Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:51

Манғитлик ҳуқуқ ҳимоячиси Эргаш Раҳимов ҳибсга олинди


10 июн куни Амударё туман Ички ишлар бўлими ходимлари манғитлик ҳуқуқ ҳимоячиси Эргаш Раҳимовни ҳибсга олди. 13 июн куни ҳуқуқ ҳимоячиси Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлигининг тергов изоляторига жўнатилди.

Душанба куни Амударё туман ИИБ жиноят-қидирув бўлимининг ходимлари 45 ёшли манғитлик ҳуқуқ ҳимоячиси Эргаш Раҳимовни бўлимга олиб кетди.

Бу ҳақда Озодликка Эргаш Раҳимовнинг яқин қариндошларидан бири маълум қилди.

“Жиноят-қидирувдан Улуғбек деган йигит икки милиция билан келиб Эргашни олиб кетишди. Уни судга келмагани учун қидирувга берилганликда айблаб олиб кетишди. Лекин қайси суд, қачонги суд буни айтишмади. Бориб тафсилотларни суриштиришга қўрқаяпмиз. Бизни ҳам бирор нарсада айблаб қамаб қўйишидан қўрқаяпмиз”, дейди Эргаш Раҳимовнинг яқин қариндошларидан бири исми ошкор қилинмаслик шарти билан.

Унинг айтишича, уч ой аввал Эргаш Раҳимовга Манғит бозорида ҳужум қилингач, Тошкентга кетган.

“Бозорда унга фоҳиша аёллар ҳужум қилди. Буни атайлабдан махсус уюштиришди. Кейин Тошкентга кетиб, ўша ёқда яшади. 9 июн куни Тошкентдан келди, 10 июн куни уни олиб кетишди”, дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари алянси фаоли Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, Эргаш Раҳимов ўз ҳуқуқлари учун курашиб юриб ҳуқуқ ҳимоячисига айланган шахслардан биридир.

- 2009 йилдан бери нуқул унга тазйиқ. Бу тазйиқнинг бошланганлиги ўзига нисбатан адолатсизлик қилган давлат органларининг қилган ҳаракатлари юзасидан шикоят келтиришдан бошланган. Шикоят келтиргандан кейин ўзингизга маълум. Қaйси бир одам шикоят ëзса, ўшанга қарши кураш эълон қилинади, тазйиқ ўтказилади, бутун давлат органлари ўшанга қарши курaшади. Ана шундай вазиятга тушиб қолган шахслардан бири, дейди Шуҳрат Рустамов.

Uznews.net сайтининг хабарига кўра, Эргаш Раҳимов жорий йилнинг 25 феврал куни манғитлик журналист 10 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Солижон Абдураҳмонов ҳимоясига Тошкентда ўтказилган акцияда иштирок этгани унинг ҳибсга олинишига сабаблардан бири бўлиши мумкин.

- Бу ерда Елена билан бирга пикетга чиққан прокуратуранинг олдида. Солижон Абдураҳмоновни озодликка чиқариш масаласи бўйича уюштирилган пикетда иштирок этган. Ҳамқишлоғи бўлса, у ҳам ўша ерлик бўлса. Умуман ўша Қорақалпоғистоннинг Амударë туманида жуда кўп қонунбузарликлар қилинаяпти. Мана Аъзам Турғунов ҳам ўша ерда илинтирилиб, ўша ерда суд қилиб, ўша ерда қамоққа тиқиб юборишган уни ҳам, дейди Шуҳрат Рустамов.

Амудараё туман ИИБдан олинган маълумотга кўра, Эргаш Раҳимов 13 июн куни Нукусга - Қорақалпоғистон Ички ишлари вазирлигининг тергов изоляторига жўнатилган.

Милиция ходимлари Эргаш Раҳимовнинг ҳибсга олиниш сабабларини очиқламади.
XS
SM
MD
LG