Линклар

Шошилинч хабар
31 январ 2025, Тошкент вақти: 02:42

"Аҳолини газсиз қолдиргани учунми?" Ҳокимларга мукофот пули ва амалдорлар бизнеси


Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов президент Шавкат Мирзиёев билан унинг вилоятга ташрифи чоғида. 14 март 2023 йил. Видео скриншоти.
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов президент Шавкат Мирзиёев билан унинг вилоятга ташрифи чоғида. 14 март 2023 йил. Видео скриншоти.

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов маҳаллий амалдорларни мукофотлаш учун 661 миллион сўм ажратиш ҳақида шу йил 20 январь куни чиқарган фармойишини орадан бир ҳафта ўтиб бекор қилди. Маҳаллий нашрлар ижтимоий тармоқларда танқидга учраган қарор e-qaror.gov.uz платформасида “шахсга доир маълумот борлиги” важи билан яшириб қўйилганига эътибор қаратмоқда.

Ҳокимлик маблағлар “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурига йўналтирилишини маълум қилган.

Айни пайтда ўтган йили Ўзбекистонда мансабдор шахслар давлатга 3.6 триллион сўм зарар етказган.

Бош прокуратура матбуот хизмати эълон қилган рақамларга кўра, бу 2023 йилга (1,55 триллион сўм) нисбатан 2,3 баробар кўпдир.

Вилоят ҳокими ўринбосарлари, шаҳар ва туман ҳокимларига юзлаб миллион сўм мукофот пули тўлаб беришни режалаган Сурхондарё вилоят ҳокимлигининг 12 та ижро ҳужжатлари бўйича жами 48 миллион 795 минг сўм қарздорлиги мавжудлиги ва айримлари бир неча йиллардан буён тўланмай келаётгани ўртага чиққан.

Расмий рақамларга кўра, 2024 йилда вилоятда маҳаллий бюджет даромадлари 3,1 трлн сўмни, харажатлари эса 4,9 трлн сўмни, дефицит 1,8 трлн сўмни ташкил этган.

Ҳозирда АҚШда истиқомат қилаётган Смаил Оспанов 1995-2002 йилларда Навоий вилояти Конимеҳ туманига ҳокимлик қилган, 2003-2004 йилларда Навоий вилояти ҳамда Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Унинг айтишича, маҳаллий ҳокимларнинг бюджет маблағларини мукофот пули учун сарфлашга ваколати йўқ.

"Бу ерда биз солиқ тўловчиларнинг пуллари ҳақида гапиряпмиз. Бу пулларни ҳокимлар ўзлари ва ёрдамчиларига мукофот пули сифатида тақсимлашга ваколати йўқ", дейди Оспанов.

Иқтисодчи профессор, рўйхатга олинмаган “Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ социал-демократик ‌партияси‌ ‌етакчиси Хидирназар ‌Аллақулов жамоатчилик Сурхондарё вилоят ҳокимининг қароридан фақат ижтимоий тармоқ орқали хабар топганига эътибор қаратади.

"Сурхондарё ҳокимининг қарори тармоққа чиқиб кетмаганида ҳокимлар шу мукофот пулини олар эди. Ҳозир бу нарса фош бўлганидан кейин пулни камбағалликни камайтиришга сарфлаймиз дейишяпти. Нима қилган иши учун ҳокимларга мукофот берилиши керак? Аҳолини қишда газсиз қолдиргани учунми? Болаларга бериладиган пулни кесишди, лекин ҳокимларга 2 минг доллардан мукофот пуллари ёзиляпти", дейди профессор Аллақулов.

Ҳокимлар ўзларига ва муовинларига мукофот пули чиқариб бергани билан боғлиқ ҳолатлар бундан олдин ҳам бўлган.

Аввалроқ Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов ўз секторини “Энг ташаббускор сектор” номинацияси ғолиби, деб эълон қилгани ва сектор раҳбари сифатида маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган ҳисобидан ўзини ўзи тақдирлаб, 61 млн 875 минг сўм ажратгани хабар қилинганди.

