Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:52

LIVE BLOG: Сайловнинг иккинчи босқичи 5 январь куни ўтказилади


Бугун Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтмоқда.

Бешта сиёсий партия — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП), Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ЎзХДП), Миллий тикланиш Демократик партияси, «Адолат» Социал-демократик партияси ва Экологик партиясидан жами 750 нафар номзод сайловда иштирок этмоқда.

Мустақиллик арафасида Ўзбекистонда тузилган, 90- йиллар бошидаёқ мамлакатдан қувғин қилинган "Бирлик" ва "Эрк" партиялари давлат тепасига Шавкат Мирзиёев келганидан сўнг ҳам тақиқдалигича қолди, бинобарин улар бу йилги сайловларда ҳам иштирок этмаяпти.

Сайловга оид тафсилотларни ушбу жонли блог орқали биргаликда кузатамиз.

Сайловнинг иккинчи босқичи 5 январь куни ўтказилади

Ўзбекистонда парламент сайловининг иккинчи босқичи 2020 йил 5 январига белгиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси матбуот маркази маълумот тарқатди.

Депутат сайланмай қолган 25 та сайлов округида такрорий овоз беришни 5 январда ўтказиш қарорини МСК 25 декабрь куни ўтказилган мажлисида қабул қилган.

Мазкур округларда номзодлардан ҳеч қайсиси биринчи босқичда 50 фоиздан кўпроқ овоз ололмаган. Сайлов кодексига кўра, такрорий овоз беришда энг кўп овоз олган номзод ғолиб ҳисобланади, яъни унга сайловчиларнинг қанча фоизи овоз бергани бу гал аҳамиятга эга бўлмайди.

Ўзбекистонда 22 декабрь куни парламент сайловининг биринчи босқичи ўтказилган. Унда парламент қуйи палатасидаги 150 ўрин учун беш партиядан 750 номзод даъвогар бўлган.

Такрорий овоз бериш ўтказиладиган округлар сони 3 тага кўпайиб, 25 та бўлди

22 декабрда ўтказилган парламент сайловларининг дастлабки натижалари эълон қилинганидан кейинги ўрганишлар натижасида 3 та сайлов округида иккинчи тур ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилинган, бу округлардан иккитаси Фарғона (102-Яйпан ва 106-Бағдод сайлов округлари), биттаси Самарқанд (67-Пастдарғом сайлов округи) вилоятидаги округлардир.

Бу ҳақда 25 декабрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида маълум қилингани тўғрисида маҳаллий нашрлар хабар қилди.

​23 декабрь куни МСК номзодларнинг бирортаси 50 фоиздан ортиқ овоз тўплай олмаган 22 та сайлов округида 2 ҳафтадан кейин такрорий овоз бериш ўтказилишини маълум қилганди.

Шундай қилиб, овоз беришнинг биринчи тури бўйича, партияларнинг парламентдан эгаллайдиган жойлари миқдори қуйидагича:

1. ЎзЛиДеП - 42 (-1) (34 фоиз)
2. «Миллий тикланиш» - 34 (-1) (27 фоиз)
3. «Адолат» СДП - 20 (-1) (16 фоиз)
4. Халқ демократик партияси - 18 (14 фоиз)
5. Экология партияси - 11 (9 фоиз)

Сайлов кодексининг 59-моддасига кўра, агар Қонунчилик палатаси сайловида сайлов округи бўйича икки нафардан ортиқ номзод қўйилган бўлса-ю, улардан ҳеч бири сайланмаса, энг кўп овоз олган икки нафар номзод бўйича округда такрорий овоз бериш ўтказилади.

Хоразмлик Абдирим оғанинг сайлов бўйича таклифи

Хоразм вилояти Янгибозор туманидан Озодликка овозли хабар йўллаган Абдирим Сафаров сайловлардаги қонунбузилишлар олдини олиш мақсадида сайловларни онлайн ўтказишни таклиф қилади:

- Сайловларда бюллетенларни алмаштириб қўйиш ҳолатлари бўлгани айтилаяпти. Менинг бир таклифим бор. Нима учун сайловларни компьютерда, телефонда ўтказишни иложи йўқ. Менинг қишлоғимда ҳар бир ҳонадонда компьютер, 3-4 тадан мобил телефон бор. Мана шуларни ишга солсак бўлмайдими? Шунда бюллетенни алмаштириш ҳам бўлмайди. Нима учун шу ишни қилиб бўлмайди, чет мамлакатларда қилаяпти-ку!?

Хоразмлик Абдирим оғанинг сайлов бўйича таклифи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:12 0:00
Бевосита линк


Шоҳруҳ репер депутат бўлди

Таниқли ўзбек реп қўшиқчиси Шоҳруҳ Шодмонов ўз Instagram саҳифасида Чилонзор тумани кенгашига депутат этиб сайланганини хабар қилди:

“Азиз ҳамюртлар! Мана, сизларнинг овозларингиз билан Тошкент шаҳар Чилонзор тумани кенгашига Халқ депутати бўлиб сайландим! Мендан баландпарвоз гапларни кутманг, менинг фикримча, ҳар бир депутат сайланган ҳудудида бор муаммолар билан максимал ишлаши керак, халқ эса баҳо беради. Барчангиздан миннатдорман! Ишончингиз учун раҳмат!”.

Шоҳрух Шодмонов ЎзЛиДеП партиясидан Чилонзор тумани “Лабиҳовуз” 9-округида халқ депутатлари Маҳаллий кенгашига ўз номзодини қўйганди.

Шохруҳ репернинг қўшиқчилик лицензияси унинг отаси Ўктам Шодмонов 2007 йилда қамоққа олингач, олиб қўйилган ва ўзи ўқишдан ҳайдалган эди.

Шоҳруҳ репернинг отаси, Ўзбекистон божхона қўмитасининг собиқ мулозими Ўктам Шодмонов марҳум президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг бизнес схемаларига ҳалақит бергани учун қамалгани айтилганди.

Ўктам Шодмонов 2015 йилда МХХ қурбони сифатида озодликка чиқарилди.

Халқаро хулоса: Сайлов қонунчилигидаги муҳим силжиш Ўзбекистондаги парламент сайловларида етишмаган ҳақиқий рақобат ўрнини тўлдира олмади

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ) ва Парламент Ассамблеяси (ЙХҲТ ПА) биргаликда сайловларни кузатди.

Делегациянинг Тошкентда 23 декабрь куни эълон қилган баёнотига кўра, Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги такомиллашган ва сўз эркинлигига ҳурмат ошган. Бироқ мухолиф сиёсий партиялар мавжуд эмас. Фундаментал ҳуқуқларга эътиборсизлик кенг ва сайлов кунидаги айрим жиддий қоидабузарликлар кузатилган.

Сайлов қонунчилигидаги сўнгги ўзгартиришлар Ўзбекистонни халқаро меъёрларга яқинлаштирган. Аммо, дея эслатади миссия, демократик сайловлар учун муҳим бўлган фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларга доир қонунчиликда ҳанузгача ҳаддан зиёд чекловлар мавжуд. Эркин уюшиш ва сиёсий партия тузиш ҳуқуқи ҳамон чекланган.

Бир саволга уч сайловчининг жавоби

Тошкентликлар сайлов хусусидаги саволга жавоб берди ва куни кеча ўтган сайловларга ўз муносабатини билдирди.

Бир саволга уч сайловчининг жавоби
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:45 0:00

"Миллий тикланиш" партияси раиси Алишер Қодиров депутатликка сайлана олмагани айтилди

Маҳаллий ОАВларга кўра, «Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодиров сайловларда етарлича овоз тўплай олмагани сабабли депутатликка сайланмаган.

Аввалроқ, Қодиров сайловларда катта устунлик билан ғолиб бўлганини айтган эди:

«Ҳа, депутат бўлиб сайландим, кечаси 00:30даги маълумотларга кўра, 70 фоиз атрофида овоз олган эдим. Лекин ҳали тўлиқ ўрганилмади. Рақибларга қараганда фарқ катталиги учун мен депутатликка ўтдим дея ишонч билан айта оламан», деганди у «Соф.уз»га берган интервьюсида.

