Ҳокимият тизимлари 18 ëшдан катталарни ҳар хил босим ва қўрқитиш билан пахта теримига чиқараëтган 16 сентябрь куни Наманганннинг “Навбаҳор” стадионида Ўзбекистон Xалқ артисти Озодбек Назарбеков концерт берди. Озодликка маълум бўлишича¸ коллеж ва мактабларнинг пахтага чиқарилмаган ўқувчилари 20 минг сўмдан билет олиб¸ концертга киришга мажбурланган.
“Озодбек ҳам хор бўлди. Кеча ва бугун Наманганнинг “Навбаҳор” стадионида 16 сентябрь куни ўтадиган концертга коллеж¸ мактаб¸ иқтисодий ташкилотлар¸ молия¸ солиқ¸ транспорт уюшмаларига мажбурлаб билет сотилаяпти. Бу ишларни вилоят бошқармалари тўлқинланиб бажариб¸ ўзининг тизимига мажбурлаб берган. Пахтага мажбурласа¸ коммунал тўловга мажбурласа¸ металлолом ва яна алланималарга мажбурласа¸ э борингчи¸ ҳамма нарсага мажбурсан. Ҳамма пахтада пайтида Озодбек нима қилади концерт бериб¸ у ҳам борсин пахтага, халқ қатори пахта терсин"¸ деб ëзди Озодликка Озодбекнинг концертига мажбурланган наманганликлардан бири.
Озодбек Назарбековнинг продюсери Озодлик билан суҳбатда 16 сентябрь куни Наманганда концерт ўтказилаëтганини тасдиқлади¸ аммо унга билет мажбурлаб сотилганидан бехабарлигини таъкидлади:
- Ҳа¸ Озодбек бугун Наманганда концерт бераяпти. Билетларнинг мажбурлаб сотилганидан хабарим йўқ. Ташкилотчи ҳокимлик¸ биз билет сотишга аралашганимиз йўқ¸ деган Озодбек продюсери¸ “Халқ артисти ўз обрўсини ўйлаб¸ концертимга мажбурлаб билет сотилмасин”¸ деб шарт қўйса бўлмайдими¸ деган саволга келганда телефонини ўчириб қўйди.
Ўзбек шоу бизнесини яқиндан кузатиб келаëтган журналистнинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича¸ Озодбек ва унинг продюсери келтираëтган бу важда кўп ҳам асос йўқ:
(Озодбек Назарбековнинг Наврўз ва Мустақиллик байрами концертларида президент сийловига муносиб кўрилиши¸ унинг нархини ошириб юборган¸ дейди шоу бизнесдаги Озодлик манбаси.)
- Озодбек¸ ман фалончиман¸ мани президент юзимдан ўпган¸ фалончи қўлимдан ўпган¸ деб гонорарини инсофсизларча ошириб юборган сарой қўшиқчиларидан бири. Бир соатга бориб¸ стадион ўртасида фонограмма билан у ëқдан бу ëққа юриб келиши учун отнинг калласидек гонорар сўрайди. Ташкилотчилар нима қилади кейин – ваколатидан фойдаланиб¸ қўл остидагиларни¸ коллеж директорларию давлат ташкилотлари ходимларини¸ тадбиркорларни билет сотасан¸ билет оласан¸ деб мажбурлайди. Президент тадбирида ашула айтаëтгани учун сохта обрў олган бунақа артистнинг концертига халқ ўз хоҳиши билан тушмаëтганидан¸ унинг асл обрўсини билиб олаверинг. Ҳақиқий санъаткор бўлсанг¸ халққа бунақа жабр қилма. Халқнинг ëлғон концертга таëқ билан киришдан бошқаям дарди кўп. Шу 20 минг сўмга боласига лоақал бир кило гўшт едирсин одамлар¸ дейди шоу бизнесдаги маънавиятсизликдан жиғибийрон эканини яширмаган санъатшунос.
Суҳбатдошга кўра¸ бу Ўзбекистонда ҳар хил давлат мукофотлари билан тақдирланиб¸ президент концертларида кўриниш берадиган аксар ашулачига теккан иллат ва концерт билетларини халққа мажбурлаб соттириш¸ ëки концерт уюштириш алдови билан одамларни чув тушириш ўзига хос катта бизнесга айланган.
“Вилоятларда одамлар концерт деса безиб қолган. Фалончи келаяпти¸ деб билетлар сотилиб¸ ҳеч қанақа концерт бўлмай¸ пулига чув тушаверганидан одамлар билетни концерт бошланишидан олдин оламиз¸ дейишга ўтган аслида”¸ дейди суҳбатдош.
Озодликка вилоят стадионларида бўладиган концертлар¸ хусусан¸ Озодбек Назарбековнинг концертига билетларни мажбурлаб соттириш¸ шунингдек¸ билет сотилган концертларга келмаслиги ҳақида ўтганда ҳам шикоятлар келган.
Хусусан¸ Навоий ва Зарафшон шаҳарларида Озодбек Назарбековнинг жорий йил 27 ва 28 май кунларига белгиланган концертлари қолдирилгани норозиликка сабаб бўлган эди.
Айни пайтда, Назарбековнинг Навоий шаҳрида 14 май куни ўтказилиши эълон қилинган концерти ҳам қолдирилган эди. Концерт ташкилотчиларига яқин манбанинг Озодликка айтишича, тадбирнинг қолдирилишига унга етарли билет сотилмагани сабаб бўлган.
Озодлик Озодбек Назарбеков концертининг асосий ташкилотчиси бўлган Наманган ҳокимлиги расмийлари билан16 сентябрь куннинг иккинчи ярми давомида боғланишга муваффақ бўла олмади – афтидан ҳамма президент ўпичига муяссар бўлган Халқ артистини кўриб қолиш учун “Навбаҳор” стадионига кетган.