Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:35

"Drujba Burger" раҳбарлари 15 сутка ўтириб чиқди


Тошкентдаги "Drujba Burger" тармоқ кафеларининг 5 нафар раҳбари 15 суткалик қамоқ жазосини ўтаб чиқди. Суд қарорига кўра, улар "Drujba Burger"ни текшириш учун келган солиқчи ва милиция ходимларига қаршилик кўрсатганлик ва бўйсунмаганликда айбланган.


Озодликка 8 август куни маълум бўлишича, Тошкентда фастфуд таомлари билан танилган "Drujba Burger" тармоқ кафеларининг беш нафар раҳбари жорий йилнинг 6 июн куни ҳибсга олинган.

Ўша куни "Drujba Burger" тармоқ кафеларининг раҳбари Дилшода Мухтарова ва унинг қизи Дилдора Мухтарова, ўғли Музаффар Мухтаров, тармоқ бош ҳисобчиси Нафиса Жалилова ва унинг жияни Хуршида Хўжаевалар суд ҳукмига кўра маъмурий ҳуқуқбузар, деб топилган.

Бу ҳақда Озодликка тақдим қилинган Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туман жиноят ишлари бўйича судининг 6 июн кунги қарорида қайд қилинган.

Суд қарорига кўра, "Drujba Burger" тармоқларида ўтказилган рейд Озодлик аввал хабар қилганидек, 20 июн куни эмас, балки 6 июнда бўлган.

Маҳкама қарорида айтилишича, рейд ўтказилган куни "Drujba Burger" раҳбари 62 ёшли Дилшода Мухтарова ва унинг фарзандлари ҳамда ишчилари рейд ходимларига фирма ҳужжатларини тақдим қилишдан бўйин товлаб, милиция ходимларига бўйсунмасдан, уларга қаршилик қилган.

Суд қарорида яна ёзилишича, ўша куни "Drujba Burger"нинг Шайхонтоҳур туманидаги бош офисида ходимлар жанжал кўтаргач, милиция бўлимидан қўшимча куч чақирилган.

Озодлик мухбири билан WhatsApp орқали мулоқотда бўлган ва ўз шахсини очиқлашни истамаган "Drujba Burger" ходимларидан бирига кўра, суд ўша куни ярим тунда ўтказилган.

“Дилшода опа уларга қаршилик қилиб, чиқиб кетишларини талаб қилиб, асабийлашди. Бошқалар ҳам унинг ёнига туриб олди. Лекин ҳеч ким рейд ходимларига нисбатан қўпол муносабатда бўлмади. Кейин барча ишчиларни автобусга босиб, туман ИИБга олиб кетишди. Милицияда суҳбатлашгандан сўнг беш кишини олиб қолиб, бошқаларни қўйиб юборишди. Ўша беш кишини тунги соат 3 яримларда Шайхонтоҳур туман судига олиб бориб, ҳаммасига 15 суткалик қамоқ беришди”, дейди ўзини очиқламасликни сўраган "Drujba Burger" ходими.

Судья Т.Ш. Турсунов раислигида ўтган маҳкамада "Drujba Burger"нинг беш нафар ходими "Маъмурий жавбгарлик тўғрисида"ги кодекснинг 183-модда (Майда безорилик), 194-модда (Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-модда (Милиция ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) бўйича айбдор, деб топилган.

Суд беш кишига 15 суткалик қамоқ жазоси тайинлашдан ташқари уларнинг ҳар бирига “Энг кам иш ҳақининг бир баробари яъни 79 590 сўм миқдорида жарима" солган.

Озодлик билан WhatsApp орқали суҳбатлашган "Drujba Burger" ходимига кўра, суд қарорида келтирилганидек, 42 ёшли Нафиса Жалилова ушбу фирманинг бош ҳисобчиси эмас.

“Бу аёлнинг умуман "Drujba Burger"га алоқаси бўлмаган, суд ноҳақдан бу аёлни жазолади”, дейди суҳбатдош.

Унинг айтишича, "Drujba Burger" раҳбари Дилшода Мухтарова Шайхонтоҳур туман суди қарори устидан Тошкент шаҳар суди ва Ўзбекистон Олий судига мурожаат қилган. Лекин ушбу маҳкамалар Мухтарованинг шикоятини қаноатлантирмаган.

Шунингдек, ушбу манбага кўра, "Drujba Burger" раҳбарияти солиқ билан боғлиқ жиноятларда гумонланмоқда ва ҳозирда текширув ишлари давом этаяпти.

Тошкентдан олинган маълумотларга кўра, “Drujba Burger" тармоғининг ўнга яқин кафеларига бир пайтнинг ўзида рейд уюштирилганидан сўнг, тармоқ кафеларининг барчаси ҳозирга қадар қулф осилган ҳолатда қолаяпти.
XS
SM
MD
LG