Натижалар биринчи турда ҳал бўлмаган энг кўп округлар Жиззах вилоятида бўлиб, бу ерда фақат биргина округда ғолиб аниқланган ва бу Халқ демократик партияси номзодидир. Алишер Қодиров эса Жиззах вилояти 36-Пахтакор сайлов округидан номзодини қўйганди, энди ўз-ўзидан у такрорий овоз бериш жараёнига қолгани, икки ҳафтадан кейин депутатлик ўрни учун яна бир бор курашиб кўриши маълум бўлмоқда, дея ёзади Kun.uz нашри.

Алишер Қодиров "Ўзини ҳурмат қилган киши -50 даража совуқда 50 доллар тежаш учун узоққа автобусда чиқмайди" деб айтган эди ва унинг бу гаплари тармоқда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

ЕХҲТ расмийси: Бир киши бир нечта кишининг ўрнига овоз бериши деярли ҳар бир участкада бўлди

ЕХҲТнинг сайловларни кузатиш бўйича миссия раҳбари Тана де Зулуета сайлов пайтидаги яна 2та қонунбузилиш ҳолатини санади:

  • Бир киши бир нечта кишининг ўрнига овоз бериши ҳолатлари биз борган деярли барча сайлов участкасида кузатилди. Тушунамиз, бу ўзига хос одатга айланиб қолган, лекин барибир бу қонунга зид.
  • Шунингдек, шахсни тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатмаса ҳам овоз беришга рухсат бериш ҳолатлари учради.

ЕХҲТнинг сайловларни кузатиш бўйича миссия раҳбари Тана де Зулуета. (Озодлик архивидан)
ЕХҲТнинг сайловларни кузатиш бўйича миссия раҳбари Тана де Зулуета. (Озодлик архивидан)

Овозларни ҳисоблашда қонунбузилишлар бўлгани айтилди

  • Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг махсус координатори Георгий Церетели сайловдан сўнг овозларни ҳисоблаш жараёнида қоидаларга риоя қилинмаганини айтди.
  • Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг махсус координатори Георгий Церетели ҳам овозларни санаш пайти қонунбузилишлар бўлганини таъкидлади.
  • ЕХҲТнинг сайловларни кузатиш бўйича миссия раҳбари Тана де Зулуета эса, ҳисоблаш жараёни бўйича хулосанинг 42 фоизи салбий характер касб этганини айтган:

"Овозларни ҳисоблаш жараёнларида иштирок этдик. 133та участкада овоз ҳисоблаш жараёни бизнинг миссиямиз аъзолари томонидан кузатилди. Хулосаларга кўра, ҳисоблаш жараёнлари охиригача силлиқ ўтмаган. Қонунда белгиланган процедураларга тўлиқ амал қилинмагани, натижалар ўзгаргани кўринди. Баъзи жойларда рақамлар камроқ эди.

Бирламчи ҳисоб-китоблар амалга оширилиши керак эди. Лекин бу иш қилингани йўқ. Масалан, ишлатилмай қолган бюллетенларни ҳеч ким ҳисоблаб чиққани йўқ. Ҳисоблар охиригача олиб борилмаган ҳолларни ҳам кўрдик. Кўрсаткичларнинг аниқлигига ишонч ҳосил қилиш учун бирор киши, холис одам қайта санаб чиқмади".

МСК сайловнинг дастлабки натижаларини эълон қилди

23 декабрь соат 14:00 да ўтказилган матбуот анжуманида Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов сайловнинг дастлабки натижаларини эълон қилди:

  1. Либерал-демократик партиясига 43 ўрин;
  2. “Миллий тикланиш” демократик партиясига 35 ўрин;
  3. “Адолат” социал-демократик партияси 21 ўрин;
  4. Халқ демократик партияси 18 ўрин;
  5. Экологик партия 11 ўрин;
  • МСК маълумотига кўра, 22 та сайлов округида ҳеч бир номзод 50% дан кўп овоз тўплай олмаган. Шу боис ушбу округларда такрорий овоз бериш ўтказилади.

Таққослаш учун- 2014 йилги парламент сайловлари натижаси:

  1. ЎзЛиДеП — 52 ўрин;​
  2. “Миллий тикланиш” — 36 ўрин;​
  3. ХДП — 27 ўрин;​
  4. “Адолат” — 20 ўрин;​
  5. Экологик ҳаракат — 15 ўрин;​
  • Бироқ жорий йилги сайлов натижалари якуний эмас. Такрорий сайлов ўтгач, якуний натижалар маълум бўлади.

Москвадаги ўзбекистонликларга парламент сайловлари ҳақида нималар маълум?

Озодлик мухбири Умидбек Москва кўчаларидаги ўзбекистонликлар билан парламент сайловлари ҳақида суҳбатлашди. Ўзбек муҳожирлари сайловдан нима кутаётганликлари ҳақида гапиришди.

Москвадаги ўзбекистонликларга парламент сайловлари ҳақида нималар маълум?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:58 0:00

“Черновик” протоколлар воқеаси юзасидан текшириш бошланди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Черновик” протоколлар воқеаси юзасидан текшириш бошланди.

Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси ўзининг Tелеграм канали орқали хабар қилди.

Xushnudbek.uz Телеграм каналида Тошкент шаҳри Яшнобод туман ҳокимлиги Кадрлар бўлими раҳбари Қудрат Ҳусановнинг округ ва участка сайлов комиссияларига овозларни санаб чиқиш бўйича якуний баённома нусхасини тўлдириш ва баённома нусхаларини ҳеч кимга тарқатмаслик ҳақидаги ёзишмаси нусхаси тарқалганди.

Марказий сайлов комиссияси ушбу воқеани назоратга олгани ва “ҳолатни ўрганиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилгани” ҳақида хабар қилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса ушбу воқеа бўйича ишчи гуруҳ тузиб, Қудрат Ҳусанов таъкидлаган "черновик"лардаги маълумотлар ҳеч қандай ўзгаришсиз "чистовик" протоколларга кўчирилишини назоратга олганини билдирди.

Озодлик мухбири Москва кўчаларида юриб, сайлов ҳақидаги муҳожирлар фикри билан қизиқди

Озодлик мухбири Москва кўчаларида юриб, сайлов ҳақидаги муҳожирлар фикри билан қизиқди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:50 0:00

Депутатликка номзод сайлов участкасидаги ўқитувчи томонидан қўли тишланганини иддао қилди

ТошкентнингСергели туманидаги сайлов участкасида депутатликка номзод Нозим Сафаров бир ўқитувчи томонидан қўли тишланганини иддао қилмоқда.

“Сайлов якунида ҳаммаси саналганидан сўнг протоколни тўлдириш учун алоҳида хонага кириб кетишди. Ичкаридан эшик қулфланган. Барча кузатувчилар ташқарида… Ваколатим доирасида протоколни кузатувчилар олдида тўлдиришни сўраб қулф эшикни тақиллаттим. Тотал эксплуатацияси қурбонларидан бири, зиёли ўқитувчи қўлимни тишлашгача борди”, деб ёзади Н.Сафаров ўз Телеграм-каналида.

Ҳодисадан сўнг “ўқитувчилардан ҳам, шарафсизлардан ҳам” кўнгли қолганини айтган депутатликка номзод “бу тизимдан қўлини ювгани”ни урғулайди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси мазкур ҳодиса юзасидан текширув бошланганини маълум қилган.

Парламент сайловида 1991 йилдан бери энг паст давомат кўрсаткичи қайд этилди

Ўзбекистонда 22 декабрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловда, МСК раиси М.Абдусаломов маълумотига кўра, сайловчиларнинг 71,1 фоиздан кўпроғи овоз берган. Аммо бу давомат бўйича Ўзбекистон мустақилликка эришган 1991 йилдан бери энг паст сайлов кўрсаткичидир.

Газета.uz хабарига кўра, бунгача сайловчилар активлигига оид энг юқори кўрсаткич 2000 йилдаги президент сайловида (95,1%), энг паст кўрсаткич эса 2004 йилдаги парламент сайловида (85,1%) кузатилган.

Кечаги сайловда энг актив Қорақалпоғистон ва Қашқадарё вилояти сайловчилари (75 фоиздан кўпроқ) овоз берганлар. Энг пассив давомат эса Тошкент шаҳрида (60,8 фоиз) қайд этилган.

