Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:55

Гулнорага яқин бўлган GeoMax ҳам “синди”


Ўзбекистондаги гўштни қайта ишлаш ва гўшт маҳсулотлари савдоси бўйича энг йирик ширкатлардан бири бўлган GeoMaxнинг фаолияти тўхтатилди. Тошкент шаҳар прокуратураси ширкатга нисбатан молиявий жиноятлар бўйича иш қўзғади.


GeoMaxга қарши жиноий иш қўзғатилди

18 йилдан буён Ўзбекистон бозорида гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланиб келган GeoMax корхонаси ёпилди.

Буни Озодликка тасдиқлаган Тошкент шаҳар Учтепа туман солиқ инспекциясининг масъул ходимига кўра, ҳозирда мазкур ширкатга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Linkedin тармоғида Георгий Хачатурян исмли шахс GeoMax раҳбари сифатида қайд қилинган.
Linkedin тармоғида Георгий Хачатурян исмли шахс GeoMax раҳбари сифатида қайд қилинган.
“Бизнинг туман ҳудудида бўлган ва Учтепа туман солиқ инспекциясидан рўйхатдан ўтиб, фаолият кўрсатиб келган GeoMax корхонаси ликвидация бўлди, ёпилиб кетди. Яқинда прокуратура GeoMaxга қарши жиноий иш қўзғади. Прокуратура ходимлари келиб, солиқ инспекциясидан GeoMaxнинг отчётларини олиб кетишди”, деди исмини ошкор қилмаётганимиз солиқ инспекцияси ходими.

Учтепа туман прокуратурасидан олинган маълумотга кўра, ишни Тошкент шаҳар прокуратураси ўрганмоқда.

Озодлик Тошкент шаҳар прокуратурасидан бирор маълумот олишга муваффақ бўлмади. Прокуратура ходимлари ҳар қандай маълумот олиш учун ёзма равишда мурожаат қилишни тавсия қилишди.

Тошкентдаги ҳуқуқ тартибот идораларига яқин бўлган Озодлик манбасига кўра, GeoMax ширкати раҳбариятига нисбатан Жиноят кодексининг бир қанча иқтисодий моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Энди GeoMax колбасалари йўқ


Geomaxнинг Тошкентдаги 15 та дўконининг манзиллари.
Geomaxнинг Тошкентдаги 15 та дўконининг манзиллари.
Мазкур ширкат сўнгги 10 йил давомида 100 хил номдаги колбаса маҳсулотларини ишлаб чиқариб, аҳоли дастурхонига етказиб бераётган эди.

Ширкатнинг Андижон, Самарқанд ва Бухородаги бўлимлари ва Тошкентдаги 15 та дўкони орқали GeoMax колбасалари, ярим фабрикатлар, салатлар ва қандолат маҳсулотлари сотилган.

Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмасидан олинган маълумотга кўра, дастлаб GeoMaxнинг колбаса цехи ёпилган.

“Ушбу корхонанинг колбаса цехи 2012 йилнинг декабр ойида ишлаб чиқаришни тўхтатди. Кейин GeoMax бошқа йўналишлар бўйича ўз фаолиятини давом эттираётган эди”, деди уюшманинг ўзини таништирмаган ходими.

Озодлик манбасига кўра, ширкат колбаса цехи ёпилгач, икки ой давомида колбаса ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ишлатиладиган қўшимча ва зираворлар сотиш билан ўз фаолиятини давом эттирган.

Учтепа туман ҳокимлигининг масъул ходимига кўра, GeoMax 2012 йил бўйича йиллик ҳисоботни ҳокимиятга топширган, бироқ 2013 йилнинг биринчи чораги бўйича ҳали ҳисобот топширмаган.

GeoMax раҳбари Гулнора Каримованинг одами”

Мазкур ширкатнинг ўз фаолиятини тўхтатгани ҳақида Озодликка маълум қилган тошкентлик манбага кўра, корхона раҳбари Георгий исмли шахс президентнинг қизи Гулнора Каримовага яқин одам бўлган.

