Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:44

Ашхободда ўтказиладиган Осиё ўйинлари шаҳар аҳлига қимматга тушмоқда


Инсон ҳуқуқларини ҳимоячиларига кўра, Ашхобод шаҳрида яшовчиларни “ҳайдаб чиқарилди” ва уйлари “етарли товон пули тўламасдан” бузиб ташланди. (архив сурати)
Инсон ҳуқуқларини ҳимоячиларига кўра, Ашхобод шаҳрида яшовчиларни “ҳайдаб чиқарилди” ва уйлари “етарли товон пули тўламасдан” бузиб ташланди. (архив сурати)

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг маълум қилишича, сентябрь ойида бўлиб ўтадиган Ёпиқ иншоотларда жанговар яккакурашлар бўйича Осиё ўйинлари (AIMAG) олдидан Туркманистон пойтахти аҳолисининг уй-жойлари “оммавий тарзда бузиб ташланган”.

Қароргоҳи Австрия пойтахти Вена шаҳрида жойлашган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркман ташаббуси” (TIHR) ва Нью-Йоркда жойлашган “Ҳюман Райтс Уотч” ташкилотлари 4 сентябрь куни Туркманистон ҳукумати Ашхобод шаҳрида ўйинлар бошланиши олдидан одамларни “ҳайдаб чиқариб”, уйларини “етарли товон пули тўламас”дан бузиб ташлагани ҳақида хабар тарқатди.

Айтилишича, Туркманистон ҳокимият идоралари “уй эгаларининг мулкига қўшимча равишда қуриб олган жойларини доимий тарзда бузиб ташламоқда, бу ҳам етмагандай, уй эгаларига бузиб ташланган уй-жой масаласини судда ҳал этишга рухсат бермаяпти”. Мақсад 17-27 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган ўйинлар олдидан “шаҳар қиёфасини тартибга келтириш” эмиш.

Ўзбошимчалик билан ҳокимият юритишга ўрганиб қолган президент Гурбангули Бердимуҳамедов ушбу тадбирдан Туркманистонни минтақадаги энг зўр спорт иншоотларига эга мамлакат сифатида кўрсатиш учун фойдаланиб қолмоқчи.

Ташқи дунё билан деярли борди-келди қилмайдиган мамлакатга ўйинларни томоша қилиш учун ўн минглаб кишилар келиши кутилмоқда. Тадбир олдидан ҳокимият идоралари Ашхобод шаҳрида спиртли ичимлик савдосини тақиқлаб қўйди, вилоятлардан пойтахтга келаётган аҳоли ҳаракатини чеклади, қамалиб чиққан кишиларга спорт тадбирлари ўтадиган биноларга яқинлашишни ман қилди. Бундан ташқари, шаҳарни дайди ит ва мушуклар, яна тиланчи болалардан тозалашга киришди.

Оқ мармар бинолар шаҳри

– Ашхободни оқ мармар бинолардан иборат шаҳарга айлантириш ва ўйинларга тайёргарлик кўриш жараёнида минглаб кишилар мулкидан маҳрум ёки харобаларда яшашга мажбур бўлди, – деди TIHR ижрочи директори Фарид Туҳбатуллин. – Ўйинлар бор-йўғи 10 кун давом этади, бироқ қисман ёки умуман бошпанасиз қолган аҳоли вақтида етарли товон пули олмаса, узоқ йиллар азият чекади.

Иккала ташкилот ҳам Туркманистон ҳукуматидан уйидан ҳайдаб чиқарилган ва мулкидан айрилган кишиларга “адолатли ва тегишли миқдорда” товон пули тўлашни талаб қилмоқда.

Ҳокимият идоралари айрим уй эгаларини “янгиланган” хонадонларни қабул қилишга мажбурлади. Энди улардан “баҳоланган нархидан ошиқча харажатларни қоплаш”ни талаб қилмоқда. Бу ҳам етмагандай, “ўша фарқ тўланмагунча, уй эгаларини мулкка эгалик ҳуқуқидан маҳрум қилди”.

Ўлим таҳдиди

Ўтган ойда номи зикр этилган икки ташкилот Осиё олимпия кенгашини Туркманистон ҳукуматига инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олган мажбуриятларини эслатиб қўйишга даъват қилди.

Бунга сабаб “Озодлик” радиосининг Туркманистондаги мухбирига ўзини полициячиман деб таништирган киши ўлдираман, деб таҳдид қилгани бўлди.

29 июлда Туркманистонда бўлиб ўтган велосипед миниш кунини суратга олиш учун кетаётган Султон Ачиловани ўша киши, суратга олмайсан ёки “ўласан” деб огоҳлантирган.

Ўтган ҳафтада бир киши 68 яшар Ачилованинг қўл телефонини сурат олишга тайёргарлик кўраётганда ўғирламоқчи бўлган. 2016 йил ноябрида эса номаълум қишилар уни қайта-қайта таъқиб қилган эди.

XS
SM
MD
LG