Сайловнинг дастлабки натижалари бугун Тошкент вақти билан соат 14.00 кейин эълон қилиниши кутилмоқда.

Ozodlive махсус сони: Мирзиёевнинг “Янги сайловлари” Ўзбекистонни янгилай оладими?

OzodLive дастурининг сайловларга бағишланган махсус сони: Мирзиёевнинг “Янги сайловлари” Ўзбекистонни янгилай оладими? Дебатлардаги “қовун”лар – эркин сайлов маҳсулими? Сайловчилар сайланганлардан нималарни кутмоқда?​

Ozodlive махсус сони: Мирзиёевнинг “Янги сайловлари” Ўзбекистонни янгилай оладими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:32:29 0:00

Журналист кузатишлари: “Ўзбекча” овоз бериш усуллари

Журналист Малоҳат Юлдашева сайлов жараёнидаги кузатишларини Фейсбук саҳифаси орқали эълон қилган “Овоз беришнинг ажабтовур усуллари” сарлавҳали мақоласига жамлаган.

Журналист сайловдан овоз бериб чиққанлар билан ҳам суҳбатлашганини ёзар экан, эшитганларини “ўзбекча” овоз бериш усуллари дея таърифлайди:

Ўзини таништиришни хоҳламаган рузийзабон аёл “номзодларнинг бири 52 йилда туғилган экан, ёши катта, ҳаёт тажрибаси бор, вазиятни яхшилашга бирор нима қилар, 2 чисида аёл кишини белгиладим фақат эркаклар бўлиб қолмаслиги учун, учинчисида ёш йигитга белги қўйдим, ўзини кўрсатиши учун имконияти бердим”,- деди.

Ёшига нисбатан анча тетик 88 ёшар Валентина Муромцева “мен 30дан 40 ёшларимгача иш фаолиятим унумлироқ бўлган шу ёшдагиларга овоз бериб чиқдим”, ёнидаги дугонаси 75 ёшли Надежда Суркова эса “пенсия ёшидагиларга бердим, уйда ўтириб нима қилади, ишласин,фойдаси тегади”, - деди.

85 ёшар Софья Багдасарова “номзодлардан бири маҳалламизда катта бўлган, яхши йигит”, - деди. “Қолганларичи?”, десам қолганини бўш қолдирдим, уларни танимайман”, - деди.

Лекин, дарҳақиқат, қутига ташланаётган бюллетенларни сал наридан кузатиб, уларнинг кўпчилиги ҳеч қандай белгисиз, бўш ташланаётганини кўрдим.

“Овоз бериш қоғозида мани танишим 2 чи ёзилган экан, қолган иккитасида ҳам 2 чида турганларни белгилавордим,” – деди ёши 40 лардаги сайловчи йигит. “Танишингиз тумангами ёки Олий Мажлисга қўйганми номзодини?”- десам, “билмасам, анув куни расмини дўконда кўриб қолувдим”, - деб жавоб берди.

Сайловнинг дастлабки натижалари душанба тушдан кейин эълон қилинади

Ўзбекистон вакиллик органларига 22 декабрда бўлиб ўтган сайловнинг дастлабки натижаларини 23 декабрь, соат 14:00 да эълон қилиш бошланади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси маълум қилди.

«Марказий сайлов комиссияси эртага, 23 декабрь куни Тошкент вақти билан 14:00 да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловларнинг дастлабки натижаларини эълон қилишни режалаштирмоқда», деган Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Маҳмуд Истамов.

Овоз бериш жараёни якунига етди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатларининг сайлови соат 20.00 да якунига етди.

Марказий сайлов комиссияси расмийларига кўра, сайловда Ўзбекистон ҳудудидаги 18 797 810 нафар сайловчининг қарийб 70 фоизи овоз берган.​

Олдинроқ эълон қилинишича, овоз бериш жараёни Ўзбекистон Республикасининг Япония, Жанубий Корея, Хитой, Малайзия, Сингапур, Индонезия, Таиланд ва Ҳиндистондаги, шунингдек Россия Федерациясининг шимолидаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида якунланган.

Хорижий давлатлардаги сайлов участкаларида 1 697 647 нафар сайловчи рўйхатга олинган.

Қисқа информатив видео: Ким, қаерга ва қандай қилиб сайланяпти?

Қисқа информатив видео: Ким, қаерга ва қандай қилиб сайланяпти?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:25 0:00

Фарғоналик сайловчи 20та бюллетень билан ушланди

Фарғона вилояти Бувайда туманидаги Қирғиз-қўрғонча маҳалласида жойлашган 272-сайлов участкасида сайловчилардан бири 20та бюллетень билан қўлга тушди.

Тармоқларда тарқалган видеога кўра, сайловчи йигит бюллетенларни сайлов қутисига ташлаётган пайти кузатувчилар томонидан ушланган.

Халқаро матбуот маркази Фарғона вилоят бўлими тарқатган хабарга кўра, 20та бюллетен билан қўлга тушган йигитнинг исми-шарифи А.А. бўлиб, унинг бюллетенлари дарҳол бекор қилиниб, далолатнома тузилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Бувайда туман прокуратурасига тақдимнома киритилган ва ҳуқуқий чора кўриш бўйича маъмурий баённома тузилган.

Сайловчи 20та бюллетен билан тўхтатилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:37 0:00

Маҳкумлар илк бор сайловда қатнашди

Ўзбекистондаги маҳкум ва маҳбуслар илк бор сайловда иштирок этди.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг матбуот анжуманида билдиришича, жами 3619 нафар маҳкум сайловчи сифатида рўйхатга олинган.

Маҳкум сайловчиларнинг 1344 нафари манзил-колонияларда, 2275 нафари тергов изоляторларида сақланаётган шахслардир.

Маҳкумлар учун жами 25та сайлов участкаси ташкил қилинган бўлиб, 6 нафар халқаро кузатувчи маҳкумларнинг сайлов беришини кузатмоқда.

Жорий йилнинг 25 июнь куни янгиланган Сайлов кодексига кўра, маҳкум ва маҳбуслар сайловда овоз бериши мумкин.

Бироқ Сайлов кодексига кўра, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиши тақиқланади.

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Озодликка сайловга оид хабарлар "ҳужуми" бўлди

Сайлов куни Озодлик радиосининг Telegram канали ва радио журналистларининг Telegramдаги шахсий аккаунтлари “портлаб” кетай деди. Тошкент вақти билан эрталаб соат саккиздан, яъни сайлов участкалари очилган дақиқадан бошлаб ўнлаб, кейин эса юзлаб хабарлар Озодликнинг Telegram’ини “забт” эта бошлади.

Ҳар бир хабарга ўнлаб суратлар ва видеолар илова қилинган.

Бу информацияларни жўнатган шахсларнинг бирортаси авваллари Озодлик радиоси билан боғланмаган. Хабарчиларнинг профайлларида уларнинг суратлари йўқ ёки сурат ўрнига табиат манзаралари акс этган расмлар қўйилган.

Озодлик Telegramига 22 декабрь куни келган барча хабарларнинг мазмуни бир ҳилда бўлди: “Фуқаролар сайловда кўтаринки кайфиятда фаол иштирок этишмоқда, сайлов жараёнлари қизғин давом этмоқда. Чет эл кузатувчилари сайловда иштирок этмоқда. Биринчи марта овоз бераётган ёшлар ўзларини бахтиёр ҳис этишмоқда”, деб ёзишди Озодликка.

Айтиб ўтиш жоизки, хабарчиларнинг асосий қисми юзлаб одамлар бир-биридан фарқ қилмайдиган даражада мақтов ва “байрамона руҳ” билан суғорилган маълумотларни жўнатаётганига оид Озодлик радиоси берган саволларга жавоб қайтармади.

Жавоб қайтарган бир неча одамнинг жавоби эса бир ҳил бўлди: “Блогерман. Озодлик билан таасуротларимни ўртоқлашмоқчи бўлдим”.

Халқаро миссия раҳбари Тошкентда сайловни кузатаркан, нима деди?

Eвропада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича институти Ўзбекистондаги парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловларни яқиндан кузатар экан, миссия раҳбари Тана де Зулуета Тошкентда вазият билан танишди.

