Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:34

“Ўзбекистон номли қамоқхона” веб-саҳифаси очилди


Инсон ҳуқуқлари Халқаро федерацияси ушбу веб-саҳифа орқали Ўзбекистондаги инсон ҳақлари вазиятига эътибор қаратиш ниятида.


“Ўзбекистон номли қамоқхона”

Маркази Парижда жойлашган Инсон ҳуқуқлари Халқаро Федерацияси (FIDH) Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига эътибор қаратиш мақсадида “Ўзбекистон номли қамоқхона” деб аталган янги веб-саҳифа ташкил қилди.

Ташкилот маълумотига кўра, веб-саҳифа орқали Ўзбекистон қамоқхоналарида қийин вазиятда қолаётган камида 13 нафар ҳуқуқ фаоли тақдири хавотирлидир.

Веб-саҳифанинг очилишига АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод бўлишга уринаëтган Ҳерман Кэйннинг Ўзбекистон президенти ким, деган саволга “Убеки-беки-беки-беки-стан-стан” каби “қандайдир кичик ва аҳамиятсиз давлат раҳбарининг исмини билиш” шарт эмас, қабилидаги жавоби туртки бўлган.

FIDH аксинча одамлар Ўзбекистон ҳақида билиши керак деган фикрда.

Ўзбекистоннинг АҚШга совғаси

Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари борасидаги танқидларга камдан-кам ҳолларда эътибор қаратишини таъкидлаган FIDH бунга иккита мисолни келтиради.

2010 йилнинг декабрида АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг Ўзбекистонга сафари арафасида бир ҳуқуқ фаоли озодликка чиқарилганини эслатади.

Ўтган йилнинг 1 декабр куни тошкентлик ҳуқуқ фаоли Фарҳод Мухторов кутилмаганда озод қилинган эди.

Товламачиликда айбланиб беш йилга озодликдан маҳрум қилинган Фарҳод Мухторовнинг жазо ўташ муддати ўзгартирилиб, аҳлоқ тузатиш ишларига ўзгартирилган эди.

Жорий йилнинг 14 октябр куни кутилмаганда ҳуқуқ фаоли Норбой Холжигитовнинг озод қилинганини ҳам FIDH Ҳиллари Клинтоннинг Тошкентга расмий сафари билан боғлайди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Жамиятининг Самарқанд вилояти Иштихон тумани бўлими раиси Норбой Холжигитов ўн йиллик қамоқ жазосининг 6 йилу 4 ой ўтагач, озод қилинди.

22-23 октябр кунлари Ўзбекистонга ташрифи доирасида АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Тошкентда қаерга бормасин фақат инсон ҳуқуқлари ҳақида гапирганини ёзди айрим матбуот нашрлари.

Клинтоннинг Тошкентга ташрифини кузатган "Эзгулик" жамияти вакили Абдураҳмон Ташановнинг Озодликка айтишича, Клинтон инсон ҳуқуқлари ва демократия масалалари йўлга қўйилмас экан тараққиётга эришиш қийин, дея таъкидлаган.

Бироқ АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон Ўзбекистонга ташрифи чоғида мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашмади.

“Яна 13 йил кутамизми?”

Инсон ҳуқуқлари учун Халқаро Федерация “Ўзбекистон деб номланган қамоқхона” веб-саҳифасида қамоқда қолаётган 13 нафар ҳуқуқ фаолининг исми-шарифини келтиради.

Булар - Ҳабибулла Оқпўлатов, Аъзам Фармонов, Насим Исоҳов, Жамшид Каримов, Йўлдош Расулов, Зафар Раҳимов, Ғанихон Маматхонов, Ғойбулло Жалилов, Алишер Кароматов, Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саййид, Аъзам Турғунов ва Абдурасул Худойназаровлардир.

Клинтон хоним ташрифи олдидан ҳар йили бир нафар ҳуқуқ фаоли озод бўлганига эътибор қаратган халқаро федерация қамоқдаги 13 ҳуқуқ фаолининг озод қилинишини “яна 13 йил кутамизми”дея савол ташлайди.
XS
SM
MD
LG