Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:37

Ўзбек қамоғидан қўрқиб ўзини осган мардикор жасади Наманганга жўнатилди


Абдусамад Фазлиддинов жасади солинган тобут.
Абдусамад Фазлиддинов жасади солинган тобут.

27 декабр куни ўзини тергов изоляторида осиб ўлдирган Абдусамад Фазлиддинов жасади Москвадан Наманганга юборилди. Ҳуқуқ ҳимоячилари Фазлиддинов Ўзбекистон махсус хизмати ходимлари билан бўлган учрашувдан кейин ўз жонига қасд қилганини тасдиқламоқда.


Мардикор мурдаси Ўзбекистонга юборилди

2012 йилнинг 27 декабрига ўтар кечаси 19 яшар Ўзбекистон фуқароси Абдусамад Фазлиддинов мурдаси яқинлари томонидан Москвадан Наманган шаҳрига олиб кетилди.

Бу хабарни Озодлик мухбирига тасдиқлаган "Марказий осиёлик сиёсий қочқинлар жамияти" раҳбари Баҳром Ҳамроев Ўзбекистон хавфсизлик хизмати ходимлари Абдусамаднинг яқинларига унинг жонига қасд қилиши сабабларини яшираётгани ва шу баҳонада Москвага келаётган марҳумнинг онасини авиачиптани қайтариб топширишга кўндирганини гапиради:

- Кеча оқшом Абдусамад Фазлиддиновнинг жасади Наманган шаҳрига жўнатилди. Ўша 9 декабр куни ўзини осганидан бери мана энди 27 га ўтар кечаси кетди. Қанчалик олиб чиқиш бюрократия муаммолари билан боғлиқ : унинг ота-онасидан рухсатнома олиш, ҳужжатларини Ўзбекистондан бу ерга олиб келиш, хуллас 5-6 кун кетди. Ўликни Абдусамаднинг акаси Дадаев Абдулаҳад деган йигит, ўликни кўрди, таниди, сабр-тоқатлилик тиладик, олиб кетди. Лекин Абдусамаднинг ота-онасига ёлғон информация берилган¸ МХХ ходимлари томонидан “терроризмга алоқаси бор, у қилган жиноятларидан пушаймон еб ўзини-ўзи осди”, дейилган. Номардларча бу ёш болага туҳматлар уюштирилди, дейди ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев.

1993 йилда туғилган Фазлиддинов Абдусамад Нуриддин ўғли Калининграддан ишлаб қайтаётганда жорий йилнинг 15 ноябрида Москванинг “Внуково” аэропортида маҳаллий полиция ходимлари томонидан ушлаб қолинган эди.

У билан бирга Наманганга учиб кетаётган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси - 23 ёшли Муҳаммадхўжаев Раҳматуллоҳ, 20 ёшли Низамов Авазбек, 32 ёшли Жалолбоев Олим ва 29 ёшли Жалолбоев Ҳакимлар ҳам самолётдан тушиб қолдирилган эди.

Ҳамроев бу мардикор йигитлар Ўзбекистонда Ҳизбут-Таҳрир ташкилоти фаолиятига алоқадорликда айбланиб халқаро қидирувга берилганини маълум қилди.

Ҳуқуқ фаолига кўра¸ 7 декабр куни наманганликлар сақланаётган СИЗО-4 тергов изоляторига уч нафар Ўзбекистон ички ишлар ходимлари келган ва уларни сўроққа тутган. Маҳбуслардан олинган маълумотга кўра, уларга Ўзбекистонда ҳибс этилган бошқа бир танишининг тирноқлари юлинган ва калтакланган башараси тавсирга туширилган фотолар кўрсатилган, улар аллақандай ҳужжатларга қўл қўйишга мажбурланган.

Фазлиддинга “қўлини кесиш” ва 15-20 йилга қамоққа ташланиши ваъда қилинганидан кейин у тушкунликка тушиб қолган ва икки кун ўтиб ўз камерасида чойшаб воситасида ўзини осиб ўлдирган:

- Қолган тўрт йигит, Абдусамаднинг рўйхатидан, улар билан доимий алоқадаман. Улар ҳимояси учун барча ҳужжатлар ҳозирланаяпти. Улар Ўзбекистонга кетмайди, чунки уларни олиб бориб нима қилишини, қанчалик узоқ муддатларга қамаб ташлашини ўзлари ҳам билади, дейди Баҳром Ҳамроев.

Айтилишича¸ бир неча йил олдин отаси оламдан ўтганидан кейин Абдусамаднинг қарамоғида Наманганда синглиси ва онаси қолган.

Калининградда яна бир маҳбус калтакланди

Айни пайтда, ҳуқуқ фаоллари Россия ҳудудида Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари фаолияти фаоллашгани кузатилаётганини таъкидламоқда.

“Мемориал” олинган хабарга кўра, 20 декабр куни Ўзбекистон МХХ ходимлари Калининград вилояти КП-12 колониясида қамоқ жазосини ўтаётган Латиф Жалолбоев билан учрашган ва у ҳам “ҳизбутчилик”ка алоқаси борлигига иқрор бўлишга мажбурланган.

“Подвалда давом этган сўроқдан кейин Жалолбоев Ўзбекистонга экстрадиция қилинишини яхшилаб тушинтиришган”, дея давом этади Озодлик билан суҳбатда Баҳром Ҳамроев:

- Латиф Жалолбоевни Калининградга бориб қанчалик “сенинг ҳаётинг Абдусамадга ўхшайди”, деб уришлари Ўзбекистон ҳукуматининг васвасага кириб қолганидан даракдир. Бу маълумот менга ўша поселкада яшаётган ўзбеклардан келди, йиғлаб гапиришди менга. Барча ўзбекларни йиғиб буни олиб чиқиб оғир аҳволга келтириб уриб кетишган. Қаерга бу сиғади?! Бирор қонунда бу йўқ! Бу йигитлар ҳаммаси бир Наманган шаҳридан ҳаммаси. Кимнидир уриб қўл қўйдириб олган экан ва ҳаммасини энди ахмоқона айбловлар билан айбланмоқда, яъни булар Россияга келиб “байтулмолга” пул йиғиб жиҳод қилармиш... Бу стройкада қурилишда ишлаб жиҳод қилиб бўладими? дея таажубланади Баҳром Ҳамроев.

“Мемориал” марказининг Марказий Осиё бўйича лойиҳаси раҳбари Виталий Пономарёв Озодликка оғир лат еган Латиф Жалолбоев ҳозирда алоҳида камерада сақланмоқда, дейди.

У Ўзбекистон ва бошқа хавфсизлик хизматларининг Россия ҳудудида ноқонуний фаолият юритаётгани тўғрисида инкор этиб бўлмас фактлар пайдо бўлганидан кейин, буни текшириш талаби билан расмий идораларга мурожаат тайёрланаётганини гапирди:

- Билишимча, олдинги бундай ҳодисалар юзасидан қилган шикоятларимиз устидан тафтиш олиб борилмаган, хоҳ у ўғирлаб кетиш бўлсин, хоҳ бошқаси... Лекин бу ва яна бошқа бир–иккита фактлар пайдо бўлдики, эндиликда хориж махсус хизматларининг Россиядаги ноқонуний фаолияти устидан биз бир нечта ташкилотлар биргалашиб Россия ҳукуматига умумий мурожаатнома тайёрлаяпмиз. Биз бу ҳаракатлар Россия суверенитети асосларига путур етказмоқда деймиз ва инсон ҳақлари қўпол топталаётганидан огоҳлантирмоқчимиз, дейди Озодлик билан суҳбатда Виталий Пономарёв.
XS
SM
MD
LG