Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:52

"Тигиев бронза медалини қайтариши керак"


Халқаро Олимпия қўмитаси расмийларига кўра, ўзбекистонлик курашчи Сослан Тигиев бронза медалини қўлга киритган 10 август куни унинг қон намунасида спортчилар учун тақиқланган метилгексанамин моддаси аниқланган:

- Шу сабаб Тигиевдан бронза медали олиниб, у билан курашга тушиб, тўртинчи ўринни олган венгриялик рақибига топширишга қарор қилинди, деди Халқаро Олимпия қўмитаси матбуот вакили Жизэл Дэйвис Озодлик билан суҳбатда.

Ҳозирда Халқаро Олимпия қўмитаси Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасидан Тигиевга берилган бронза медали ва дипломни қайтариб беришни сўрамоқда.

- Медал қайтариб берилиши керак. Сабаби¸ биз уни тўртинчи ўринни олган спортчига беришимиз лозим, деди Жизэл Дэйвис.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасидаги расмийлар бу ҳолатни ҳеч бир шаклда изоҳлашмаяпти.



Ўзбекистон Кураш уюшмаси ҳам ҳозирча жим

– Биз бу юзадан ҳозирча изоҳ беролмаймиз, деди Ўзбекистон Кураш уюшмасининг Озодлик суҳбатлашган вакилларидан бири.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг ўз исмини айтмаган расмийси Озодлик мухбирига қўмитага ҳам¸ Миллий Кураш уюшмасига ҳам Халқаро Олимпия қўмитасидан Тигиевга берилган медал бекор қилингани ҳақида расмий хат келиб тушмаганини билдирди:

–Тигиев бўйича бирон қарор қабул қилинган ва бизга бу юзадан расмий хат келгани тақдирда ҳам ҳали бу спортчимиздан медал олиб қўйилишини англатмайди. Бу бўйича апелляция процедураси бор. Қарор юзасидан Xалқаро спорт арбитраж судига мурожаат этиш имконлари бор, деди Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг исми айтилишини хоҳламаган расмийларидан бири.

Метилгексанамин мўътадил стимулятор ҳисобланади ва Халқаро допинг қўмитаси тарафидан спортчиларга унинг истеъмоли манъ этиб қўйилган.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси расмийлари бу модда спортчи организмига озиқ-овқат қўшимчалари воситасида тушиб қолган бўлиши мумкинлигини иддао қилишмоқда.

Асли жанубий осетиялик Сослан Тигиев эркин кураш бўйича Ўзбекистонни 2005 йилдан буён халқаро ареналарда тамсил этиб келмоқда.

У 2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиада ўйинлари пайти 74 килограмм вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритган эди.

Президент совғалари нима бўлади?

Бу йил Лондон Олимпиадасидан бронза медали билан Тошкентга қайтган Тигиев бошқа совриндорлар қатори Ўзбекистон президенти томонидан “Ўзбекистон ифтихори” унвони, 50000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти ва Chevrolet Lasetti русумидаги машина билан тақдирланган эди.

Халқаро Олимпия қўмитаси ўзбек спортчисидан бронза медалини қайтариб олганидан сўнг унга берилган фахрий унвон, машина ва пул мукофотлари тақдири нима бўлиши номаълум.

Аммо Ўзбекистон Олимпия қўмитасининг Озодлик суҳбатлашган расмийсига кўра, нима бўлгани тақдирда ҳам пул мукофоти ва машина Сослан Тегиевдан қайтариб олинмайди.

Ўзбекистон бу йилги Лондон Ёзги Олимпиада ўйинларида битта олтин ва учта бронза медали билан 47-ўринни эгаллади.

Тегиев бронза медалининг бекор этилиши эндиликда Ўзбекистонни 48-ўринга тушириши мумкин.

Сослан Тигиев Лондондаги мусобоқалар пайти қонида допинг моддаси топилган ягона ўзбек спортчиси эмас.

Ўзбекистонлик гимнастикачи Луиза Галиулина қонида ҳам допинг излари топилиб Лондон Олимпиадасидан қувилди.

Ўзбекистонлик дзюдочи Абдулла Тангриев қонидаги наша аломатлари топилганидан сўнг бу спортчи Лондон Олимпиадасига умуман қўйилмади ва унинг икки йилга халқаро мусобоқаларда иштирок этиши тақиқлаб қўйилди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:02 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG