Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:35

Стипендияларни қирқиш орқали 25 миллиард сўмни тежаш режаси сиздирилди


Ўзбекистон Олий таълим тизимида 2001 йилдан буён амалда бўлган "табақалаштирилган стипендия" тизимидан воз кечиш ҳақидаги президент фармони сиздирилди. Ушбу ҳужжатда президент Шавкат Мирзиёев давлат маслаҳатчиси А. Юнусходжаев киритган тақдимномани маъқуллаганини кўриш мумкин. Янги тўлов тизими амалга татбиқ этилса, аълочи талабалар стипендиялари 55 фоизга қадар камайиши мумкин.

Озодликка сиздирилган ҳужжатдан маълум бўлишича, президент талабаларга бир хил миқдорда стипендия белгилашни маъқуллаб, Ўзбекистондаги таълим низомининг тегишли бандларига ўзгартириш киритишга фармон берган.

"Киритилган таклифлар инобатга олинсин ва жойлардаги таълим муассасаларига етказилсин," дейилади Президент девони умумий бўлимида 8 февралда қайдга олинган ҳужжатда.

Ушбу фармон ижроси Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов зиммасига юклатилган.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъул ходими мазкур ҳужжатнинг ҳаққонийлигини тасдиқлади.

Мирзиëевнинг талабалар стипендияси билан боғлиқ фармони
Мирзиëевнинг талабалар стипендияси билан боғлиқ фармони

Бироқ, Озодликка сиздирилган ҳужжатнинг ҳаққонийлигини тўлиқ аниқлаш имкони бўлмади.

Озодлик суҳбатлашган бир нечта олий таълим муассасаси масъул ходимлари мазкур ҳужжат ҳақида суҳбатлар бўлаётган эса-да, унинг қачон кучга кириши аниқ эмаслигини айтдилар.

Маблағларни тежаш

Давлат маслаҳатчиси Юнусходжаев 18 январда киритган тақдимномага кўра, талабаларга бир хил миқдорда стипендия белгилаш "олий таълим муассасаларида талабаларнинг баҳоларини сунъий ошириш ҳолатларини бартараф этади ва педагоглар билан уларнинг муносабатларини соғломлаштиради".

Мазкур тақдимномада гап мамлакат таълим тизимидаги ислоҳотлар ҳақида борса-да, асосий урғу давлат маблағларини тежашга қаратилганини кўриш мумкин.

Давлат маслаҳатчисининг президент номига йўллаган расмий мактубида, жумладан, шундай дейилади:

"Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, барча талабаларга бир хилда 280 минг стипендия тайинлаш ҳамда умумий стипендия фондининг 3 фоизидан иборат рағбатлантирувчи жамғармани ташкил этиш ҳисобига 51 миллиард 964,8 миллион сўм маблағ тежалиши мумкин".

Унда таъкидланишича, яна 25 миллиард 2,4 млн сўм бюджет маблағларини тежаш ва уларни олий таълим муассасасини ривожлантиришга йўналтириш мумкин.

Тақдимномада Ўзбекистон президентининг давлат стипендияси, Беруний, Ибн Сино, Навоий ва Улуғбек номидаги стипендияларни сақлаб қолиш кўзда тутилган.

Табақалаштирилган стипендия"дан воз кечиш таклифи
Табақалаштирилган стипендия"дан воз кечиш таклифи

Бироқ, стипендиялар масаласида асосий урғунинг бюджет маблағларини тежашга қаратилиши президент Мирзиёевни қониқтирмаган кўринади.

Президент Шавкат Мирзиёев бу масалани қайта кўриб чиқиш мумкинлигини таъкидлаган.

Аммо, стипендия миқдорини белгилашда ижтимоий масалалар ҳам албатта инобатга олиниши лозим. Бюджет маблағларини иқтисод қилиш билан бирга, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи асосий масала бўлмоғи керак”, - дейилади Президент девони умумий бўлимида 18 январь 2017 йил санаси билан қайд этилган ҳужжатда.

"Баъзилар хурсанд, баъзилар хафа"

Озодлик суҳбатлашган Тошкентдаги турли олийгоҳлар талабалари янги тартибга турлича муносабат бўлаётганини билдиришди.

"Талабалар ҳаммаси ҳар хил фикрда: баъзилар хурсанд, баъзилар хафа, яна бошқалари энди домлаларнинг орқасидан юрмаймиз экан баҳо деб, дейди - деди Тошкент Давлат жаҳон тиллари университети талабаси. - Энди баҳо олсам бўлди, деб айтишаяпти, уч баҳогаям тўртгаям қилишмайдиган бўлишаяпти. "Пересдача", "недопуск" қолиб кетмасак бўлди дегандай."

Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси стипендияларнинг бир хил этиб белгиланишига "жуда салбий қарашаяпти", деб айтди.

"Талабалар жуда салбий қарашаяпти. Усиз ҳам кўплари дарсдан кейин ишлайди. Агар стипендияларни камайтиришса, уларга қўшимча иш қидиришга тўғри келади. Стипендия - мотиватор. Агар янги ҳужжат кучга кирса, талабаларнинг давомади тушиб кетади," - деди Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси.

Ўзбекистонда бюджет ҳисобига таълим оладиган бир талабани ўқитиш харажатларининг базавий нормативлари ҳар йили Молия ҳамда Ўрта ва олий таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 2016 йил 13 декабрида тасдиқлаган давлат бюджетига кўра, бюджетнинг 60 фоизи (28 триллион сўм – ёки тақрибан 8 миллиард 700 миллион доллар) ижтимоий соҳаларга ва ундан яна 60 фоизи таълим соҳасига йўналтирилади.

Ўзбекистон Давлат тест маркази расмий кўрсаткичларига кўра, 2016 йил ўқув юртларига кириш учун ҳужжат топширган абитурентлар сони рекорд 663 минг бўлди.

2017 йилда абитурентлар сони янада ортиши кутилмоқда.

Ҳозирда Ўзбекистон олий таълим муассасларида қониқарли баҳолар билан ўқиган талабаларга 255 минг сўм, аъло баҳолар билан ўқиган талабаларга 507 минг сўмгача стипендия берилади.

XS
SM
MD
LG