Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:34

Ангрендаги мактабда ўқувчилар оммавий заҳарланди


Оммавий заҳарланиш оқибатида 28 ўқувчи касалхонага ётқизилди. (Расм Uznews.net сайтидан олинди)
Оммавий заҳарланиш оқибатида 28 ўқувчи касалхонага ётқизилди. (Расм Uznews.net сайтидан олинди)

25 январ куни Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги 12-сонли мактабда 1-синф ўқувчиларининг оммавий заҳарланиши оқибатида 28 нафар болакай шифохонага ётқизилди.


Воқеа ўтган жума куни мактабда дарс машғулотлари ўтаётган пайтда содир бўлган.

12-мактабдаги ўқитувчилардан бири, исмини ошкор қилмаётганимиз суҳбатдошга кўра, катта синф ўқувчиларидан бири кўздан ёш оқизувчи махсус газли аэрозолни ишлатгани оқибатида қўшни синфдаги барча ўқувчилар заҳарланган.

"Бу дарс пайти бўлди. 1-синф ўқувчилари газдан заҳарланди. Болалар ўзларини ёмон ҳис қилгач, уларни кўчага эвакуация қилдик. Тез тиббий ёрдам чақирдик. Тўртта машинада болаларнинг барчасини олиб кетиб, тиббий ёрдам кўрсатишди. 12 ўқувчимиз реанимация бўлимига ётқизилди. МЧС, милиция келиб вазиятни ўрганди", деди ангренлик ўқитувчи.

Заҳарланган ўқувчилар Ангрен шаҳридаги болалар шифохонасига ётқизилган. Исмини ошкор қилмаётганимиз шифохона расмийларидан бирига кўра, заҳарланиш оқибатида жами 28 нафар ўқувчи касалхонага келтирилган.

"Ўқувчиларнинг аҳволи келтирилган пайти ўртача эди. Уларда кўнгил айниш, бош айланиш ҳолати қайд қилинди. Бизда кислород орқали нафас олдириш аппаратлари фақат реанимация бўлимида бўлгани учун болаларни шу бўлимга олиб кириб, кислород хидлатдик. Биз уларни тиббий назоратдан ўтказгач чиқариб юбордик", деди шифохона расмийси.

1-синф раҳбари Татяна Куртунеровага кўра, 28 январ куни 1-синф ўқувчилари дарсга чиқишган. Фақат беш нафар ўқувчи шифохонада қолган.

Шифохона расмийсига кўра, касалхонада қолган беш нафар ўқувчида "заҳарланишдан ташқари грипп инфекцияси ҳам аниқлангани" учун уларни даволаш жараёни давом эттирилаяпти.

Ангрендаги мактабда оммавий заҳарланиш воқеаси ҳақида ёзган Uznews.net сайти маълумотига кўра, "мактабда тиббий ходим бўлмагани учун ўқувчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилмаган".

Uznews.net нашрининг Ангрендаги манбаларига таянган ҳолда ёзишича, ўқувчилар "Россияда ишлаб чиқарилган "ШОК" тамғали газ баллончаси"дан заҳарланган.

Ангрен шифохонаси расмийсига кўра, мазкур аэрозол таркибида қалампир суюқлиги бўлиб, одам организмидаги заҳарланиш бир кун ичида чиқиб кетади.

Ангрен шаҳар Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, 12-мактабдаги ўқувчиларнинг оммавий заҳарланиш ҳолати бўйича жиноий очилган ва тергов бўлими суриштирув ишларини олиб бораяпти.

Милиция бўлимининг навбатчи ходими берган маълумотга кўра, заҳарланиш воқеасини Ангрен шаҳар прокуратураси ҳам ўрганаяпти.
XS
SM
MD
LG