Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:48

Қўқонлик аёл зўравонлар жазоланишини сўрамоқда


Aёллар колониясида икки йилдан кўпроқ ўтирган қўқонлик Муҳайё Одилова тергов чоғида ўзини зўрлаганлар жазоланишига умид қилаяпти.

Муҳайё опага кўра, уни беш йил олдин Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси ертўласида зўрлашган.

- УИ-64/7 га етти ҳафталик ҳомила билан келганман. Бола тушиб, ўлиб қолай деганман. Оиламни ҳам бузиб юборишди, ўзимни ҳам қаматишди. Ҳозир нотўғри даволагани оқибатида трубалар ҳам бекилиб кетган. Изоляторда уч ойга яқин ўтирдим. Кўнглим айниб, ёмон бўлганимда дўхтир олиб келишди. У кўриб, ҳомиладор эканлигимни айтди. Кейин ГУИН ўзи 200 минг сўм пул ажратиб, даволашди. Даволаб ҳам фақат қон кетишини тўхтатишди, - дейди Муҳайё Одилова.

Саккиз ой ҳибсда сақланганида зўрланганлиги оқибатида ҳомиладор бўлиб қолган қўқонлик аёл айни пайтда бепушт бўлиб қолганлигини, мутасадди ташкилотларга ёзган хатлари эса жавобсиз қолаётганидан шикоят қилади:

- 2 йилу 3 ойда қамоқдан чиқиб, ёзмаган жойим қолмади. Ҳомиладорлик ҳақида оғиз ҳам очишмайди. Мен ёзсам, менга бошқача жавоб ёзишади. Мана шу ёзганларим учун Қўқон шаҳар ички ишлар бўлими яна жиноий иш қўзғатган. Борсам, “жим юр, ҳомиладор бўлганинг ҳақида умуман гапирма”, дейди. Қандай гапирмайман? Оилам бузилиб кетди, ўзим туғмас аёлга айландим, - дейди қўқонлик Муҳайё Одилова.

Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси тергов бўлими ходими Озодликка Муҳайё Одилованинг жинсий тажовуз қурбони бўлганлигини на инкор этди, на-да тасдиқлади:

- Бу бўйича сиз расман хат билан келиб, раҳбариятга учрайсиз. Биз бу бўйича бирор нима дея олмаймиз. Раҳбарият суҳбатлашади, - деди Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси тергов бўлимининг ўзини таништирмаган ходими.

Муҳайё Одилова мурожаат қилган Қўқон шаҳар ҳокимлигининг хотин-қизлар қўмитаси раис ўринбосари Гулнозахон Ҳамидова эса унинг номидан аризалар қўмитага ҳам келганлигини тасдиқлади:

- Аризалар билан мурожаат қилишган, аризаларга мутасаддилар жавоб берган. Ҳокимиятга кирсам, сизга айтаман, бир соатда телефон қилинг, - деди Қўқон шаҳар хокимлигининг хотин-қизлар қўмитаси раис ўринбосари Гулнозахон Ҳамидова.

Аммо Гулнозахон билан бир соатдан сўнг ҳам, бир неча соатдан сўнг ҳам боғлана олмадик.

Муҳайё Одилова мурожаатини халқаро ташкилотларга етказган “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянси” раҳбари Елена Урлаева мамлакат тергов изоляторларида аёлларнинг номусига тегиш ҳолатлари бўлса-да, ўзбек жамиятида бундай воқеалар кўпинча ошкор қилинмаслигини қайд этади:

- Кўпчилик аёллар номусига теккани ҳақида айтишга ор қилади. Мусулмон аёл унга кишанлар тақишиб, яланғоч қилиб қўйиб, номусига текканларини айтавермайди. Аммо бу ҳолатлар ҳақида гапирилмаса, жинсий тажовузни тўхтатиб бўлмайди. Бундай ҳолатлар кўп, - дейди ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева.

Ўтган йили Эзгулик инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзбек қамоқхоналарида жинсий зўрлаш ҳолатларининг кўпайгани, терговчилар, қамоқхона нозирлари ва бошқа масъул ходимларнинг маҳкумаларни зўрлагани оқибатида туғилган чақалоқлар сони ортгани ҳақида баёнот тарқатган эди. Мазкур хабарда Зангиота аёллар қамоқхонасида уч нафар маҳкума жинсий зўравонлик қурбони бўлгани айтилган эди.

“Эзгулик”нинг Тошкент вилояти бўлими раиси Абдураҳмон Ташанов зўрланиш ҳолатлари бўйича расмийлар бирор чора кўрмаганини сўзлайди:

- Тоштурмада ва бошқа тергов изоляторларида зўрлангани, ундан ташқари, Зангиотадаги аёллар қамоқхонасида зўрлангани ва ҳомиладор бўлиб, туққани ҳақида маълумотларни биз ўтган йили эълон қилган эдик. Афсуски, буларнинг бирортасига расмий тус берилгани йўқ. Жазони ижро этиш, прокуратура масъуллари бу бўйича жиноий иш очиб, кимнидир жавобгарликка тортгани ёки прокурорлик чораларини белгилагани ҳақида бизда маълумот йўқ, - дейди ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон ҳибсхоналари ва қамоқхоналарида номусига тажовуз қилинган Райҳон Соатова, Дилфуза Норматова, Насиба Жуманиёзова, Шоҳиста Махсумова ҳақида аввалроқ хабар қилгандик.

Эслатамиз, Райҳон Соатовани зўрлаганликда гумонланган милиция ходимлари ДНК текширувидан сўнг оқлаб юборилганди.

Шоҳиста Махсумованинг отаси Азамат Махсумов Озодликка қизининг иши бугунги кунда Ўзбекистон Олий судида кўрилаётганини маълум қилди.

Дилфуза Норматова ва Насиба Жуманиёзоваларнинг кейинги тақдири ҳақида эса ҳозирча маълумот олишнинг имкони бўлмаётир.
XS
SM
MD
LG