Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:30

Шу ҳафтада гриппга қарши универсал вакцина ишлаб чиқариш имкони пайдо бўлди


Жорий ҳафта бошида гриппнинг барча турларига қарши кураша оладиган иммун ҳужайралари аниқлангани эълон қилинди. Ушбу кашфиёт касалликнинг барча турига қарши кураша оладиган универсал вакцина ишлаб чиқарилишига олиб келиши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйлаб ҳар йили юз минглаб одам грипп инфекциясидан ҳалок бўлади.

Грипп вируслари тез-тез мутация бўлиб тургани учун вакциналарни мунтазам равишда янгилаб туриш керак.

Австралиялик олимлар синовлар давомида жаҳон аҳолисининг ярмида кузатиладиган “қотил” Т ҳужайралар барча кенг тарқалган грипп турларига қарши самарали курашгани аниқланганини маълум қилишди.

Эндиликда ушбу ҳужайралар ёрдамида ҳар йили ўзгартириш шарт бўлмаган универсал вакцина тайёрлаш мумкин.

Т ҳужайралар оқ қон ҳужайраларининг бир тури бўлиб, улар мунтазам равишда танадаги анормал жараёнларни ва инфекцияларни излайди. Улар инсон танаси турли бактерия ва вирусларга қарши курашишида муҳим роль ўйнайди.

Бу ҳужайраларнинг ўзгача жиҳати шундаки, улар инфекция тушган бошқа ҳужайраларини нишонга олиб, уларни ўлдира олади.

Мельбурн университети тадқиқотчиси Мариос Кутсакос ва унинг ҳамкасблари спектрометрия ёрдамида вируснинг барча турларида учрайдиган қисмларини аниқлашган. Натижада Т ҳужайралар гриппнинг A, B ва C турларига қарши кураша олиши аниқланган.

Грипп кекса ёшдагилар, болалар иммун тизими шикастланганлар ҳамда касалликка қарши иммун реакциясига эга бўлмаган айрим этник гуруҳлар учун айниқса хавфлидир.

Тадқиқот муаллифлари ўз кашфиётларини патентлагани хабар қилинди.

XS
SM
MD
LG