Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:37

Ўзбекистонда тилла буюмларидан акциз солиғи ундирилмоқда


Ўзбекистонда тиллага харидорлар унинг ҳар граммини 10 АҚШ долларига қимматроқ нархда сотиб олмоқда.
Ўзбекистонда тиллага харидорлар унинг ҳар граммини 10 АҚШ долларига қимматроқ нархда сотиб олмоқда.

Ўзбекистондаги савдо дўконларида сотилаётган тилла буюмларга солинган акциз солиғи қиймати ҳар граммга 10 АҚШ долларидан белгиланган.

Ўзбекистон расмий матбуотида берилган хабарларга кўра, мамлакатдаги чакана савдо билан шуғулланувчи заргарлик буюмлари дўконларида сотилаётган тилла буюмларга акциз солиғи солинди.

2012 йилнинг 12 февралида Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқлангани хабар қилинган қарорга мувофиқ акциз солиғи тилла буюмларини сотувчи заргарлик дўконлари, хусусий дўконлар ёки катта дўконлардаги заргарлик бўлимларига эгалик қилувчи юридик шахслардан ундирилмоқда.

Солиқ эса тилла буюмга ёпиштирилган ёрлиқда кўрсатилган ҳар бир граммга 10 АҚШ доллари миқдорида белгиланган.

Тошкентдаги қатор савдо дўконлари эгалари ва сотувчилари бу солиқ аллақачон тилланинг хардор учун белгиланган нархида акс этганини айтмоқда.

- Ҳозир тилланинг бир грамми учун нарх 180 мингдан бошланиб, 250-260 мингга қадар. Энг арзони бу ўзимизда чиқадиган "585", "583" пробали тиллада. Шунинг грамми 180 минг сўм бизда,- дейди Тошкент шаҳридаги заргарлик дўкони сотувчиларидан бири.

Тошкент марказидаги яна бир йирик савдо дўкони эгаси эса тиллага акциз солиғи солиниши сабаблари уларга қоронғу эканини айтди.

- 10 доллардан солиқ солинганидан албатта хабаримиз бор. Лекин нимага солинди, билмаймиз. Бу энди тилла нархи 10 долларга ошди, деганида. Кейин бу суммани харидордан оламизда барибир,- дейди заргарлик буюмлари сотувчи хусусий дўконлардан бирининг эгаси.

Унга кўра, тилланинг ўзбек сўмидаги нархи ўртача 20 минг сўмга яқин миқдорда қимматлагани харидорлар томонидан умумиятла оғир олинган, аммо савдо ўша-ўша.

Яъни, ҳали-ҳануз Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқариладиган тилла буюмларининг савдоси чаққон.

- Чунки арзон. Кейин буюмларнинг кўриниши ҳам ёмонмасда. Билмасам, бизникиларни қониқтиради, олишади шуни. Айниқса, тўйга кўп олишади. Бизда яна российский, италянский тилла бор. Турциядан бор. Ҳаммаси ҳам яхши сотилади,- дейди тилла буюмлари сотиладиган дўконлардан бирининг сотувчиси.

2012 йилнинг январ ойидан бошлаб Ўзбекистонда тилладан ташқари яна спиртли ичимликлар¸ тамаки маҳсулотлари ва ўсимлик ёғига ҳам акциз солиғи солинган эди.

Ўзбекистон Солиқ қўмитасидан олинган расмий маълумотларга кўра, 2012 йилнинг 1 январидан бошлаб спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларига солинадиган акциз солиғи 15 фоиздан 21 фоизгача оширилган.

Расмийларга кўра¸ бу турдаги маҳсулотларга акциз солиғининг оширилиши 2012 йил давлат бюджетини тузишда инобатга олинган.

Иқтисодчилар билвосита солиқлар тизимига тегишли бўлган акциз солиғининг 2012 йилдан бошлаб бир неча товар маҳсулотларига нисбатан жорий этилишини ҳукуматнинг Ўзбекистон бюжетига тушумни ошириш истаги билан изоҳлайдилар.

Худди шунингдек, расмий манбаларда ҳам Ўзбекистондаги акциз солиқлари оширилишидан давлат ғазнасига 2012 йилда 3¸116 триллион сўм даромад тушиши кутилаётгани ва бунинг 2011 йилгига нисбатан 15 фоизга кўп экани айтилмоқда.

2011 йил давомида ҳам Ўзбекистон ҳукумати хориждан келтириладиган қатор озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, ун, сут, гўшт маҳсулотлари ва тропик мевалар учун 100 баробардан 200 баробарга қадар акциз солиғи солган эди.
XS
SM
MD
LG