Ўтган ой Муборак тумани ҳокими биринчи ўринбосарига бир кунда 29 миллион сўмга яқин мукофот пули чиқаргани, бундан олдин 2023 йилда яхши кўрсаткичи учун 14 миллион 578 минг сўм, кейин Конституция байрамини баҳона қилиб фақат ўзига 2 ойлик иш ҳақи миқдорида 14 миллион сўм рағбат пули олгани тармоқларда эътирозларга сабаб бўлган.

Уч йил аввал Тошкентнинг Сергели тумани ҳокими ўзига 35 млн. сўмлик мукофот пули ёзгани ҳақида ҳам хабарлар ўртага чиққанди.

Сергели туманининг ўша пайтдаги ҳокими Элбек Шукуров Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида туман ҳокимларининг ойлик маоши 5 млндан 6 млн сўмгача бўлиши мумкинлиги, бундан ташқари, у ўзига ходимлари билан бир ҳил миқдорда рағбат пули ажратишини айтиб ўтганди.

"Ҳоким "премия“ билан 5 млндан 6 млн сўмгача олади. Иш ҳақи миқдори бир хил, лекин туманлар ҳокимлари ўз ходимларига ўзлари бажарган бюджетига қараб рағбат пулларини белгилаш ҳуқуқига эга. Маълум бир маблағ бўлади, агар сиз бу бюджетни амалга оширсангиз ҳисобингизда қанчадир миқдорда маблағ пайдо бўлади. Улардан маълум миқдорини эҳтиёжларга йўналтира оласиз, яъни ўзингиз уни тақсимлашингиз мумкин", деб айтган собиқ ҳоким.

У ўзига бошқа ходимлар билан бир хил «премия» пули ажратишини ҳам қўшимча қилган.

"Агар ўзимга рағбат пулини ёзмасам, «унга иш ҳақи керак эмас, кимдир унга [пул] олиб кириб беради» деб ўйлаши аниқ. Кўпроқ ёзиш — адолатдан эмас. Чунки улар мендан кам ишлашмасликларини кўраман. Шунинг учун ўртача «премия» ёзилади. Қайсидир ходимларимнинг «премия"си меникидан ҳам кўп бўлади. Мен ўзим белгилайман. Уларнинг орасида ҳақиқатда кўпроқ ишлаб, ўзини кўрсатганлар бўлади".

Ҳокимлар тўқ бўлса пора олмайдими?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида моддий рағбат порахўрликнинг олдини олишга ҳисса қўшиши, амалдор моддий томондан тўқ бўлса, коррупцияга йўл қўйиши анча камайишини айтган.

Ҳокимларнинг қанча маош олиши ҳақида расмий статистика йўқ, аммо ҳокимият тизимида ишлайдиган мулозимлардан бирининг Озодликка айтишича, Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён маошлар "каррасига ошган".

Айни пайтда каррасига ошган нарса фақат ҳокимлар ва бошқа мулозимларнинг маошларигина эмас.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, ўтган йили мансабдорларнинг коррупция жинояти давлат ҳазнасига 3 триллион 608 миллиард сўм миқдорида зарар етказган.

2024 йилда коррупция, хизмат лавозимини суистеъмол қилиш, талон-тарожлик каби 3821 та жиноят иши қўзғатилиб, 4906 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилди. Бу кўрсаткич 2023 йилдагига нисбатан ортган 2023 йилда 3412 нафар мансабдорга жиноят иши очилган бўлса 2024 йилда бу рақам 3575 тани ташкил этган.

Шуларнинг 4425 нафари туман (шаҳар) миқёсидаги ходимлар бўлган.

