Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 январь куни Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Хива шаҳрида "Ўзбекистондаги энг йирик ва рекорд сонда тухум етиштириладиган" паррандачилик комплексини қуриш режаси эълон қилинди. Йилига 51 миллион тухум, 1 ярим миллион товуқ етиштирувчи "Хива наслли парранда" дея ном берилган ширкат "Узпромстройбанк"нинг 11 миллиард сўмлик кредити эвазига барпо этилиши кўзда тутилмоқда.
Янги парранда комплекси вилоят аҳлини гўшт ва тухум билан таъминлаш билан бирга ишсизлик авж олган Хивада янги иш ўринларини ҳам очади, демоқда вилоят ҳокимлиги расмийлари.
"Янги парранда комплексига Италия ва Хитойдан замонавий инкубатор ускуналари келтирилади. Бу комплекс ишга тушса камида 60-70 одам учун иш ўрни очилади. Мустақиллик кунига, яъни август ойи оҳиригача қуриб биказилиши режаланмоқда", - деди Хива тумани ҳокимлигининг Озодлик боғланган мулозими.
Бундан аввал Қорақалпоғистонга борган Мирзиёев: "Қишлоқда яшайдиган ҳамма хонадон, умуман, республика бўйича, нафақат Қорақалпоғистон бўйича, 100 тадан товуқ боқишга мажбур. 100 та товуқ энг камида 50 та тухум беради. 10 тасини ўзи еб, агар ҳар куни 40 тасини сотсаям кам таъминланган оила бўлмайди", деган эди.
Жаноб Мирзиёев Ўзбекистонда паррандачиликни ривожлантиришга эса бош вазир ўринбосари Рустам Азимовни бош-қош қилиб қўйди.
Хоразмнинг Урганч тумани Ғойбу қишлоғидаги “Дўмбоқ жўжа” номли товуқчилик ширкати фермери Анвар Бобожонов Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон раҳбари паррандачиликни ривожлантиришга эътибор қаратаётгани бежиз эмаслигини айтади.
– Паррандачиликни етти хазинани бири деб айтишади бизни Хоразмда. Буни сабаби товуқ кўп-кўп тухум беради. Битта товуқ йилига, агар яхши озиқлантирилса 250-300 тухум бериши мумкин. Гўшт ишлаб чиқариш бўйича ҳам яхши томони бор. Бошқа ҳайвонларга қараганда жўжа тез улғаяди. Айниқса бройлер жўжаларининг ўта қисқа вақт ичида ўсади. Тухумдан чиққанидан сўнг жўжа 40 кун ичида 2 ярим килогача каттаяди, озуқа эса тежалади, - дейди хоразмлик фермер.
Шунингдек, Хоразмнинг Янгиариқ туманида “Тилло домор” хусусий ширкати негизида 2000 бош қорамол сақланадиган ва йилига 4100 тонна сут, 200 тонна гўшт етиштириладиганчорвачилик комплекси барпо этилади.
Хивадаги “Болтабой оқсоқол” ширкати негизида Вьетнам технологияси асосида йилига 300 тонна балоқ етиштириладиган фермат ташкил этилади.