Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:44

Ётоқ берилмаган ТошМИ талабалари ижарага пул топиш учун мардикорга чиқмоқда


Мардикорлик қилаётган талабалар ўқиш савияси пасаётганидан шикоят қилишди. (Суратдаги йигитларнинг ушбу мақолага алоқаси йўқ)
Мардикорлик қилаётган талабалар ўқиш савияси пасаётганидан шикоят қилишди. (Суратдаги йигитларнинг ушбу мақолага алоқаси йўқ)

Тошкент Тиббиёт академиясининг вилоятдан келган 25 фоиз талабаси ётоқхона билан таъминланмагани боис квартирада ижарага туришга мажбур бўлаяпти. Талабалар иддаосига кўра, академия ётоқхоналарида бўш ўринлар борлигига қарамасдан пора бермаганлар турар-жой ололмаяпти. Ётоқсиз қолган талабалар эса ижара ҳақининг қимматлиги боис мардикорлик қилишга мажбур қолаётганликларини айтишди.

"Пора бермаган ётоқсиз қолаяпти"

Тошкент Тиббиёт академиясининг ётоқхона берилмаган бир гуруҳ талабалари номидан Озодликка бўлган мурожаатга кўра, ўқув масканида вилоятдан келган ва ётоққа муҳтож бўлган талабаларнинг анча қисмига "жой йўқ" деган баҳона билан жой берилмаяпти:

“Бизнинг курсда тошкентликлар йўқ, ҳаммаси вилоятдан келганлар ўқийди. Шуларнинг 70 фоизи ётоқхонада туради. 30 фоизи эса ётоқхона берилмагани учун квартирада туради. Биз суриштириб кўрдик, ётоқхонада бўш жойлар бор, лекин нимагадир жой йўқ¸ дейишади. Кимга шикоят қилишни ҳам билмаймиз”, дейилади талабалар мурожаатида.

Озодлик ушбу мурожаат ортидан мазкур ўқув юртининг талабалари билан боғланиб, вазиятни ўрганди. Ётоқсиз қолган талаба йигитлардан бирининг исмини очиқламаслик ва овозини ёзиб олмаслик шарти билан айтишича, ётоқхона олиш жараёни коррупциялашгани боис¸ айрим талабалар жой ололмай қолаяпти:

“Ётоқхонага жойлашиш пул бўлиб кетган. Масъул шахсларнинг барчаси пул олади. Ўзи ётоқхонага жойлашиш масаласини раҳбарият ҳал қилади. Ётоқ олиш учун бериладиган пул миқдори келиша олишишингизга боғлиқ. Кимдир 50 минг, бошқа биров 100 минг, ҳатто 200 минг сўм берганлар ҳам бор. Айримлар¸ ўша гаплашилган одамнинг бирор каттароқ хизматини қилиб бериш эвазига ётоқхонадан жой олган. Лекин келишишни эплай олмасангиз, ётоқсиз қоласиз”, дея иддао қилади талаба йигит.

Мардикорга айланган талабалар

Бошқа бир талабанинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, ётоқсиз қолиб, ижарада яшашга мажбур қолган талабалар, ижара ҳақининг қимматлиги боис мардикорлик қилиб пул топаяптилар:

“Ижара ҳақи сентябрда 200 минг сўм эди. Доллар курси қимматлагани боис ижара ҳам қимматлади. Ҳозир бир ойга 250-300 минг сўм тўлаяпмиз. Еб-ичиш, транспорт ва бошқа майда-чуйда ҳаражатларга яна 300-400 минг сўм кетади. Ўзи вилоятдан келиб, Тошкентда ижарада яшаб, ўқиётган талабалар бир ойга тахминан 700-800 минг сўм сарфлаяпти. Ҳали бу оз нарса еб, арзон кийим-кечак олганимиздаги пул. Стипендия пулимизнинг ўзи ўртача 250 минг сўм. Шунинг учун дарсдан кейин ва дам олиш кунлари мардикорликка чиқаяпмиз. Шуни ҳисобига дарс тайёрлашга ҳам вақт қолмаяпти. Ўқишимизга жуда ёмон таъсир қилаяпти”, деди ўзини ошкор қилмасликни сўраган бўлғуси врач йигит.

