Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:34

Ўзбекистонда педофилга амнистия қўлланди


Ўзбекистонда эълон қилинган сўнгги амнистиядан ҳимоясиз қизалоқни бир неча бор зўрлаган ва айби судда тасдиқланган 45 яшар Рустем Ибрагимов ҳам баҳраманд бўлди.

Дебилми ё педофил?

Ўтган йилнинг 14 декабрида Олмалиқ шаҳар суди томонидан етти яшар қизалоқни кўп маротаба жинсий зўрлагани учун 17 йил қамоқ жазосига ҳукм этилган Рустем Ибрагимов яқинда президент эълон қилган амнистия асосида озодликка чиқарилди.

Ибрагимовга нисбатан, ўтган йилнинг декабрида Конституциянинг 19 йиллигига бағишланиб қабул қилинган амнистия қўлланилди.

Рустам Ибрагимов болаликдан олигофрения ва чуқур даражада ривожланган дебил эканини инобатга олиб, суд уни озод қилишга қарор қилган.

"Бу мутлақо адолатсизлик"¸ дейди жабрланувчи томон адвокати Саодат Умарова.

- Педофилни судя жиннига чиқарган бўлса ҳам, бу жинни - хавфли ва у махсус руҳий шифохонада ўтириши керак, озодликда юриши керак эмас, таъкидлайди Умарова.

Олмалиқ шаҳар суди ҳукмида айтилишича, Ибрагимов ўтган йил ёзида қўшнисининг 7 яшар қизини алдов йўли билан ётоғига олиб кириб зўрлаган.

Судда Рустем Ибрагимов ўз айбини қисман бўйнига олган.


Хавфли жиноятчи озодликда

Тошкент вилоят Суд-тиббиëт экспертизаси Бош бошқармасининг 2012 йил 13 феврал куни берган маълумотномасига кўра¸ Ибрагимов олигофрения ва чуқур ривожланган дебиллик туфайли болалигидан иккинчи гуруҳ ногиронидир.

Жабрдийда қиз онасининг адвокати Саодат Умарова, Ибрагимов касаллигининг оғир даражада эканлигини шубҳа остига қўяди.

- Ибрагимов илмий ишлаб чиқариш бирлашмасида механик-мастер бўлиб ишлаган, демак мутлақо ақлини таниган ва ўз қилмишига жавоб бера олади, дейди Умарова.

Саодат Умаровага кўра, Ибрагимов ўтган йил ёзида қўшниси бўлган 7 яшар қизни онгли равишда етти марта зўрлагани ҳам уни дебил эмаслигидан далолатдир.

- Агар одам дебил бўлса бир марта жиноят қилади, бошқа бу ишга қўл урмайди. Бу одам қизни уч ой давомида азоблаб келган, онгли равишда етти марта зўрлаган. Шу қизнинг оиласи энди Ўзбекистонда адолатга ишончини йўқотди, дейди Умарова.

Зўрланган қизнинг онаси Лилия Дрожкина ва унинг яқинлари эса дебил ва педофил қўшниси озодликка чиқарилганидан даҳшатда.

- Ҳозир нафақат бу қизнинг оиласи, балки бутун маҳалла ҳайрон, даҳшатга тушган. Қизнинг оиласи ҳатто уйини сотиб Қримга кўчиб кетишга ҳам рози, дейди Саодат Умарова.


Амнистия жамият учун хатарлими?

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларига кўра, мамлакатда ҳар йили амнистиядан кейин жиноятчилик ортади. Чунки жиноятчилар озодликка чиқарилади.

“Биринчи навбатда ҳақиқий жиноятчилар чиқарилади, мамлакатни нормал ҳолатга келтирмоқчи бўлганлар қамоқда қолаверади. Ҳолбуки¸ болага зўрлик қилган зўровон жазосини олиши керак”, дейди Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Ҳукумат расмийларига кўра¸ Ўзбекистонда асосан аёллар, вояга етмаганлар, 60 ёшдан ошган кексалар, ногиронлар ҳамда хориж фуқароларига нисбатан биринчи навбатда амнистия қўлланилади.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Светлана Ортиқованинг айтишича, ўтган йилнинг 5 декабрида Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 19 йиллиги муносабати билан эълон этилган амнистия бўйича 45 минг 383 нафар маҳкум авф қилинган.

- Булар асосан аëллар, жиноят содир этган вақтда 18 ëшга тўлмаган шахслар, 60 ëшдан ошган эркаклардир. Эҳтиëтсизлик орқасидан жиноят содир этган, шунингдек ижтимоий хавфи катта бўлмаган ëки унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қарорнинг иккинчи банди тадбиқ этилган, дейди Ортиқова.

Ортиқова хонимга кўра, жазодан озод қилинганлар қайта жиноятга қўл уришлари олдини олиш учун реабилитация дастурлари бор ва махсус марказлар бу билан шуғулланади.

Ўзбекистонда эълон қилинган бу йилги амнистия ўнлаб ҳуқуқ ҳимоячилари, журналист ва мухолифат фаолларини четлаб ўтди.

2008 йилда гиёҳванд моддаларни сотиш айблови билан судланган 62 яшар қорақалпоғистонлик журналист Солижон Абдурахманов, 2009 йили автоҳалокатда хотини ва жажжи қизалоғи ҳалок бўлган журналист Дилмурод Саййид, бир ўпкасидан жудо бўлган қашқадарёлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ғайбулло Жалиловлар шулар жумласидан.
XS
SM
MD
LG