Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:45

Яна икки қария аёлнинг уйи туналди


Апрел ойи ўрталарида Тошкент вилоятининг Чирчиқ ва Ангрен шаҳарларида яна икки ёлғиз аёлнинг уйи тунаб кетилди.


"Икки кампир ҳам тирик"

Чирчиқ ва Ангрен шаҳарларида яна икки ёлғиз аёлнинг уйи тунаб кетилганини Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасининг ходими тасдиқлади.

Ўзини таништирмаган милиция ходимига кўра, талончилар қарияларнинг пул ва қимматбаҳо буюмларини ўмариб кетган.

“Иккала кампир ҳам тирик. Чирчиқдаги ва Ангрендаги воқеада ҳам аёлларнинг пуллари ўғирланган. Кейин бир қанча қимматли товарлари ҳам олиб кетилган”, деди милиция ходими.

Унинг айтишича, ҳозирда ушбу икки ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

“Ҳозирда жиноятчилар ушланмади. Уларни қидиришга барча состав жалб қилинган. Яқинда тутамиз”, деди милиция ходими.

Ангелина Лисова: воқеани эслашни хоҳламайман

4 апрел куни Чирчиқда яшовчи яна бир аёл- 84 яшар Ангелина Лисованинг уйи ҳам тунаб кетилган эди.

Ангелина Лисова 17 апрел куни Озодлик билан суҳбатда рўй берган воқеага бироз тўхталди.

- 4 апрел куни эди. Эрталаб эди. Мен Любов Петровнаникига чиқиб, дори олиб келдим. Кейин улар келишди... Йўқ, гапира олмайман... Милицияга неча марта гапириб бердим... Йўқ, хоҳлайман эслашни. Мени тўғри тушунинг, эсласам юрагим оғрийди,- деди Ангелина Лисова.

Чирчиқ шаҳар "Маҳалла" жамғармаси фаолларига кўра, талончилар Ангелина Лисованинг қўл-оёғини боғлаб, уйидаги бор пулини ўғирлаб кетишган.

Чирчиқ шаҳар ИИБ ходимлари ушбу талончилик бўйича жиноий иш қўзғатилиб, жиноятчилар қидирилаётганини айтишди.

Қарияларни қўриқлаш гуруҳлари тузилди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, сўнгги олти ой мобайнида Тошкент шаҳрида ёлғиз пенсионерларни тунаш ва ўлдириш ҳолатлари сони йигирмадан ошган.

Исмини ошкор қилмаётганимиз манбага кўра, Тошкентда ёлғиз қарияларни тунаш ҳолатлари дастлаб 2011 йилнинг бошида қайд қилинган.

“Бошида жиноятчилар ёлғиз қарияларни уйига киргач, уларни қўл-оёғини боғлаб, уйидаги бор-будини ўғирлаб кетишган. Ўтган йилнинг охирларидан бошлаб, жиноятчилар ўғирликдан ташқари қарияларни ўлдирган ҳолатлари ҳам кўпая бошлаган”, деди Тошкент шаҳар ИИБдаги манба.

Тошкент шаҳар ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, қотиллик кўлами ошаётгани ортидан маҳаллада ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олиш учун махсус гуруҳлар ташкил қилинган.

Жумладан, Тошкент шаҳридаги коллеж ўқувчиларида ҳам ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиб туриш учун навбатчи гуруҳлар ташкил қилган.

Шунингдек, Тошкент маҳаллаларида фаол қизлардан иборат гуруҳлар тузилиб, ёлғиз қариялар уйига навбатчиликка қўйилаяпти.

"Қидирувдан натижа йўқ"

Тошкент милицияси маълумотига кўра, ёлғиз қарияларни ўлдиришда қотиллар сохта коммуналчилар ниқобидан фойдаланмоқда.

Шу кунларда Тошкент шаҳридаги ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўчада ёлғиз қарияларнинг қотиллари, деб гумон қилинган шахсларнинг фотороботлари акс этган қидирув эълонларини учратиш мумкин.

Тошкент шаҳар ИИБдан олинган маълумотга кўра, ҳозирча қидирув эълонларидан бирор натижа чиқмаган, қотиллар ҳануз очиқда қолмоқда.

Қотилларни қидириш ишлари МХХ, прокуратура ва милиция ходимлари ҳамкорлигида олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG