Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:47

Тошкентда уй-жойини яширинча ижарага берганлар жазоланмоқда


Пойтахтда уй-жойини яширинча ижарага берганлар жазоланмоқда. Ажрашишлар ўз жонига қасд қилишларга олиб келмоқда. Ўзбекистон мактабларида ўқитувчиларнинг 70 фоиздан кўпроғи аёллардир. Жорий ҳафтада маҳаллий ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Тошкентда уй-жойини яширинча ижарага берганлар жазоланмоқда

Тошкентдаги уй-жойини қўшимча даромад илинжида, ҳеч қандай ҳужжатсиз, яширинча ижарага бераётганлар жазоланмоқда (“Оила даврасида”, 29 сентябрь).

Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси вакили Юнусжон Насимжоновга кўра, жорий йилнинг 8 ойида шаҳар бўйича ижара билан боғлиқ 1800 дан ортиқ ҳуқуқбузарлик аниқланган ва айбдорларга чора кўрилган.

Қайд этилишича, фуқаролар ўртасида уй-жой ижараси шартномаси ёзма тарзда тузилиши ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим. Акс ҳолда, мулк эгалари энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваридан 15 бараваригача жаримага тортилади.

18 ёшга тўлмаган ва пенсия ёшидаги ходимлар ишга киришда мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилади

Ўзбекистонда эндиликда 18 ёшга тўлмаган ва умумий пенсия ёшига етган фуқаролар, ногиронлар, шунингдек, бир қатор касб эгалари ишга киришда ва меҳнат даврида мажбурий равишда тиббий кўрикдан ўтказилади (“Ўзбекистон овози”, 29 сентябрь).

Жорий йил 23 сентябрда матбуотда эълон қилинган ва 3 ой ичида кучга кирадиган “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунда ана шу талаб илгари сурилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алия Юнусовага кўра, зикр этилган тоифадаги ходимлар тиббий кўрикдан бўйин товлаши мумкин эмас. Акс ҳолда, иш берувчи ходимни ишга қўймасликка ҳақли бўлади.

Ажрашишлар ўз жонига қасд қилишларга олиб келмоқда

Тошкентда республиканинг бошқа вилоятларига қараганда ажрашишлар энг кўп қайд этилмоқда (“Тошкент оқшоми”, 28 сентябрь).

Тўлақонли бўлмаган ва носоғлом оилаларда эса болаларнинг жиноятга қўл уриши кузатилмоқда. Ажрашишлар, шунингдек, оилавий низолар замиридаги жиноятлар ҳамда ўз жонига қасд қилишларнинг кўпайишига олиб келмоқда.

Қайд этилишича, оилада ижтимоий, маънавий муҳитнинг талаб даражасида эмаслиги, йигит ва қизларнинг турмушга тайёр эмаслиги, оиланинг иқтисодий асоси мустаҳкам эмаслиги, куёвларнинг ишсизлиги, йигитларнинг ишлаш учун чет элларга чиқиб кетиши ажрашишларга сабаб бўлмоқда.

2016 йил май ойида Тошкент шаҳар ҳокими ажримларнинг олдини олиш бўйича қарор қабул қилган. Ёзилишича, мазкур қарор ижроси бўйича етарли ишлар олиб борилмаяпти.

Ўзбекистон мактабларида – “матриархат”

Айни пайтда Ўзбекистон мактабларида 385 минг 364 нафар ўқитувчи фаолият юритмоқда.

“Даракчи” нашри хабарига кўра, уларнинг 273 065 нафари (70,9 фоиз) аёл, 112299 нафари эса (29,1 фоиз) эркаклардир. Шулардан 16 мингга яқини олий тоифали мутахассислардир.

Мамлакат бўйича 7 нафар ўқитувчи Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан тақдирланган. 1997 йилдан бошлаб 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида нишонланади.

XS
SM
MD
LG