Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:37

Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги давлат қўмитасига айлантирилди


 ЎзААА Бош директори Хуршид Мирзоҳидов янги қўмитага раҳбар этиб тайинланди.
ЎзААА Бош директори Хуршид Мирзоҳидов янги қўмитага раҳбар этиб тайинланди.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг давлат қўмитасига айлантирилишига MTS ва TeliaSonera можаролари сабаб тарзида кўрилмоқда.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (ЎзААА) эндиликда Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасига айлантирилди.

Бу ҳақда Aci.uz (собиқ ЎзААА) сайтидаги кичик хабарда айтилган.

ЎзАААнинг қўмитага айлантирилаётгани ҳақида дастлаб 22 октябр куни маҳаллий матбуотда хабарлар пайдо бўлди.

Лекин ЎзААА матбуот котиби Элбек Долимов Озодлик билан суҳбатда бу хабарларни инкор қилган эди.

Орадан тўрт кун ўтиб, gov.uz ҳукумат порталидаги давлат агентликлари рўйхатидан ЎзААА олиб ташланди ва давлат қўмиталари рўйхатига янги орган – Ўзбекистон Давлат алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари қўмитаси қўшиб қўйилди.



ЎзАААнинг давлат қўмитасига айлантириш сабаблари бирор бир расмий сайтда изоҳланганича йўқ.

Aci.uz (собиқ ЎзААА) сайтидаги уч қатордан иборат кичик хабарда айтилишича, мазкур агентликнинг қўмитага айлантирилиши натижасида алоқа ва ахборотлаштириш соҳасини бошқаришни янада такомиллаштириш кўзда тутилган.

29 октябр куни Озодлик мухбири янги ташкил қилинган Давлат қўмитаси масъулларидан бирор маълумот олишга муваффақ бўлолмади.

Маҳаллий матбуот орқали ёзилишича, ЎзААА бош директори лавозимида ишлаб келган Хуршид Мирзоҳидов Ўзбекистон Давлат алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари қўмитасининг раиси этиб тайинланди.

ЎзАААнинг давлат қўмитасига айлантирилиши MTS ва TeliaSonera можаролари давом этаётган бир пайтга тўғри келди.

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов фикрича, ҳукумат айни можаролардан қуруқ чиқиб кетиш мақсадида агентликни "қурбон" қилаяпти.

- Ҳозир Ўзбекистоннинг репутациясига катта таъсир қилаëтган дунëдаги энг катта ишлар ҳаттоки халқаро ҳамжамият орасида "ўзбеклар иши" деган ном олди. Айнан Швециядаги, Швейцариядаги пул ювишлару Teliasonera, МТСлар ҳаммаси айнан алоқа коммуникация соҳасидаги ишлар бўлди. Ўзбекистон ҳукумати мана шу агентликнинг номини қўмитага айлантириб, у ердаги энг катта мутасаддиларни бамисоли қамаш ëки тергов қилиш орқали “Бу соҳада коррупция бор. Бу Каримовнинг оиласига тўғридан тўғри боғлиқ эмас” деган хулосани бермоқчи. Яъни жамоатчилик тафаккури, фикрида у ишларнинг марказий шахси Гулнора Каримова деб қаралган эди шу пайтгача. Менинг назаримда асосий мақсад Каримовлар оиласи репутациясини бироз бўлсада тозалаш, дейди Раббимов.

Лекин Ўзбекистон эксперт ишчи гуруҳи раҳбари, ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоиловга кўра, ЎзАААнинг давлат қўмитасига айлантиришилиши мутлақо MTS ва TeliaSonera билан боғлиқ эмас.

- Биздаги маълумотлар бўйича бу ўзгартириш ҳукумат структурасидаги, Вазирлар Маҳкамаси структурасидаги ўзгартиришлар ичидаги элемент сифатида анчадан бери муҳокама қилинаëтган эди. Ахборотлаштириш агентлиги қошида шуни ихтисослаштириш учун иккита алоҳида қўмита тузилаяпти, деган гаплар бор эди. Менимча, мана шу структурани ўзгартириш бўйича режаларга боғлиқ. Режага қарайдиган бўлсак, иккита алоҳида идора тузилиши керак. Иккаласи ҳам илгариги УзАСИ бажарган фаолиятни амалга оширади. Биттаси айнан ахборотлаштириш, телекоммуникация тармоғи бўйича мутасадди бўладиган бўлса, иккинчи орган Ўзбекистондаги умумий ахборот бўйича ишлайдиган органларнинг ишларини мониторинг қилиш билан шуғулланади. УзАСининг раҳбари илгари Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот берадиган кўриладиган бўлса, энди бу қўмитанинг ҳам раҳбари ўз мақоми бўйича айнан вазирга тенглаштирилди, дейди Суҳроб Исмоилов.

Жорий йил июлида ЎзААА “Ўздунробита”-МТС лицензиясини бекор қилди.

17 сентябр куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди “Ўздунробита” ширкатининг тўрт ходимини уч йилдан шартли равишда озодликдан маҳрум қилди ва ширкат мулкини давлат фойдасига ўзлаштирди.

18 октябр куни Россия Давлат Думаси Ўзбекистондан МТСнинг “ҳайдалиши”ни қоралаб, Россия сармоядорлари ва бизнесига босим кўрсатаëтган Ўзбекистон ҳукуматига тегишли тарзда кескин жавоб қайтаришга чақирди.

МТС можоралари авжига чиққан бир пайтда “ўзбеклар иши” дея таърифланаётган Швециянинг TeliaSonera ширкати билан боғлиқ айбловлар ҳам ўртага чиқди.

Швеция прокуратураси TeliaSoneraни Ўзбекистон телекомуникация бозорига кириш учун юзлаб миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганликда айбламоқда.

Бу иккита можаро ҳам айнан ЎзААА билан бевосита боғлиқ ҳолда тилга олинаяпти.

ЎзААА 2002 йил 30 майда президент Ислом Каримовнинг фармонига асосан, Ўзбекистон Почта ва телекоммуникация агентлиги ўрнида ташкил этилган.

ЎзААА алоқа, ахборотлаштиш тизимидаги масалаларни ҳал этиш, давлат сиёсатини олиб бориш ва радиочастота спектридан фойдаланиш учун ваколатланган мувофиқлаштирувчи бошқарув органи сифатида фаолият кўрсатган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:54 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG