Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:29

Тошкентликлар чинор кесилишига қарши петиция уюштиришди


Тошкентда кесилган дарахтлар.
Тошкентда кесилган дарахтлар.

Шанба-якшанба кунлари ўзбек расмийларининг Тошкентда бошланган навбатдаги дарахт кесиш амалиёти пойтахтликларда норозилик уйғотди. Чинорлар кесилишига қарши бўлган тошкентликлар Интернет орқали петиция имзолаш кампаниясини бошлаб юбордилар.

“Ўзбекистонда чинорларнинг ваҳшийларча кесилишини тўхтатишни сўраймиз” деб номланган бу петиция тошкентлик Фарида Шарифуллина томонидан уюштирилган.

“Ҳозир Ўзбекистоннинг ҳар ерида чинорларни кесаяптилар. Чинорнинг ўрнини ҳеч қайси дарахт босолмайди. Осиё чинорининг баландлиги 35-40 метрга етади, соя-салқин берадиган ҳамда иссиқ ва қуёш радиациясида ҳимоялайдиган шох-шаббаси мўл. Бир неча юз йил яшайди. Бу мустаҳкам оғочни қурт-қумурсқа кемиролмайди. Суғоришга ҳам ҳожат йўқ. Ҳозир Тошкент яланғочланиб қолган, у асфальт-бетон даштига ўхшаб бормоқда. Чинор ўрнига сув кўп талаб қиладиган ва соя-салқин бермайдиган арча ва чет эл дарахтлари ўтқазмоқдалар. Ўзбекистонда чинорларнинг ваҳшийларча кесилишини тўхтатишни сўраймиз”, деб ёзади Фарида Шарифуллина.

Ҳозиргача қарийб 1,5 минг киши имзолаган петициянинг адресати ўлароқ Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов, Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Абдусаматов ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати мутасаддиси Борий Алихонов кўрсатилган.

Бундан олдин аёл Тошкент шаҳар ҳокимияти ва Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Фейсбукдаги саҳифасига хат йўллаган. Ўз хатида у расмийлардан Тошкентда соғлом чинорларни ваҳшийларча кесиш нима учун давом этаётганини изоҳлаб беришни сўраган. Бунга жавобан табиатни муҳофаза қилишқўмитаси шу кунда Мирзо Улуғбек туманидаги қатор кўчаларни ободонлаштириш ва кенгайтириш ишлари олиб борилаётгани, бу иш учун айрим дарахтларни кесиш зарур бўлаётгани, кесилган дарахтлар ўрнига баҳорда қимматли дарахт турлари экилишини билдирган.

23-24 январь кунлари Тошкентдаги президент трассасининг бир қисми бўлган собиқ Пушкин кўчасида ўсган барча чинорларни кесиб ташлагандилар. 25 январдан эса Дархон мавзеидан Амир Темур хиёбонигача қаторлашиб турган чинорларни кеса бошлаганлар.

Тошкентда чинорларнинг кесилиши нафақат ижтимоий тармоқларда, балки айрим оммавий ахборот воситаларида ҳам норозилик чиқишларига сабаб бўлмоқда.

Масалан, Узметроном сайти бош муҳаррири Сергей Ежков бу борадаги қайдини “Ҳокимиятдаги ярамаслар ва улар остидаги балиқлар ҳақида” дея сарлавҳалаган.

Ўз қайдида Ежков юртдошларининг виждонига сасланаркан, “халқ забонсиз малай эмас, балки Ўзбекистон конституциясида белгилаб қўйилгани каби ҳокимият манбаи эканини расмийларга ҳар куни исботлаш орқали ўзимизни ҳурмат қила бошлаш вақти етмадими?” деб ёзади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг шаҳарларни ободонлаштириш дастурига биноан соя берадиган юзлаб қадим чинор ва бошқа дарахтлар кесилиб ташланган.

2009 йилнинг ноябр ойида Тошкентнинг "энг кекса фуқаролари" – Амир Темур xиёбонидаги ёши 100 дан ортган дарахтлар кесиб ташланган.Бир асрдан зиёд вақт давомида қадимий шаҳарнинг кўркига кўрк қўшиб келган, шаҳар маркази иқлимини мўътадиллаштириб турган xиёбонга арчалар экилган.

2010 йилнинг январида Самарқанд шаҳри кўчалари ва шаҳар паркидаги чинорлар кесилган.

2010 йилнинг августида Чирчиқ шаҳри марказидаги юздан ортиқ дарахтлар кесилган. Саноат шаҳри бўлган Чирчиқда тоза ҳавога катта эҳтиёж сезаётган шаҳарликлардан айримлари Озодликка бу қарордан норозиликларини билдирган.

2011 йилнинг майида Тошкент шаҳрининг Дўмбиробод маҳалласидаги қабристонда кўп йиллик чинорлар кесилган.

2011 йилнинг ёзида Тошкентнинг "Пахтакор" метроси ва ўйингоҳи атрофидаги ўрмон дейишга арзирлик дарахтзор чопиб ташланган.

Ўтган йил баҳорида яна Самарқанд шаҳрида юз йиллик чинорлар йиқитилган.

Шунингдек, Наманган, Андижонда ҳам шаҳарга соя-салқин ташлаб турган жуда кўп манзарали дарахтлар кесиб ташланган.

XS
SM
MD
LG