Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:46

Москва изоляторидан чиққан тўрт ўзбек қочқини йўқолиб қолди


Жалолбоев Ҳаким, Жалолбоев Олим, Низомов Авазбек ва Муҳаммадхўжаев Раҳматуллоҳ Сахарово депортация маркази олдида. 29.05.2015
Жалолбоев Ҳаким, Жалолбоев Олим, Низомов Авазбек ва Муҳаммадхўжаев Раҳматуллоҳ Сахарово депортация маркази олдида. 29.05.2015

Москвадаги Сахарово депортация марказидан 2,5 йиллик тергову тортишувлардан кейин озодликка чиққан тўрт нафар ўзбек қочқини йўқолди. Улар ҳимояси билан шуғулланиб келган “Мемориал” ва “Ёрдам” ташкилоти мутахассислари Ўзбекистонда диний экстремизм ва “ҳизбчилик”да айбланаётган ўзбек муҳожирларини қидирувга берди.

Қочқинлар озодликка чиқиб йўқолди

Москва туман суди қарори билан 29 май куни Жалолбоев Ҳаким, Жалолбоев Олим, Низомов Авазбек ва Муҳаммадхўжаев Раҳматулла Сахаровода жойлашган депортация марказидан озод қилинди ва икки кун ўтмасдан ижарага олинган квартирадан ғойиб бўлди.

“Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроев “Мемориал” ходимлари билан бирга 2,5 йилдан ортиқ вақт давомида бу йигитлар ҳақларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келди.

Озодлик билан суҳбатда ҳуқуқ фаоли ўзбекистонлик қочқинлар қаерга йўқолиб қолгани тўғрисида ҳозирча фақат қатор тахминлар бор, дейди:

- Ўзбекистонга жўнатилиши-жўнатилмаслиги ва шу билан боғлиқ ҳуқуқий масалалар кўриб чиқилаётгани давомида уларни озод қилишга эришдик. Мен Сахаровога ўзим шахсан бориб, уларни кутиб олдим. Бир танишимдан илтимос қилиб, икки кеча – шанба-якшанба дам олиб, душанба куни соат 12 ларда учрашишга келишган эдик. Кейин Москва вилояти ФМС бўлимига учрашишимиз керак эди. Телефон қиламан – телефонлари ўчирилган, дом-дараксиз ҳозиргача. Ҳар хил тахминларимиз бўлаяпти: 2,5 – 3 йил ўтириб, қўрқиб бошқа шаҳарга ёки мамлакатга қочиб кетган бўлиши мумкин. Ўзбекистонга кетиш мақсади йўқ эди. Ўғирлаб кетилди деб ҳам айта олмаймиз, чунки бунга асос йўқ, дейди ҳуқуқ фаоли.

Баҳром Ҳамроев ўз ташкилоти номидан Нагорний полиция бўлимига ариза ёзиб, Жалолбоев Ҳаким, Жалолбоев Олим, Низомов Авазбек ва Муҳаммадхўжаев Раҳматуллоҳни қидирувга берганини маълум қилди.

“Жиҳодчиликда” айбланаётган ўзбеклар тарихидан

Жалолбоев Ҳаким икки йил олдин Москва судида
Жалолбоев Ҳаким икки йил олдин Москва судида

2012 йилнинг 15 ноябрида Москванинг “Внуково” аэропортида Ўзбекистон сўрови билан самолётдан тушириб қолдирилган 1992 йилда туғилган Низомов Авазбек, 1989 йилда туғилган Муҳаммадхўжаев Раҳматуллоҳ, 1979 йилда туғилган Жалолбоев Олим, 1983 йилда туғилган Жалолбоев Ҳакимжонлар Наманган Ички ишлар бошқармаси томонидан диний экстремизм, турли диний ташкилотларда аъзоликда, сепаратизм ва ноқонуний диний адабиётни тарқатишда айбланиб қидирувга берилган эди.

"Мемориал” адвокати Роза Магомедова Озодлик орқали 20 ёшли Авазбек Низомов билан бирга икки йилдан бери аввал экстрадиция, кейин депортация баҳонасида қамоқда сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари - 23 ёшли Муҳаммадхўжаев Раҳматуллоҳ, 32 ёшли Жалолбоев Олим ва 29 ёшли Жалолбоев Ҳакимлар Ўзбекистонга бериб юборилмаслиги ва уларга Россияда вақтинчалик қочқинлик мақоми берилиши кераклиги тўғрисида суд қарори борлигини маълум қилган эди.

Ўзбекистондан Россия полициясига юборилган жиноий иш материалларида Калининграддан юртига қайтаётган бу йигитлар “халқаро жиҳодчи" ташкилотларга “байтулмол” йиғиб бериш билан шуғуллангани айтилган. Тошкентдан келган талабномада Низомов ва унинг шериклари Туркистон Исломий ҳаракатига аъзоликда ҳам айбланган.

Озодликка маълум бўлишича, наманганлик усталар гуруҳ бўлиб, Россиянинг Калининград вилоятида бир йилча ишлаб, Москва орқали транзит йўли билан ўз юртига қайтаётган бўлган.


Ҳимоячилар бу йигитлар, ҳатто намоз ўқимаслиги ва ҳеч қандай ноқонуний диний фаолиятга алоқадор эмаслигига ишонишини гапирмоқда.

Низомов Авазбек "Туркистон Исломий ҳаракатида" аъзоликда айбланмоқда
Низомов Авазбек "Туркистон Исломий ҳаракатида" аъзоликда айбланмоқда

2012 йилнинг 7 декабрь куни наманганлик меҳнат муҳожирлари сақланаётган СИЗО-4 тергов изоляторига уч нафар Ўзбекистон ички ишлар ходими келганидан кейин, маҳбуслардан энг ёши бўлган Абдусамад Фазлиддинов ўзбек милиция ходимларининг босимидан тушкунликка тушиб қолган ва икки кун ўтиб – 9 декабр куни ўз камерасида чойшабдан арқон ясаб ўзини осиб ўлдирган.

2014 йилнинг 28 феврал куни эрталаб Калининграднинг Гвардейский туманидаги 7-сонли ахлоқни тузатиш колониясидан озодликка чиққан Жалолбоевлар дан яна бири - Латиф ўғирлаб кетилгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Шу йилнинг 23 октябрида Владимир вилоятининг Петушинский туманида Россияда қочқинлик сўровчи мақомида бўлган Ҳамидулло Акбаров ўғирлаб кетилган эди. Маълумки, Ҳамидулло Акбаров “тузумга тажовуз” ва “диний ташкилотлар”да иштирок этганликда айбланаётган уч нафар боланинг отаси Акбаров 2012 йилнинг декабрида Москва тергов изоляторида ўзини осиб ўлдирган наманганлик 19 яшар муҳожир Абдусамад Фазлиддиновнинг яқин қариндошидир.

Ўтган йилнинг 7 майида Инсон ҳақлари бўйича Страсбург суди Россиядан экстрадиция қилиниши кутилаётган Низомов Авазбек, Муҳаммадхўжаев Раҳматуллоҳ, Жалолбоев Олим, Жалолбоев Ҳакимжонлар шикоятини қондиргани ва улар Ўзбекистонга бериб юборилмаслигини эълон қилган эди.

Қочқинлар доимий босим остида юрибди

Ҳимоячи Баҳром Ҳамроев наманганлик бу йигитлар сўнгги икки йил давомида Ўзбекистонга бериб юборилиши хавфи остида яшаганини эслатди.

У Ўзбекистон махфий хизматлари ҳозирги вақтда ҳам уларнинг яқинларига босим ўтказаётганини гапиради.

- Йўлда келаётиб, бу йигитлар уларга қандай босимлар бўлганини айтиб беришди. Уларга ҳозир ҳам МХХ ходимлари келиб, яқинларига “Тезлик билан турмуш ўртоқларингизни ёки фарзандларингизни чақиринг!”, деб зулм ўтказяпти. Мана, ўша қамоқхонада вафот қилган йигитимиз – Абдусамад Фазлиддинов. Уни олдига ҳам МХХ ходимлари келиб қанчалик “Сенларни ҳеч ким ҳимоя қилмайди: сенларни барибир олиб кетамиз! Европа суди ҳам, Баҳром Ҳамроев ҳам тўхтата олмайди!”, деб бу йигитларга анча босим қилган. Буларни албатта қидирувга бердик. Аммо адвокатлар, ҳимоячиларимиз ҳайрон: 2-3 йил мобайнида қанча ҳаракатларни қилиб, озод қилсак, қилган ишимиз бир пул бўлаяпти, деди “Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроев.

Баҳром Ҳамроев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:02 0:00
Бевосита линк

Суҳбатдош Россияда ҳуқуқий ҳолати расмийлаштирилмаган бу қочқин йигитлар маҳаллий полиция ёки ФМС ходимлари томонидан Ўзбекистонга бериб юборилиши хавфи ҳам борлигини қўшимча қилди.

Озодлик вазиятни кузатишда давом этади.

XS
SM
MD
LG