Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:32

Ўзбек футболи: мафия, спорт ва ишқибозлар


"Пахтакор"-Динамо-Киев ўйинидан.
"Пахтакор"-Динамо-Киев ўйинидан.

4 апрел куни футбол ишқибозларининг “Пахтакор” клуби вице-президенти Самвел Бабаяннинг истеъфосини талаб қилиб чиқиши ўзбек футбол оламини "зириллатди".

“Бабаян, в отставку”


Жорий йилнинг 4 апрел куни Тошкентдаги "Жар" стадионида ўтказилган "Пахтакор" ва "Ал Араби" жамоалари ўртасидаги ўйин 3:1 ҳисобида якунланиб, ўзбек ишқибозларини қувонтирди.

Бироқ ушбу ўйин ўзбек футбол оламида шов-шувларга сабаб бўлди.

Ўша куни “Жар” стадионига йиғилган “Пахтакор” фан клуби аъзолари клубнинг вице-президенти Самвел Бабаяннинг истеъфосини талаб қилиб, “Бабаян, в отставку” деган плакатни кўтариб чиқишди.

41 ёшли Самвел Бабаян “Пахтакор” клубида 2002 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.

Норози ишқибозлар босимга учради


Хавфсизлик юзасидан исми сир қолишини истаган манбанинг айтишича, Бабаяннинг истеъфосини талаб қилган футбол ишқибозларидан айримлари таъқибга учраган.

- Ўзбекистонда футбол ўйинлари бўлган пайти хавфсизлик хизматлари видеога олишади. Ўша видео орқали кимлар плакатни кўтарганини аниқлашган. Уларнинг барчасини милиция бўлимларига олиб бориб сўроқ қилишди. Кейин йигитларга жарима солишди,- деди манба.

Twitter ижтимоий тармоғи орқали ҳам Бабаян истеъфосини талаб қилган футбол ишқибозлари жаримага тортилгани ва улар олти нафар экани ҳақида хабарлар тарқатилди. Бироқ ишқибозларнинг нима асосда жаримага тортилгани маълум эмас.

“Пахтакор” фан клуби бошлиғи Иззат Асатиллаев мавзу борасида Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортди.

“Бабаян, в отставку-2” ёҳуд сиқувга олинган мухлис қисмати”


“Жар” стадионида плакат кўтариш воқеаси ортидан Fk.uz сайтида “Бабаян, в отставку-2” ёҳуд сиқувга олинган мухлис қисмати” номли мақола эълон қилинди, бироқ кейинчалик мақола сайтдан олиб ташланди.

Самвел Бабаян "Пахтакор"да 10 йилдан буён фаолият юритмоқда.
Самвел Бабаян "Пахтакор"да 10 йилдан буён фаолият юритмоқда.
"Пахтакор" клуби директори ўринбосари Равшан Салимов Futgol газетасига берган интервьюсида Fk.uz сайти маъмуриятидан ушбу мақолани олиб ташлашни илтимос қилганини тан олган.

Ҳозирда Uzsat.net сайтига жойлаштирилган ушбу мақолада "Пахтакор" фан клуби аъзоси Азиз Қурбонов Бабаян истеъфосини талаб қилиб плакат кўтарган мухлислардан бири бўлгани ва ушбу воқеадан кейин уларга нисбатан Бабаян томонидан босим бўлгани ҳақида ёзилади.

Журналист Фарҳод Норбўтаев билан суҳбатда Азиз Қурбонов ўзига нисбатан босим бўлгани натижасида плакатни ёзган уч кишининг исмини Бабаян қўриқчиларига “сотгани” айтилади.

Fk.uz сайти хабарига кўра, кейинчалик ушбу уч киши Ички ишлар бўлимига олиб бориб, сўроқ қилинган.

“Пахтакор” фан клуби раддияси


17 апрел кунги “Ал Араби”- “Пахтакор” ўйинини кузатиш учун Доҳага кетган Самвел Бабаян билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Озодлик билан суҳбатда бўлган "Пахтакор" вакилларидан бири, плакат воқеаси ва унинг ортидан пайдо бўлган гап-сўзлар аҳамиятини пасайтиришга уринди. Унга кўра, футбол оламида бўлиб турадиган миш-мишларга кўп ҳам аҳамият қаратиш керак эмас.

