Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:45

Талон-торож ҳақидаги шикоятидан кейин “Ўзбеккино” ҳисобчиси ишдан бўшади


Айни пайтта Ҳолливудда кино олаëтган ўзбек режиссëрлари ҳам пайдо бўлди.
Айни пайтта Ҳолливудда кино олаëтган ўзбек режиссëрлари ҳам пайдо бўлди.

Ўзбекистон раҳбариятига шикоят ëзган “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳисобчиси 53 яшар Зулхумор Дадахўжаева 8 октябрь куни ишдан бўшатилди.

Озодлик билан суҳбатда Дадахўжаева ажратилган давлат маблағларини ўзлаштириш¸ фильмлар прокати тушумини яшириш ва бошқа молиявий жиноятлар ҳақида Ўзбекистон президенти ва Бош вазирига шикоят ëзганидан кейин босим остида қолиб ишдан бўшашга мажбур бўлганини таъкидлади:

- Молиявий жиноятлар учун жавобгар¸ аввало¸ бухгалтер бўлади. Мен бу қонунсизликларга шерик бўлмаслик учун раҳбариятга шикоят ëздим. Шикоят ëзганимдан кейин Вазирлар Маҳкамасидан Низом Маҳмудов деган келиб менинг ўзига босим қилди. Мен ариза ëзиб ишдан кетишга мажбур бўлдим. Лекин мен кетганим билан “Ўзбеккино”даги муаммолар ечимсиз қолди. Ҳатто Маҳмудовнинг ўзи ҳам мен келтирган фактларни тан олиб турибди¸ дейди суҳбатдош.

Ўғирлик иддаолари

2013 йилдан бери “Ўзбеккино” Миллий агентлигида Молиялаштириш ва бухгалтерия ҳисоботи бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Зулхумор Дадахўжаева 18 сентябрь куни “Ўзбеккино” Миллий агентлигигига ажратилган давлат маблағларини ўғирлаш кўлами ҳақида Ўзбекистон президентига хат жўнатган эди.

Озодликда нусхаси мавжуд бўлган бу мактубда “Ўзбеккино” Миллий агентлигида юзага келган танг аҳволга ортиқ тоқат қилиб бўлмаслиги баëн қилинади.

“Ўзбеккино” нега ўз зарарига ишлайди? Лойқа дарëда балиқ тутилмоқдами?

Мактубда иддао қилинишича¸ ҳозирги кунда агентлик бош директори вазифасини вақтинча бажарувчи Аҳмаджон Умаров "Ўзбеккино"га оид бўлган пулларни республика кинофондида “жиноий мақсадларда сақлаган”

Озодлик бу иддаони ўрганиш асносида ҳозирда “Ўзбеккино” раҳбари бўлган Аҳмаджон Умаровнинг ўзи илгари республика кинофонди раҳбари вазифасида ишлагани аниқланди.

Республика кинофондидаги Озодлик манбаларига кўра¸ Миллий хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда суратга олинган ва прокатга чиқарилган “Сотқин” фильмининг ўзидан Алишер Навоий номидаги киносарой (Панорама) 108 миллион сўмни Республика кинофондига ўтказиб берган:

- Бу пулни Кинофонд ўз навбатида “Ўзбеккино”га ўтказиб бериши керак эди¸ аммо илгаридан кинофондда пулларни турли йўл билан ўзлаштириш тизими бор. Бу тизимга Аҳмаджон Умаров даврида асос солинган эди. Ҳозир кинофондда Умаровнинг ўз одамлари бор. Енг ичида иш қилинаяпти. Кинофонддан "Ўзбеккино"га ўтиши керак бўлган пуллар изсиз йўқ бўлмоқда¸ дейди Озодлик манбаси.