Халқаро миссия раҳбари Тошкентда сайловни кузатаркан, нима деди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:46 0:00
Бевосита линк

Сайлов билан боғлиқ шикоятлар

Марказий сайлов комиссиясига кўра, сайлов жараёнидаги қонунбузилишлар борасида бир қанча шикоятлар тушган.

Kun.uz нашрига кўра, бир сайловчи 2-3 нафар сайловчи ўрнига овоз бергани, оилавий овоз беришга шароит борлиги бўйича шикоятлар бўлган.

Шунингдек, 21 декабрдан бошлаб сайлов ташвиқоти тўхтатилганига қарамай сайлов куни ҳам ташвиқот қилингани ҳақида шикоятлар бўлган.

Жумладан, Чирчиқ шаҳридаги 197 ва 198-сайлов участкаларида “Адолат” партиясидан номзод Сардор Дафтиров сайлов куни ҳам ташвиқот ишларини олиб боргани борасида шикоят қилинган.

“Мурожаат зудлик билан назоратга олинди ҳамда прокуратура органларига юборилди. Натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилади”, дейди Марказий сайлов комиссияси котибият мудири Худоёр Маматов Kun.uz нашрига.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг матбуотга маълум қилишича, сайлов кампанияси давомида прокуратурага 65та мурожаат тушган.

Жумладан, Олмазор туманидаги 39-сайлов участкаси ва Намангандаги 32-сайлов участкасида номзодлар ташвиқот олиб боришда қонунбузарликка йўл қўйгани аниқланган ва улар маъмурий ҳуқуқбузарликка тортилган.

Судларда сайлов билан боғлиқ жами 11та шикоят кўриб чиқилган. Бу ҳақда Халқаро матбуот марказида ўтган матбуот анжуманида Олий суди раиси Козимжон Комилов маълум қилди.

Шикоятлар, асосан, номзодларни рўйхатга олиш билан боғлиқ бўлган. Сайловгача 7та иш, сайлов куни эса яна 4та иш кўриб чиқилган.

Жумладан, қувалик номзод ноқонуний сайлов ташвиқоти олиб борганликда айбланиб, 1,5 миллион сўм жаримага тортилган.

Хоразмлик сайловчи овоз бериш пайти. 22.12.19
Хоразмлик сайловчи овоз бериш пайти. 22.12.19

Қашқадарёдан хушхабар: Сайловда қатнашишдан бош торттирилган номзодлар қайта тикланди

Қашқадарё вилоят, халқ депутатлари Косон туман Кенгашига сайловда номзоди қайтариб олиниши ҳақида мажбурий ариза ёзиб берган номзодларга 22 декабрь куни овоз берилди.

Озодлик депутатликка номзоди қўйилган мулозимлардан ўз номзодини қайтариб олиш ҳақида мажбурий ариза ёздириб олингани ҳақида 20 декабрь куни хабар берган эди.

22 декабрь куни Озодлик суҳбатлашган номзодларнинг айтишларича, улар сайлов комиссиясига 21 декабрь куни чақиртирилиб, аризалар бекор қилингани, номзодликка қайта тиклангани ҳақида хабар беришган.

Айни пайтда, Қашқадарё вилояти сайлов комиссияси Озодлик тилга олган Ғайрат Боймирзаев номзоди сайлов бюллетенидан олиб ташланмагани ва у қонуний равишда сайловларда депутатликка номзод сифатида иштирок этиши ҳақида баёнот берди.

Мулозимларни сувга бўктирган Мирзаев сайловга ҳарбийлар қуршовида келди

Қашқадарёдан Озодликка йўлланган фото ва видеоларда вилоятга икки ой аввал тайинланган Зойир Мирзаев сайловга ҳарбийлар қуршовида кириб келгани акс этган.

Тасвирлардан маълум бўлишича, Зойир Мирзаев овоз бериш учун келган сайлов участкасида ҳарбий оркестр жонли равишда ҳарбий марш ижро қилаётгани ва Мирзаевни ҳарбийлар икки сафга тизилиб, шараф билан кутиб олаётгани тасвирланган.

Мулозимларни сувга тушириб таҳқирлагани билан Озодлик муштарийларига яхши таниш бўлган Зойир Мирзаев ўтган йилнинг 29 октябрь куни бош вазир муовини лавозимидан бўшатилганди.

Президент фармонида Мирзаевнинг ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис ишдан олингани айтилди.

Зойир Мирзаев Ўзбекистон Бош вазирининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб турган пайтда Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 6 кишини ариқдаги сувга тушириб, таҳқирлаган эди.

26 октябрь кунги йиғилишда Зойир Мирзаев Қашқадарёга ҳоким этиб тайинланди. ​

Зойир Мирзаевнинг сайловга ташрифи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:27 0:00

Президент Мирзиёев оиласи билан сайловда қатнашди

Шавкат Мирзиёев оила аъзолари билан пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 162-сайлов участкасига бориб, овоз беришди.

Мирзиёевга рафиқаси Зироатхон Мирзиёева

ҳамроҳлик қилди. Президентнинг иккита қизи - Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева, Мактабгача таълим вазирлигининг Мактабгача таълим соҳаси сиёсатини шакллантириш ва юритиш бош бошқармаси бошлиғи Шаҳноза Мирзиёева ҳам отасига ҳамроҳ бўлишди.

Жорий йилда ўз ҳаракатлари сабаб кўп бора тилга тушган Мирзиёевнинг кенжа куёви, Президент хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ҳамда унинг божаси, президент администрацияси раҳбарининг 1-ўринбосари Ойбек Турсунов ҳам қайнотаси билан биргаликда сайловга келишди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва унинг оиласи сайловга кетаяпти
Президент Шавкат Мирзиёев ва унинг оиласи сайловга кетаяпти

Сайловларни онлайн кузатиш мумкин

Марказий сайлов комиссияси - MSK мамлакатда ўтаётган сайловларни онлайн кузатиш имкони мавжудлигини маълум қилди.

MSK сайтидаги махсус саҳифада айрим сайлов участкаларига ўрнатилган кузатув камераларини Интернет орқали онлайн кузатиш мумкин.

Сайлов участкаларига ўрнатилган 2тадан видео камера MSK сайтига уланган бўлиб, уларни бевосита онлайн кузатиб бориш мумкин.

Фақат бу имконият барча сайлов участкаларига тааллуқли эмас. Ҳар бир вилоятдан фақат 4тадан сайлов участкасига ўрнатилган камераларнигина онлайн кузатиш имкони мавжуд.

Жумладан, Бухоро вилоятидаги 33, 50, 246, 453 -сайлов участкаларини онлайн кузатиш мумкин.

MSK нимага айнан ушбу сайлов участкаларига ўрнатилган камераларни онлайн кузатиш мумкинлигига изоҳ бермаган. Мамлакатдаги бошқа сайлов участкаларига кузатув камералари ўрнатилганми ёки йўқ MSK бунга ҳам ойдинлик киритмаган.

Тошкентнинг Яккасарой тумани 848-сайлов участкасидаги биринчи сайловчи
Тошкентнинг Яккасарой тумани 848-сайлов участкасидаги биринчи сайловчи

Ўзбекистонда парламент сайловлари бошланди

Бугун эрталаб соат 8:00дан мамлакатдаги сайлов участкалари очилди.

Тошкентнинг Юнусобод туманида яшовчи Озодлик манбасининг хабар қилишича, сайлов участкаси очилиши билан сайловчилар келишни бошлаган:

"Эрта тонгдан Юнусобод туманидаги 780-сайлов участкасига одамлар келишни бошлади. Одамлар вақтли келиб, овоз бериб, ўз ишига боришни ўйламоқда. Туманимиздаги сайлов участкаларида чет эллик халқаро кузатувчилар ҳам иштирок этмоқда. Англиядан келган кузатувчилар сайловчилар билан сайлов қандай ўтказилаётгани тўғрисида суҳбатлашишди. Сайлов адолатли, ҳаққоний ўтказилаяптими? Сайлов пайти бошқа бировлар аралашмаяптими?, деб сўрашди. Мен эрталабдан сайлов участкаларига бирма- бир кириб юрибман. Мен юртимизда адолатли фуқаролик жамияти қурилишини хоҳлайман. Ноқонуний ҳолатлар юз бериб, нафси бузуқлар депутатликка ўтишини истамайман", дея ёзди тошкентлик манба исмини очиқламаслик шарти билан.

У сайлов участкалари очилиши билан олинган суратларни Озодликка йўллади.

Қашқадарёда депутатликка номзодлардан мажбуран ариза ёздириб олинди

Қашқадарё вилоят, Косон тумани халқ депутатлари кенгашига депутатликка номзоди қўйилган мулозимлардан ўз номзодини қайтариб олиш ҳақида мажбурий ариза ёздириб олинди.

Озодлик суҳбатлашган номзодларнинг айтишларича, туман ҳокимининг буйруғи билан унинг ўринбосари ҳар бир номзод олдига бориб, сайловда қатнашишдан ихтиёрий воз кечиш ҳақида ариза ёздирган.

Туман ҳокимининг ёшлар ишлари бўйича ёрдамчиси ҳокимлик сайлов ишларига аралашмаганини айтди.

Сайловолди дебатларида "Қора рўйхат"га тушган ватандошлар тақдири тилга олинди

Халқаро матбуот марказида мунтазам бўлаётган сайловолди дебатларида оғриқли мавзуларга ҳам тегиб ўтилаяпти.

Жонли равишда ёйинланаётган ушбу дебатларнинг бирида ҳукуматнинг "қора рўйхати"га тушган ва ватанига қайта олмаётган хориждаги ўзбекистонликлар тақдири тилга олинди.

Партия раҳбарлари Юнусобод метросидаги фожиа учун ўзларини ҳам айблади

20 декабрь куни Халқаро пресс-клубда ўтказилган мулоқотда қатнашган Ўзбекистонда рўйхатга олинган беш партия етакчилари 18 декабрь куни Юнусобод метроси қурилишида содир бўлган фожиага муносабат билдирди.

Расмий маълумотга кўра¸ Юнусобод метро йўли қурилишида рўй берган ер ўпирилиши оқибатида 6 одам нобуд бўлди.

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра¸ партия раҳбарлари бу фожиа муносабати билан ҳукумат идоралари¸ қолаверса¸ ўзларини ҳам танқид қилган.

“Тошкентдаги метро қурилишидаги фожиа шуни кўрсатадики, қурилиш соҳасидаги қоидалар ва стандартлар ишламаяпти. Бу ерда партияларнинг ҳам айби бор. Шошма шошарлик билан йирик биноларни байрамга тўғрилаб қуриб битказиш одатига нуқта қўядиган вақт келди. Асосийси сифат эканлигини унутмайлик”, деб иқтибос келтирди ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитовдан ЎзА.

«Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси эса Алишер Қодиров эса¸ маҳаллий матбуотга кўра¸ “парламентнинг ижро ҳокимияти олдида ўз характерини кўрсата олмагани”нини фожиа сабабларидан бири сифатида келтирган.

"Парламент шу пайтгача ижро ҳокимияти олдида ўзининг журъатли характерини кўрсатиб кела олмаган. Айнан шу сабабли кечагига ўхшаган мусибатли ҳолатлар бўляпти”¸ деб иқтибос келтирди Kun.uz Қодировдан.

Ўз чиқишида Қодиров¸ парламент ижроия ҳокимияти фаолиятини назорат қилиш ваколатидан фойдаланиши лозимлигини таъкидлаган.

ЕХҲТ инсон ҳуқуқлари бюроси директори сайловларни кузатиш учун Тошкентга келди

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ) директори Ингибьёрг Сольрун Гисладоттир 20 декабрь куни Тошкентга келди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси хабар қилди.

Гисладоттир 22 декабрь кунги парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловларни мониторинг қилувчи ЕХҲТ кузатувчилар гуруҳига раҳбарлик қилади.

МСК таъкидича¸ ЕХҲТ 1999 йилдан бери илк марта бу йилги сайловларни кузатиш учун тўлақонли миссия юборган.

Бу миссия таркибига Тошкентда жойлашган 11 нафар халқаро эксперт¸ 30 нафар узоқ муддатли ва 250 нафар қисқа муддатли кузатувчилар киритилган. Миссия ўз фаолиятини 25 ноябрдан бошлаган.

ЕХҲТнинг оралиқ ҳисоботида¸ қатор камчиликлар баробарида¸ Ўзбекистон сайлов қонунчилиги ва овоз бериш амалиëтида "сезиларли прогресс" кузатилгани айтилган.

ЕХҲТ миссияси сайловларга оид ўз якуний хулосасини 23 декабрь куни тақдим қилади.

Арзон нархда ёғ сотиб, овоз тўпламоқчи бўлган номзод жавобгарликка тортилди

ЎзЛиДеП партиясидан Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига номзод бўлган Аброр Аҳмедов овоз йиғиш учун одамларга арзон нархда ёғ сотгани аниқланди.

Унинг сурати ижтимоий тармоқларда тарқалгач, Аброр Аҳмедовга нисбатан иш очилиб, у маъмурий жавобгарликка тортилган.

Бу ҳақда маҳаллий матбуот хабар қилди.

ЎзЛиДепдан кўрсатилган номзод ҳокимлик кўрсатмаси билан сайловга қўйилмаганини иддао қилди

Номзоди Қашқадарё вилоят, Шаҳрисабз шаҳар халқ депутатлари кенгашига ЎзЛиДеП томонидан кўрсатилган тадбиркор Муҳаббат Насруллаеванинг исм- фамилияси номзодлар рўйхатидан ўчирилди.

Бу ҳақда Озодликка гапирган Муҳаббат Насруллаевага кўра, ЎзЛиДепнинг Шаҳрисабз шаҳар бўлими мулозимлари бу ўзгартириш шаҳар ҳокимлиги томонидан бўлганини иддао қилишган.

Шаҳар ҳокимининг ўринбосари буни қатъий инкор қилиб, ҳокимлик номзод кўрсатишга аралашмаслигини билдирди.

ЎзЛиДепнинг Шаҳрисабз шаҳар бўлими раиси Муҳаббат Насруллаева номзоди номзодлар рўйхатидан ўчирилганини аниқ изоҳлаб бера олмади.

In Da House сайловга оид ҳажвий ролик эълон қилди

Ҳажвий чиқишлари билан тармоқлар орқали танилган In Da House гуруҳи сайловга оид “Зўраки депутат” номли саҳнавий кўриниш намойиш қилди.

Фейсбукка қўйилган ролик орқали In Da House бўлажак депутатларни маъсулиятли бўлишга ҳамда халқ ғами билан яшашга чорлайди:

Cайловларни баҳорга кўчириш таклиф қилинди

Ўзбекистонда сайловлар ўтадиган пайт ноқулай муддатга белгилангани айтилиб, уни баҳорга кўчириш таклиф қилинди.

Бош прокуратура академияси доценти Гулчеҳра Маликованинг Kun.uz нашрига айтишича, декабрь ойи совуқ бўлгани учун сайловчиларга ноқулайликлар туғдиради.

Гулчеҳра Маликова сайловларни апрель ойида ёки Наврўз байрами кунларида ўтказишни таклиф қилади:

"Бундай пайтда об-ҳаво яхши, одамларда ҳам байрам кайфияти ҳукм суради".

Қонунга кўра, мамлакатдаги сайловлар декабрь ойида- учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши лозим.

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўқитувчилар: "Сайлов участкасидаги навбатчилик етмагандек, уйма-уй юриб сайловга таклифнома тарқатяпмиз”

Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри ўқитувчилари номидан SizdanTelegram рукнига мурожаат қилиб, мактаблардаги сайлов участкаларида ўқитувчилар эрталаб соат 7 дан кечки соат 19.00 гача мажбурий равишда навбатчиликка турганидан шикоят қилишган:

"Ҳатто якшанба куни ҳам ҳокиму прокурор келиб текширади. “Лампочкани алмаштир”, “столни бундай қўй” танбеҳ беришади. Бу ҳам етмагандек, якшанба куни ҳам уйма-уй юриб, сайловчиларнинг паспорт маълумотларини ёзиб, овоз бериш таклифномасини тарқатиб юрибмиз. Иш пайти ҳам шу аҳвол! Сайлов деган гап бошландию ўқитувчилар яна балога қолдик!

Марказий сайлов комиссияси сайловни ташкил этиш учун бюджетдан маблағ ажратилгани, мажбурий меҳнат бўлмаслиги ҳақида баёнот берди. Аммо ўқитувчилардан ҳамон югурдак ва текин мардикор сифатида фойдаланилмоқда-ку! Ҳолвани ҳоким, калтакни етим ўқитувчи еявераркан-да?!”

HRW: Ўзбекистон ислоҳотлар руҳини сайловларга юқтира олмади

Human Rights Watch (HRW) ташкилоти президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни ислоҳ қилиш учун “баъзи қадамлар”ни қўйгандан сўнг “ислоҳотларнинг ушбу руҳи”ни сайловларга ҳам "юқтира" олмагани учун таассуф билдирди.

22 декабрда Ўзбекистонда Ислом Каримовнинг ўлимидан сўнг Мирзиёев ҳокимиятга келгач, илк марта парламент сайлови ўтказилади.

Ўшандан бери Мирзиёев Ўзбекистон инсон ҳуқуқи борасидаги “даҳшатли” аҳволини яхшилаш борасида “муҳим ислоҳотлар” ўтказди, бироқ Марказий Осиёдаги ушбу мамлакатнинг сиёсий тизими “асосан авторитар” бўлиб қолмоқда, дейилади HRW 16 декабрда тарқатган баёнотда.

Ушбу мавзуга оид мақолани қуйидаги линк орқали тўлиқ ўқишингиз мумкин:

Сайловчилар: “Депутатликка номзодлар, бир неча минг кишилик электорат керакми? Унда банкирлар муаммони ҳал қилинг!”

“Ипотекабанк”нинг Бекобод филиали ходимлари номидан SizdanTelegram га йўлланган мактубда банк раҳбарияти ходимларни мижозлар кредитини ўз ёнидан пул тўлаб ёпишга мажбурлаётгани ҳақида ёзилган.

Банк ходимлари бўлажак депутатлардан ушбу муаммога эътибор қаратишни сўраган:

"Бўлажак депутатлар, яқинлашаётган сайловда партиянгизга бир неча минг кишилик электорат керакми? Марҳамат, “Ипотекабанк” АТИБ барча филиал ходимларининг шу муаммосини ҳал қилиб беринг! Икки қўллаб овоз берамиз!”

Сайлов комиссияси ходими шахсий телевизорини сайлов участкасига олиб боришга мажбурланди

Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани сайлов комиссияси ходими уйидаги телевизорни сайлов комиссиясига олиб боришга мажбурланди, дея хабар беради журналист Шуҳрат Шокиржонов Телеграмдаги саҳифасида.

“Отам Шўрчи туманида сайлов комиссиясида ишлаяпти. “Сайлов участкасига телевизор олиб келиб қўйинглар” деган буйруқ келибди. “Қаердан бўлса ҳам топинглар”, дейилибди. Отам ноилож уйда оиламиз билан кўриб турган телевизорни олиб боришга мажбур энди. Кимга керак бу кўзбўямачилик?!” дея ёзади мактуб муаллифи.

Шўрчи тумани ҳокимлиги матбуот хизмати мазкур хабарни рад этган ва сайлов участкаларини телевизор билан таъминлаш мақсадида қарийб 45 миллион сўм маблағ ажратилганини билдирган.

“Лекин ўша ажратилган пулларни кимдир жиғилдонидан ўтказиб, сайлов комиссиясидагиларни мажбурлаётган бўлиши ҳам мумкин-ку?! Бу биргина Шўрчида бўлаётган ҳолат эмас. Бутун республикада кўзбўямачилик авжига чиққан”, дея раддияга муносабат билдирган журналист Ш.Шокиржонов.

Қайд этилишича, яна бир сайлов участкасига телевизор, компьютер, принтер, сейф ва байроқлар олиб келиш талаб қилинган.

Жамоатчилик тан олган блогерни ЎзЛиДеп тан олмади

Дима Қаюм
Дима Қаюм

Риштонлик блогер Дима Қаюм билан Озодлик камида икки йилдан буён таниш. Баъзан-баъзан Дима OzodNazarнинг меҳмони бўлиб туради.

Ўша суҳбатларда тилга олинмаган, бироқ уларнинг олди-ортида - микрофонсиз мулоқотлар чоғида Дима Олий Мажлисга депутат бўлиш, ҳамюртларининг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш нияти борлигини айтган. Қолаверса, Диманинг блогларидан ҳам унинг шундай режаси борлиги сезилар эди.

Бироқ бугун номзодлар рўйхатида Дима Қаюм йўқ. Нега? Шу ҳақда, сайловолди жараёнининг боришию куннинг бошқа мавзуларда гурунглашдик номзодликка лойиқ топилмаган блогер билан.

Жамоатчилик тан олган блогерни ЎзЛиДеп тан олмади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:49 0:00
Бевосита линк


МСК Россиядаги ўзбекларнинг сайловда фаол қатнашаëтганини иддао қилди

12 декабрь куни хориждаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарида 22 декабрь кунга белгиланган сайловларда муддатидан олдин овоз бериш бошланди.

Марказий сайлов комиссияси халқаро пресс маркази раҳбари Жалолиддин Усмоновнинг ТАСС мухбирига айтишича¸ Россия Федерациясидаги Ўзбекистон ватандошлари бу тадбирда¸ айниқса¸ фаол иштирок этмоқда.

МСК расмийсига кўра¸ овоз бериш бошланган куни Россия Яқин Шарқидаги сайлов участкасида маҳаллий вақт билан соат 12:00 га қадар 600 нафардан кўпроқ сайловчи овоз берган.

“Янги Ўзбекистон¸ янги сайловлар” шиори остида ўтаëтган парламент ва маҳаллий кенгаш сайловлари Шавкат Мирзиëев президентликка келгандан бери ўтказилаëтган илк йирик сиëсий тадбирдир.

Бу сайловларда Каримов даврида тузилган беш партия кўрсатган номзодлар қатнашмоқда¸ айни пайтда¸ хориждаги мухолифат партия ва ҳаракатлари¸ ëки мустақил номзодлар иштирокига рухсат берилмади.

Бобомурод Абдулла: "Суймаганни суйишга ва сайлашга мубталолар"

Сайлов арафаси ижтимоий тармоқларда сайлов билан боғлиқ постлар сони кўпаяпти.

Блогерлар, тармоқлар фаоллари ўз фикр-мулоҳазаларини бошқалар билан ўртоқлашмоқда ва бу мулоҳазалар устида баҳс-мунозаралар ҳам қизимоқда.

Жумладан, мустақил журналист Бобомурод Абдулла Facebook саҳифасида "Суймаганни суйишга ва сайлашга мубталолар" сарлавҳаси остида сайловга оид мақола эълон қилди.

Ўз мақоласида Ўзбекистон Сайлов кодексини таҳлил қилишга уринган журналист "Бу сайловлар аввалгилардан сайловолди дебатлари ва тортишувлари билан фарқ қилса-да, мен бу сайловларга ҳам ишонмайман. Ўзбекистон Сайлов Кодексини ўқиб кўрсангиз, сиз ҳам ишонмайсиз!", дея ёзади:

"Чиройли ва баландпарвоз ёзилганига қарамай, Сайлов Кодекси сайлов жараёнини ижроия ҳокимияти қўлига топшириб қўйган.

Чунончи, 12- моддага кўра, “Марказий сайлов комиссиясининг Раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан комиссия аъзолари орасидан комиссия мажлисида сайланади”.

Бу Марказий сайлов комиссиясининг раиси доим ижроия ҳокимияти ва амалдаги президентнинг одами бўлади, деганидир.

Кодекснинг мана шунга ўхшаш шартлари халқчиллик ва адолат томон эркинлаштирилмас экан, эркин ва адолатли сайловлар тўғрисида гапириш эрта.

Шундай экан, халқ бундан кейин ҳам ўзи истаган эмас, ҳукумат истаган одамларни сайлашга мубтало!

