Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:37

Ўғри режиссёр, ўлдирилган судхўр ва йўл ҳаракати бўйича янги тақиқлар


Бухоролик фуқаро чала битган намунали уйни олишга мажбурланмоқда. Қашқадарёлик судхўр аёл ўлдирилди. Йўлдан ўтаётган пиёданинг телефондан фойдаланиши тақиқланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Қарздорга шаллақилик қилган судхўр аёл ўлдирилди”

Қашқадарё вилояти Қарши тумани Узуннаво қишлоғида яшаган судхўр аёл Шоҳиста Исмоилова ўлдириб кетилди (“Даракчи”, 21 январь).

Тергов жараёнида маълум бўлишича, судхўр аёл қаршилик Ислом Ҳамидовга 100 доллар устама фоиз шарти билан ўн кунга 3 миллион сўм қарз берган. Қарздор пулни олиб келганда судхўр аёл “Вақтида пулни олиб келмадинг, бир миллион сўм қўшиб берасан, бўлмаса, бошингга хотинларнинг ички кийимини кийдираман” дея “шаллақилик” қилган.

Бу дашномни йигитлик шаънига тўғри келмайди деб ҳисоблаган И.Ҳамидов судхўр аёл ва унинг ўғлини ўлдирган.

“Марҳума Ш.Исмоилованинг фожиали ўлим топиши боиси унинг судхўрликни касбга, ўз уйини норасмий банкка айлантириб олганидир. Тергов даврида темир сандиғидан ўнлаб фуқароларнинг паспортлари, ишончномалар, тилхатлар, яна қанчадан-қанча аёлларнинг тилла тақинчоқлари топилди”, деб ёзади газета.

“Бухоролик фуқаро чала битган намунали уйни олишга мажбурланмоқда”

Бухоро вилояти Когон шаҳрида яшовчи Зайнаб Муқумжонова шу номли туманнинг “Янги ҳаёт” қишлоғидаги чала қурилган намунали уйни олишга мажбурланмоқда (“Ҳуррият”, 20 январь).

Фуқаро 2010 йилда қишлоқда қурилаётган коттежлардан бири учун бошланғич бадални ҳамда шартномада кўрсатилган сумманинг икки қисмини тўлаган. Пировардида қурилишга тааллуқли расмий ташкилотлар З.Муқумжоновадан чала-чулпа тикланган уйни камчиликлардан кўз юмиб қабул қилишни талаб қилган. Иш маҳкамагача бориб, фуқаронинг даъвосини Когон тумани (2011), Бухоро вилояти (2012), Бухоро шаҳри (2013), Когон шаҳри (2014) судлари кўриб чиққан.

Аммо ҳамон ишнинг охири кўринмаяпти. Даъвогар аёл 36 та нуқтада камчилиги бор чала уй учун қолган пулни тўлашдан бош тортмоқда. Қурилишни бошлаган раҳбар судланиб ишдан кетган. Бугунги кундаги жавобгар ташкилот эса маблағнинг қолган қисми тўланмаса, қурилиш давом этмаслигини билдирган.

“Йўлдан ўтаётган пиёданинг китоб ўқиши, телефондан фойдаланиши тақиқланди”

Йўлда кетаётган ҳамда кўчани кесиб ўтаётган пиёданинг хаёлни чалғитувчи нарсалардан жумладан, телефон, планшетлардан фойдаланиши, видео кўриши, газета, журнал ҳамда китоб ўқиши ман этилди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси раҳбари Холматжон Сайдалиевнинг бир қатор матбуот нашрларига маълум қилишича, мазкур тартиб 2016 йил 1 мартдан кучга киради.

Янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидаларига кўра, бундан буён йўловчи олиб кетаётган автобус, микроавтобус, шунингдек, мотоцикл ҳамд мопед ҳайдовчилари кундузи ҳам яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб юриши шарт. Шу билан бирга, ҳайдовчиларга тунги вақтларда нур қайтарувчи махсус нимча кийиб олиш мажбурияти юклатилди.

“Вилоятлик ота-оналар фарзандини Тошкентдаги болалар боғчасига бера олмайди”

Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи фуқаро И.Каримсаков неварасини Тошкент шаҳридаги болалар боғчасига бера олмади. Боғча маъмурияти ўз ҳудудингиздаги боғчага мурожаат қилинг дея унинг сўровини рад этган (“Адолат кўзгуси”, 21 январь).

Газета изоҳига кўра, қонунчиликка мувофиқ болалар боғчага доимий яшаш ҳудуди бўйича қабул қилинади. Боғча йўлланмаси олиш учун ота-оналар тўғридан-тўғри боғча маъмуриятига эмас, ҳудудий қабул комиссиясига мурожаат қилиши лозим.

Йўлланма учун ҳужжатлар 7 кун ичида кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилиниши керак. Агар танланган боғчада бўш ўрин бўлмаса, топширилган ҳужжатлар йўлланма учун навбатга қўйилади.

“Хориждан фильм ўғирлаган ўзбек режиссёрларининг сири фош бўлди”

Ўзбекистонда 2013 йилда суратга олинган “Хиёнат гирдоби” фильми сюжети Буюк Британия ҳамда АҚШ киночилари суратга олган “Хиёнат баҳоси” (Derailed, 2005) фильмидан айнан ўғирланган.

“Даракчи” нашри хабарига кўра, бундан ташқари, режиссёр Саид Мухторовнинг “Рашк”, хонанда Жаҳонгир Позилжоновнинг “Қизалоғим”, режиссёр Жавлон Шодмоновнинг “Уринг, жоним, уринг” фильмлари ҳам ўғирлик маҳсули саналади.

Шоу бизнес нашрида кинодаги плагиаторлик муносабати билан “Ўғри бўл, қароқчи бўл, инсоф билан бўл!” нақли ёдга олинган.

“Аёллар ва болалар ҳам одам савдоси қурбони бўлмоқда”

Чет элларга пуллаб юборилаётган одам савдоси қурбонлари орасида аёллар ва болалар ҳам учрамоқда (“Тошкент оқшоми”, 20 январь).

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалалари агентлиги бўлим бошлиғи Самар Мамашокиров маълум қилади.

Дунё бўйича ҳар йили 2,7 миллион инсон одам савдоси қурбони бўлмоқда. 600-800 минг нафар аёллар ва болалар алдов йўли билан хорижга сотиб юборилмоқда.

Агентлик вакили ўзбекистонликларни пул топиш йўлида ҳар қандай разил йўлдан қайтмайдиган одамфурушлардан эҳтиёт бўлишга даъват этади.

“Тўйда гул отиш одатини кўриб, ер ёрилсаю, ерга кириб кетсанг...”

Тўй-ҳашамларда урф кирган келиннинг гулдаста отиши танқид қилинди.

“Эмишки, гулни илиб олган қиз тез орада турмушга чиқаркан. Энди ўйлаб кўринг, қайси иболи ўзбек қизи 300-400 киши кўз ўнгида “тезроқ эрга тегиш чорасини кўриб олай” қабилида гулга ёпишади?! Ёпишар экан, бир эмас, ўнлаб қизлар қий-чув қилиб, келинбола узатаётган “эстафета”ни тутиб олишга киришса денг. Ер ёрилсаю, ерга кириб кетсанг бу манзарани кўриб!” деб ёзади “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош мутахассиси Дилфуза Турдибоева “Ҳуррият” газетасидаги мақоласида.

Муаллифга кўра, халқ назаридаги ёш хонанда ва актёрлар бу каби одатларни ўз тўйларида ўтказиб, унинг кенг оммалашишига ҳисса қўшмоқда.

XS
SM
MD
LG