Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:31

Навальнийнинг кўзини кўр қилиб қўяёзган радикал гуруҳ устидан жиноят иши очилди


Алексей Навальний ҳужумдан сўнг. 2017 йил, 27 апрел.
Алексей Навальний ҳужумдан сўнг. 2017 йил, 27 апрел.

Кремлпараст радикал гуруҳ раҳбарининг айтишича, полиция уни ва ҳамфикрларини бир кўзи кўрмай қолган Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальнийга ҳужум қилгани учун сўроқ қилишни режалаштирмоқда.

Ўзини SERB ("Жануби-шарқий радикал блок"нинг инглизча версияси бош ҳарфларидан тузилган қисқартма от) деб атаётган гуруҳ етакчиси Игорь Бекетовнинг 5 май куни Озод Европа/Озодлик радиосига билдиришича, “бир-икки кун олдин” Москва полицияси у билан 27 апрель куни Навальнийнинг юзига кўкдори сепилгани юзасидан боғланган.

– Улар бизни сўроққа чақиришини маълум қилди, – деди актёр Бекетов Россиянинг оммабоп “ВКонтакте”ижтимоий тармоғи сайтидаги суҳбатида. У ижтимоий тармоқда ўзини Гоша Тарасевич деб атайди.

Навальнийга ҳужум унинг келаси йилги президент сайловида номзодини қўймоқчи эканини эълон қилгани ортидан рўй берди. Сайловда президент Владими Путин яна олти йилга сайланиши кутилмоқда.

Рус мухолифати фаоллари сўнгги йилларда “зелёнка” деб аталадиган зарарсизлантирувчи дори ва бошқа моддалар билан шунга ўхшаш ҳужумларга қайта-қайта дуч келди, аммо ҳужум қилувчилар деярли ҳеч қандай жазога тортилмади.

Аммо Навальнийга қилинган ҳужум Россияда кўпчиликнинг эътиборига тушди ҳамда унинг ўзи ушбу ҳужум вақтида етказилган шикаст сабабли бир кўзи бутунлай кўрмай қолиши мумкинлигини айтгандан сўнг Кремлга содиқ амалдорлар ҳам ҳужумни қоралаб чиқди.

Босим кучайиб боравергач, Москва шаҳар прокуратураси 4 май куни кечқурун танага шикаст етказган жиноят бўйича тергов ишлари ҳужум рўй бергандан сўнг орадан икки кун ўтиб, 29 апрель куни бошланганини маълум қилди.

"Ишни шаҳар полицияси терговчилари тергов қилмоқда", деди Москва шаҳар прокуратураси воизи Елена Россохина.

27 апрель куни Навальнийга уюштирилган ҳужум вақтида тасвирга олаётган SERB аъзоси Алексей Кулаков видеога тушиб қолган, ўша видеода шахси аниқланмаган бир киши президентликдан умидвор Навальнийнинг олдига югуриб бориб, юзига зелёнка сепиб юборгани акс этган.

Полиция SERB аъзолари билан ҳужум хусусида боғланганини биринчи бўлиб хабар қилган Россиянинг РБК газетаси Кулаковнинг 4 май куни “полиция муайян кишиларни”, жумладан, унинг ўзини ҳам “тергов қилаётгани” ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтиради.

Кулаков воқеа содир бўлган жойда бўлганини тан олди, аммо у ҳам, Бекетов ҳам бу нохуш ҳодисада SERBнинг қўли борлигини рад этди.

Навальний ва тарафдорлари SERBнинг бошқа аъзоси Адександр Петрунькони унинг юзига суюқлик сепганликда айбламоқда, лекин Бекетовнинг айтишича, ҳужум содир этилган пайтда Петрунько бошқа жойда бўлган. Кремлга хайрихоҳ РЕН-ТВ тармоғи ҳужумга оид видеони намойиш этаётганда камерага қараб чопиб келаётган ҳужум қилувчининг юзини хиралаштириб кўрсатган.

Бекетовнинг айтишича, у полиция Петрунько билан ҳам боғланган бўлиши керак, деб ҳисоблайди, аммо боғланганини аниқ тасдиқлай олмади. У, “терговга халақит беришни истамайман”, дея қўшимча изоҳ беришдан бош тортди.

Навальнийнинг ҳимоячиси Иван Жданов ўтказилаётган тергов хусусида ҳали на ўзи ва на мижози хабардор қилинганини айтди.

Навальний Путин маъмурияти ва Россия хавфсизлик хизматларини ҳужумга шерикликда айблади ва ҳокимият идораларидан ҳужум қилган кишини жавобгарликка тортишни талаб қилди.

Унинг айтишича, докторлар зарарсизлантирувчи дорига бошқа модда қўшилган ва ўша модда ўнг кўзини куйдирган ва қисман кўр қилиб қўйган.

Навальний 4 май куни Федерал миграция хизматининг беш йиллик тақиқидан сўнг ниҳоят паспортини олганини ва шикастланган кўзини даволатиш учун чет элга сафар қилишга умид боғлаётганини айтди.

XS
SM
MD
LG