Сайловга фақат “тайинланган”лар қўйилса, шуларни сайлашдан бошқа чора қолмайди.

Муқобил ва мухолифлар қўйилмайдиган сайлов натижасида навбатдаги “тайинланган” парламент шакллантирилади", дея ёзади жумладан, Бобомурод Абдулла Фейсбук саҳифаси орқали.

Бобомурод Абдулла мақоласини қуйидаги линк орқали тўлиқ ўқишингиз мумкин:

Сайловолди дебатлари: Вилоятликларни Тошкентга келишдан олдин рўйхатга олиш таклиф қилинди

11 декабрь куни Халқаро матбуот марказида ташкил этилган сайлов билан боғлиқ навбатдаги тадбирда Экологик партия вакили Улуғбек Пирмуҳаммедов Тошкентдаги прописка муаммосини ҳал қилишга оид янги таклифни илгари сурди:

"Фикримизча, фуқаро Тошкентга келишидан олдин ўзининг ҳудудидаги инспектордан рўйхатдан ўтиши мақсадга мувофиқ. Шундай тизим жорий этилса, Тошкентда муаммоларга учрашининг олди олинади"¸ деб иқтибос келтирди Халқаро Пресс-клубнинг Telegram тармоғидаги расмий канали.

Экологик партия вакилининг ушбу таклифи ижтимоий тармоқларда кескин қораланди.

“Сайлов пойгаси бир жойда туриб депсинишни эслатмоқда”

Ўзбекистонда кечаётган сайлов пойгасини ҳажв қилган Eltuz.com сайти “Ўзбек депутатлари ўртасидаги сайлов пойгаси ҳозирча бир жойда туриб депсинишни эслатмоқда”, дея ёзди.

Cайловларда 600 нафар халқаро кузатувчи қатнашади

МСК маълумотига кўра, сайловларда 54та давлатдан 350 нафар, халқаро ташкилотлардан 300га яқин, жами 600дан кўпроқ халқаро кузатувчилар иштирок этиши кутилмоқда.

Ҳозирги кунга қадар 267 нафар маҳаллий, 125 нафар хорижий ОАВ вакиллари рўйхатга олинган.

Термиздаги сайловолди учрашуви жанжалга айланди

4 декабрь куни Сурхондарё вилояти Термиз туманида Олий Мажлис ва вилоят кенгаши депутатлигига номзодлар билан учрашув сайловчилар норозилигига сабаб бўлди.

Бу ҳақда Озодликка мазкур йиғинда қатнашган термизликлар хабар берди.

Хабарга илова қилинган сурат ва видеолардан депутатликка номзодлар ва улар ишончи вакили қилган баëнотларнинг сайловчиларни ғазабга солгани ва минбардан ўтирганлар билан пастдаги халқ ўртасида қизғин тортишув юзага чиққани кўрилади.

Йиғилиш иштирокчиларининг Озодликка айтишича¸ минбардагиларнинг сайловчилар қўйган асосий талаб – газ ва свет масаласидаги сўровига беписандлик қилгани тўпланганлар ғазабини қўзғаган.

Озодлик депутатликка номзодларнинг ўзлари билан боғланиб видеода акс этган жанжал юзасидан изоҳ олишга ҳозирча муваффақ бўлмади.

Термиздаги сайловолди учрашуви жанжалга айланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:16 0:00

ТВда чироқ ўчиб, жонли эфир узилиб қолди

27 ноябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги Халқаро матбуот марказида ташкил этилган ва жонли эфирга узатилаётган сайлов дебати чироқ ўчиб қолгани учун узилиб қолган.

Тадбир иштирокчилари тахминан 5—7 дақиқа давомида чироқсиз қолиб кетган.

“Сайлов арафасида партиялар “тирик жон” экани сезилиб қолди”

Тошкентлик таҳлилчи ва блогер Анвар Назир билан OzodNazarдаги суҳбатимизда сайлов мавзуи ҳам кўтарилгани унинг сарлавҳага чиқарганимиз гапидан ҳам кўринаётгандир. Президент Мирзиёев ўтган ҳафта охирида ўтказган мажлисда “барча бўғиндаги раҳбарларнинг жамоатчилик билан, айниқса оммавий ахборот воситалари билан муомала маданияти ҳар қачонгидан ҳам муҳим масалага” айланганини айтди.

Анвар Назир билан суҳбатни қуйидаги линкда тингланг:

“Сайлов арафасида партиялар “тирик жон” экани сезилиб қолди”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:32 0:00
Бевосита линк

Сайловолди ташвиқотларини бошлашга рухсат берилди

18 ноябрдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови олдидан сиёсий партияларнинг ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотига старт берилди.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Сайлов кодексининг 44-моддасига мувофиқ, сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди.

МСК: Депутатликка номзодлар орасида бир неча йил муқаддам вафот этган шахс йўқ

МСК 20 ноябрь куни бир неча йил олдин вафот этган шахс депутатликка номзод сифатида рўйхатга олингани тўғрисида ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган хабарлар юзасидан текширув бошлаганини маълум қилган эди.

Марказий сайлов комиссиясининг кейинроқ маълум қилишича, бу маълумот ўз тасдиғини топмаган.

Экологик партия аъзоси номзодлар рўйхатига киритилмаганини тушунолмаяпти

Депутатликка номзоди кўрсатилишини истаганлар, бироқ ўз ниятига етолмаганлар талайгина. Улардан бири - депутатликка номзодини қўйишга уринган, бироқ рад этилган шаҳрихонлик шифокор Отабек Аҳлиддиновнинг айтишича¸ “сайловга номзод қўйиш деган спектакль ўйналган” холос:

- Ҳозирда сайлов сценарий бўйича ўтказилаётган жараёнга ўхшамоқда​, чунки бош қаҳрамонлар бўлган Марказий сайлов комиссияси ролидан ташқари, массовка бўламиз дея эпизодик роль ўйнаётган номзодлар ҳам, нима қилаётганини билмай, сценарий бўйича иш тутишмоқда. Булар саволларга ҳам жавоб беролмайди ва режиссёр командасини кутиб туришади.

Шаҳрихондаги касалхона врачи Отабек Аҳлиддинов янги тузилган Экологик партияга уни бутафорик эмас ва сайловда номзод кўрсатиш имкони бор, деб ўйлагани учун аъзо бўлганини айтди.

Шифокорнинг айтишича, нима сабабдан унинг номзоди рад қилинганини билишга уринмоқда. Лекин ҳозирча жавоб тополгани йўқ.

Озодлик Экологик партиянинг Андижон бўлими раҳбариятига қўнғироқ қилиб, партия аъзоси Аҳлитдиновнинг номзоди нега рўйхатга киритилмаганига қизиқди. Ўзини таништирмаган партия мулозими Озодлик саволига аниқ жавоб бера олмади.

МСК партиялардан кўрсатилган номзодларни рўйхатга олди. "Бирлик" ва "Эрк" яна жараёндан ташқарида

15 ноябрда Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига партиялардан кўрсатилган номзодларни расман рўйхатга олди. Бу ҳақда МСК матбуот хизмати хабар қилди.

Маҳаллий нашрларнинг хабар қилишича, ноябрь бошида бешта сиёсий партия — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП), Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ЎзХДП), Миллий тикланиш Демократик партияси, «Адолат» Социал-демократик партияси ва Экологик партияси сайлов округлари сонига мос равишда 150 нафардан номзодни кўрсатган эди.

15 ноябрь куни 750 нафар номзоднинг барчаси Марказий сайлов комиссияси томонидан расман рўйхатга олинди ва сайловда қатнашишга рухсат берилди. Тасдиқланган номзодлар орасида 43 нафари парламент қуйи палатанинг ҳозирги таркибида депутат сифатида фаолият кўрсатмоқда.

Мустақиллик арафасида Ўзбекистонда тузилган, 90- йиллар бошидаёқ мамлакатдан қувғин қилинган "Бирлик" ва "Эрк" партиялари давлат тепасига Шавкат Мирзиёев келганидан сўнг ҳам тақиқдалигича қолди, бинобарин улар бу йилги сайловларда ҳам иштирок этмаяпти.

Каримов даврида тузилган ва расман тан олинган 5 та сиёсий партиядан бошқа Мирзиёев даврида янги сиёсий партия пайдо бўлмади.

Ўқитувчилар маошидан сайлов учун 50000 сўмдан босиб қолинаётганини иддао қилди

Янгийўл шаҳар ҳокимлигида мактаб директорлари ўтказилган йиғилиш.
Янгийўл шаҳар ҳокимлигида мактаб директорлари ўтказилган йиғилиш.

Тошкент вилоят, Янгийўл шаҳридаги камида иккита мактаб ўқитувчилари маъмурият уларнинг маошидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайлов учун 50 минг сўмдан босиб қолаётганини иддао қилди.

Иш ҳақидан ушлаб қолинаётганини айтган ўқитувчиларнинг бу иддаосини туман Халқ таълими бўлими бошлиғи “бўлиши мумкин эмас” дея рад этди.​

Тошкент вилоят сайлов комиссияси бошлиғи янгийўллик ўқитувчилар шикояти, агар ўз тасдиғини топса, тегишли органларга хабар беришини билдирди.

Сайловда либерал-демократик партия ғалаба қозониши “аксиома” дея иддао қилинди

Ўзбекистонда 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган парламент ва маҳаллий кенгашлар сайловида либерал-демок­ратик партия (ЎзЛиДеП) ғалаба қозонади, деб ёзди мазкур партиянинг расмий нашри (“XXI аср”, 24 октябрь).

Қайд этилишича, сайлов кампаниясига старт берилганидан буён турли интернет платформаларда ташкил этилган расмий ва норасмий ижтимоий сўровларда либерал партия кўп овоз йиғишга муваффақ бўлган. ЎзЛиДеП бўлажак сайловда ғалаба қозониши, умуман, сиёсий саҳнада унинг ўрнини боса оладиган партия кўзга ташланмаётгани аксиомадир, деб иддао қилади партия нашри.

Сайлов-2019: Сиёсий партиялар МСКга имзо варақаларини топширди

10 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро Матбуот марказида мамлакатдаги сиёсий партиялар Сайлов кодексига биноан Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатлар ва сайловчиларнинг сиёсий партияни сайловлардаги иштирокини қўллаб-қувватловчи камида қирқ мингта имзоси бўлган имзо варақаларини тақдим этди.

Сайлов кампанияси эълон қилингандан кейин барча сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганлиги ҳақидаги гувоҳномаларни олиб, сайловчиларнинг имзосини тўплашга киришган эди.

Сайлов кодексининг 38-моддасига мувофиқ, сайловчилар битта ёки бир неча партияни қўллаб-қувватлаб, имзо варақаларига имзо қўйишга ҳақли.

Сиёсий партиялар томонидан имзо варақаларидаги камчиликлар икки кунлик муддатда бартараф этилмаса ёхуд қўшимча имзо варақалари тақдим этилмаса, барча топширилган имзо варақаларидан ҳақиқий деб топилганлари инобатга олинади.

Марказий сайлов комиссиясига камчиликлари бартараф этилиб (қўшимча тўпланиб), тақдим этилган имзо варақалари тўлиқ текширилади ва уларнинг ҳақиқий деб топилганлари аниқланади.

Мустақил эксперт парламент сайлови расмиятчилик учун ўтказилишини башорат қилди

Иқтисодий таҳлилчи ва мустақил эксперт Игорь Цой Ўзбекистондаги сиёсий партиялар фаолиятини кескин танқид қилди.

Бу ҳақда таҳлилчи repost.uz нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Қайд этилишича, биринчи президент И.Каримов сиёсатини бир овоздан қўллаб-қувватлаган бешта партия амалдаги президентга ҳам жўровозликда давом этмоқда.

“Партиялар сиёсий қарорлар қабул қилишда деярли қатнашмайди, жамиятда рўй бераётган сиёсий жараёнларга таъсир кўрсатмайди, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳис этмайди. В.И.Ленин таъбири билан айтганда, “халқдан жуда-жуда узоқлашиб кетган”, деб ёзади таҳлилчи.

Таъкидланишича, партиялар иқтисодиётни ислоҳ этиш бўйича жўяли таклиф бера олмайди. Улар гарчи халқ манфаатини кўзлаб фаолият юритаётганини иддао қилсалар-да, ҳатто коммунал хизматлар нархи ошишига ҳам қарши чиқишга қодир эмас. Давлат юритаётган пул-кредит сиёсати, инфляция, олтин захиралари каби молиявий масалаларга аралашишга ҳам уларнинг журъати етмайди.

“Расмиятчилик ва тўрачилик, cохтакорликка асосланган “қизғин фаолият”, исталган давлат раҳбариятига лаббайгўйлик, танқид ҳамда таклифу тавсияларнинг йўқлиги, ташаббус ва масъулиятни ўз зиммасига олишдан қочиш – мамлакатимиздаги партиялар фаолиятининг асосий белгиларидир”, деб ёзади эксперт Игорь Цой.

Номзодларнинг сайлов харажатлари

Ўзбекистон Сайлов Кодексига мувофиқ, "сайловга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади".

Марказий Сайлов Коммиссияси маълумотига кўра, давлат маблағларининг ҳар бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори қуйидагича белгиланган:

  • Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод учун – 10 миллион 832 минг сўм;
  • Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига номзод учун – 2 миллион сўм;
  • Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгаши депутатлигига номзод учун – 1 миллион сўм.

Сайловлар учун бюджетдан 230,5 млрд сўм маблағ ажратилади

Жорий йилнинг 22 декабри куни бўлиб ўтадиган сайловлар билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш учун Республика бюджети маблағлари ҳисобидан жами 230 миллиард 549 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси сайти маълумот тарқатди.

Хабар қилинишича, Молия вазирлиги билан Марказий сайлов комиссияси Республика бюджетидан ажратилиши кўзда тутилган маблағларнинг қуйидаги мақсадлар учун сарфланиши ҳақида ўзаро келишиб олган:

  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун ҳудудий округ ва участка сайлов комиссияларига – 96 миллиард 807 миллион сўм;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун ҳудудий округ ва участка сайлов комиссияларига - 45 миллиард 330 миллион сўм;
  • Сайловларда иштирок этадиган сиёсий партияларининг умумпартиявий тадбирлари ва сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди ташвиқот ва тарғибот ишларини амалга оширишга - 46 миллиард 674 миллион сўм;
  • Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ марказлашган тартибда харид қилинадиган зарур моддий-техника жиҳозлар, товар ва хизматлар билан таъминлаш учун – 41 миллиард 737 миллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Олий Мажлис ва маҳаллий кенгаш депутатлигига сайловолди кампанияси бошланди

Марказий сайлов комиссияси 2019 йил 20 сентябрдан сайлов кампанияси бошланганини эълон қилди.

2019 йилнинг 22 декабри - Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови куни, деб белгиланди.

Марказий сайлов комиссияси 20 миллиондан ортиқ сайловчи рўйхатга олинганини билдирди.

Бу йилги сайловлар илк бор янги Сайлов кодекси асосида ўтказилади. Кодексга биноан эндиликда сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига бўлажак сайловларда 135 эмас, балки тўлиқ 150 сайлов округидан номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлди.

"Ўзбекистон Экологик ҳаракатига берилган квота чиқариб ташлангани партиялараро рақобатни кучайтиришга хизмат қилади", дейилади расмий хабарда.

Сайловларда:

  1. “Миллий тикланиш” демократик партияси
  2. Халқ демократик партияси
  3. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати- Ўзбекистон либерал-демократик партияси
  4. “Адолат” социал-демократик партияси
  5. Ўзбекистон Экологик партиялари қатнашади.

Шу йилнинг августида расмий партия раҳбарлари билан учрашган Шавкат Мирзиëев, уларга “замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб бериш”ни тавсия қилганди.

Аммо, Мирзиëев ҳукуматга келгандан бери Ислом Каримов ҳокимияти даврида Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган мухолиф партия ва ҳаракатларнинг бирортаси фаолиятига расман рухсат берилгани йўқ.

Ўзбекистон Конституциясининг 117-моддасига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йили — декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

XS
SM
MD
LG