Маълум бўлишича ¸ шу пайтга қадар Алишер Навоий номли киносарой давлат фильмларидан тушган маблағларни тўғридан-тўғри агентлик ҳисоб рақамига ўтказиб бериб келган.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳисобчиси Зулҳумор Дадахўжаеванинг Озодликка айтишича¸ Умаровнинг бевосита кўрсатмаси билан бу маблағлар ҳам Кинофондга ўтказила бошланган:

- Натижада, агентликнинг бюджетдан ташқари ишлаб топадиган маблағлари миқдори кескин камайди ва бу ҳолат хўжалик ҳисобида ишлаб келаётган оддий ишчи ва хизматчиларнинг ҳаттоки ойлик маошига ҳам салбий қилди¸ дейди суҳбатдош.

Ҳисобчининг бу иддаосини ўрганиш учун Озодлик мухбири агентлик бош директори вазифасини вақтинча бажарувчи Аҳмаджон Умаров билан боғланишга уринди.

Ўзини Умаровнинг ëрдамчиси деб айтган мулозим Озодлик мухбирига "Ўзбеккино” Миллий Агентлиги ҳисобчиси ЗулХумор Дадахўжаева 8 октябрь куни ишдан бўшатилганлигини тасдиқлаш билан кифояланди:

- Муаммодан Хабарим бор¸ Зулхумор опа бугун эрталаб бўшаб кетдилар ўзлари ариза ëзиб. Ҳозир Аҳмаджон ака йўқлар¸ яқин орада ҳам бўлишлари даргумон. Ҳозир сиз айтган масалалар бўйича текшириш кетаяпти. Сал олдин ҳам Бош прокуратура текширувди. Тўғриси мен молиявий масалаларни тушунмаганим боис¸ сиз айтган гапларни изоҳлай олмайман¸ деди мулозим.

Мулозим нега “Ўзбеккино” ўзига келиши керак бўлган молиявий оқимни “Кинофонд”га йўналтириб¸ сунъий камомадни келтириб чиқариб¸ ўзига зарар етказмоқда¸ деган саволимизга ҳам жавоб бермади.

Озодликнинг Қашқадарë ва Хоразм вилояти ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбалари ҳам “Ўзбеккино”нинг вилоят бўлимларидаги моливий тартибсизликлар устидан суриштирув бошланганини айтишди.

Озодлик манбаларига кўра¸ 2014 йилда Бош прокуратура топшириғига биноан 2012-2013 йиллар ва 2014 йил 1-чораги бўйича молия-хўжалик тафтиши ўтказилган.

Маълум бўлишича¸ мазкур тафтиш натижасида бир қатор камчиликлар аниқланган ва прокуратура томонидан “Ўзбеккино” раҳбариятига тақдимнома ва кўрсатмалар берилган.

Бу текширувлар билан бир пайтнинг ўзида "Ўзбеккино" Миллий агентлиги раҳбари Жаҳонгир Қосимов ўтган йил сўнгида вазифасидан олинган эди.

Унинг ўрнига вақтинчалик раҳбар этиб тайинланган Аҳмаджон Умаров даврида ҳам текширувлар давом этмоқда.

Мисли кўрилмаган тафтиш остида қолаëтган кино идоралари тузалмас касалга йўлиққанми?

Ўтган йили “Ўзбекфильм” очиқ акционерлик жамияти директори Файзираҳмон Усмонов жиддий тафтиш натижасида аниқланган бир миллиард сўм камомадда айбланиб ишдан олинган эди.

Бу воқеадан бир неча кун ўтгач “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош муҳаррири Мурод Муҳаммад Дўст ҳам лавозимидан бўшатилган эди.

Озодлик манбаларига кўра¸ кейинги бир йил ичида “Ўзбекфильм” молия бўлимида ишловчи камида икки нафар ходим ҳибсга олинган.

Ўзбекистон кино индустриясининг барча тармоқларида ўтган йили бошланган тафтиш пайтида “Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамияти маҳсулотларини сотиш бўлими бошлиғи 51 яшар Тўлаган Назаровнинг жасади “Ўзбекфильм” биносида осилган ҳолда топилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG