Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:23

ИДнинг Мосулдаги масжидни портлатиши «мағлубиятни тан олиш» деб аталмоқда


Ан-Нурий масжидининг 24 май кунги (портлашдан қарийб бир ой олдинги) сурати.
Ан-Нурий масжидининг 24 май кунги (портлашдан қарийб бир ой олдинги) сурати.

"Ислом давлати" (ИД) экстремистик гуруҳи Мосул шаҳридаги кўҳна масжидни портлатиб юборди. Ироқ бош вазири жангариларнинг бу ишини мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри учун жангларда ютқазаётганини тан олиши деб атади.

Ироқ Мудофаа вазирлигининг билдиришича, ИД жангарилари 21 июнь куни кечга яқин ҳукуматга тарафдор қўшинларнинг олға силжишини тўхтатиб қолиш мақсадида ан-Нурий масжидига қўйилган бомбани портлатиб юборган.

Бош вазир Ҳайдар ал-Абодий 22 июнь куни эрталаб Твиттерга қўйган хабарида масжид ва унинг бир томонга қийшайган ва «букри» дея ном олган машҳур минораси вайрон қилинишини «мағлубиятни расман тан олиш» деб баҳолади.

Масжид 800 йил олдин қурилган бўлиб, 2014 йил июль ойида ИД унда халифат тузишни эълон қилган ва Абубакр ал-Бағдодийни қўллаб-қувватлаб чиққан эди.

Ироқ ҳукумати қўшинлари портлашдан олдин ИДнинг Мосул эски шаҳар қисмида жойлашган истеҳкомини ўраб олди. Ушбу мавзе жангарилар назоратидаги сўнгги ҳудуд эди.

Ироқ ҳарбийларининг айтишича, улар аҳоли ўта зич жойлашган жойдаги қўлга олиниши керак бўлган жойларга тобора яқин бориб, масжидга 50 метр қолганда жангарилар уни портлатиб юборган. Улар масжид портлатилишини «тарихга ёзилиб қоладиган жиноят» деб атади.

АҚШнинг ИДга қарши курашига раҳбарлик қилаётган қўмондони, генерал-майор Жозеф Мартин масжиднинг ер билан яксон қилинишини «Мосул ҳалқи ва бутун бошли Ироққа қарши жиноят» деб атади «шунинг учун ҳам ушбу шафқатсиз ташкилот йўқ қилиниши керак», деб айтди.

Мосулда бузиб ташланган иккита зиёратгоҳ ҳам Ироқ билан Сурияда жангарилар йўқ қилган маданий ва диний меросларнинг узундан-узоқ рўйхатига қўшилди.

АҚШ президентининг ИШИДга қарши курашаётган глобал коалицияси масалалари бўйича махсус вакили Бретт МакГурк бу воқеа юзасидан баëнот берди.

"2014 йил июнида, тахминан, 2 миллион киши истиқомат қиладиган Мосул шаҳри ИШИДга (Ироқ ва Шом ислом давлати - ИДнинг аввалги номланиши -таҳр.) таслим бўлди ва унинг пешвоси Абубакр ал-Бағдодий эски шаҳар қисмидаги ан-Нурий масжидида халифалик тузилишини эълон қилди. Кеча кечқурун (21 июнда) Ироқ хавфсизлик кучлари масжидга 100 метрча масофага яқинлашиб борган пайт ИД уни портлатиб юборди. XII асрдан бери турган масжидни ИШИД ер билан яксон қилди”¸ дейилади бу баëнотда.

2014 йил июнь ойида Сурия ва Ироқдаги ғолибона юришлари вақтида Мосулни назоратга олган жангарилар дастлаб зикр этилган минорани йўқ қилмоқчи бўлган, аммо Мўсул аҳолиси масжидни ўраб олиб, ҳимоя қилган эди.

Ироқ ҳукумати вакиллари Ийд ал-Фитр – Рамазон ҳайитига қадар масжидни қўлга олишга умид қилаётган эди. Бу йил Ироқда ҳайитнинг биринчи куни 25 ёки 26 июнга тўғри келади.

Масжид Бағдодийнинг халифалик қуриш борасидаги саъй-ҳаракатлари рамзи сифатида қаралаётган эди. Шунинг учун Мосул шаҳри аҳолиси журналистларга жангарилар шаҳар устидан назоратни йўқотадиган бўлса, масжидни вайрон қилишидан хавотирда эканини айтган эди.

Қизиғи шундаки, ИДга алоқадор «Амақ» ахборот сайти масжид АҚШнинг ҳаводан ҳужуми оқибатида вайрон бўлди, деб иддао қилди, аммо ИДга қарши курашаётган коалиция тез орада бу гапни рад этди ва 21 июнь куни ўша атрофда ҳаводан ҳеч қандай ҳужум бўлмаганини хабар қилди.

Масжид замонавий Туркия, Сурия ва Ироқ ҳудудидани қамраб олган феодал ер эгалигида дастлабки салб юрувчиларига қарши курашган Нуриддин аз-Занкий номи билан аталар эди.

XS
SM
MD
LG