Мулозим изоҳи

Тошкент Тиббиёт академияси талабаларини ётоқхона билан таъминлашга масъул бўлган мулозими - маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректор Турдиқул Бобомуротов Озодлик билан суҳбатда дастлаб ётоқсиз қолган талабалар борлигини инкор қилишга уринди. Бироқ профессор Бобомуратов суҳбат давомида вилоятдан келган 25 фоиз талабага ётоқхона берилмаганини маълум маънода тан олди:

Озодлик: Ўзи неча фоиз талабангиз ëтоқхона билан таминланган?

- 50 фоиз.

Озодлик: Қолган 50 фоизичи?

- Қолган 50 фоизининг 25 фоизи ота-онаси билан туради, қолганлари ижарада, қариндошиникида туради.

Озодлик: Ижарада турувчилар ëтоқхона билан таъминлаш имкони йўқлигидан ижарада турадими?

- Республика бўйича талабаларга жой бериш масаласида биз максимал даражада таъминлаб берганмиз. Биринчи курс талабалари тўлиқ таъминланган, кейин муҳтож бўлган одамлар таъминланган.

Озодлик: Ҳозир яна имкон борми ëтоқхонангизда?

- Ўғил болаларга қолмаган бўлиши керак. Факультетлар, мисол учун Лечфакда ўқийдиган талабалар бўлса, жой йўқ. Лечфакда 2000га яқин талаба ўқийди. Ҳар бир факултет декани бошчилигида ишчи гуруҳи тузилган. Ишчи гуруҳ ўрганиб адолатли равишда (ётоқхона) берган,- деди Турдиқул Бобомуратов.

Тошкент Тиббиёт академияси маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректори Турдиқул Бобомуротовнинг изоҳи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:49 0:00
Бевосита линк

Тиббиёт академияси 1750 талабани ётоқхона билан таъминлаш имконига эга. Озодлик қўлга киритган маълумотга кўра, жорий йилда 1600 талаба ётоқхона билан таъминланган ва ҳозирда ётоқхонада 50та бўш ўрин бор.

Ётоқхона муаммоси пойтахтдаги деярли ҳар бир олийгоҳда бор

Пойтахтнинг бошқа олийгоҳларида ҳам вилоятдан келган талабаларни ётоқхона билан таъминлашда муаммо борлиги ҳақида Озодлик аввал ҳам ёритган.

Жумладан, Тошкент Давлат техника университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент Давлат Миллий университети талабалари ҳам ётоқхонага жойлашишда пора талаб қилинаётгани ва ётоқхоналардаги шароитларнинг талаб даражасида эмаслигидан Озодликка шикоят қилишган.

Бу йил Ўзбекистон олийгоҳларига қарийб 58 минг талаба қабул қилинди. Шулардан 19 мингдан зиёди давлат гранти асосида ўқимоқда.

Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2006 йил 17 январида қабул қилган “Талаба ва ўқувчиларни турар жой билан таъминлаш” тўғрисидаги 11-сонли буйруғи ассосида ўқишга қабул қилинган талабаларни ётоқхона билан таъминлаши керак.

Ҳар бир олийгоҳ раҳбарияти зиммасига ётоқхонага жойлаштирилган талабани ётоқ анжомлари билан таъминлаш, талабанинг яшаши учун барча шароитлар, жумладан, иситиш системалари, иссиқ-совуқ сув, газ ва ёруғлик билан таъминлаш вазифалари ҳам юклатилган.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги Озодлик манбасига кўра, ҳозир Тошкентдаги олийгоҳлар ётоқхонага эҳтиёжи бор талабаларнинг 25-30 фоизинигина турар жой билан таъминлашга қодир.

XS
SM
MD
LG