Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:25

Тўрақўрғон қўйлари бўрилар ҳужумига учраяпти


Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ҳудудидаги қишлоқларда бўрилар галаси аҳоли чорвасига ҳужум қилиб, қўйларини бўғизлаб кетаяпти. Туман ҳокимлигидаги бўриларга қарши кураш бўйича ишчи гуруҳ маълумотига кўра, сўнгги қарийб йигирма кун ичида жами 77 та ёввойи ҳайвон отиб, ўлдирилган.



Кунлар исиши билан Тўрақўрғон тумани ҳудудида бўрилар галаси аҳолининг чорва молларига ҳужум қилаяпти.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган тўрақўрғонлик манбага кўра, бўрилар ҳужуми, айниқса, туманнинг Ибрат жамоа хўжалиги ҳудудида кўпроқ кузатилаяпти.

- Қир томонларимиз бор. Ибрат жамоа хўжалиги ҳудуди бор. Ўша томонларда бўлди шунақа ҳолатлар. 5-6 та хонадонларга кириб, 2-3 та қўйларини бўғизлаб, еб кетаяпти. Ибрат хўжалиги бу марказнинг ўзида. Тўрақўрғоннинг ўзида. Туман марказига яқин, узоқ бўлмаган жойларда қўралар ичига кириб еб кетаяпти экан. Бизда тоғ ва ўрмонлар йўқ. Билмадим қаердан келаяпти улар. Қирдан тушаяптими ёки Косонсой томонлардан келаяптими. Косонсойда тоғ бор. Биздан тахминан 25-30 километр узоқликда, дейди исмини очиқламаётганимиз тўрақўрғонлик.

Тўрақўрғон туман ҳокимлигидаги исмини очиқламаётганимиз манба бу хабарни тасдиқлаб, талафотлар кўлами борасида аниқ рақамлар йўқлигини таъкидлади.

- Бундан хабардормиз. Ҳокимликда ишчи гуруҳ тузилган. Ободонлаштириш бўлими ва табиатни муҳофаза қилиш бўлимлари ҳамкорлигида бўриларни овлаш учун махсус отряд ташкил қилинган, деди ҳокимлик мулозими.

Унинг айтишича, махсус отряд аъзолари жорий йилнинг 21 февралидан буён бўри, чиябўри, ёввойи мушук, ит каби жами 77 та ёввойи ҳайвонни отиб, ўлдирган.

Ҳокимлик мулозимига кўра, чорвасига бўрилар ҳужум қилган аҳолига давлат томонидан ҳеч қандай моддий ёрдам кўрсатилмагани учун одамлар бўрилар ҳужуми борасида милицияга мурожаат қилмайди.

Айнан шу боис бўрилар томонидан бўғизланган чорва моллари сонини аниқлаш имкони камлигини қўшимча қилди ҳокимлик мулозими.

Ўтган йилнинг баҳорида ҳам тоғли ҳудудларидаги қишлоқларда бўрилар гала-гала бўлиб, аҳолининг қўй ва отларига ҳужум қилгани кузатилган эди.

Жумладан, Тошкент вилоятининг Чирчиқ, Қибрай ва Бўстонлиқ туманларидаги тоғли қишлоқларида яшовчи аҳолининг чорвасига бўрилар ҳужум қилиб, қўй ва отларни бўғизлаб кетган эди.

Шунингдек, Ўзбекистон Адлия вазирлигининг расмий нашри “Инсон ва қонун” газетаси ҳам Жиззахнинг Ғаллаорол ва Фориш туманларида бўри ва тулкилар кўпайгани ҳақида хабар қилиб, бўриларнинг аҳоли хавфсизлигига дахл қилгани боис айрим қишлоқларда тунги навбатчилик ташкил қилингани ҳақида ёзганди.
XS
SM
MD
LG