АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп кибер ҳужумларга қарши аёвсиз курашишга ваъда берди.
Унинг бу ваъдаси 6 январда АҚШ истиҳборот хизматларининг ҳисоботи нашр этилишидан кўп ўтмай янгради.
АҚШ истиҳборот хизматларининг хулоса қилишича, Россия президенти Владимир Путин, АҚШ президенти сайловолди курашларига таъсир кўрсатиш ва республикачилар номзоди Доналд Трампга ёрдам бериш мақсадини кўзлаб, хакер ҳужумларини амалга оширишга буйруқ берган.
АҚШ Миллий истиҳборот хизмати директори идораси ҳисоботида таъкидланишича, Москва сай-ҳаракатлари республикачи Трампга унинг Демократик партиядан рақиби Ҳиллари Клинтонни ёмонотлиқ қилиш йўли билан ёрдам кўрсатишга қаратилган.
25 саҳифалик ҳисоботдага кўра, Путин 2016 йилда АҚШ президент сайлови натижаларига таъсир кўрсатишга қаратилган амалиётни ўтказишга топшириқ берган.
"Россия мақсади АҚШдаги демократик жараёнга бўлган жамият ишончига футур етказиш, Клинтонни қоралаш ва унинг президент этиб сайланишига тўсқинлиқ қилиш бўлган," дея таъкидланади ҳисоботда.
"Бизнинг ҳисоб-китобимиз бўйича, Путин ва Россия ҳукумати очиқчасига Трампга хайрихоҳ бўлишган. Биз бундай баҳолашга катта ишонч билан қараймиз".
Доналд Трамп ҳисобот нашр этилишидан бир неча соат олдин истиҳборот хизматлари раҳбарлари билан учрашган эди.