зулфия
Тўрткўл туманида яшовчи ногирон аëл Зулфия

Озодлик мухлисларининг молиявий қўллови билан оëққа турган Зулфия Бегалиевага Тўрткўл ҳокими янги уй калитини берди.


Саккиз йил тўшакка михланиб ётган тўрткўллик 44 ёшли Зулфия Бегалиева ҳақидаги лавҳа ўзининг маҳзунлиги билан Озодлик мухлислари юрак торларини чертган эди.

Зулфия xасталикка чалингач эри ҳайдаб юборгани, уйсиз, пулсиз дарбадар бўлганини Озодликдан илк бор ўтган йили гапирган эди.

“Ҳатто дорига пул топиш учун кўчада тиланчилик ҳам қилдим” деган Зулфия Бегалиева ўз ҳисларини шеърий мисраларга маржондай тизди.

Тиламасман олтин-кумуш,
Молу дунë сўрамасман,
Ë Раб, оғирми шу юмуш,
Соғлиғимни бергин менга.

Шукур дерман берганингга,
Яхши кунинг¸ ҳар дамингга,
Шубҳанг борми ë сабримга,
Оëқларим бергин менга.

Дунëнинг тўрт тарафига тарқалган ўзбеклар баҳоли қудрат Ўзбекистоннинг овлоқ ëбонида яшаëтган мажруҳ аëлга ëрдам қўлини чўзишди.

Шафқат туйғуси юқумли бўлади. Ногиронлик аравасига михланган Зулфиянинг уйига Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов келиб, ҳол-аҳвол сўради. Диний идорадан келган уламолар ҳам бу ногирон аëлга мадад беришди.

Зулфияга бўлган бу эътибор Тўрткўл шаҳри расмийларининг тош юракларини эритди, дейди бу аëл ҳақидаги филмни суратга олиб Озодликка жўнатган маҳаллий тасвирчи.

10 июл куни Тўрткўл шаҳар ҳокимияти Зулфия Бегалиевага уй калитини топширди. Шунингдек Зулфия Бегалиевага 6 сотих ер ҳам берилди.

Соғлигим яxшиланиб, ғариблик ботқоғидан қутулиб ўз уйимга эга бўлиш каби баxтга мушарраф бўлдим, дейди Зулфия.

- Менга уй беришди. Худога шукур¸ энди ўзимизнинг уй бўлди бу. Кеча, бугун ҳокимнинг ўзи келиб ëнидаги одамлари билан Худога шукур бизларни киргизиб уйимизга, мана ҳозир ўша ерда ўтирибмиз. Қувониб ўтирибмиз Худо хоҳласа. Менга бу ерда участка ҳам беришди 6 сотих. Жуда яхши. Жуда қувониб ўтирибман. Қувончимнинг чеки йўқ, дейди Зулфия Бегалиева.

Зулфия ҳақидаги ҳикояни Озодликдан эшитган олис Норвегияда яшовчи педагог олим Абдулла Абдураззоқов бу аëлга биринчилардан бўлиб ëрдам қўлини чўзган эди.

Уй олгани ҳақидаги хушхабарни Зулфия Озодлик кўмагида Абдулла Абдураззоқов билан баҳам кўрди.

Зулфия Бегалиева: Абдулла ака, ассалому алайкум.

Абдулла Абдураззоқов: Яхшимисиз, оëқлар яхшими?

Зулфия Бегалиева: Раҳмат, раҳмат, жуда яхшиман.

Абдулла Абдураззоқов: Мана бугун шунчалик яхши бўлиб олибсиз. Оллоҳ бу ëғига яна ўнглайверсин.

Озодлик: Мана Озодлик мухлислари дуолари билан Зулфияхонга ҳокимиятдан уй беришибди, 6 сотих ер беришибди. Бугун кўчиб ўтибдилар. Шу нарсада Абдулла ака сизнинг ҳам ҳиссангиз бор. Зулфияхон, шу маънода Абдулла акага, бошқаларга сизнинг айтадиган гапингиз борми?

Зулфия Бегалиева: Абдулла ака, сизга ниятим қилган яхшилигингиз илоҳим Оллоҳдан қайтсин. У дунë бу дунëйингиз обод бўлсин.

Озодлик: Абдулла ака, мана бир воқеа яхши тугади, яхшилик бўлди. Шунга фикрларингизни олсак.

Абдулла Абдураззоқов: Менинг фикрим шундайки, Озодликнинг жуда катта хайрли ишларидан бири бўлди бу. Мазлумларга ëрдам қилиш, Озодлик агар шуни кўрсатиб, эълон бермаганида, масалан¸ мен бехабар бўлган бўлардим. Мен ҳаракат қилдим бошқаларга озгина йўлланма бериб ва ўзим ҳам озроқ ҳисса қўшганимдан шу эзгу ишга жуда ҳам хурсандман. Оллоҳ ҳамманглардан рози бўлсин. Яхшилик қолади. Мўмин мусулмонман деган, инсонман деган, ватанпарварман деган ҳар бир инсон доим эзгу ишдан ўзини четга олмаслиги керак бўлади. Имкон қадар ҳисса қўшса, ана шунинг ўзида ватан гуллаб яшнайди.

Озодлик: Ҳикоямиз бахтли якун топди.

- Айтганингиздай жуда яхшилик билан тугади. Илоҳим ҳаммасининг охири шунақа яхшилик билан тугасин, дейди Зулфия Бегалиева.

Бир одамни қутқарган дунëни қутқаради деган нақл бор аҳли китобда. Зулфия Бегалиева ҳикоясининг бахтли якуни бу нақл ижобатига ўхшади.
XS
SM
MD
LG