Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:39

Андижонда меҳнат муҳожирлари рўйхатга олиняпти


Андижон вилоятида милиция ходимлари бошчилигидаги махсус ишчи гуруҳ уйма-уй юриб, хорижга ишлашга кетган фуқаролар рўйхатини тузмоқда.



Жорий йилнинг 18 февралидан бошлаб Андижон вилоятидаги меҳнат муҳожирларини рўйхатга олиш тадбирини амалга ошириш учун маҳалла қўмиталарида махсус ишчи гуруҳлар тузилди.

Бу ҳақда Озодликка гапирган Андижондаги Озодлик маҳалласининг ўзини таништирмаган фаолига кўра, ишчи гуруҳга маҳалла фаоллари, ўқитувчилар, шифокорлар ва шаҳар санитария-эпидемиология хизмати ходимлари жалб қилинган бўлиб, уларга милиция ходимлари бошчилик қилмоқда.

- Мактаб ўқитувчилари, врачлар, Горсэсдан. Участковой билан биргаликдада, ҳамкорликда. Учта-учта одам группа бўлиб чиқдик маҳаллага. Ҳаммамизни маҳаллага бўлиб юборди. Хонадонма-хонадон юриб, этажли домларимизга ҳам кирдик. Ким чет элга кетган, қайси шаҳарга, нима қилишлик учун, у ерга бориб нима иш қилаяпти, шуларнинг рўйхатини олиб келдик. Даже ишчи гуруҳи тузилиб, ишларнинг тақсимотини қилиб, ундан кейин маҳаллага юрдик. Участка инспекторига кунлик кунлигини нечта хонадонда бўлдик, нима қилдик, графа бор, тўлдириб топшираяпмиз участковойга. Ҳамма маҳалла тугаллангандан кейин умумийлаштириб электровариант қиламизда,- деди Озодлик маҳалласи фаоли.



Андижондаги Қўшариқ маҳалла қўмитасининг исмини ошкор қилмаётганимиз фаолига кўра, ишчи гуруҳ аъзолари меҳнат муҳожирларини рўйхатга олиш билан биргаликда аҳоли орасида одам савдоси бўйича тушунтириш ишларини ҳам олиб бораяпти.

- Ички ишлар ходими келди, мактабни жалб қилдик, участковой билан биргаликда яна домларга юриб шуларни қайта рўйхатга олаяпмиз. Қайта рўйхатга олиб келганларни, тиббий кўрикдан ўтмаганларни тиббий кўрикдан ўтишга жалб қилаяпмиз. Кетганларни рўйхатга олаяпмиз. Қачон кетган, қаерда, нима, алоқа борми оилалари билан йўқми ҳамма ëқни сўраяпмизда,- дейди маҳалла фаоли.

Суҳбатдошга кўра, эндиликда чет элга ишлашга кетмоқчи бўлган фуқаролар маҳалла қўмиталари фаолларига учраб, махсус суҳбатдан ўтиши ва тушинтириш хати ёзиб топширишлари шарт.

- Қаерга кетаяпсизлар, нима мақсадда кетаяпсизлар деб сўраймиз. Ундан кейин улардан тушунтириш хати олаяпмиз. Тушунтириш хати олиб, нима мақсадда кетаëтганлигини сўраб олаяпмиз. Тушунтириш хатида улар ëзаяпти нима мақсадда, сиëсатга қарши бошқа нималарга қўшилмаймиз деган маънода ëзилаяпти. У ëқда бошқа оқимларга кириб қолишининг олдини олиш бўйича уларга тушунтириш олиб борамиз ноқонуний оқимга кириб қолишининг олдини олиш бўйича. “Мана шунақа нималарга кириб қолманг. Тўғри юринг. Яна сиëсатга қарши иш қилманг” деб тушунтирамиз. Одам савдосига қарши мана кетаëтганларни биз улар билан суҳбат ўтказамиз. “Ким билан кетаяпсиз? Нима мақсадда кетаяпсиз?”, мана кўпинча Россияга кетаëтганларни “Тайин жойда кетаяпсизми?”, биров чақираяпти деса, “Ишончли одамми?”, эртага алданиб қолишнинг олдини олиш ҳақида сўраймиз. “Ким у? Алданиб қолманг. Мана бу ерга маълумотини беринг. Уйдагиларга маълумотини беринг” деб тушунтирамиз,- дейди суҳбатдош.

Андижондагига ўхшаш тадбир мамлакатнинг бошка вилоятларида амалга оширилаётгани тўғрисида маълумотлар ҳозирча йўқ.

Айни пайтда, Тошкентдаги маҳалла қўмиталаридан олинган маълумотга кўра, кейинги бир ҳафта давомида маҳалла фаоллари чет элга ишлашга кетаётган фуқаролар билан учрашиб, одам савдоси бўйича тушинтириш ишларини олиб бораяпти.

18-19 феврал кунлари Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан чет элга ишлашга кетаётган фуқаролар йўли тўсилиб, қўлида хорижлик иш берувчи билан меҳнат шартномаси бўлмаганлар ортга қайтарилди.

Кейинги кунларда меҳнат муҳожирларига нисбатан назоратнинг кучайтирилиши жорий йилнинг 18 январ куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган мажлисда президент Ислом Каримовнинг ўзбекистонликлар Россияда мардикорлик қилаётгани борасида Ички ишлар вазири Баҳодир Матлубов ва бош прокурор Рашид Қодировни кескин танқид қилгани билан боғланмоқда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:18 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG