Линклар

Шошилинч хабар
02 апрел 2025, Тошкент вақти: 05:17

Янги Ипак йўли. Самарқанддаги "ЕИ – Марказий Осиё" саммитидан нима кутиш мумкин?


Самарқанд, саммит. Иллюстратив сурат.
Самарқанд, саммит. Иллюстратив сурат.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар раҳбари Кая Каллас Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташриф буюрди. Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири 3–4 апрель кунлари минтақа тарихий шаҳарларидан бири – Самарқандда бўлиб ўтадиган биринчи “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммити бўлди.

Қозоғистонлик сиёсий таҳлилчи Мерхат Шарипжановнинг Озодлик рус хизматидаги блогида ёзишича, бу саммитни Марказий Осиё давлатлари нуқтаи назаридан, минтақанинг геосиёсий муҳитидаги муҳим босқич деб аташ мумкин. Чунки Совет Иттифоқи парчаланганидан бери илк бор бешта собиқ совет республикаси етакчилари Европа Иттифоқи раҳбарлари билан олий даражадаги музокаралар ўтказиб, стратегик шериклик истиқболларини муҳокама қиладилар.

Кая Каллас ўз ташрифини Туркманистондан – минтақадаги энг ёпиқ ва авторитар давлатдан бошлади. Унинг Ашхободга ташрифи Брюссель учун инсон ҳуқуқлари бўйича ёмон вазият ва президент Сердар Бердимуҳамедов ҳамда унинг отаси Гурбангулининг барча демократик институтларни йўқ қилишга қаратилган сиёсати иккинчи даражали масалага айланганини англатиши мумкин. Уч йил олдин ҳокимиятни ўғлига топширган Гурбангули Бердимуҳамедов ҳануз мамлакатни тўлиқ назорат қилиб келади.

Самарқанд саммити: Мирзиёев туркий давлатлар лидерларини кутиб олмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:14 0:00

Саммитнинг айнан Самарқандда ўтказилиши рамзий аҳамиятга эга.Милодий VI–VII асрларда бу шаҳар Буюк Ипак йўлининг энг муҳим нуқталаридан бири бўлган. Инсоният денгиз ва океанларни кемаларда босиб ўтишни ўргангунга қадар, Ипак йўли Хитойни Европанинг Генуя (Италия) ва Венеция шаҳарлари билан боғлаган асосий савдо йўли бўлган.

Буюк Ипак йўли туфайли Европа порох, қоғоз, қоғоз пул, компас, музқаймоқ ва хитойча угра ҳақида билиб олган. Генуялик ҳамда венециялик савдогарлар эса уни макарон, вермишель, спагетти ва феттучини каби маҳсулотларга айлантирган.

2022 йил сентябрь ойида Самарқанд Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) саммитига ҳам мезбонлик қилган ва саммит асносида шаҳарнинг тарихий роли яна бир бор таъкидланган эди.

Шунингдек, 2023 йил май ойида Хитой айнан Ипак йўлидаги бошқа муҳим шаҳар – Сианьда “Хитой – Марказий Осиё” саммитини ўтказди. Эътиборлиси, бу анжуманга Россия таклиф қилинмади.

Хитой раҳбари Си Цзиньпин бир неча бор таъкидлаганидек, “Бир камар – бир йўл” ташаббуси айнан Буюк Ипак йўлини тиклаш ғоясига асосланган бўлиб, у Осиё-Тинч океани минтақасини Ғарбий Европа билан савдо йўллари орқали боғлашни кўзда тутади.

Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммитида Брюссель “Global Gateway” ташаббусини “Бир камар – бир йўл” лойиҳасига иқтисодий муқобил сифатида таклиф қилиши кутилмоқда. Ушбу ташаббус барқарор ривожланиш учун муҳим восита сифатида кўрилади.

Саммит кун тартибида Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш, рақамли иқтисодиёт, энергетика, яшил технологиялар ва чегаралараро сув хавфсизлиги масалалари бор.

Кая Каллас ташрифи давомида Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатлари суверенитетини ҳурмат қилган ҳолда, технологик, таълим ва инфратузилма соҳаларида қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.

Бироқ, Европа Иттифоқининг дипломатик саъй-ҳаракатлари минтақага таъсир ўтказишда етакчилик қилаётган Россия ва Хитой билан рақобат муҳитида кечмоқда. Бу икки давлат Марказий Осиёдаги мавқеини мустаҳкамлаш ниятидан воз кечмоқчи эмас.

Кая Каллас 28 март куни Остонада Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан музокаралар ўтказаётган вақтда, Россия оммавий ахборот воситалари Россиянинг энергетика гиганти“Татнефть” Қозоғистондаги Павлодар ва Атирау нефтни қайта ишлаш заводлари акцияларини хусусийлаштириш жараёнида иштирок этишини маълум қилди.

Бу эса Москва нафақат Қозоғистондаги иқтисодий таъсирини сақлаб қолиш, балки уни нефтни қайта ишлаш ва нефт-кимё каби стратегик тармоқлар орқали янада кенгайтириш ниятида эканини кўрсатади.

Шунингдек, 28 март куни Россия оммавий ахборот воситалари 28 апрель куни Тошкентда бешинчи – “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси очилишини эълон қилди. Ушбу кўргазманинг асосий мавзуси Россия ва Марказий Осиё, айниқса, Ўзбекистон ўртасида саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўлади.

ЕТТБ йиғинидан Сиан саммитига. Учинчи кун.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:51 0:00

Россия Бош вазири ўринбосари Денис Мантуров ва Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ушбу кўргазманинг асосий пленар сессиясида иштирок этади.

Марказий Осиё иқтисодиётининг асосий тармоқларида Россия компаниялари фаол иштирок этаётгани Кремль учун узоқ муддатли стратегиянинг бир қисмидир. Россия нафақат ресурслар экспортини амалга ошириш, балки ишлаб чиқариш занжирларига чуқурроқ кириб боришни мақсад қилган. Шу тариқа, Москва дипломатик саммитларга эмас, балки иқтисодий таъсирини мустаҳкамлашга эътибор қаратмоқда.

Хитой эса минтақадаги иштирокини инфратузилма лойиҳалари орқали фаол кенгайтирмоқда.

Кая Каллас Қозоғистонга ташриф буюраётган вақтда, Қозоғистон ҳукумати Хитой ва Россия билан ҳамкорликда Шарқий Қозоғистон вилоятида логистика маркази яратиш лойиҳасини муҳокама қилаётгани маълум бўлди. Ушбу лойиҳа доирасида Қозоғистоннинг Зайсан шаҳрида янги аэропорт қуриш, Туғил қишлоғида дарё порти барпо этиш ва Хитой-Қозоғистон-Россия ўртасида темир йўл ўтказиш пунктларини ташкил этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Кая Каллас Ашхободга келишидан бир кун олдин, 26 март куни Остонада Қозоғистон президенти Тоқаев Хитой Коммунистик партиясининг марказий қўмитаси вакили Лю Цзяньчао билан учрашди. Унда 2025 йил июнь ойида ўтказилиши режалаштирилаётган иккинчи “Хитой – Марказий Осиё” саммитига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

Бу билан Пекин Қозоғистонни ўзининг Евроосиёдаги стратегик шериги сифатида кўраётганини яна бир бор тасдиқлади.

Шиддат билан кучайиб бораётган рақобат фонида Қозоғистон президенти Тоқаев, тажрибали дипломат сифатида, ўзининг кўп қиррали ташқи сиёсатини намоён қилмоқда.

Бир томондан, Европа Иттифоқи ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, визани соддалаштириш тўғрисидаги келишувларни муҳокама қилиш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва барқарор транспорт йўлаклари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга интилаётгани кузатилмоқда.

Иккинчи томондан эса, Россия билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва Хитой билан йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, юқори даражадаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлашга эътибор қаратилмоқда.

Тоқаевнинг позицияси аниқ: унинг ташқи сиёсати “бирини танлаш” эмас, балки “ҳар бири билан ҳамкорлик қилиш” тамойилига асосланган. Бу эса Қозоғистонга Европа ва Осиё ўртасидаги стратегик мавқеидан унумли фойдаланиш ва халқаро майдонда ўз субъектлигини мустаҳкамлаш имконини беради.

Самарқандда бўлиб ўтадиган саммит Брюсселнинг Марказий Осиё билан тизимли ва узоқ муддатли ҳамкорликка тайёрлигини кўрсатади.

Европа Иттифоқи ўз ташаббусларини фақат Россиянинг Украинага қарши тажовузига қарши чора сифатида эмас, балки минтақа билан тўлиқ ҳамкорликни шакллантириш ниятида эканини исботлаши лозим.

Брюссел учун энг катта муаммо – Марказий Осиёда илгари ўрнашиб олган Хитой ва Россия билан рақобатлашишдир. Европа улардан фарқли равишда инфратузилма, энергетика ва логистика соҳаларида катта тажрибага эга эмас. Шунинг учун минтақага ҳақиқий инвестициялар ва стратегик шериклик таклиф қилиш зарур бўлади.

Мирзиёев Сианда. Хитой ва Россия сиам эгизакларми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:22 0:00

Саммитдаги музокаралар Марказий Осиёнинг қайси ташқи шерикни танлаши бўйича биринчи қадам бўлади. Лекин бунинг асосий натижалари кейинги ҳаракатларга боғлиқ.

Яъни, Европа Иттифоқи Хитой ва Россия билан нафақат сиёсий дискурс ва қонунчилик нормалари соҳасида, балки иқтисодий механизмлар, логистика ечимлари ва инвестиция сиёсати бўйича ҳам рақобатлашишга тайёрми?

Марказий Осиё раҳбарлари учун бу рақобат дипломатик манёвр қилиш ва ўз мамлакатларининг манфаатларини илгари суриш учун имконият очади.

Ҳақиқий муваффақият эса ташқи шериклар ўртасидаги рақобатни бир-бирига қарши қўйиш эмас, балки уни ўзаро манфаатли ҳамкорликка айлантира олган давлатлар томонида бўлади.

Буни амалга ошира олган Марказий Осиё етакчилари стратегик жиҳатдан ютади.

Блог муаллифининг фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG