Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:37

"Қора ниқоблилар" таксичиларга ҳам ҳужум қилди


"Қора ниқоблилар" ўзларидан кейин одатда шундай из қолдирмоқда.
"Қора ниқоблилар" ўзларидан кейин одатда шундай из қолдирмоқда.

20 июль куни тушдан кейин куч ишлатар тизимларнинг қора ниқоб таққан 30 кишидан иборат гуруҳи Тошкентдаги Олмазор метро бекатида жойлашган хусусий такси ва микроавтобуслар турадиган стоянкада "рейд" ўтказди.


"Қора ниқоблилар" Ўзбекистоннинг жанубий ва ғарбий вилоятларига қатнайдиган хусусий таксилар ва микроавтобуслар эгаларини иссиқ асфальтга юзтубан қилиб ётқизиб қўйдилар. Улардан дарҳол стоянкани бўшатиб қўйиш талаб қилинди.

Шунингдек айтилишича, қора ниқоб таққан гуруҳ стоянка ичи ва атрофидаги дўкон ва кафеларнинг ойналарини ҳам синдирган.

Жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли Саида Қурбонова ҳам 20 июль куни Олмазор метросида "қора ниқобли" гуруҳнинг таксичиларни ерга ётқизиб қўйганига гувоҳ бўлганини айтади:

- Мен кеча метрода эдим. Олмазор метросидан чиқсам, менимча, таксистларниëв ерга юзтубан қилиб ëтқизиб қўйган экан. Шуни кўрдим. Қора кийим кийиб олган. Фақат кўзи кўринади. Қоп-қора кийиниб олган. Оëғига ҳам қора этик кийиб олган. Қўлларида дубинка бор эди. Автоматларини кўрмадим,- дейди Саида Қурбонова.

“Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Альянси” ташкилоти фаоли Акромхўжа Муҳиддиновнинг Озоликка айтишича, унинг турмуш ўртоғи Муҳаббат Муҳиддинова ҳам 20 июль куни Олмазор метросидаги автостоянкага "қора ниқоблилар" уюштирган ҳужумнинг гувоҳи бўлган. Акромхўжа Муҳиддинов турмуш ўртоғининг гапларига таянган ҳолда буларни айтди:

- Тахминан соат 15 ларга яқин қора кийимда келган, "нинзалар" дейиладию, "қора ниқобли" фақат кўзи очиқда, шу ерда кириб, битта стоянка бор, Жиззах, Самарқанд, Қарши, Гулистонга қатнайдиган Истана русумли ва енгил автомобиллар. Киракашларда энди. Тўсатдан шунақа шахслар келиб, ҳе йўқ бе йўқ ҳаммани уриб иссиқ асфалтга юзларини ëтқизиб, стоянкачиларнинг буткаси бор эди, буткаларини синдириб ташлаган эмиш. Магазинларнинг ойналари ҳам синган эмиш. У ерда заправка бор. Заправканинг подвалига аëлларни қамаб қўйган экан,- дейди Акромхўжа Муҳиддинов.

Унга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралардан бирига қарашли экани айтилаётган "қора ниқоблилар"ни фуқаролик кийимидаги шахс бошқариб турган:

- Кейин ўша ерда оқ сочли, қорин қўйган бир граждан кийимидаги фуқаро келиб “ҳаммаларинг нариги автостанцияга ўтасизлар, билет олиб билет билан қатнайсизлар маршрутлар бўйича” дебди. Истана автомобиллари борку 10-12 киши сиғадиган, Нексия русумли машиналарга. “Бўлмаса ҳаммасини металлоломга топшираман” дебди. Нимага бўлган, нима бўлган ҳеч ким билмайди. Бу давлатнинг одамларими ëки ясамами ҳеч ким билмайди. Нима учун урганининг сабабини ҳали билганим йўқ,- дейди Акромхўжа Муҳиддинов.

40 киши ертўлага олиб кетилди

21 июль куни тонгда воқеа жойини суратга олган ва гувоҳлар билан гаплашган “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Альянси” раҳбари Елена Урлаевага кўра, 20 июль куни автостоянка хизматчилари ва ҳайдовчилардан 40 нафари стоянка яқинидаги АЁҚШ ертўласига қамаб қўйилган. "Уларнинг айримлари ҳанузгача бедарак",- дейди Елена Урлаева.

21 июль куни Олмазордаги стоянка бўшаб қолди. Жанубий вилоятларга қатнайдиган такси ва микроавтобуслар йўқолди. Йўловчилар катта йўл бўйига чиқиб улов пойлашмоқда.

"Қора ниқобли"лар ким?

Ҳозирча айнан қайси куч ишлатар идорага қарашли экани ноаниқ қолаётган гуруҳ биринчи марта тадбиркорларга қарши рейд ўтказаётгани йўқ.Қора ниқобли махсус гуруҳларнинг қайси куч ишлатар идорасига қарашли экани сир бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматидан бу ҳақда маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонда қора ниқобли кучларнинг иқтисодий жиноятчиликка, терроризмга қарши курашда ва бозорларни тартибга солишда Ўзбекистон Солиқ қўмитаси, Бош прокуратураси томонидан фойдаланиши айтилади.

Ўзбекистон Экспертлар ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоиловга кўра, қора ниқобли махсус кучлар Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги таркибига киради.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати таркибида ҳам қора ниқобли махсус гуруҳлар борлиги айтилади.

"Қора ниқобли"лар ўтказган рейдлар

Бундан аввал 17 июль куни қора ниқобли "сирли кучлар"нинг сўнгги рейди Урганч шаҳридаги савдо уйида ўтказилган эди.

23 июнь куни Самарқанд вилояти Ургут шаҳар буюм бозоридаги тадбиркорларнинг ўзларининг янги бозорга кўчирилишига қарши билдирган норозилиги ҳам қора ниқобли махсус кучларнинг ёрдами билан бостирилган эди.

"Қора ниқоблилар" 16-17 июнь кунлари Янгийўл шаҳаридаги ресторанлар ва буюм бозорини босган эди.

Шу йилнинг 2 март куни Тошкентда бу гуруҳ Божхона, Солиқ қўмитаси, Ўзстандарт агентлиги билан бирга, "Туркуаз" ширкатига қарашли дўконлар жойлашган савдо уйига рейд уюштирган эди.

Тошкент шаҳридаги чинни бозори ва темир бозори ҳам "қора ниқоблилар"нинг ҳужумига учраган.
XS
SM
MD
LG