Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:03

“Фарғонаазот” ишчиларига сентябрдан буён маош бермаяпти


Фарғона шаҳридаги бир неча саноат корхоналари ишчи ва ходимларига бир неча ойлаб маош бермаяпти. “Фарғонаазот” корхонаси ишчилари беш ойдан буён маошсиз қолаётган бўлса, Фарғона нефтни қайта ишлаш корхонаси ишчилари эса энди ноябрь ойининг маошини олишмоқда.

Фарғона шаҳридаги “Фарғонаазот” корхонасининг ишчилари сентябрь ойидан буён тўлиқ маош олишолмаган.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган бир гуруҳ ишчиларнинг ёзишича, корхона маъмурияти ҳар икки-уч ойда 10-15 фоиз маош билан ишчиларни алдаб келмоқда:

“Бизнинг заводда меҳнат кодексида кўрсатилган қонунлар бузилмоқда. Ишчиларнинг завод маъмурияти билан тузган шартномасига кўра, ойликлар ўз вақтида тўлаб борилиши керак. Лекин, биз сентябрь ойидан буён маошни тўлиқ олганимиз йўқ. Декабрь ойида йиғилган маошларнинг 10 фоизини беришди, холос. Қолгани шундай турибди. Завод маъмуриятига мурожаат қилавериб чарчадик. Пул йўқ, ёқмаса бошқа жойдан иш топ, деб айтяпти. Ҳозирги замонда яна қаердан иш топиш мумкин деб, чидаб турибмиз”, деб ёзади ишчилар.

“Фарғонаазот” корхонасида ишлайдиган ишчилардан бири билан Озодлик боғланди. Унинг айтишича, тирикчилик кундан-кун қийин бўлиб кетяпти:

“Баъзиларимизнинг май ойи маошлари ҳам турибди. Яхшиям қарзга озиқ-овқат бериб турадиган таниш дўкончилар бор. Декабрь ойида умумий йиғилган маошларимизнинг озгинасини берди. Қарзларни тўлаб, яна қарзга ўтиряпмиз. Ҳеч кимдан садо чиқмайди, ҳамма бир гап десам ишдан ҳайдаб юборади деб, қўрқиб юрибди”, дейди ишчилардан бири.

Фарғона шаҳридаги фаоллардан бири Исмоилжон Маллабоев ҳам “Фарғонаазот”да ишлайдиган танишларининг гапига таянган ҳолда, уларнинг қарийб беш ойдан буён маошсиз ишлаётганини айтади:

- “Фарғонаазот”даги танишимнинг айтишича одамларнинг ноласи осмонга учяпти. Август ойлигини олишган экан охирги марта. Мана бешинчи ойки маошларини тўлиқ олишолмаган экан. Завод одамлар норозилик қилмасин деб унча бунча картошка ва сабзавот бериб одамларни алдаб турибди экан”, дейди Исмоил Маллабоев.

“Фарғонаазот” корхонасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда саволларга жавоб беришдан бош тортди:

“Белгиланган тартибда бизга радионгиз номидан хат ёзиб, мурожаат қилинг”, деди мулозим.

Озодлик манбаларининг хабар беришича, Фарғонадаги бошқа саноат корхоналарида ҳам маошларнинг бир неча ойларга кечиктириб берилиши кузатилмоқда.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ҳам ўтган йилнинг ноябрь ойи маоши энди пластик карточкаларга ўтказиб берилаётгани айтилади.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда давлатга қарашли корхоналарда маошларнинг бир неча ойлаб кечикиши сурункали тус олмоқда.

Мустақил иқтисодчилар бу ҳолатни мамлакат иқтисодида жиддий қийинчиликлар, хусусан нақд пул тақчиллиги юзага келгани билан изоҳламоқда.

Озодликка сиздирилган Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосарининг Бош вазир Шавкат Мирзиёевга йўллаган ҳисоботидамамлакат иқтисодида вужудга келган нақд пул тақчиллиги боис банкларнинг ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани тўғрисида огоҳлантирилган эди.

XS
SM
MD
LG