Linkedin ижтимоий тармоғида GeoMax ширкатининг бош ижрочи директори лавозимида Георгий Хачатурян исмли шахс қайд қилинган.

Каримова хонимнинг Фонд Форум ташкилоти ўтказган деярли барча хайрия тадбирларининг ҳомийлари рўйхатида GeoMax биринчилар сафидан ўрин олган.

Ушбу саҳоватпешалик эвазига Гулнора Каримова ширкатнинг “гуллаб-яшнаши”га имкон бергани айтилади.

Ширкатнинг расмий сайти Гулнора Каримованинг шахсий имзоси билан берилган мақтов ёрлиқларининг суратлари ила безалган.

Тошкентлик солиқчи йигитга кўра, GeoMax солиқчиларнинг “тиши ўтмайдиган” ширкатлардан бири бўлган.

“GeoMax очилгандан буён бир неча марта ёпилиб, ҳар сафар қайтадан бошқа ном билан очилган. Бошида GeoMax номи билан очилиб, орадан бир қанча вақт ўтгач корхона ёпилган. Унинг ўрнида GeoMax Plusни очган. Кейин уни ҳам ёпиб, яна бошқасини очган. Лекин эгаси ўзгармасдан қолган. Битта одам қилган буларнинг ҳаммасини” деди исмини очиқламаслик шарти билан гапирган солиқчи йигит.

Гулнора Каримованинг миннатдорчилик "мактублари".
Гулнора Каримованинг миннатдорчилик "мактублари".
Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмасининг ходимига кўра, GeoMax уюшма таркибига киргани билан, ҳеч қачон улар билан ҳисоблашмаган.

“GeoMax 2011 йилда бизнинг уюшма таркибига кирган. Лекин уюшма билан шартномаси йўқ. Қарор билан уюшмага киритилган. Лекин шартнома қилинмаган. Бизга ҳеч қачон ҳисобот бермаган”, дейди уюшманинг ўзини таништирмаган ходими.

Ширкат фаолиятидан яқин хабардор бўлган Озодлик манбасининг иддаоларига кўра, Гулнора Каримова қўлловида “ўзи хон, кўланкаси майдон” бўлиб келган GeoMax “синдирилган”.

“Гулнора Каримованинг одами эди у. Катта ташкилот эди бу. Опа кейинги пайтда ўзининг одамларини “синдираяпти”. Буни ҳам “синдирди”, деди тошкентлик манба.

Ўзбекистондаги колбаса бизнесида GeoMaxнинг рақобатчиларидан бири ҳисобланган "Muzimpex" қўшма корхонасида ҳам йил бошида Миллий хавфсизлик хизматининг буйруғи асосида текширув бошлангани хабар қилинганди. Ушбу корхона ҳам Гулнора Каримовага яқин бўлган “Баҳо Шакар” лақаби билан танилган ва ҳозирда қидирувда бўлган Баҳодир Каримжоновга тегишли экани айтилади.

Ўзбекистон бозорида 18 йил

GeoMax 1995 йилда масъулияти чекланган жамият сифатида ташкил қилинган. Дастлаб корхона озиқ-овқат саноати маҳсулотларини сотадиган супермаркет сифатида фаолиятини бошлаган.

Geomaxда 100 хил номдаги колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.
Geomaxда 100 хил номдаги колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.
2003 йилга келиб корхона колбаса ишлаб чиқариш цехини йўлга қўйган. Цеҳда GeoMax савдо тамғаси билан 100 хил номдаги колбасалар ишлаб чиқарилган, корхона жами 400 турдаги товарлар савдоси билан шуғулланган.

Ширкатнинг Андижон, Самарқанд ва Бухорода бўлимлари фаолият кўрсатган.

Тошкентда эса ширкатга қарашли 15 та дўконда корхона маҳсулотлари сотилган. Ҳозирда ушбу дўконлар ишламаётгани айтилмоқда.

Озодлик мухбири ширкатнинг расмий сайтида эълон қилинган телефон рақамларига қўнғироқ қилди, бироқ бирор қўнғироққа жавоб бўлмади.
XS
SM
MD
LG