Шу ой бошида Озодлик вазир ва ҳокимлар Янги йилда Бош вазир Ариповнинг махсус фармойиши билан давлат ҳисобидан дам олгани ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистонда ҳокимларнинг ўзбошимча қарорлари ва давлат маблағларининг талон-торож қилинишини фаоллар парламент назорати йўқлиги билан тушунтиришади.

Айни пайтда Шавкат Мирзиёев даврига келиб минтақавий ялпи ички маҳсулот тушунчаси пайдо бўлди ва солиқ тушумларининг бир қисми вилоятлар бюджетларига қолдирилиши айтилди. Маҳаллий бюджетлар ижро ҳокимиятидан мустақил бўлмаган маҳаллий кенгашлар тимсолида тўлиқ ҳокимлар томонидан назорат қилинади.

Маҳаллий ҳокимликлар ўзларига қимматбаҳо машина сотиб олиш ёки ҳашаматли тадбирлар уюштиришга ажратилган молия кўпинча "бюджетдан ташқари маблағлар"дан шакллантирилгани айтилади. Аммо аҳолининг электр, газ, йўл ва ичимлик суви каби муаммоларини ҳал қилолмаётган маҳаллий ҳокимиятларда бу маблағлар қаердан шаклланаётгани очиқланмайди.

Давлат амалдорлари даромади қачон очиқланади?

Ўзбекистонда амалдорларнинг даромадларини декларация қилиш ҳақида илк бор 2017 йилда расмий даражада гапирилган. Адлия вазирлиги ишлаб чиқаётгани айтилган лойиҳада давлат хизматида лавозимни эгаллаган (“кичик мутахассис” тоифасидан ташқари) давлат хизматчилари ҳар йили мулки, даромадлари ва харажатлари, шунингдек, ўз оила аъзоларининг мулки, даромад ва харажатлари ҳақидаги декларацияни тақдим этиши кўзда тутилган.

2019 йил 27 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонида ҳам декларация масаласига алоҳида урғу берилган. Декларацияни жорий этишда асосий ижрочи сифатида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги кўрсатилган.

Кейинроқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Президентининг “Давлат хизматчилари айрим тоифаларининг мол-мулкини, даромадлари ва харажатларини декларациялаш ва зарур техник инфратузилмани босқичма-босқич жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси рус тилида жойлаштирилди.

Ҳужжатда 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда давлат хизматчилари айрим тоифаларининг, шунингдек уларнинг оила аъзоларининг (ота-оналари, турмуш ўртоғи ва фарзандлари, шу жумладан, фарзандликка олинган оила аъзолари) мол-мулки, даромадлари ва харажатлари ҳар йиллик декларациялаш йўли билан назоратга олиниши режалаштирилгани айтилган. Аммо орадан беш йил ўтган эса-да, бу тизим ҳануз ишган тушгани йўқ.

Озодбек Назарбеков фирмаси. Манфаатлар тўқнашуви қачон барҳам топади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:19 0:00

Ўтган йил июнида қарийб бир йил кечиккан “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун, ниҳоят президент Мирзиёев томонидан имзоланди. Қонун расман эълон қилингандан олти ой ўтиб, 2024 йил 6 декабрдан кучга кирган. Аммо ҳозиргача қонун амалда қандай тадбиқ этилаётгани борасида расмий маълумот йўқ.

Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахслар ҳамда уларнинг оила аъзолари бизнес билан шуғулланиши кенг тарқалган кўриниш. Олдинроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қатор мансабдор шахслар тадбиркорлик субъектларида таъсисчи ёки улушга эга экани ҳақидаги маълумотларни очиқлаганди. Улар орасида Энергетика вазири ўринбосари, қатор туман ҳокимлари ва агентлик раҳбарлари бор. Аксилкоррупция агентлиги ҳозирда бу мулозимлар раҳбарлик қилган хусусий корхоналар фаолияти тугатилганини айтган, аммо қай шаклда тугатилгани ва манфаатлар тўқнашуви натижасида етказилган зарарни очиқламаган.

Форум

XS
SM
MD
LG