“Пахтакор” фан клуби "Жар" стадионида Бабаян истеъфоси талаби билан бўлган акцияси борасида маҳаллий матбуот орқали эълон қилган раддияда "Куни кеча "Жар" стадионида клубимиз раҳбари номига кўрсатилган баннер, фан клубнинг ишига қарши ва ўзлари учун янги гуруҳ тузиб олмоқчи бўлган кишилар номидан ишлаб чиқилган экан. Уларниг мақсади нима эди билмадик. Ҳозир улар билан ички ишлар ходимлари шуғулланишяпти. Алам қиладигани бизни байрам кайфиятимизни бузишди. Шахсан биз клуб раҳбарларига ишонамиз. Академиямиз ва бошқалар айнан шуларнинг шарофати билан гулламоқда” дейилади.

Бабаянга қарши кампания


​Футбол шарҳловчиларидан бирининг Озодликка айтишича, Бабаянга нисбатан эътирозлар футбол ишқибозлари орасида анчадан бери кучайиб келаётган бўлган.

Шу кунларда Интернетдаги турли сайтларда, жумладан, Wikipedia.org сайтининг “Пахтакор" клубига оид инглиз тилидаги иккита мақола чоп қилинган саҳифаларда Бабаян истеъфосини талаб қилувчи чақириқлар жойлаштирилган.

Ўзбекистон спорт оламидан яқин хабардор ва футбол дунёсига бевосита алоқадор бўлган, бироқ ўзини ошкор қилишни истамаган манба Самвел Бабаян истеъфосини талаб қилувчи норози ишқибозлар чиқишини шундай изоҳлади.

“Бабаян футбол мафияларидан бири. У милицияни ҳам матбуотни ҳам қўрқитиб қўйган. Ўзбекистон чемпионатларида судяларни сотиб олади. Ғирром ўйин қилади. У шартномаси тугаган футболчиларни қўрқитиб, шартномасини чўздиради. Футболчиларнинг ойлигини бермайди ёки узоқ йиллик контрактларга қўл қўйдириб, алдаб ўйнатади. Бабаян фақат ўз чизган чизиғидан чиқмайдиган тренерларни ишлатади. Бабаян Ботир Раҳимовнинг одами. Ботир Раҳимов "Пахтакор"нинг президенти эди, у қамалиб ҳам чиқди. Бабаян ҳануз Ботир Раҳимов кўмагидан фойдаланади. Кейинги пайтда "Пахтакор"нинг ўйинидан ҳеч ким қониқмаяпти. Қизиқарли ўйин кўрсата олмаяпти”, деди ўзбек футболига бевосита алоқадор манба.

Ўзбек футболига алоқадор бошқа бир манба эса Бабаяннинг футболчиларни "шантаж" қилиш усуллари ҳақидаги маълумотномани Озодликка тақдим қилди.

Ушбу маълумотномада "шантаж" қурбони бўлган айрим футболчиларнинг исм-шарифлари ҳам келтирилган. Биз ушбу ўйинчиларнинг ўзлари билан боғланиб, бунга аниқлик кирита олмаганимиз боис, уларнинг исмларини эълон қилмаяпмиз.

"Бабаяннинг футболчиларни алдов йўли билан бошқа жамоаларга сотиши ё бўлмаса ижарага бериши худди одам савдосига ўхшайди. Аввалига паспорт олиб қўйилади ва сўнг жабрдийда футболчини истаган куйга солишади. Бўйсунмаган футболчилар эса ФутболМед-тиббий кўрикдан ўтказилмайди" дейилади ушбу маълумотномада.


“Пахтакор”га пахта қўйиш шарт эмас


17 апрел куни “Futgol” газетасида чоп этилган "Пахтакор”га пахта қўйиш шарт эмас” номли мақолада "Пахтакор" клуби раҳбарияти томонидан футбол ишқибозларига нисбатан босим бўлаётгани бутунлай инкор қилинади.

Futgol газетасида Самвел Бабаян билан суҳбат эълон қилинди.
Futgol газетасида Самвел Бабаян билан суҳбат эълон қилинди.
Самвел Бабаян газетага берган интервьюсида “Билмадим нега, фан-клуб ичидаги айрим инсонлар алоҳида гуруҳ ташкил қилишни лозим топишибди. Футбол фахрийлари “Пахтакор” ҳақида ҳар қандай фикрни билдирсин, тўғри қабул қиламан. Лекин бунақа мухлиснинг муносабатини менга аҳамияти йўқ” деган фикрларни билдирган.

Айни пайтда Twitter ва Facebook ижтимоий тармоқларида “Жар” стадионида Бабаян истеъфосини талаб қилиб, плакат кўтарган футбол мухлисларига босим бўлаётгани қораланмоқда.

Озодликка маълум бўлишича, яқин кунларда “Бабаян, в отставку-3 ёҳуд кўза кунда эмас, кунида синади” номли янги мақола нашрга тайёрланмоқда.
XS
SM
MD
LG